Ректорлар порахўрликка қарши мурожаатнома йўллади

0

Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари ректорлари абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига мурожаат йўллади. Мурожаат матни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати томонидан келтирилган, деб ёзмоқда Kun.uz.

Ректорлар мурожаатда таълим-тарбия ишларини замон талаблари асосида ташкил этиш, унга илғор инновацион ғояларни олиб кириш, ёшларнинг истеъдодларини намоён этишлари учун етарлича шарт-шароитлар яратиб бериш ҳамда порахўрлик ва тамагирликнинг олдини олишга ваъда беришган.

«Ҳар ишда ҳалол ва виждонан йўл тутиш, олий таълим муассасаларини ҳақиқий маънодаги маърифат ва ҳалоллик масканига айлантириш, шунингдек, бу йилги қабул жараёнларини шаффоф, адолатли ва ҳалол ўтказишга ваъда берамиз. Бугун ўзингиз учун касб танлаб, ўқишга киришга аҳд қилдингизми, ўз билимингизга, ақл-заковатингизга ва сизларга шу шароитларни яратиб берган Президент ишончига муносиб бўлинг ва муносиб иш қилинг. Кириш имтиҳонларига, тест синовларига пухта тайёргарлик кўриб, бу имтиҳонлардан ўз билимингиз билан ўтишга бел боғланг», – дейилади жумладан мурожаатда.