БИЗНИ ЎЛДИРМАНГ, ОДАМЛАР!!! (ёки чангалзорларда яшовчи ёввойи одамлар ҳар йили болаларини ўлдириб юборишади…

0

 

Қадимда дунёнинг турли бурчакларида яшаган қабилалар хаста ва заиф чақалоқларни баланд чўққидан пастга ташлашарди. Тўғри, бу баъзиларга афсонадек туюлиши мумкин. Лекин ҳақиқат. Бразилиядаги Амазонка чангалзорларида ҳануз ёввойи қабилалар истиқомат қилади. Улар Бразилия қонунларини тан олишмайди. Ҳозирги кундаги тараққиёт, ҳаётнинг улар учун қизиғи йўқ. Ўз қонунлари ва тартиблари билан умр кўришади. Худди ўшалар бугунги кунда ҳам ҳар йили яшашга яроқсиз деб топилган болани ўлдириб юборишади.

 

Бу анъанами ёки ҳаётми?..

 

— Уни ўлдиринг!..

Қабиладаги қариялардан иборат кенгаш буйруғи икки ёшли Хакани исмли қизчага қаратилганди. У суруаха қабиласи аъзоси. Ҳалиям юрмайди, гапира олмайди. Суруаха қабиласи қариялари эса бундайларни руҳсиз болалар деб ҳисоблашади. Руҳи йўқми, демак, у ўлимга маҳкум. Аммо Хаканининг ота-онаси фарзандини ўлдиришга ўзида куч топа олмади. Уни ўлдиришдан кўра ўз жонига қасд қилишни енгилроқ деб билди. Шунда қизчанинг акаси бу вазифани ўз зиммасига олди. Ухлаб ётган сингилчасини тириклай кўмиш мақсадида олдиндан қазиб қўйилган қабр тепасига олиб келди. Шунда Хакани беихтиёр уйғониб кетди-ю, йиғлай бошлади. Аканинг юраги узилай деди… Йўқ, синглисини ўлдиришга ўзида куч топа олмади.

Кейин бу иш қизчанинг бобосига топширилди. Бобо узоқдан туриб Хаканига камондан ўқ узди. Ўқ нишонга тегди, аммо қизча ўлмади, яраланди. Яраланган жойига инфекция ҳам тушишга улгурди. Кўпчилик ишониб топширган вазифани уддалай олмагани сабабли бобоси ўз жонига қасд қилди.

Қариялар ажал четлаб ўтаётган Хаканини очликда қолдириб, шу йўл билан ўлдиришни ихтиёр қилишди. Бу ҳаракат ҳам ёрдам бермади. Акаси бекитиқча овқат келтириб, қизалоқни ўлишга қўймади. Шўрлик қизалоқ 5 ёшга тўлгач ҳам ўзи мустақил юриб кета олмаганди. Қабиладагилар уни масхаралар, айримлар жирканч назар билан боқарди. Хаканининг омади бор экан. Акаси миссионерлар, аниқроғи алоҳида секта эгалари бўлмиш Марсия ва Эдсон Сузукиларга ялиниб, синглисини даволашларини сўради.

Бу жуфтлик 20 йилдан бери Амазонка чангалзорларидаги ёввойи одамлар орасида яшар, яқинда суруаха қабиласи тилини ўрганишга киришганди. Гарчи қабила қариялар кенгаши тақиқласа-да, эр-хотин Сузукилар қизалоқни врачга олиб боришди. Ташҳис қўйилди. Хакани гипотериоз билан оғриган экан. Уни даволашди. Юришга ўргатишди. Кейин эса қабиласига қайтаришни маъқул кўришди. Бироқ Сузукилар бунга қарши чиқишди. Чунки билишарди, қабилада ҳеч ким бу қизалоқни қарамоғига олмайди. Шу сабабли қизчани асраб ола қолишди…

Мана, шу воқеаларга ҳам 17 йил бўлди. Хакани мактабни тугатди ва сақлаб олган ота-онаси билан бахтли ҳаёт кечирмоқда.

Суруаха қабиласи 1970 йилларданоқ ташқи дунё билан тиллаша бошлаган. Қабилада ўз жонига қасд қилиш ва бировни ўлдириш маданиятнинг бир бўлаги ҳисобланади. Ҳозир ҳам чақалоқлар касал ёки нуқсон билан дунёга келса, бу чақалоққа худолар руҳ ато этмаган деб ҳисоблашади ва ўлдириб юборишади. Амазонкада яшовчи Камаюра қабиласида ҳам худди шундай одат бор. Қабила 600 кишидан иборат. Улар бугунги кунда ҳам ногирон туғилган, ёлғиз, боқувчисиз аёлларнинг болаларини, ҳатто эгизак туғилганларни ҳам ўлдириб юборишади. Қабиладагиларнинг фикрича, эгизак туғилганлар қабилага бахтсизлик олиб келаркан.

lenta. ru

Екатерина Первышева

Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: