Қозоқ матбуоти: Қозоғистон ўйлаб ўтиргунча Ўзбекистон дадил қадамлар билан илгарилаб кетмоқда

0

Қозоғистоннинг машҳур интернет нашрларидан бири бўлган «365info.kz» сайтида ана шу сарлавҳада мақола эълон қилинди. Унда атом энергиясидан тинчлик йўлида фойдаланиш бўйича Ўзбекистон Президентининг ташаббуси ва бу борада Қозоғистондаги ҳолат таҳлил қилинган, деб хабар беради «Халқ сўзи Online».

«Мана 20 йилдирки, Қозоғистон ҳудудида АЭС қуриш лойиҳаси муҳокама қилинади. Эҳтимолий майдонлар аниқланганди, истиқболли режалар тузилганди, қизғин баҳсларда барча ‘+’ ва ‘-’ лар аниқланганди, бироқ Бозумбаевнинг (Қозоғистон энергетика вазири) айтишича, ҳалигача қарор қабул қилинмади. Ўзбекистон эса Росатомнинг таклифини иккиланиб ўтирмай қабул қилди ва энди унинг ўз атом электр станцияси бўлади», — дейилади мақолада.

Муаллиф атом энергиясидан тинчлик йўлида фойдаланиш учун Ўзбекистон каби Қозоғистонда ҳам эҳтиёж ва имкониятлар мавжуд эканлигини таъкидлайди ва бу масала гоҳ ҳамкор танлаш масаласи, гоҳ жой борасида бир тўхтамга кела олмаслик сабаб тинимсиз равишда ортга сурилиб келаётганини таъкидлайди.

Шунингдек, мақолада илмий тадқиқотларга ихтисослашган «ПИР-Центр» (Россия) илмий ходими профессор Вадим Козюлиннинг қуйидаги фикрлари келтириб ўтилган:

«Ўзбекистонда совет даврларидан буён уран қазиб олинади. Энергия манбалари катта муаммога айланган бугунги кунда Ўзбекистон учун бу масалани узил-кесил ҳал қилиш вақти келди. Умуман, Президент Мирзиёев кўплаб шу каби жиддий муаммолар юзасидан дадиллик билан қарор қабул қилмоқда. Тинчлик йўлидаги атом Ўзбекистонга мутлақо янги соҳага асос солиш, юксак малакали мутахассислар тайёрлаш, тиббиёт ва мураккаб ускуналар билан боғлиқ фанлар ва ишлаб чиқариш тармоқлари пайдо бўлишига замин яратади».

Нашр мақолага хулоса қилар экан, 2000 йилларда Атирау вилоятида интеграциялашган нефть-кимё комплексини барпо этиш лойиҳасини эсга олади. «Бу завод полимерлар ишлаб чиқариш бўйича МДҲда етакчи ишлаб чиқарувчига айланиши мумкин эди. Аммо бизнинг мутахассислар ўйланиб ўтиргунча бундай улкан комплекс 2016 йилда Ўзбекистонда, атиги 4 йил ичида қуриб битказилди ва Марказий Осиё бозорини дарҳол эгаллаб олди. Қозоғистон юқори технологиялар борасида етакчиликни, бу истиқболли бозорни қўшниларимиз ва яхши маънодаги рақобатчимизга бериб юборишини истамаган бўлардик», — дейилади мақолада.