МЕНИНГ МАЪЮСГИНА БОЛАГИГИМ… (8-ҳикоя) (Воқеалар реал ҳаётдан олинган)

0

 

КАРИМБУВАЛИК КЕЛГИНДИ

 

 

Ота-онам ажрашганда, уч яшар бола эканман. Онажоним Чўлпоной Тешабой қизи аллакимларнинг маслаҳати билан бошқа эркакка турмушга чиқди. Суд эса синглимни отамга, мени онамга ажрим қилиб берганди. Ўгай отанинг қўлига қарамасин дебдими, онажоним мени Хонбува қишлоғидаги бобом ва момомга қолдириб, ўзи келинлик уйига равона бўлди. Ҳаёт экан, мурғак қалбим худди шу юртни суйиб қолди, тупроғига меҳр бердим. Бунга бобом ҳамда муниса моможонимнинг мендек тирик етим қолган неварасига эътибори, меҳри сабаб бўлса не ажаб!

Менга қишлоқдаги ёшу қари баравар ёқарди. Айниқса, мени кўрганда мўйсафидларнинг бошимни силаб ўтиши, «Бу йигит Тешабой отанинг невараси, ажойиб болайкан-а?!» дея алқаши кўнглимни тоғдек кўтарар, хонбуваликларга бўлган ҳурматим, муҳаббатим юз чандон ортарди. Афсуски…

Маҳалламизда Тиллақўзи ота деган қария яшарди. Ўзига тўқ, табиатан чўрткесар одам эди. Мени кўрди дегунча бир саволни такрорларди.

Ўша куни ҳам худди шундай бўлди. Обиджон деган синфдошимникида ўйнаб, уйга қайтаётгандим. Маҳалла мачити ёнида Тиллақўзи отани кўриб қолдим.

— Ассалому алайкум, бува! — дея югуриб бориб сўрашдим мен.

— Ҳа каримбувалик, — деди Тиллақўзи ота. — Ўйнаб юрибсанми?

Билмадим, шу гал негадир отанинг саволи юрагимни тешиб ўтгандек бўлди. Ўзимни келгинди каби ҳис эта бошладим. Этим музлаб кетди. Ўпкам тўлиб, нима дейишни, отага қандай жавоб қайтаришни билмай қолдим…

Тўғри, Тиллақўзи ота ҳазиллашарди. Буни билардим. Аммо… Ҳозир ўша биргина ҳазил аралаш берилган саволнинг мағзини чақа бошласам, ваҳимага тушаман. Қабимни ўксик туйғулар чирмаб олади. Худди ўша савол менинг келгуси тақдиримни белгилаб бергандек туюлади. Негаки, айни чоғларда ёшим элликдан ошди. Надоматлар бўлсин, шу чоғга қадар қаерга бормай, қай манзилни макон тутмай, келгиндилигимча қолавердим. Ҳатто, ўша Хонбува маҳалласида ҳам ҳозир келгинди, чақирилмаган меҳмонман. Маҳалладагилар мени «меҳмон» деб чақиришлари бағримни эзади, кўксимни тилкалайди.

 

 

МОМОЖОНИМНИНГ МАЗАЛИ ҚАЙМОҚЛАРИ

 

 

Момом ҳам, бобом ҳам мени жондан ортиқ кўришарди. Сал инжиқлансам, бобом ўзининг ка-аттакон эшагига миндираркан-у, далаларни, қишлоқ кўчаларини сайр қилдириб келаркан.

Эрталаблари эса момом олахон сигиримизнинг сутини сепараторга қуярди-да, айлантирадиган тутқичини айлантираверарди, айлантираверарди…

Мен бўлсам, момомнинг ёнидан бир қадам ҳам нари жилмасдим. Ўша паллада ҳеч ким мени жилдира ҳам олмасди.

Негаки, момомнинг сепаратордаги сутни қаймоқ қилиб бўлишини кутардим. Раҳматли, гўринг нурга тўлгур моможоним сепаратор қозончасидаги сут интиҳосига етгач, оз-оздан қаймоқ ёпишган лаппакчаларни олдимга қўярди. Лаппакчалар жудаям кўп эди. Маза қилиб қаймоқхўрлик қилардим.

— Илойим умринг шу қаймоқдай оқ, мазали кечсин, — дея дуо қиларди моможоним бошимни силаб. — Сени етим қилиб қўйганларнинг уйгинаси куйсин илойим!..

Моможоним бу ёруғ дунёни ташлаб кетгандан кейин ҳам кўп бор қаймоқ ялаганман. Гоҳ дўкондан олиб ялаганман. Гоҳ синглим илинган бир коса қаймоқни паққос туширганман.

Афсуски, буларни моможонимнинг қаймоғига сира тенглай олмадим. Момом тутқазган қаймоқнинг мазаси ўзгача эди. Дардли-дардли, аммо самимийдан-самимий дуоларга лиқ тўла эди у қаймоқ.

Худойимдан сўрайман, илойим момом, бобом, отам-у онамнинг қабрлари абадул-абад худди ўша момом менга тутқазган қаймоғи каби оппоқ нурларга лиқ тўлиб турсин! Шу нурларга беланиб қолишсин! Моможонимнинг қаймоғи ҳақидаги хотиралар менга ҳамроҳлигича қолиб кетсин!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