Рашксиз эрга ўрнак ўғил ноласи: «Сиз бундай кийинманг, ойи…»

0

Нилуфар тушга яқин уйғониб, шифтга термилган кўйи сочларини ўйнаганча ётаркан, ўйланарди: «Кечаси сал кам ўн иккида келибман. Болалар аллақачон ухлаб қолишгани табиий, лекин Шаҳзод акамнинг ҳам хуррак отиб ётиши… Ахир мен ўн иккида кириб келдим-ку. Индамади-я!»

— Ойи, — эшик оҳиста тақиллаб ўн ёш атрофидаги болакайнинг қимтинган елкаси кўринди. — Турдингизми?

— Турдим, ҳозир чиқаман, даданг кетдими? — Нилуфар бепарво сўради.

— Кетди, қорнингиз очдими?

— Очди, болам, аканг билан нонушта тайёрланглар!

— Нонуштани дадам билан қилиб бўлдик. Ҳозир тушлик-ку! — ўғли худди бегоналардай остонадан ҳатлашга ҳадди сиғмай турарди.

Нилуфар ювиниш хонасидаги ойнага қараб, Шаҳзод билан энди турмуш қурган дамларини кўз олдидан ўтказди. У янги оила қурган кезларини тез-тез хотирлайди. Эҳтимол, бунга сабаб одатий келинлар сингари қайнона машмашасию қайнсингилнинг қош чимиришлари унинг ҳаётида бўлмагани, анча енгил ва хурсандчиликларга тўла ўтган кунларнинг кўплигидадир. Нилуфар эри билан аввал бошиданоқ бекаму кўст яшарди. Шаҳзод ҳеч қачон Нилуфарга ортиқча талаблар қўймаган, унинг юриш-туришини ҳам ҳадеганда назорат қилавермасди. «Мен сенга ишонаман. Истаганингча яшайвер, сени кишанлаш ниятим йўқ», дерди Шаҳзод доим хотинига. Бир куни икки ёшни тўйга таклиф қилишди. Нилуфар тўқ қизил рангли тор кўйлак кийган, оёқларида эса баланд пошнали туфли кўзни олувчи тошлари билан ёнмоқда. Деярли ҳаммани ўзига қаратган янги келинчакни каттароқ ёшли аёл четга олди:

— Қизим, бу кўйлагингни бекор кийибсан, эринг индамадими? — аёл Нилуфарнинг этаги ва очиқ елкасига ишора қилди. — Ўтган-кетганнинг суқланиб қарашини кўриб, ҳатто менинг ғазабим қўзияпти. Узоқроқ бўлса-да, қариндошингман, гапларимга ранжима тағин.

— Холажон, жиянингиз қаршилик билдирмади-ку… — лабини тишлаб, ерга қаради бошқа гап топа олмаган Нилуфар.

— Рости, сени шу туришда уйдан чиқарган жиянимнинг ўзи аҳмоқ!

Аёл яна бир нималардир демоқчи бўлдию  ҳозир гапирганидан наф йўқлигини билиб, тилини тийди. Нилуфар эса кайфиятини бузган бу аёлдан хафа бўлди. Шу тоб на тўйдаги бошқалар билан очилиб кўришишга ва на ўз ҳуснидан фахрланишга ҳафсаласи қолганди. Бироз ўтиб эса атрофидаги ёшлар сингари қизиган даврага чиқиб, мириқиб рақсга тушди. Қўлларини кўтариб, эркин ҳаракатланаётган қизнинг кўзи бояги аёлга тушдию яна сесканиб кетди. Аёл бошини сарак-сарак қилганча қовоғини уйиб, куйинибгина Шаҳзодга нималардир дерди. Нилуфар ўзида юз берган асабий тарангликни эрининг юзидан ҳам топди. Шаҳзод гарчи холасининг гапини аввалига мийиғида кулиб тинглаган бўлса-да, сўнг энсаси қотган ва хуноби ошишни бошлаганди.

— Тинчликми? — эрининг ёнига келган Нилуфар рестораннинг у бурчагида гап сотиб ўтирган аёлга хўмрайиб олди. — Сизга мен ҳақимда нимадир дедими?!

— Кўйлагинг ёқмабди холамга.

— Тавба, бекордан-бекорга асабимни бузди холангиз!

Шу билан кўйлак мавзуси бошқа очилмади. Нилуфар қариндошлар билан қандайдир йиғинларга борганида айнан ўша аёлдан олдинига бироз ҳадиксираб юрди. Кейинчалик бўлса, бу ҳадик ўрнини бепарволикка ўхшаш алланима эгаллади. Балки, бунга сабаб ора-сирада унинг кийимларига эътироз билдирадиган бошқа аёлларнинг ҳам танбеҳ бергани ва бу танбеҳлар Нилуфарни сурбетроқ қилиб қўйганидир. Унинг кийинишига ҳавас қиладиганлар танбеҳ берадиганлардан кўпроқ. Нилуфар янги келинлигидаёқ эри олиб берган калта кўйлаклар, тор юбка, очиқ либосларга ўрганиб бўлган эди. Шунга қарамай, Нилуфар эридан кўпинча унинг фикрини сўрар «Калта эмасми, жуда очиқ эмасми, балки, бошқасини киярман?» қабилидаги гапларни айтар, эри «Ўзингга ярашса, кияверсанг-чи», деган жавобни эшитгач, кўнгли жойига тушарди. Аммо бу хотиржамлик ортида ҳам аёлни нимадир озгина эзар, у баъзан эрининг «Ҳадеб бундай кийинаверма, менга ёқмаяпти», деган гапини эшитишни истарди. Лекин Шаҳзод…

Кунлардан бир кун эр-хотин турмушига беш йил тўлгани муносабати билан икки ўғлини қайнонасига ташлашди-да, қўшни мамлакатга саёҳат учун йўл олишди. Шаҳзод табиатан ўзини яхши кўрадиган одам бўлгани учун бундай саёҳатларга тез-тез чиқиб турар, ҳар сафар рафиқасини ҳам шерик қилмай қолмасди. Даромади яхши бўлган йигит қаерда, қандай дам олишни жуда яхши биларди. Нилуфар эрининг шу томонидан доим мамнун. Дугоналарига ҳам мудом эрининг ҳадеганда унинг ишларига аралашавермаслиги, мустақил эканини айтиб мақтанарди. Бироқ, барибир, дилидаги ўша кичкина ғашлик уни тарк этмайди. Шу ғашлик уни қийнаган кезларда эса эрининг рашкини келтиришга уринарди.

Бутун саёҳат давомида ҳам шундай бўлди.

«У менга ҳамма шароитни яратиб берган. Истаган еримга бораман, истаган ишимни қилиб, хоҳлаганча кийинаман. Мана, ҳозир ҳам саёҳатда мириқиб дам оляпмиз. Лекин… Ҳа, инсониятнинг ношукрлиги рост. Шунча енгиллик берилса ҳам норози бўляпман. Бироқ, барибир, бу ишлар тўғри эмас. Назаримда, эримнинг бепарволиги ҳаддан зиёд. У менга ишониши мумкин, бироқ атрофдагиларга-чи? Наҳот бошқаларнинг менга ўзгача нигоҳда қарашини эрим осонгина ҳазм қилса? Дугоналаримнинг рашкчи эридан нолишларини кўп эшитганман!» — Нилуфар шундай ўйлардию, бироқ мустақил ҳаётга ўрганиб бўлганди.

Орадан ўн йил ўтдики, ҳамон шу аҳвол. Шаҳзод рафиқасининг қаерга бориши, кимлар билан учрашишию вақтини қандай ўтказаётгани хусусида ҳисоб сўрамайди. Бунинг оқибатида Нилуфар ўзига хон бўлишга буткул ўрганган, болаларига ҳам унчалик эътибор қаратмасди. Онасининг гапидан чиқмай ўсган икки ўғил нонуштани, асосан, ота билан тайёрлашар, оналарининг тушга яқин уйғонишига, кечалари қаерлардадир юришига кўникиб бўлишган. Бугун ҳам улар онаси қаршисида жим ўтиришибди.

— Ойи, сиз нега тушликка яқин уйғонасиз?

Парвариш қилинган узун тирноқларини аябгина мева еяётган Нилуфар ўғли Қосимнинг саволидан дарров зийрак тортди.

— Н-нима? — деди у ҳайратини яширмай.

— Ўртоғимнинг ойиси ҳар куни уларни ўзи уйғотаркан, — чўчиброқ гап бошлади кенжа ўғли. — Қуймоқ, ширин кулчалар пишириб бераркан. Сиз эса биз билан ҳеч ҳам нонушта қилмайсиз. Одам кеч ухласа, кеч турадими?

