Ўйлаб кўрдингизми? 2018 йил 30 июль куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қиларкин?

0

 

 

ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)

30 июль ҳафтанинг биринчи иш куни бўлишига қарамай, режаларингиз бу ёруғ дунёга сиғмайдиган даражада кўпаяди. Айримлар ташкилотда ишлаб маош ҳисобига яшаш жонига теккан бўлса, шахсий бизнесини очиш ҳаракатига тушсалар ҳам бўлади. Шахсий ҳаётингизда ҳам ижобий ўзгаришларга гувоҳ бўласиз. Оиласизлар ажойиб бир инсон билан танишиб қолишлари мумкин. У келгусида тақдирдошингизга айланса не ажаб.

 

 

БУЗОҚ (21. 04 — 21. 05)

 

Оддий ташкилотда ишлайдиганлар мавқеи ортишидан умид қилаверсалар бўлади. Бизнес кишилари эса рақобатчилар билан олишиб кун ўтказади. Аммо ютқазиш, йўқотиш каби ёқимсиз вазиятларга тушишмайди. Агар сиз раҳбарларнинг барча топшириқларини сўзсиз аъло даражада адо эта билсангиз, юқори лавозимга тайинлашлари ҳам ҳеч гап эмас. Кечқурун оила аъзоларингиз билан суҳбатлашишга албатта вақт ажратинг.

 

 

ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)

 

30 июлда кун оғирлик қилиши сабаблими, ишхонадаги раҳбарлар билан айтишиб қолишингиз мумкин. Аммо бу ишни беҳуда амалга оширасиз. Раҳбарнинг кўзига тик қараб сўз қайтарган ходим ҳеч қачон мавқе, юқори лавозим ва мукофотга лойиқ топилмайди. Тафаккурни ишга солган ҳолда келажакка мағрур боқинг. Зўр келса, дўстлар маслаҳатига суянинг. Кечқурун эгизаклар буржида туғилганларнинг айримлари лотереядан катта пул ютиб олиш эҳтимоли бор.

 

 

ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)

 

Кунингиз оғир кечиши кузатилиши мумкин. Ҳатто, сизни жуфтингиз ўйлаб топган романтик лаҳзалар ҳам мамнун эта олмайди. Вужудингизга стресс ҳолати ҳукмронлик қила бошлайди. Фақат ёдда тутинг. Бундай кайфиятда узоққа бориш мушкул. Ундан кўра, қисқа муддатга бўлса-да, ёлғиз қолинг, дам олинг. Спорт билан шуғулланинг, дўстлар билан бирга тоғларга чиқиб кетинг. Нима қилсангиз қилинг, аммо стрессга ён берманг.

 

 

АРСЛОН (24. 07 — 23. 08)

 

30 июль куни ўзингизни ўзингиз ёлғизлик сари етаклай бошлайсиз. Бундай кайфият азбаройи чарчаганингиз туфайли ҳам пайдо бўлиши мумкин. Майли, одам ёлғиз қолганда, мулоҳаза қилиши осонлашади. Хатоларини ёдга олади. Руҳан ўзини бардам этишга интила бошлайди. Бу сизга фақат фойда беради. Кўзларингиз юмиб, хотиржам тортинг, энг тотли орзуларга йўл беринг. Улар сизни хаёлнинг баланд чўққиларига олиб чиқишади. Кўрибсизки, қисқа фурсатда кайфиятингиз аъло даражада бўлади. Бугун олис сафарга чиқиш омадли кечади.

 

 

ПАРИЗОД (24. 08 — 23. 09)

 

Юлдузлар кунингиз анча оғир кечишини башорат қилишган. Куннинг биринчи ярмида сизда антипатия ҳосил этадиган, нияти бузуқ одамлар билан мулоқот қилишингизга тўғри келади. Айёрликка эътибор қаратинг. Ундайларни фақат айёрлик билан енгиш мумкин. Пул масаласида қалбингиз эмас, тафаккурингизга қулоқ тутинг. Харажатларга зўр берманг. Сурункали хасталикка йўлиққан бўлсангиз, ўзингизни эҳтиёт қилинг. Дориларни ўз вақтида ичинг. Зарур бўлса, врач кўригидан ўтинг.

