ҚАШШОҚЛИК ҚАЪРИДАГИ ҚАЛБ… (Биринчи фасл. 2-қисм)

0

 

 

* * *

 

 

— Хўш, қорин тўйдими? — ярим соатча вақт ўтгач, остонада йигит пайдо бўлди.

— Ҳа, жуда мазали экан! — мироб қўлларини оппоқ сочиққа арта-арта ўрнидан турди.

— Жуда яхши. — деди йигит совуқ кулимсираб. — Энди мен билан юринг, ишни кўрсатаман!..

Мироб секин йигитнинг ортидан ташқарига чиқди. Зиналардан ертўлага тушишди. Йигит пастга тушиб чироқни ёқди.

Мелибой мироб ичкарига кирди-ю, қотиб қолди. На ортга чекинишни, на олдинга юришни билмай, гарангсиганча йигитга даҳшат аралаш боқди.

— Нима, қўрқиб кетдингизми? — овозини пасайтириброқ сўради йигит ертўла ўртасидаги ур-бу ерига қон теккан матога ўралган бўйи бир ярим метрча келадиган узун нарсани кўрсатиб. — Қўрқманг, бу мурдамас. Бошқа нарса… Хуллас, шуни ҳозир ертўланинг ўзига кўмасиз…

— М-мен… Мен… — Мироб нима дейишини билмасди. Нуқул каловланарди.

— Фақат жуда чуқур қилиб ковланг! — унга эътибор бермай давом этди йигит. — Ҳиди чиқиб юрмасин! Ана белкурак, тез ишни бошланг!..

— М-мен… Й-йўқ… Қўрқаман. — матога ўралган нарсага қўрқинч аралаш боқаркан, ортга тисланди мироб.

— Нима?.. Вей, бу ерга сизни нимага олиб келдим ўзи?.. Нимага қорнингизни тўйдирдим?.. Бас қилинг, йўқса, ўзингиз ҳам шунинг ёнидан жой оласиз. Бошланг дедим!..

Мироб ер остидан йигитга қараб қўйди-да, титрай-титрай қўлига белкуракни олди. У симатога ўралган нарсанинг мурда эканига сира шубҳа қилмасди. Аммо дилидагини тилига чиқаришга қўрқарди.

— Шундай бўпти! — деди йигит чўнтагидан сигарет чиқариб тутатиш баҳонасида ёниб турган гугурт чўпини миробнинг юзларига яқин олиб келиб. — Мабодо гуллаб қўйсангиз, сизни ернинг тагидан бўлсаям топаман. Шуни яхшилаб эслаб қолинг! Мени Толиб деб қўйибди!..

Шундагина мироб йигитнинг исми Толиб эканини билди.

— Хўп, — деди шивирлаб. — Айтганингиздек қиламан, ука!.. Фақат…

— Шу ишингиз эвазига икки ой эзилиб мардикор ишлаган пулингизни оласиз.

— Ишқилиб, Худонинг ўзи кечирсин!..

Мироб аста чиқиб кетаётган Толибга афсус билан боқиб олгандан сўнг белкуракни ерга ботирди.

Ер жуда юмшоқ экан. Энига ҳам, бўйига ҳам икки метрлик чуқурни бир соат деганда ковлаб бўлди ва матога ўралган нарсани секин судраб чуқурга туширди. Бу нарса аниқ мурдани эслатарди. Аммо қўрқув шу қадар кучли келдики, мироб ўзини ишонтиришга, мурда ўрнида бирор ҳайвон жасадини кўмгандек хотиржам тортишга уринди.

Сўнгра юзларига фотиҳа тортиб чуқурга тупроқ ташлай бошлади…

 

 

* * *

 

 

Иш битди. Умрида товуқдан бошқасини сўйиб кўрмаган мироб биринчи маротаба ўзи аниқ-тиниқ тасаввур этган мурдани ер остига кўмди…

— Зўр бўлди. — мамнун жилмайиб миробнинг чўнтагига иккита элликталик пулни солиб қўйди Толиб. — Ишни қойиллатдингиз. Бироқ келишганимиздек, сотиш йўқ. Сотадиган бўлсангиз…

— Й-йўқ, мен унақа одам эмасман. — деди ҳануз қалбини даҳшат тарк этиб улгурмаган мироб. — И-ишонинг, сотмайман.

— Манави қоғозни олиб қўйинг. Қачон керак бўлсам, бемалол қўнғироқ қилаверинг!..

Мироб Толибдан ростакамига қўрқиб қолганди. Ахир, бу… Осон ишмиди?.. Наҳотки, бу йигит…

— Хўп бўлади! — дея тезроқ кетишга чоғланди мироб. — Энди мен кетсам…

— Тўрт тарафингиз қибла! — деди Толиб кўчани кўрсатиб. — Дарвозадан чиқиб чапга юрсангиз, тўғри шаҳарга олиб боради…

Мироб титраб кетаётган тиззаларини базўр судраб кўчага йўл олди…

 

 

* * *

 

 

— Мардикорга келмай мен ўлай! — ўзини ўзи койирди Мелибой мироб. — Қандай кунларга қолиб ўтирибман. Мана шу қўлларим билан бутун бошли одамни… Йўғ-э, балки одам эмасдир?.. Э, нима бўлгандаям барибир ўлик экани тайин эди… Энди қизимнинг кўзига қандай қарайман? Узунқулоқ гап-сўзлар қишлоққа етиб борса, одамларга нима дейман? Қамалиб кетсам-чи?.. Унда қизимнинг ҳоли не кечади? Касалини ким югуриб тузатади? Ким унга суянч бўлади?

Шу пайт узоқдан бир машина катта тезликда келиб миробнинг рўпарасида тормоз берди.

— Милиция машинаси?.. — Мелибой мироб ранги ўзгариб қаттиқроқ титрай бошлади.

— Ҳа, ака, қаерликсиз? — милиционерларнинг бири эпчиллик билан машинадан тушди-да, миробнинг йўлини тўсди.

Мелибой мироб таҳлика аралаш манзилини айтди.

— Шаҳарга нима мақсадда келгандингиз? — сўрашда давом этди милиционер.

— Ишлашга. — қўрқа-писа жавоб қилди мироб.

— Ишлашга?.. Устамисиз?

— Й-йўқ… Учраган ишни қилиб кетавераман.

— Ие, қани, қани, сал бурилсинлар-чи!.. — иккинчи милиционер энгашиб миробнинг шимига қўл чўзди. — Акромов, манавини қара!..

Шериги ҳам энгашиб кўрсатилган ерни ушлаб кўрди.

— Бу, ахир, қон-ку!

— Ҳа, қон. — тасдиқлади шериги ҳам. — Ҳов ака, бу қонни қаерда теккиздингиз?..

Мелибой мироб ваҳимаси ортиб шимидаги қонга назар солди.

— Билмадим… Қон тўкилган ерда ухлаб қолган бўлсам керак-да! — деди елка қисиб.

— Ухлаб қолгансиз?.. Қаранг-а!.. Бўпти, қани, биз билан юринг-чи!

— Қаерга?.. Йигитлар, қўйинглар энди!.. Шошиб турибман.

— Бизнинг ҳам вақтимиз зиқ. Юринг!..

Икки милиционер миробни қўлтиғидан олиб машинага судради…

У энди ўзининг ҳеч қачон озодликда қола олмаслигини тушуниб етган ва ёруғ дунёдан умидини узганди.

 

 

* * *

 

 

Миробни эрталабгача камерага қамаб қўйишди. Хайрият, у ерда ҳеч ким йўқ экан. Бир ўзи суварак, сичқон босган, қўланса ҳид аримайдиган камерада тонгга қадар кўз юммай бош қотирди. Ўзининг эҳтиётсизлигидан, пешонаси шўрлигидан нолиди. Ўпкаси тўлиб келганда тўйиб-тўйиб йиғлади…

Соат ўнга қараб кетганда ниҳоят камера эшиги очилиб соқчи унга ташқарига чиқишни буюрди. Мироб икки қўлини орқага қилган ҳолда камерадан чиқиб юқорига кўтарилди ва йўлак бўйлаб кета бошлади…

— Кимсиз? — сўради хона ўртасида керилиб ўтирган фуқаро кийимидаги терговчи.

— Мелибой Мирзабек ўғли.

— Шаҳарга нима мақсадда келгандингиз?

— Ишлашга.

— Қанақа иш?

— Мардикорчиликка.

— Шимингизга қонни қаерда теккизгансиз?

— Б-билмадим.

— Биласиз! — терговчи кутилмаганда ўрнидан туриб кетди ва миробнинг тепасига келди. — Биласан!.. Бу одамнинг қони!.. Аниқроғи, мурданинг қони, тушундингми? Мени аҳмоқ қилмоқчимисан?.. Айт, қаерда, кимни ўлдирдинг?..

— Мен ҳеч кимни ўлдирганим йўқ. — деди мироб бош эгиб.

— Ўлдиргансиз!.. Бир бегуноҳ аёлнинг бошига етгансиз! Биз сизни қачондан бери қидираётганимизни биласизми? Уч кундан бери қидираяпмиз!

— Мен ҳеч кимни ўлдирганим йўқ.

— Шунақами? Майли, ҳаммасини аниқлаганимиздан кейин тўтидай сайраб берасиз!.. Соқчи!..

Эшик ортида турган милиционер терговчининг товушини эшитибоқ остонада ҳозир бўлди.

— Олиб чиқинг!..

Миробни яна камерага олиб кириб эшикни ташқаридан қулфлаб қўйишди.

 

 

* * *

 

 

Ярим тун эди. Ғуссалар, турли ёмон хаёллар исканжасида қолиб кетган Мелибой мироб кўз юммасдан бу даҳшатларнинг охирини кутарди.

Бир маҳал камера эшиги шарақлаб очилгандек бўлди-ю, мироб даст ўрнидан турди.

Ичкарига икки нафар сержант терговчи ҳамроҳлигида кириб келди.

— Хўш, виждонингиз уйқу бермаяптими? — сўради терговчи унга совуқ тикилиб.

— Мен виждоним қийналадиган иш қилганим йўқ. — деди мироб қатъий оҳангда.

— Менга қаранг, ака, бизни беҳуда қийнамай, айбингизни тан олинг! Ишонинг, ҳамма далиллар фақат сизга қарши. Қачонгача бўйин товлайсиз? Қачонгача айёрлик қиласиз?

— Мен айб иш қилганим йўқ.

— Яна ўша гап, — оғир хўрсиниб терс ўгирилди терговчи. — Жуда қайсар ва танбал одам экансиз. Терговга ёрдам бериш ўрнига қилиб юрган ишингизни қаранг. Ё бизни шунчалик овсар, аҳмоқ деб ўйлаяпсизми?

— Унақа деб ўйламайман. Аммо мен айбдор эмасман.

— Эрта-индин гувоҳлар билан юзма-юз қилганимда, айбдорлигингиз исботланиб қолса-чи?..

— Мен ҳеч кимни ўлдирганим йў-ўқ, нега ишонмайсиз? — мироб йиғлдагудек бўлиб ўтирган жойида зорланди. — Мен ҳеч кимни ўлдирмадим, ўлдирмадим!..

— Жуда яхши. Эртага экспертиза хулосасини олайлик, ўшанда кўрамиз! Шундаям ёлғон гапириб кўринг-чи!.. — Терговчи миробнинг тепасига келиб елкасига оҳиста қўлини қўйди — Огоҳлантириб қўяй, терговга ёрдам беришдан қочиш жазо муддати чўзилади дегани…

Мироб индамади. Хаёлан тақдирига, қисматига, беҳуда туҳмат қилаётган терговчига лаънат ўқиганча тек ўтираверди.

Терговчи яна бир муддат камерани айланиб юргач, ёнидагиларни эргаштирганча ташқарига чиқиб кетди.

 

 

* * *

 

 

Эрталаб уйқусизликдан, сиқилишлардан кўзлари қизариб, қадди букилиб қолган миробни яна терговчи ҳузурига олиб киришди. Негадир бугун терговчининг чеҳраси очиқ эди. Мелибой мироб эҳтиёткорлик билан кўрсатилган курсига ўтирди-да, ер остидан унга қараб қўйди.

Терговчи бирпас деразадан ташқарига ўйчан боққанча сигарет тутатиб тургач, орқасига ўгирилиб сигаретини кулдонга ташлади.

— Табриклайман, ака! — деди у кулимсирашда давом этиб.

— Нима билан? — бирдан ҳушёр тортиб терговчига тикилди мироб.

— Айбингиз исботланмади. Сиз озодсиз!

— Р-ростданми?.. — ишонқирамай ўрнидан турди мироб. — Ростдан айтаяпсизми?..

— Ҳа, бориб мардикорчилигингизни қилаверинг!.. Тундаги ишлар учун кечириб қўясиз-да энди!. Нима қилайлик, хизматчилик, ака!..

— М-майли, унда… мен кетаверайми?..

— Кетаверинг, фақат бундан кейин кечалари дайдимасдан ўзингизга бошпана топиб олинг!..

Миробга укаси тенги йигитнинг насиҳат қилиши ёқмади. Лекин ҳозир гина-кудуратнинг мавриди эмас. Нима бўлса бўлиб ўтди. Энди тезроқ бу турқи совуқлардан узоқроққа кетиб мардикор бозорини топгани маъқул…

Мироб навбатчилардан пули ва бошқа майда-чуйдаларини олди-да, ташқарига одимлади.

