Олхўри ҳақида…

0

Олхўри пешоб ҳайдаш хусусиятига эга. Бу фаоллиги билан буйракларни тозалашга ва барча организмни шлаклар ҳамда токсинлардан холи этишга, қон босимини мўътадиллаштиришга кўмаклашади.

ЗАРАРИ ҲАМ БОРМИ?

Олхўрини кўпчилик одамлар севиб истеъмол қилади. Аммо уни ейишга қарши кўрсатмалар ҳам бор экан. Қандай дейсизми? Масалан, ошқозон шираси кўп ишлаб чиқарилувчи кишиларда, меъда яраси, ревматизм, подагра, қандли диабет каби хасталикларда бу нордон-ширин таъмли мевани кўп истеъмол қилиш мумкин эмас.

Шу билан бирга, ёш болаларнинг овқатланиш рационига ҳам олхўрини киритишда эҳтиёткорлик талаб этилади. Негаки у ёш болаларда ошқозон шиллиқ қаватининг яллиғланишига сабаб бўлиши мумкин.

Олхўри таркибида витаминлар ва минераллар кўплиги жиҳатидан бошқа меваларга нисбатан олдинги ўринда туради. Мева шарбати калийга бойлиги боис, шишларни қайтаради.

Мева шарбати яна бета-каротин ва А витаминига ҳам жуда бой.

ХАЛҚ ТАБОБАТИДА

Олхўри барги майдаланиб йирингли яралар устига қўйилса, тезроқ битишига ёрдам беради.

Қайнатмаси енгил пешоб ҳайдовчи восита сифатида машҳур. Таркибидаги калий моддаси эса туз ва ортиқча сувларни организмдан чиқариб юборади.

Унинг шарбати камқонлик ва юрак-қон томир хасталикларидан азият чекувчилар учун кони фойда.

Олхўри қоқисида калория кўп бўлгани сабабли қандли диабет ва ортиқча вазндан азият екувчиларга тавсия этилмайди.

6-7 дона олхўри баргини 1 литр сувда 15 дақиқа давомида қайнатиб, сувига оғиз чайилса, стоматит (оғиз ва милк яллиғланиши) хасталигига даво бўлади.

Олхўри меваси қорин дам бўлишига барҳам беради.

У косметологияда ҳам кенг қўлланилади. Буни қарангки, дунё миқёсида олхўри ёшартирувчи ва майда ажинлардан халос қилувчи восита сифатида ном чиқарган. Косметологлар агар терингиз қуруқ бўлса, ёғсиз қаймоқ билан, агар ёғли бўлса, йогурт ёки қатиқ билан майдаланган олхўрини аралаштириб суртишни тавсия этади.

Агар организмда колит (ич қотиши) бўлса, уни оч қоринга ичиш мақсадга мувофиқ. Шунда баъзи сурги гиёҳ шарбатларига ўхшаб уни оғритмайди.

Олхўри шарбати организмдаги ортиқча холестериннинг ичакдан қонга сўрилишига йўл қўймайди. Уни ташқарига чиқариб юборади.

Семизликнинг олдини олишда фойдаси бор. Бироқ ҳаддан ортиқ семизликда наф бермайди.

Юқори қон босими, буйрак касалликларида исътемол қилинса, организмдаги ортиқча туз ва ёғларни эритиб юборади, шишларни қайтаради. Олхўри шарбати (айниқса, унинг тўқ ранглиси) таркибида фитонцид кўплиги сабабли меъда-ичак йўллари ва оғиз бўшлиғини инфекциядан тозалайди.

Шарбат таркибидаги темир, С витамини ва органик кислота камқонликни даволашда муҳим хусусиятга эга. Организмни тозалаш учун оч қоринга 1 стакан олхўри шарбати ичишни тавсия қилинади. У нафақат «ёмон» холестеринда, балки нурланиш, канцероген ва оғир металлар асоратидан халос этади.

Шарбатдаги С витамини эса қон қуюлишининг олдини олиб, томирларни соғломлаштиради. Витамин РР ўз навбатида қон томир деворларини мустаҳкамлайди. Шарбат таркиби В витаминига бойлиги уни мунтазам ичиб юрган кишининг асаб тизими ишини меъёрлаштиради ва бошқа тана аъзолари фаолиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

ГУЛШАН тайёрлади.

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: