Энг баланд минорали масжид қайерда эканини биласизми?

0

Касабланка шаҳрида жойлашган Ҳасан II масжиди нафақат Марокаш, балки дунёдаги энг йирик масжидлардан биридир. Масжид биносида бир пайтнинг ўзида 25 минг, майдонида эса 80 минг – жами 105 минг киши намоз ўқиши мумкин. Баландлиги 210 метрга тенг минораси дунёдаги энг баланд минора ҳисобланади.

Қурилиш ишлари Марокаш қироли Ҳасан II пайтида – 1986 йилнинг 12 июлида бошланган бўлиб, масжид 1993 йилнинг 30 августида фойдаланишга топширилган. Уни барпо этишда 2500 қурувчи, 10 минг мусаввир ва безакчи ишлаган.

Қурилишда Марокашнинг турли минтақаларидан келтирилган материаллардан фойдаланилган, фақатгина устунлар учун оқ гранит ва 50 тонналик шиша қандил Италиядан олиб келинган.

Масжиднинг умумий майдони 9 гектарни ташкил этади. Ҳонақоҳда пушти гранитдан ясалган 78 та устун мавжуд, полга эса заррин мармар ва яшил оникс плиталар қопланган. Қурилишда турли об-ҳаво шароитларини ҳисобга олган ҳолда технология янгиликларидан фойдаланилган. Масалан, пол исийди, том эса очилиши мумкин. Миноранинг юқори қисмида лазер прожектор ўрнатилган, у Каъба томонни кўрсатувчи, узунлиги 30 километрга тенг яшил нур чизиқни ҳосил қилади.

Масжид майдонининг ярми Атлантика океани устида барпо этилган. Айтишларича, масжиднинг бош меъмори Мишель Пинсо Қуръондаги “…Арши сув устидадир…” (“Ҳуд” сураси, 7-оят) сўзларидан илҳом олган.

Ҳасан II масжидини қуришга 800 миллион доллар сарфланган ва бу пулларнинг бари эҳсон йўли билан йиғилган.

Azon.uz