ҚАШШОҚЛИК ҚАЪРИДАГИ ҚАЛБ… (Биринчи фасл. 1-қисм)

2

 

 

* * *

 

 

1983 йил. Фарғона.

 

Мелибой миробнинг олди кесак девор билан ўралган олти сотихли кўримсиз ҳовлисига қўни-қўшни, қавми қариндошлар йиғилишди. Айвонни оқ мато билан ўраб аёллар учун алоҳида жой қилинди.

Камбағални туянинг устида ҳам ит қопади деб беҳуда айтишмаган экан.

Хотини ўтиб қолди.

Мироб ёлғиз қизи билан қолиб кетаверди.

Дўхтирлар текшириб кўриб сариғи ўтиб кетибди дейишди.

Мелибой миробнинг шу тобдаги аҳволига қараш жуда оғир эди. Бир кунда кўзлари киртайиб, сочлари оқарди. Қадди букилиб қолди.

У гоҳ йиғилган қўни-қўшнига, гоҳ кўзлари жиққа ёшга тўла қизи Севинчга қараб баттар ўпкаси тўлар, силкиниб-силкиниб йиғларди…

— Мелибой, — дея Турдимат биргад секин келиб унинг елкасига қўлини қўйди. — Буёғини нима қиламиз?.. Асраб қўйган ул-булинг борми, ё…

— Ака, мен хароб бўлдим. — йиғи аралаш жавоб қилди Мелибой мироб. — Ёшим элликка кирсаям, сира косам оқармади, ака!.. Боқиб қўйган битта қўйим бор эди, у ярамас ҳам ўтган куни арқонига бўғилиб ўлиб берди. Энди нима қиламан?..

— Қўй, хафа бўлаверма. — деди биргад. — Қишлоқда қийналган битта сен эмас. Худога шукр, маҳаллада ўзига тўқ одамлар кўп. Қараб туришмайди. Ҳозир мен Султон дўкончига айтаман, пича қарз кўтариб турсин, ўлар жойда эмассан-ку, бир кун узиларсан!..

— Майли, ака, раҳмат!.. Умрингиз бунданам зиёда бўлсин!..

— Э, ука, — Турдимат биргад бош чайқаб қўйди. — Менгамас, ўзингга умр тила!.. Қара, қизинг бўй етиб келяпти. Нима қилайлик? Марҳуманинг умри қисқа экан. Туғиб, катта қилиб, бу қизнинг роҳатини кўролмай кетди. Энди қизингнинг пешонасига берсин!..

— Айтганингиз келсин!..

Султон дўкончи Мелибой миробнинг тахтали эшиги олдида, таъзияга келганлар орасида қўл қовуштириб турарди. Биргад секин бориб уни четга тортди.

— Миробнинг ҳеч вақоси йўқмиш. — деди у дўкончининг кўзларига маъюс тикилиб. — Буёғига ўзинг бир нарса қилиб юбормасанг иш чатоқ, иним!..

Қўли эгри одамлар биргаддан барибир қўрқишади. Чунки, у юқорига чиқиб устидан арз қилиши, керак бўлса, бир кунда дўкондан думини тугдириб юбориши мумкин. Шундай бўлса-да, бу ўзи учун ёқимсиз гапни эшитиб дўкончининг бироз энсаси қотган бўлди.

— Мен нима қилардим? — шивирлади дўкончи. — Ҳозир менинг ишларим ҳам сал орқага кетиб турган бўлса. Кўряпсиз-ку, кунига текшир-текшир!. Дўконда савдонинг мазаси қочган.

— Сен ҳаддингдан ошма!.. Мени биласан-а, кўп гапирганларни ёқтирмайман!.. Қара, бўй етган қизи билан шумшайиб қолиб кетди бечора. Маҳалла бўла туриб ёрдам бервормасак, уят бўлади!..

Султон бирпас бошини қашиб турди-да, елка қисди.

