СОҒИН СИГИРНИНГ «САВИЛ»И…

0

 

Шилқим ҳўкиз

Мў-ў — ў-ўўў-ў!!! Ие, томоғим хириллаяптими? Қайси яшшамугурдан юқдийкан? Уйи куйсин! Қандай товушим бор эди-я бир пайтлар! Бир мўрасам, эгагинамнинг уйини кўчирворай дердим. Аммо овозим ширали эди. Қўшнилар, даладаги бўйи саттанг-а чинордай ҳўкизлар кавшанишдан тўхтаб, турган ерида депсина бошлашарди. «Ўла, ер юткурлар, — дердим ўзимча думимни ликиллатиб-ликиллатиб. — Мендақа сигир дунёда йўқ. Лекин сенларга сигирлик қилмайман! Баринг латтадан баттарсан! Депсинишингга бало борми? Ҳамманг тўғри ичаксан, жувонмарглар! «Ҳм-м-м, ҳм-м-м»лашдан нарига ўтолмайсан! Ҳе мешқорин бўлмай кетларинг!..»

Илоё ордона қолсин! Ордонагина қолсин! Нега томоғим хириллайди-и-и?.. Шу иссиқда, қуёш тиғида туравераманми? Янгам… Ҳа, ўша янга эсимга тушса, елинларим титраб кетаверади! Думаланмай ўлсин ойтовоқ! Қўли темирга ўхшайди-я! Жонимни суғурволай деб соғади! Мундай маданият, нафислик билан аёлчасига соғса қўли синиб тушмайди-ку! Эркалагани-чи? Ўзича ашулалар айтворадими-ей! Худо кўрсатмасин, менинг ўрнимда чақалоғи эшитса ўша ашулани… Вуй-й, қўрққанидан вос-вос бўп қоларди!..

Ие, анави ким? Менинг «теритўрамга» ўтволибдими? Савил-ей! Кўзиям тешворай дейди-я!.. Вой шўрим қурсин! Юрагим нега дукиллаб кетяпти? Нима бўлди менга ўзи? Лабларимгача титраб, оғзимдаги ажриқлар ерга осилиб туша бошлашди! Бас қил, савил! Кимсан ўзинг? Намунча тикиласан? Сигир кўрмаганмисан умрингда?..

Тавба-а, ғалати ҳўкиз экан! Сўйтолдай калласини силкитиб салом берганини қаранглар! Шундай қилсам, ийдирволаман деб хаёл қиляпти шекилли! Овора бўласан! Мен қайси ҳўкиз бош қимирлатса, югуриб кетадиган сигирларданмасман!..

Шундай дейман-у, отинг ўчгур раҳматли ҳўкизимга ўхшаб кетаркан. Менинг ҳўкизим ҳам шунақа серсавлат, ола-булайди. Думиям худди шунақа узун эди. Депсинса, ер қимирлаяптими деб ўйлардингиз, ҳа! Кейин… Ҳа, топишган кунимизни эсласам, мўрагиларим кеп кетади…

Савилгинамни ҳўв узо-оқдаги бир қишлоқдан олиб келишганакан. Нуқул бош ирғаб ирғишлайверди. Уятдан ер ёрилмади, ерга кирмадим, эгачи! Ахир, кенг дала бўлса, мингта кўз! Нима деб ўйлашади? Бунинг устига… Умрим бино бўлиб ҳали бирор ҳўкиз билан тиллашиб кўрмаган бўлсам…

Ўтакетган қайсар экан. Орқамдан қолмади. Дийдоринг қурғур ўша ҳўкизим арқонланмаганидан фойдаланди-ю, хушомад қилаверди, пешонамга келволиб айланаверди…

Ҳали ажриқ, ҳали майса, маккажўхорини тишлаб опкелиб, олдимга ташлайверди…

Мендай мағрур, инжиқ, бунинг устига шаҳарлик, олифталар олифтаси, нозик таьб ғунажиннинг бошини айлантирди-қўйди…

Мақтанишга йўйманг-у, ҳамма сигирниям шунақанги кетворган, баланд бўйли ҳўкизи бўлсин экан. Яшшамагур савилим бир мўъраса, думимдан бурнимгача қалтираб кетарди. Юрагим орзиқиб, ийиблар қолардим. Бироқ сиримни ҳам бой бериб қўймасдим. Атайин аразлаган бўлардим, думим билан елкаси борми, оёғи борми шапатилаб-шапатилаб қочардим. Ёки «Савил аватар-ей!» деб жиғига тегардим. Аслида ҳўкизгинамни жонимдан ортиқ яхши кўрардим. Тақдир экан. Савилимни қассобга топширворишди…

Сигирман-да, сел бўлдим!

Мў-ў-ў-ў-ў-ў-ў!!! Ҳай янга-ю-ю-ю-ю!!! Қай гўрда қолиб кетдингиз? Ҳа дўмбилламайгина ўлинг сиз! Илойим ариқдан сакраб ўтаман деб думалаб тушинг-а! Анави савил шилқимни ҳайдасангиз-чи! Бу туришда сигирсиз қолмасангиз гўргайди, янга!