 

 

* * *

 

 

Сўраб-сўраб Маккани топибди деб беҳуда айтишмаган-да!.. Мелибой мироб ҳам суриштира-суриштира мардикор бозорини топди. Етиб борганда соат эрталабки тўққиздан ошиб қолганди. Аммо бозорни мардикор дегани босиб кетибди. Ишга олиб кетувчилар эса, афсуски, анқонинг уруғи. Йўл четига машина келиб тўхтади дегунча, ёш, навқирон қишлоқ йигитлари ўша ёққа ўзларини уришар, улар орасидан тўрт, ёки икки нафаригина машинага чиқиб ўтириш шарафига муяссар бўларди.

— Бу туришда бизга ўхшаганларга иш топилмайди шекилли. — ўйлади мироб ҳайрон бўлиб бозорни кўздан кечираркан. — Ишқилиб, кўчада қолиб кетмайин!.. Тағин анави мелисаларга дучор бўлсам…

Шу тобда қаршисига оппоқ либос кийган, ёши олтмишларга яқинлаган, серсоқол бир эркак келиб тўхтади. Шаҳарлик экани шундоқ ўзини тутишидан кўриниб турарди.

— Иним, ишга борасизми? — сўради у миробга бошдан-оёқ кўз ташлаб.

— Ҳа, бораман. — деди мироб жонланиб. — Нима иш экан, ака?..

— Мен ихчамгина, кичкинагина бир ҳовли қурдиряпман. — деди эркак. — Усталарга ёрдамчи керак бўп қолди.

— Х-хўп, биз тайёр!..

— Яхши, унда шу ердан қимирламай туринг, мен яна олти-етти кишини топай. Кейин жўнаймиз!..

Мироб хурсанд бўлганидан гўё турган жойидан бир қадам жилса, эркак топа олмай қоладигандек, тош қотганча иш берувчи кетган тарафга анграйганча тураверди.

Тахминан беш дақиқалар ўтиб эркак олти нафар йигирма-йигирма беш ёшлар орасидаги барваста йигитларни бошлаб келди.

— Қани, ҳов анави юк машинасига ўтиринглар! — деди у миробга. — Кетдик!..

 

 

* * *

 

 

Машина ўттиз чақиримча йўл юриб ўнгга бурилди. Бу ер шаҳардан анча олисда эди. Торроқ йўлнинг икки четидаги далалар ҳовли қуриш учун ажратилган экан. Бироқ ажратиб, тўрт тарафи қамиш, тахталар билан номигагина ўраб қўйилган майдонларнинг ҳеч бирида қурилиш ишлари бошланмаганди.

Икки-уч чақиримча юриб машина тўхтади. Бошқаларга нисбатан ҳажми анча катта бўлган бу майдон иш берувчига тегишли экан. Бу ерда бетон қуйиш учун бир нечта чуқур ковлаб қўйилган, йўл четида усталар бўлса керак, уч эркак шай турарди.

Мироб сал нарида турган бетон ташувчи машинани кўриб ҳозироқ иш бошлаш лозимлигини тушуниб етди.

Ҳамма машинадан тушгач, уй эгаси уларни бир қатор саф тортишга буюрди.

— Ишни ҳозироқ бошлайсанлар! — деди у мардикорларни сенсираб. — Кимда қанақа савол бор?

Саф четида турган татар йигит луқма ташлаган бўлди.

— Нархни келишмадик-ку, ота!..

— Айтиб қўяй, — деди уй эгаси. — менинг исмим Ботирбой. Дангасаларни, ўзини уёқ-буёққа ташлайверадиганларни, гапдон, шартакиларни ёмон кўраман!.. Нархни эса, ишларингга қараб белгилайман. Агар қай биринг зўр иш кўрсатсанг, кунда топадиганингнинг икки бараварини бераман. Аксинча, яхши иш кўрсатмасанг, мендан бир тийин ҳам ололмайсан. Қани, энди ҳамманг менга паспортингни бериб қўй!

— Нега? — миробдан бошқа барча баравар Ботирбой акага юзланди.

— Вақт бемаҳал қочиб кетмасликларинг учун. Берларинг тезроқ, машина кутиб қолди!..

— Овқатланиб олмаймизми? — яна ўша татар йигит савол ташлади. — Борган еримизда…

— Ўзинг эндигина келиб турибсан-у, овқат сўрашга уялмайсанми? — уришиб берди Ботирбой ака. — Гавдангни қара, тоғни урсанг толқон қилворасан!.. Бўпти, энди соат ўн икки бўляпти. Роппа роса соат учда овқат олиб келишади… Ишга киришаверларинг!..

Мироб ҳам бошқа йигитлар қатори эски кийимларини кийиб қўлига белкурак олди…

(Асар кўплаб ўқувчилар талабига кўра қайта чоп этилмоқда)

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