— Мен-ку, пича асраб қўйганларимдан берарман-а! Аммо бу миробингиз қачон пул топади-ю, қачон қутулади!.. Сира кўзим етмайди-да, ака!..

— Қўй, жа қаттиқлик қилма! Ҳеч бўлмаса, марҳуманинг ҳурматини қил!.. Ўликни узоқ ушлаб туриб бўлмайди. Қолаверса, ҳаммамиз ҳам бир кун ўша ёққа борамиз. Топганларимизни кўтариб кетмаймиз. Бер, ҳеч қурса, қирқини ўтказиб олсин. Уёғига Худо пошшо. Ҳаракатини қилар.

— Майли, ака, сизнинг раъйингизни қайтариб бўлармиди? Икки юз сўм бериб тураман. Лекин айтиб қўяй, ўзингиз гувоҳ бўласиз. Бир йил ичида қайтариш шарти билан бераман.

— Хўп, Худо хайрингни берсин! Беради! Ўлмаса албатта беради! Бор, опчиқ!..

Кўз очиб юмгунча Султон дўкончи нақд икки юз сўмни оқсоқолни гувоҳ қилиб Мелибой миробга санаб берди…

 

 

* * *

 

 

Қариндош-уруғлар ҳам ўз йўлига экан. Бир ҳафта деганда фотиҳачиларнинг оёғи узилгач, ҳаммалари узрларини айтиб жуфтакни ростлаб қолишди. Мелибой мироб ҳовлида қизи Севинч билан қолиб кетааверди.

— Қизим, нонуштага ул-булинг борми? — сўради шундай кунлардан бири эрта тонгда уйғониб ишга отланаётган мироб.

Севинч ер чизганча сукутга толди.

— Нега хафа бўлаверасан, қизим?.. — унинг бошини силади мироб. — Юрагимни эзавермасанг-чи!..

— Дада, ейишга ҳеч вақо йўқ уйда. — пичирлади Севинч.

— Шунга қайғуриб ўтирибсанми?.. Қўй, хафа бўлма. Дўкончи берган пулдан пичасини олиб ишлатиб турамиз.

— Вой, аямнинг қирқига деб олиб қўйгансиз-ку!..

— Ахир, оч ўтира олмаймиз-ку!.. Бир гап бўлар.

— Йўқ, дада, ишлатмайлик. Мен ҳозир қўшниларникига кириб нон сўрайман.

— Йўқ, қўшниникига кирмайсан. Керакмас. Паст кетмайсан. Ўзим бир йўлини топарман!..

Мелибой мироб эрта тонгда тегирмонга жўнади. Нима қилсин? Уйида бултурги буғдойдан асар ҳам қолмаган. Қишлоқ дўконига нон олиб келиб сотишмайди. Қўшнилардан нон сўраб киришга эса, миробнинг ори йўл бермайди.

«Шу тегирмончи Соли жа хасис-да! — йўл-йўлакай мулоҳаза қилиб борарди у. — Таъзиягаям, фотиҳагаям келмади… Нима қилай? Бошқа иложим йўқ. Зора инсоф кириб пича унидан қарз бериб турса!..»

Соли тегирмончи мешдай қорнини силкитганча келилар олдида айланиб, туйилаётган девзира гуручларни кўздан кечирарди. Миробни кўрди-ю, йўтала-йўтала пешвоз чиқди.

— Кел, иним, бандалик, бандалик!.. — қучоқ очиб Мелибой миробга ҳамдардлик билдирди тегирмончи. — Худо сабр берсин!

— Ҳа, ака, бандалик экан. Касалини вақтида кўрсата олмадим.

— Бу ўлим ҳамманинг бошида бор, иним. Ҳадеб куйинаверма. Қизингни ўйла!..

«Маслаҳат беришга уста-а! — кўнглидан ўтказди мироб. — Қизингни ўйла эмиш. Агар одамгарчилигинг бўлганда, бир оғиз бориб ҳол сўрардинг. Пули кўп-да, биздақаларни менсимайди булар…»

— Хўш, иним, нима хизмат билан келдинг? — сўради тегирмончи ичкарига кириб сўрига ўтиришгач.