Тавба-а-а, ҳўкиз деганиям шунчалик безбет, шилқим бўладими?! Миқ этмай тикилади-я кўзинг оқиб тушкур! Ҳўкиз деган шеър-пер айтиб, ёки ашула куйлаб кўнгил овламайдими? Соқовга ўхшаб тураверадими қотиб? Ие-е, мен ўлиб қўя қолай-й! Боракансиз-ку, муллака! Вой сави-ил! Овози худди катта ҳофизларникига ўхшайди-я! Тавба-а! Афсуски, кўйлагим йўқ-да! Бўлмаса ёқамни тишлардим! Шўрим қурси-ин, ҳўкизнинг овози мунчалик ширалилигини умримда кўрмагандим!..

Э, нарироқ бори-инг! Намунча мушукка ўхшаб суйкалмасангиз? Мени ким деб ўйлаяпсиз ўзи? Ашула айтсам, эриб кетади, севиб қолади деб ўйлайсизми? Тошийззи теринг, яхши йигит! Мен-чи…

Уф-ф, худойим-эй! Нима қилсам бўлади-а бу ҳўкизни? Мў-ў-ў-ў-ў-ў!!! Йўқ, ундай қила олмайман! Энам раҳматли «Ҳўкизнинг кўнглини оғритган сигир қисир бўп қолади», деб бекорга айтмагандир?!. Худо асрасин! Туф-туф-туф!.. Қолаверса, у раҳматли савилимга ўхшаркан. Ўтмишдаги муҳаббатим қайтгандай бўлди. Қайсарлик қилиб нозланяпман-у, қалбим бошқа гапни айтяпти. Нима бўлса бўлар, танишаман. Фақат битта шартим бор. Ҳай савил, берироқ келинг! Ҳа, арқонлари етмаяптими? Ана шунақа-а! Биздайларга етиш учун арқон узунроқ бўлиши керак-да, ока!

Хуллас калом, шартимни айтаман. Биринчиси, арқонни узайтирасиз, иккинчиси, анчадан бери маккажўхорини кўнглим тусаб юрибди. Қўшнимизнинг даласига тушиб маккажўхорининг думбулидан опкелиб турасиз. Учинчиси, ҳар куни ашула айтиб берасиз. Тўртинчиси, уч уй нарида бир оқ эшак бор. Нуқул шанғиллаб мени қарғайверади. Тепиб ташлай дейман-у, сигирчилик экан, ён-веримдагилардан номус қиламан. Аламимни мўърашдан оламан. Бориб ўшани боплаб тепасизми, анави қайтарма шохларингизни ишга солиб сузасизми, менга барибир, ишқилиб, жағини тиясиз! Бешинчи шартим шуки, ҳафтада икки марта қайга бўлсаям кунжарахўрликка олиб тушасиз. Олтинчиси…

Ие, ҳай-й, қаёққа? Нима жин урди сизни? Ҳали шартларимни айтиб бўлмадим-ку!.. Тавба-а! Вой мен ўлиб қўя қолай-й! Арқонини узиб қочди-я, юзсиз! Вой ер ютку-ур сави-ил!.. Вой қирчинингдан қийилгу-ур!.. Эҳ, пешонам қурсин! Шунинг хушомадига ишондимми? Юраккинам шу латта ҳўкизни деб безовта бўлдими? Садқаи ҳўкиз кет-э! Ўзи-чи, ҳозирги ҳўкизларнинг бари бир гўр! Қўрқоқ, латта! Худоё тракторнинг тагида қолгур! Тағин узоқдан тикилганингни кўрай, нима қиларканман, жувонмарг! Мў-ў-ў-ў-ў!!! Ҳай думалоқ янга! Соғволмайсизми тезроқ? Юрагим куйиб кетди-ку анави уйинг куйгурнинг дастидан! Жаҳлимни чиқараверсангиз, қочи-иб кетаман, сутсиз қолиб кетасиз! Фақат… Жон янгажон, эртага мени ўзимизнинг эски томорқага опчиқиб қўйинг! Нега дейсизми? Биласиз-ку, мен ор-номуси кучли сигирларданман. Номаҳрам ҳўкизларнинг кўзи тушмасин дейман-да!..

Ростданми, янга? Эртага томорқага бойлайсизми?.. Раҳмат сизга, илойим челагингиз сутга тўлаверсин! Йиғлаяпсан дейсизми? Нима қилай? Туриб-туриб ҳўкизим раҳматли эсимга тушиб кетди. Майли, пешонам шўр экан. Сиз-чи, йиғлашимга эътибор берманг! Ҳўкизимни эслаб, шу баҳонада кўнглимни бўшатволаман. Ажабмас, эски томорқага чиққанимда тақдир чархпалаги ғиз этиб бир айланса-ю, раҳматли ҳўкизим ёнимда бўлиб қолса!

Олимжон ҲАЙИТ

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc