“Исломхўжа” фильмида тарихий қотиллик сири фош этилади (фото)

0

Таниқли режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов янги лойиҳага қўл урди. У томонидан бадиий-публицистик жанрида тарихий фильм суратга олинди ва у ХХ асрнинг энг машҳур кишиларидан бири бўлмиш Хива хонлигининг бош вазири Исломхўжа ҳаётига бағишланди. Фильмда мазкур қаҳрамоннинг ҳаёт йўли, давлат ва жамиятни ислоҳ қилишда олиб борган ишлари, турли фитналар ва хавф-хатарларга тўла ҳаёти ёритиб берилган. Бу ҳақида Kun.uz хабар бермоқда.

Сценарий муаллифи Жўрабек Рўзиметов, постановкачи режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов, постановкачи оператор Жаҳонгир Ибрагимов, постановкачи рассом Акмал Саидов. Ушбу фильмда, шунингдек, машҳур актёрлар Улуғбек Қодиров, Алишер Узоқов, Асал Шодиева, Матёқуб Матчонов, Боир Холмирзаев, Муҳаммад Али Абдуқундузов, Олег Галахов, Оскар Жалилов, Маъруф Отажонов ва бошқалар турли образларни гавдалантиришган.

Исломхўжа ким эди?

ХХ аср бошларида нафақат Хоразм музофоти балки, бутун Марказий Осиё ҳудудида, ҳатто Чор Россиясининг амалдорлари орасида ҳам юксак нуфузга эга бўлган Хива хонлигининг бош вазири Исломхўжа ўз даврининг тараққийпарвар, халқпарвар давлат ва жамоат арбобларидан бири эди. Ўн етти ёшидан Хивадан кейин стратегик аҳамият касб этадиган, хонликнинг савдо ва саноат марказларидан бири ҳисобланмиш Ҳазорасп беклигига ҳокимлик қилган Исломхўжа йигирма олти ёшида Хива хонлигининг бош вазирлигига тайинланади. Тарих зарварақларида маърифат, адабиёт ва санъат ҳомийси сифатида ҳурмат қозонган, Хива хонлигида узоқ ҳукумронлик қилган Муҳаммад Раҳимхон II Феруз Исломхўжанинг узоқни кўра билиш зеҳнини, сиёсий билимдонлигини ниҳоятда қадрлайди.

Ферузхон вафотидан кейин тахтга ўтирган валиаҳд Асфандиёр тўранинг ҳукмронлиги бошланиши биланоқ Исломхўжа хонликнинг барча муҳим ва масъулиятли вазифаларини ўз зиммасига олади. Хива “Ичан қалъасида” кўплаб иншоотлар қурдиради. Қалъа ташқарисида янги шаҳар лойиҳасини ишлаб чиқиб замонавий касалхона, телеграф биноси ва Нуруллабой саройини барпо этади. Айниқса, унинг ташаббуси билан хонликдаги экин ерлари, вақф ерлари, суғорилиш тизими, солиқ йиғиш ва сарой хизматчиларига маош тўлаш тартиби жорий этилиб бу ислоҳотларнинг назорати бош вазир Исломхўжанинг зиммасига юклатилади.

Хонлик ҳудудида ҳисобсиз ер ва мол-мулк эгалари ҳисобланмиш сарой амалдорларига бундай тартибларнинг жорий этилиши, табийки, ёқмайди. Узоқ йиллардан бери хон саройининг нуфузли вазифаларини эгаллаб келаётган қудратли мансабдорларларнинг мол-мулки, ерлари мусодара қилиниб, ўзлари саройдан четлатилади. Ўзининг бош вазирлик фаолияти давомида бир неча бор Чор империясининг пойтахти Петербург шаҳрига ташрифларни амалга оришган Исломхўжа Россия императори Николай II билан суҳбатда бўлиб, жаҳонда рўй бераётган сиёсий жараёнларни муҳокама қилади. Хоннинг яқин қариндоши, қайнотаси, хонликнинг энг юқори амалдори, Чор маъмурлари ва қўшни давлатлар ҳукмрон доиралари ҳатто, оддий халқ орасида катта ҳурматга эга, буюк ислоҳотчи Исломхўжа сирли равишда ўлдирилади. Дастлаб, қотилликни фош этиш учун бошланган тергов ҳаракатлари тезда тўхтатилиб, босди-босди қилишга ўтилади.

Қарийб бир асрдан зиёд вақт давомида ҳали-ҳануз жавобини кутаётган фожиали қотиллик тафсилотларини ўрганишга бел боғлаган тадқиқодчи-тарихчи бир асрлик фурсат ўтганлигига қарамасдан мавжуд ҳужжатларга асосланиб, масалага холисона ёндашиб, асл айбдорлар қиёфасини очишга ҳаракат қилади.