Яна 10 дан ортиқ раҳбар ишдан бўшатилди

0

Ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ жорий йилнинг 23—26 июль кунлари Қашқадарё вилоятида бўлиб, ички ишлар органлари олдига қўйилган вазифалар ижроси билан яқиндан танишди. Бу ҳақда вазирлик жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси хабар берди.

Вазир Қарши, Китоб, Касби, Қамаши, Нишон, Шаҳрисабз туманлари ҳамда Қарши ва Шаҳрисабз шаҳар ички ишлар бўлимлари, ушбу шаҳар ва туманлардаги ички ишлар органлари таянч пунктлари, вилоят ички ишлар бошқармаси қўриқлаш, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларида бўлиб, уларда мавжуд шароитлар, шахсий таркибнинг маънавий етуклиги ва ҳуқуқий саводхонлиги, раҳбар ва ходимларнинг хизмат вазифалари ижросини ташкил этишнинг самарадорлиги, тартиб-интизомга риоя этиш, аҳолидан келиб тушган мурожаатларни ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиш аҳволини шахсан ўрганди.

Ушбу ҳудудларнинг ҳар бирида вазир томонидан раҳбарлар ва барча ходимлар иштирокида танқидий руҳда тезкор йиғилишлар ўтказилиб, ишни ташкил этиш аҳволига баҳо берилди, фаолиятда йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар атрофлича муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш, айниқса жиноят ва ҳуқуқбузарликлар ҳамда фуқароларнинг норозилигини келтириб чиқарувчи ҳар қандай ҳолатларнинг барвақт олдини олиш ва аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш бўйича шахсий таркибга аниқ вазифалар юкланди. Ўз хизмат бурчига лоқайдлик билан муносабатда бўлаётган, «халқ манфаатларига хизмат қилиш» тамойилига риоя этмаётган ходимларга нисбатан кескин чоралар кўрилди.

4 кун давом этган соҳавий ўрганишларнинг якуний ҳисоботи сифатида 26 июль куни вилоят ички ишлар бошқармасида Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Унда Президенти девони, Бош прокуратура, вилоят ҳокимлиги ва ички ишлар органлари масъул ходимлари иштирок этдилар.

Йиғилишда жорий йилнинг ўтган даврида Қашқадарё вилоятида жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилгани айтиб ўтилди. Кўрилган комплекс чоралар натижасида вилоят бўйича умумий жиноятлар 1139 тага ёки 50,3 фоизга, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар 644 тага ёки 45 фоизга камайганлиги қайд этилди. Қарши шаҳрида «Эзгулик патрули», Шаҳрисабз шаҳрида «Хавфсиз туризм» фаолияти йўлга қўйилгани, вилоят ҳудудида жами 481 та «Жамоатчилик назорати масканлари» ташкил этилгани ва аҳоли гавжум бўладиган 7 мингдан зиёд объектларга видеокузатув мосламалари ўрнатилгани жиноятчиликка қарши курашишда натижадорликка эришишни таъминлагани таъкидланди.

Шу билан бир қаторда, айрим шаҳар ва туманларда тегишли чора-тадбирлар тизимли ва мақсадли олиб борилмаётганлиги, оила-турмуш ва қўни-қўшничилик доирасидаги жиноятлар, айниқса, қотиллик, қасддан баданга оғир шикаст етказиш каби ўта оғир ва оғир турдаги жиноятлар ҳамон юқорилигича қолаётгани, вилоятда мавжуд 730 та маҳалланинг 61 фоизида жиноят содир этилишига, 138 тасида эса жиноятлар ошишига йўл қўйилганлиги, тарбиявий ишлар ўтказиш масалаларига эътибор қаратилмаганлиги натижасида раҳбарлар ва ходимлар томонидан хизмат интизомини бузиш, ҳатто жиноятлар содир этиш ҳолатлари келиб чиқаётганлиги кўрсатиб ўтилди.

Мажлисда айрим ички ишлар органлари ходимлари мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, тизимда бўлаётган ўзгаришлар, хизмат фаолиятига алоқадор меъёрий ҳужжатларнинг туб мазмун-моҳиятини англамай, эскича услуб ва дунёқараш билан хизмат олиб бораётганлиги қайд этилиб, қатор раҳбар ва ходимларга нисбатан интизомий таъсир чоралари кўрилди.

Жумладан, хизмат вазифасига лоқайдлик ва сусткашлик билан муносабатда бўлиб, хизматни самарали ташкил этиш чораларини кўрмаганлиги, қўл остидаги ходимлар фаолиятини талаб даражасида назорат қилмагани оқибатида шахсий таркиб ўртасида тартиб-интизом сусайиб кетишига сабабчи бўлганлиги учун Қарши тумани ИИБ бошлиғи Ж.Ражабов, Муборак тумани ИИБ бошлиғи С.Шарипов, Косон ва Қарши туманлари ИИБ бошлиқларининг ўринбосарлари Н.Қаршиев ва А.Аминов, Шаҳрисабз, Ғузор ва Дехқонобод туманлари ИИБ бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари Қ.Тошмуродов, А.Алиев ва Н.Бозаров, Муборак ва Чироқчи туманлари ИИБ бошлиқларининг кадрлар бўйича ўринбосарлари Т.Баҳромов ва Ж.Муродов, вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғининг кадрлар бўйича ўринбосари Ф.Миршатов ҳамда Қамаши тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими бошлиғи Х.Ризақулов эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.

Шунингдек, кадрлар билан ишлаш соҳасида шахсий таркиб билан касбий тайёргарлик ва тарбиявий ишларнинг тизимли ва самарали ташкил этилишини таъминламаганлиги учун вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг кадрлар бўйича ўринбосари Б.Турсунқулов ҳамда қўл остидаги ходимлар фаолиятини етарли назорат қилмаганлиги оқибатида улар томонидан ноўрин хатти-ҳаракатлар содир этилиши ҳолатларига йўл қўйганлиги учун вилоят ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Э.Қурбоновларга «ҳайфсан» интизомий жазоси берилди.

Бундан ташқари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноят қидирув, тергов, кадрлар билан ишлаш хизматлари ходимларига нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилди.

Йиғилиш якунида Ички ишлар вазири П. Бобожонов вазирлик Академиясининг профессор-ўқитувчилари ҳамда малакали амалиётчи мутахассисларини жалб этган ҳолда Қашқадарё вилояти ички ишлар органлари ходимларининг билим савияси ва касбий маҳоратини оширишга қаратилган манзилли ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, барча шахсий таркибни қайта тайёрлаш ҳамда фуқаролар билан ишлашда муомала маданиятининг белгиланган тартиб-қоидаларига риоя қилиш, ҳар бир ҳолатга тезкор, холисона ва қонуний ёндашувни таъминлаш, ходимларнинг кундалик фаолиятини «халқ манфаатларига хизмат қилиш» тамойили асосида ташкил этиш, тизим шаънига доғ туширувчи ҳолатларининг олдини олиш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тўғрисида аниқ топшириқлар берди.