— Шу десангиз… — Мироб тутила-тутила сўз бошлади. — Бултурги буғдойимдан бир сиқим ҳам қолмабди. Ўзингиз биласиз, энди қишдан чиқдик. Ҳали буғдой пишишига анча бор. Шунга…

— Ун керак бўп қолдими?..

— Ҳа, ака, бугун эрталаб қизимдан сўрасам, уйда нон йўқ дейди. Хафа бўлиб кетдим…

— Э, шунгаям ота гўри қозихонами?.. Ана омборда қоп-қоп ун турибди. Бир қопини опкетиб ишлатавермайсанми?..

— Раҳмат-э, ака, умрингиздан барака топинг!..

— Фақат эсингда бўлсин. — тегирмончи секин ўрнидан қўзғалди. — Ҳисобли дўст айрилмас деган гаплар бор-а?

— Ҳ-ҳа, биламан.

— Буғдойинг пишганда уч қопини олиб келиб тўкасан.

— Хўп бўлади. Сиз нима десангиз шу-да!..

— Мана бу бошқа гап. Юр, сенга оқроғидан олиб берай!..

Буғдой-ку, унди. Қопни елкасига қўйиб ҳаллослаганча кетиб бораётган Мелибой миробни бир нарса ўйлантирарди.

«Ахир, уч қоп буғдойдан камида бир ярим қоп ун чиқса, нега уч қоп буғдой деди?.. Наҳотки, одамлар шунчалик хасислашиб кетган бўлса?..»

 

 

* * *

 

 

Орадан икки ярим ойча вақт ўтди. Мелибой мироб амал-тақал хотинининг қирқини ҳам ўтказиб олди. Энди буёғига миробнинг бутун умиди буғдойидан эди. Шуни сотсам, қизимга кийим қилиб берсам, қишга егулик ғамлаб қўйсак деб хаёл қилганди. Тағин иши юришмади. Шу йили негадир қишлоқдагиларнинг кўпчилиги буғдойдан ҳосил ололмади. Қандайдир касал тегибдими, буғдойлар сомондан бошқасига ярамади. Шулар қаторида мироб ҳам қуруқ қолди. Аксига олгандек, куйиб-пишиб даладан келса, кимнингдир сигири кўчадан ўтиб кетаётиб кесак деворни шохлаб кетибди. Деворнинг анчагина жойи қулаб тушибди.

— Бошим балодан чиқмайди-я!.. — дея сўзланарди мироб майдаланган кесаклар орасидан бутунларини ахтариб топиб бир четга тахлаш асносида. — Шунча ташвиш турганда, деворга бало бормиди?.. Қайси ҳаром ўлгурнинг сигири бундай қилди экан?..

Шу пайт кўчадан иккита челакда сув кўтариб Севинч кириб келди.

Мелибой мироб қизига зимдан назар ташлади-ю, ачиниб кетди.

«Ўн олтига киряпти. — ўйлади пешонасидаги терларни чит рўмолга артиб. — Устидаги кийимининг оҳори қолмабди. Нима қилсам экан-а?.. Шу туришда кўчада юрса, мактабга борса, уят-ку!..»

— Дада, яхши келдингизми? — Севинч сувларни тандирхонага қўйиб миробнинг олдига келди.

— Раҳмат, қизим!.. Пича ишларим бориди, ўшаларни битириб келсам, кўрмайсанми!.. Девор қулаб тушибди.

— Дада, янгиликни эшитдингизми? — кулиб сўради Севинч.

— Йўқ, қанақа янгилик, қизим?..

— Вой, идорангизда «атчўт» беришаётганмиш-ку!..

— Нима?.. «атчўт»?.. Ие, мана буни янгилик деса бўлади! Кимдан эшитдинг?

— Ана, Бригадангиздаги сувчилар чопиб кетишаётган экан.