 

 

ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)

 

30 июль куни оиласизлар юриш-туришида ажабтовурлик намоён бўлиши кутилади. Бу романтикага зорлигингиздан дарак беради. Унда атрофга боқинг. Идеалингиздаги инсонни нигоҳлар ёрдамида қидириб топинг. Албатта бугун омадингиз чопади. У инсоннинг ҳам сизга бепарво эмаслигини кўрасиз. Башарти хаёлингизни иш ва пул топиш эгаллаб қўяверса, романтикани ҳам, муҳаббатни ҳам бир четга сура туринг. Саломатликни асранг.

 

 

ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)

 

Кунингиз омадли кечишини юлдузлар аллақачон башорат қилган. Шунинг учун эрталаб вақтли уйғонинг, жисмоний машқлар бажаринг, контрастли душ қабул қилинг. Ана шунда юлдузларнинг башорати ҳақиқатга айланиши мумкин. Иш бошлашда кўз олдингизда фақат мўмай даромад бўлмаслиги керак. Акс ҳолда ютқазишларга юз тутасиз. Зиммангиздаги вазифани чин кўнгилдан адо эта олсангиз, пулнинг ўзи сизни қидириб келади. Кечқурун тоза ҳавода сайр қилишни ҳам унутманг.

 

 

ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)

 

30 июлда иш борасида янгидан янги ғоялар миянгизга қуйилиб кела бошлашидан қувонасиз. Лекин эҳтиёткорлик билан олдинга юринг. Хатога йўл қўйсангиз, бу хато бутун кунингизга татиши ҳеч гап эмас. Керак бўлса, ҳамкасблардан, дўстлардан маслаҳат сўранг. Жуда бўлмаганда, яқин ўтмишдаги иш билан боғлиқ вазиятларни ёдга олинг. Муҳаббатда эҳтиёткор бўлинг. Оилали бўлсангиз, кўча-кўйда ишқий саргузаштларга берилишдан сақланинг. Кимлардир бош ва оёқ оғришидан безовта бўлиши кутилади.

 

 

ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 20. 01)

 

Гап дам олиш, соғлиқни мустаҳкамлаш, жуфтингизга совғалар харид қилишга бориб тақалса, тежамкорликни четга суринг. Пулни шундай нарсалар учун сарфламасангиз, ишлашингиздан не наф. Рўзғорда ҳам муаммо дегани тахланиб ётган кўринади. Демак, уларни ҳам фақат пул ёрдамида ижобий ҳал қилиш мумкин. Бошқа йўли йўқ. Лекин қарзга ботмайсиз. Худо беради. Қанча сарф-харажатга тушманг, киссангиз пулсиз қолмайди.

 

 

ҚОВҒА (21. 01 — 19. 02)

 

30 июль куни ишхонага кириб борганингиздан югур-югурлар бошланади. Бир тарафдан мажлис, иккинчи тарафдан сизни муштоқ кутаётган иш бир муддат нафас ростлашга йўл бермаслиги мумкин. Раҳбарлар фикридан норози бўлсангиз ҳам сукут сақланг. Тортишиб, баҳслашиб барака топмайсиз. Шахсий ҳаётда сизни бир дунё сюрпризлар кутиб турибди. Шуларгина қалбингизга қувонч ва сокинлик бағишлаши мумкин. Хасталик хавф сола бошлаганини сезсангиз, мутахассис кўригидан ўтинг.

 

 

БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)

 

Балиқ буржи остида туғилганлар бугун ҳаёт денгизининг энг тубигача сузиб етишлари ва фақат орзулар уммонида чўмилишлари тавсия этилади. Фаол бўлсангиз, энг мураккаб масалаларда ҳам ғолибликни қўлга кирита оласиз. Ишлар майда-чуйда бўлса, ўксинманг, жаҳл қилманг, улар сиз кутгандан ҳам кўпроқ даромад бериши мумкин. Оиласизлар кечқурунга режалаштирган романтик учрашув бир баҳона сабаб билан бошқа кунга кўчирилиши мумкин.

Хушвақт бўлинг! Ҳаммавақт бўлинг!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: