Қумли терапия чиндан фойдалими?

0

«Инсондаги битта дардга табиатда мингта даво бор», деган эди ҳакимлар устози Абу Али ибн Сино. Биз эса саломатлигимизда бирон-бир нохушлик пайдо бўлса, аввало, қиммат дорилардан мадад кутамиз. Биласизми, она табиатда шундай беминнат дастёрлар борки, улар бизни ўша дорилардан самаралироқ даволайди.

Шулардан бири иссиқ қум мўъжизасидир. Ибн Сино таъбири билан айтганда, «Қум қуруқ ва иссиқлик бўлгани учун намликдан келган ҳўл ва совуқ мизожни даволашда яхши самара беради». Шу сабабли ёз мавсумида қумга кўмилиш, иссиқ қумда яланг оёқ юриш ёрдамида бир қатор хасталикларни даволаш мумкин. Бу усул тиббиётда «псаммотерапия» деб аталади. Қум билан даволашнинг самараси танани қиздириш ёрдамида организмдаги барча жараёнларни тезлаштириш, умумий иммунитетни оширишга асосланган.

Инсон танаси иссиқ ва оромбахш қумга кўмилганда тери, унинг остидаги ёғ қавати ва тўқималар ёқимли массаж қабул қилади. Бунинг натижасида тери остидаги капилляр қон томирлардаги ҳамда лимфа оқимидаги турғунликлар бартараф этилади. Натижада аъзо ва тўқималарнинг кислород билан таъминланиши яхшиланади. Танадаги ортиқча намлик, тузлар ва бошқа хилтлар тер билан бирга ташқарига чиқиб кетади.

Ортиқча вазн билан курашишда ҳам иссиқ қумнинг фойдаси катта. Қумга кўмилганда унинг жуда иссиқ бўлмаслиги, юрак соҳасини очиқ қолдириш, 30 дақиқадан кўп қабул қилмаслик талаб этилади.

Муолажани кунига 1 мартадан 3 кун давом эттириш мумкин. Бу усул ёрдамида 2-3 кг ортиқча вазндан осонгина қутуласиз.

КИМГА ЗИЁН, КИМГА ФОЙДА?

Соғлом одамлар меъёрга амал қилган ҳолда иссиқ қум муолажасини бемалол қабул қилиши мумкин. Бироқ гипертония, ўпка сили, варикоз, варикоцеле, инфекцион касалликлар, аёлларда учрайдиган миома, эндометриоз, мастопатия каби хасталикларда организмга иссиқлик таъсири қатъиян тақиқланади. Бундан ташқари, 3 ёшдан кичик болаларга, яқинда жарроҳлик ўтказган кишилар ва сурункали касалликларнинг ўткирлашган давридаги беморларга қумли ванна қабул қилиш тавсия этилмайди.

Артрит, артроз, ревматизм, невралгия, подагра, остеопороз, остеоартроз, тухумдонларнинг сурункали яллиғланиши, бод каби касалликларда иссиқ қум муолажалари ёрдамида яхши самарага эришиш мумкин.

ТАРИХДАН МАНБАЛАР

Қадим замонлардан буён одамлар иссиқ қумнинг мўъжизакор кучига ишонишган. Масалан, эрамизгача бўлган I асрда яшаб ўтган Рим шифокори Антоний Муза император Август Октавиандаги мушаклар заифлиги хасталигини иссиқ қум ёрдамида даволагани тарихдан маълум.

Бир қатор тадқиқотларда қумли терапияни бирлаштирган ҳолда олиб борилувчи мажмуавий даво усуллари нафақат бўғим ва умуртқа касалликлари, балки руҳий-асаб тизими билан боғлиқ бир қатор хасталикларни, асосан, депрессия ҳамда стрессни даволашга ёрдам бериши аниқланган.

ҚУМДА ЮРИШНИНГ ФОЙДАСИ

Катталар кичкиналар йўталиб қолса, доим «Оёғингни иссиқ тут!» дея такрорлашади. Бу гап бекорга айтилмайди. Чунки хона ҳарорати қанчалик юқори бўлмасин, пайпоқ киймасак ва оёғимиз совқотса, бутун танамиз совқотади. Оёқ совуқ қотиши эса шамоллашга сабаб бўлиши мумкин.

Демак, оёқни иситишнинг ҳам фойдаси катта. Чунки товонда ички аъзолар саломатлиги учун жавоб берувчи кўплаб нуқталар жойлашган. Уларни қиздириш ёрдамида қон айланишига ижобий таъсир қилиш мумкин. Бу бир қатор касалликларнинг олдини олиш ва даволашга ҳам ёрдам беради.

Қумда оёқ яланг юришнинг самараси антик даврлардаёқ ўз исботини топган. Қадимги файласуфлардан бўлган Суқрот ва Сенека иссиқ қумда пиёда юриш ақлий қобилиятни фаоллаштиришини айтиб, мунтазам равишда бунга амал қилишган.

Ёзда оёқ яланг юриш иммунитетни ҳам кучайтиради. Шунингдек, танадаги барча аъзо ва тизимларга иссиқлик қуввати оёқ остидаги қувват манбалари орқали етиб боради.

БАРХАНЛАР
ОРАСИГА
ЯШИРИЛГАН
СИРЛАР

Қум хомашё сифатида саноат ва қурилиш соҳаларида, тиббиётда ва санъатда кенг қўлланилади. Аммо шуниси қизиқки, биз қум ҳақида жуда кам маълумотга эгамиз. Мисол учун, куйловчи қумлар ҳақида эшитганмисиз? Саҳродаги қум барханлари ғаройиб товушлар чиқаришини биласизми? Қумлар саҳрода, эркинликда овози борича баралла куйлаши мумкин, аммо лаборатория шароитида  индамас бўлиб қолади. Лекин шу кунгача бу ажойиботнинг сирини ҳеч ким тадқиқ қилган эмас.

Қумнинг яна бир хусусияти, сайёрамизнинг турли нуқталаридаги қум таркиби ҳар хил бўлар экан. Масалан, Саудия Арабистонининг асосий қисмини саҳролар ташкил қилади. Лекин бу мамлакат қумидан қурилиш хомашёси сифатида фойдаланиб бўлмайди. У ердаги қум таркиби ва хусусиятларига кўра қурилишда фойдаланишга яроқсиз деб топилган. Арабистон, асосан, қумни хориждан сотиб олади.

Қумнинг тўртта асосий хоссаси бор: тенг тақсимланиш (босим қандай бўлишидан қатъи назар тўкилганда бир хил тезликда тушади ва тенг тақсимланади), сув ўтказувчанлик, сепилувчанлик, ўтда ёнмаслик.

Қадимда қоғоз ва қалам бўлмаганда қумдан ёзув ёзишда фойдаланишган. Уни текис жойга сепиб, зарур қайдларни ёзиб боришган ва кейин ўчириб ташлашган.

Агар сайёрамиздаги барча қумларни қўшиб чиқсак, улар Ер юзининг деярли учдан бирини эгаллайди.

Қум ўз таркибига кўра нафақат сариқ ёки қизил, балки оқ, яшил ва қора бўлиши ҳам мумкин.

ГУЛШАН тайёрлади.