— Ў, унда менам бора қолай! Худога шукр, сенга кийим қилиб беришни қайғуриб тургандим!..

Мелибой мироб шоша-пиша устидаги чангларни қоқди-да, йўлга отланди.

— Бўпти, қизим, сен уйда ўтира тургин, мен дарров бориб келмасам бўлмайди. Бир йиллик пул беришади, ахир!..

 

 

* * *

 

 

Колхоз идорасига ростдан ҳам одам сиғмасди. Мелибой мироб таниш-билишлар билан сўрашган бўлиб олдинга интилди.

— Ростданам пул беришяптими? — сўради у ишонқирамай навбатда турганлардан бирини туртиб.

— Э, қаёқда? — деди эркак қўл силтаб. — Кўпчилик қарздор бўлиб чиқаётганмиш.

— Қарздор бўлиб?.. — Мироб кўнгли олдиндан ёқимсиз ҳолатни сезиб, тарвузи қўлтиғидан тушган кимса каби кассирнинг хонасига кўз ташлади. — Нимага қарздор бўламиз?..

— Мен қаердан билай? — ёнидаги йигит норози ғудранди. — Тирноқнинг кирини сўри-иб ўтираверамиз буёғига!..

— Падарига лаънат шу колхозлариниям! — қўл силтади Мелибой мироб ҳафсаласи пир бўлиб. — Эшакдай ишласанг-у, тағин қарздор бўлсанг! Уйда бир мири йўқ! Бозорга тушиш керак, картошка, пиёзни қайси пулга оламиз унда?

— Сиқилманг, ака, — бошига чит рўмол танғиб олган бошқа бир йигит уни тинчлантирган бўлди. — Балки сизга пул бордир? Ҳалитдан фол очманг..

Йўқ, буёғи кўпга келган тўйдек кечди. Бошқалар қатори Мелибой мироб ҳам қарздор бўлиб чиқибди. У исм-фамилиясининг тўғрисига қизил қалам урилган қоғозга алам билан боқди-ю, шалвираганча уйга қайтди.

— Пешонанг шўр экан, қизим! — деди сўрининг бир четига омонатгина ўтириб чой шопираётган Севинчга алам билан боқиб. — Энди нима қиламиз? Чўнтакда мири йўқ. Колхознинг аҳволи бунақа. Буёқда бўлса, Султон дўкончи, тегирмончилар тиш қайраб юрган бўлса. Уларнинг қарзини қандай қилиб уздим-а?..

— Дада, бир йўли топилиб қолар. — миробни тинчлантиришга уринарди Севинч. — Ҳали мактаб бошланишига анча бор-ку!..

— Йўқ, қизим, — деди мироб даст ўрнидан туриб. — Ишга бормайман!.. Сенинг кўзларингга қарашгаям уяладиган бўп қолдим. Бугун анави деворни қайтадан кўтариб чиқаман-у, мардикорчиликка кетаман.

— Вой, мен-чи? — Севинч дадасининг кутилмаган гапини эшитиб ўрнидан туриб кетди. — Мен нима қиламан?

— Сенми? Кап-катта қиз бўп қолдинг. Фахриниса холангникида юра турасан.

— Э, ўғли Беҳзод жуда ёмон. Қачон қараса, жиғимга тегаверади.

— Мен айтаман, жиғингга тегмайди. Бир-икки ой ишлаб келсам, қизим, кийимингам бўлади, қишнинг тадоригиниям кўриб оламиз. Балки, ишларим юришиб кетса, қарзларниям пичасини узарман…

Мелибой мироб шу куннинг ўзида девормиён қўшнисига ялина-ялина эллик сўм қарз олди. Бу пул шаҳарда иш топгунча бемалол етарди.

У шаҳарда мардикор учун иш кўплигига, икки ой тер тўкса, бир дунё пул топиб келишига қаттиқ ишонарди.

Шу пайт ҳозиргина гапириб турган Севинч бирдан ранги оқариб сўри тутқичини маҳкам ушлаганча ўзини ташлаб юборди.

Мироб нималар бўлаётганига ақли етмай, жонҳолатда қизига ёпишди.

— Сенга нима бўлди, қизим? Кўзингни оч!.. Ҳой, қизим, кўзингни очсанг-чи!..

Ҳаш-паш дегунча миробнинг ҳайқириғини эшитган қўшнилар чопиб чиқди. Кимдир ҳушдан кетиб қолган Севинчнинг юзларига муздек сув сепиб ўзига келтирди, кимдир врачга чопди.

— Қизингизнинг аҳволи жиддийга ўхшайди! — деди оппоқ халат кийиб, кўзига кўзойнак таққан кексароқ врач миробни четга тортиб. — Текшириб кўрдим. Қиз адашмасам, оқ қонга учраган.

— Нима?.. У нима дегани ўзи? Қанақа касал? — врачга умидвор тикилиб сўради мироб. — Шунчалик хавфлими?

— Ким билсин? Ҳали тиббиётимиз бу касалнинг маънисига етганича йўқ. Аммо эшитганим борки, охири бахайр эмасмиш!..

— Ёлғон гапиряпсиз! — қичқириб юборди мироб. — Билиб билмай гапиравераркансиз-да!.. Ишонмайман сиздақаларга!.. Оқ қон эмиш!.. Қон ҳам оқ бўларканми?.. Ҳе, энангни!..

Мироб врачнинг ҳай-ҳайлашига ҳам қарамай кабинетдан отилиб чиқди-да, бир бурчакда деразадан ташқарига термулиб турган Севинчни ташқарига етаклади.

— Юр, қизим, бунақа дўхтирларнинг падарига минг лаънат!.. Уйга кетамиз. Сен туппа-тузуксан!..

 

 

* * *

 

 

— Севинч қизим, барибир сен холангникида яшаб турмасанг бўлмайдиганга ўхшайди. — деди Мелибой мироб касалхонадан чиқиб қишлоқ томон юришаркан. — Сен сира кўнглингни ўкситмагин. Бу дўхтирларга ишонмайман. Яхшиси, шаҳарга бориб пул ишлайман-да, сени катта дўхтирларга кўрсатаман.

— Уф-ф, тағин ўзимни ёлғиз ташлаб кетаркансиз-да, — норозиланган кўйи сўзланди Севинч. — Менам сиз билан бирга шаҳарга бораверсам бўлмайдими?

— Қўй, шаҳар катта. Яхши бор, ёмон бор. Мен ишга кетсам, сен қаерда қоласан?!. Холанг ташлаб қўймас. Сенгаям қараб турар, ахир!..

Шу куниёқ мироб Фахриниса қайнсинглисиникига Севинчни олиб бориб жойлаштирди-ю, ўзи шаҳар қайдасан дея йўлга тушди…

 

 

* * *

 

 

Йўловчи машина уни ярим кечаси шаҳарга олиб келиб ташлади. Серқатнов кўчаларда мироб анча вақтгача довдираб юрди. Лекин қаерга боришни, мардикор бозорини қандай топишни билмасди. Охири чарчаб йўл четидаги симёғочлардан бири остига ўтириб эндигина ўзича мулоҳаза қила бошлаганди ҳамки, рўпарасига қора «Волга» келиб тўхтаб, баланд бўйли, башанг кийинган, ўттиз ёшлардаги бир йигит машинадан тушди ва тўғри мироб томон юрди.

— Ҳа, амаки, бу ерда нима қилиб ўтирибсиз? — сўради у сўрашишга қўл узатаркан.

— М-мен… Ишлашга келгандим. — шоша-пиша жавоб қилди Мелибой мироб. — Борадиган жойимни тополмай тургандим.

— Шунақами?.. Хўш, қўлингиздан нима иш келади?..

— Дуч келган ишни қилиб кетавераман. Пул беришса бўлди-да!..

— Жуда соз!.. — йигит бирпас ўй суриб олгач, миробнинг елкасига қоқди. — Унда кетдик, иш бор!..

— Ҳ-ҳа… айтганча…

— Хизмат ҳақидан хавотир олманг. — унинг нима демоқчилигини пайқаган йигит тинчлантирган бўлди. — Ярим соат, жа борса, бир соатлик иш бор. Ётар жойингиз ҳам тайин бўлади. Юринг!..

Мироб иши ўнгидан кела бошлаганига шукр қилиб машинага ўтирди.

«Волга» шаҳарнинг миробга нотаниш кўчалари бўйлаб ярим соатча айланиб юргач, ўнгга бурилди. Бу йўлнинг икки чети бедазор эди.

«Хайрият, қишлоқдан экан буям. — хаёлидан кечириб қўйди мироб. — Ҳарқалай, қуш тилини қуш билар деган гаплар бор. Лекин… Нима иш экан кечаси қилинадиган?..»

Йигит индамасдан рулни бошқариб борарди. Уйлар кўрина бошлаганда миробга ойнадан бир-икки маротаба маъноли қараб қўйди холос.

— Мана, амаки, етиб ҳам келдик! — деди у яшил дарвоза қаршисида машинани тўхтатиб. — Қани, тушаверинг!..

Мироб итоат билан машинадан тушди. Ичкаридан ўсмир бир йигит чиқиб қўл узатди.

— Хуш келибсиз, гўрков амаки!..

— Н-нима?.. Гўрков?..

— Вей, овозингни ўчир! — миробни машинада олиб келган йигит ўсмирни уришди. — Нега амакингни қўрқитасан?.. Бор, қўл чайишга сув тайёрлаб тур!..

— Хўп бўлади!..

— Қани, амаки, ичкарига марҳамат!..

Мироб йигитга қараб-қараб олди-ю, истар-истамас ичкарига қадам қўйди…

Ҳовли жуда ҳашаматли эди. Уйларнинг саноғи йўқ. Ҳовли ўртасига ток экиб ташлашибди. Сал нарида ҳовузсифат бир чуқур. Ичига сув тўлдириб қўйишибди. Гоҳи-гоҳида қандайдир қушнинг чуғурлаши қулоққа чалиниб қолади.

Мироб бундай уйларни киноларда бир-икки кўрганди.

«Бу баччағар бойваччага ўхшайди-ку! — ўйлади у ўсмир олиб келган човгумдан қўлларини чаяркан. — Ишқилиб, яхши пул тўласин-да!..»

— Қорнингиз ҳам очиб кетгандир-а? — сўради йигит хоналардан бирига ишора қилиб. — Ҳов анави хонага кирасиз. Ўша ерда овқатланиб оласиз. Ундан кейин ишга тушамиз.

— Ўзи нима иш экан?.. — эҳтиёт шарт сўраган бўлди мироб бироз ҳайиққаннамо.

— Сизга нима фарқи бор, бобой? — йигитнинг жаҳли чиқди шекилли дўқлаб берди. — Пулингизни берсам бўлдими?.. Сўрайвераркансиз-да!..

— Узр, иним, узр!.. Ҳа энди… Сўрадим қўйдим-да!..

— Киринг, — жаҳл аралаш буюрди йигит. — Овқат совимасдан тезроқ еб олинг! Вақт кетяпти!..

Мироб тортина-тортина чўғдек гиламларни босиб ичкарига кирди.

Дастурхон дегани шу қадар чиройли тузалган эдики, кўзларига ишонмасди.

Овқат деганининг борини териб ташлашибди.

У секин ташқарига қаради. Ҳеч кимдан дарак йўқ. Бир муддат кутиб турди. Ҳеч ким келавермагач, оҳиста кўрпачага ўтириб товоқдаги яхна товуқни олдига суриб ея бошлади…

(давоми бор)

(Асар кўплаб ўқувчилар талабига кўра қайта чоп этилмоқда)

Олимжон ҲАЙИТ

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

2 ФИКРЛАР

Comments are closed.