— Қуймоқ, ширин кулчалар… — деди аёл паришонхотирлик билан. Сўнг ақлини жамлашга уринди. — Истасанг, пишириб бераман ўша ширин кулчаларни…

— Қорним оч эмас, — хафа бўлди болакай. — Мен фақат қизиқдим. Ҳамманинг ойиси эрталаб туради, кечқурун уйда бўлади. Кейин ҳамманинг ойиси… Ҳ-ҳалиги, ўртоқларимнинг ойиси…

— Гапирсанг-чи чайналмай, хўш! — асабийлаша бошлади Нилуфар.

— Ҳалиги, — болакайнинг кўзларига зумда ёш келди ва зўрға гапирди. — Сиз бундай кийинманг, ойи…

— Қ-қандай? — диққати жам бўлган аёлнинг овози титраб чиқди. — Гапир, ўғлим, қандай?

— Ойи, — Қосим йиғлаб юборди. — Ўртоқларим айтди, сиз ёмон аёл экансиз!

— Нима?! — Нилуфарнинг ҳам юраги тўлган, кўзларига нима учун ёш келганини тушунмасди.

— Жасур айтди, у дадасидан эшитибди. Уйига кеч келадиган оналар ёмон бўларкан. Сиз ҳам шунақа экансиз, кийимларингизни ҳам маҳаллада ҳамма гапираркан!

Нилуфар тез-тез нафас оларкан, кўксини эзиб турган неча йиллик қора нуқта хуружини такрор ҳис этди. Бироқ бу сафар хуружнинг сабаби маълум. У қаршисида қўлларни қовуштирганча йиғлаб турган ўғлидан шундай гапларни эшитгандики…

Аёл айнан мана шу сўзларни эри томонидан айтилишини кутганини энди тушунганди. У ўн йилдан бери эридан кутган «Рашк, қатъият, ҳимоя» каби ҳислатларни ўғлидан топган эди. Нилуфар шунча йил мобайнида ичини кемирган ғашлик «кераксизлик», «бепарволик» кабилар эканини дафъатан англаган ва бу юк ҳозир у учун оғирлик қилаётганди.

— Қосим, ўғлим!

Эшик очилиб, остонада қотиб қолган Шаҳзоднинг ҳаяжонли товуши эшитилди. У уйга ҳужжатларини олиш учун қайтган, суҳбатни ҳам бошидан эшитиб турган экан. Ўғлини юпатишга уринмоқчи бўлган Шаҳзод Нилуфарнинг ҳам кўз ёшларини кўриб, яна-да шошиб қолди.

— Нилу, ўғлимизнинг дўстларига бироз эътиборсизлик қилибмиз, сен ҳам ёш боланинг гапини эшитиб ўтиришингни кўр, — Шаҳзоднинг гапириш оҳангида хижолат чекишга ўхшаш алланима бор эди. — Озгина эътиборсизлик?! — Нилуфарнинг чақнаб кетган аламзада нигоҳи эрига қадалди.

— Мен биламан! — бақириб юборди аёл сабр косаси тўлгандай. — Мен кўпчилик учун тарбияси қусурли аёл сифатида кўринишимни, аслида ҳам шундай эканимни биламан. Аммо бунга сиз айбдорсиз, эшитяпсизми, сиз!

Нилуфар гўё йиллар мобайнида кўнгил жомига заҳар йиққан одамдай, ичидагиларни эрининг ортидан бор овозда тўкарди.

— Ахир қайси эркак аёлининг салкам фоҳишадай кийинишига, ярим кечаси ресторанма-ресторан юришига йўл қўяди! Сиз қандай бебурдсизки, ортимдан аллақачон бошланган ғийбатларга ҳам кўз юмсангиз!..

Кўчага отилиб чиққан Шаҳзод неча йиллардан буён рафиқасига берган мустақил ҳаётни бугун ҳаддан ошган бепарволикка йўйди.

У костюмини елкасига илдию ҳаммасидан ҳам ўғлининг гапларини қайта-қайта ўйлади: «Ойижон, энди бундай кийинманг!» Мана шу митти болага тегиб кетган нарса менга тегмабди. Мана шу мурғак қалбдаги ғурур ва номус менга юқмабди!»

Моҳигул
ДИЁРХЎЖАЕВА