Ҳожиларимиз Мадинаи мунавварада (фото)

0

Ҳажга борган ватандошларимиз бугун Уҳуд тоғига чиқиб бу ерда шаҳид бўлган саҳобаларга дуои саломлар айтиб, уларнинг ҳақларига дуои хайрлар қилдилар. Бу тоғ муборак макон саналади. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: Уҳуд тоғибизни яхши кўради ва биз ҳам уни яхши кўрамиз, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Сўнгра Қиблатайн масжидига келиб икки ракат намоз ўқишди. “Қиблатайн” дегани “икки қиблали” деган маънони англатади. Ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилишича, Пайғамбар алайҳиссалом Бани Саълама қабиласидаги Умму Бишр розияллоҳу анҳони зиёрат қилгани борган эдилар. Умму Бишр Пайғамбаримизга овқат тайёрлаганлар ва ўша ерда пешин вақти кирган. Пайғамбаримиз саҳобалари билан икки ракатни ўқиб бўлганларида, у зотга Аллоҳ таоло тарафидан Каъбага юзланиш буйруғи келган ва у зот ўша заҳоти Каъбага юзланганлар, ана шундан бу масжид “Масжидул-Қиблатайн” деб номланиб қолган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким уйида таҳорат қилиб, Қубо масжидига келиб намоз ўқиса, умранинг савобини олади”, деб марҳамат қилганлар. Ҳожиларимиз ана шу ҳадиси шарифга амал қилиб, чиройли таҳоратлар олиб, хушбўйликлар сепиб, покиза ҳолда Қубо масжиди зиёратига келиб, бу ерда ҳам икки ракатдан намоз ўқидилар.

Қубо масжиди Мадинаи мунавварада қурилган дастлабки масжиддир. Бу масжидни Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Тавбаси сурасида зикр қилган:

لاَ تَقُمْ فِيهِ أَبَداً لَّمَسْجِدٌ أُسِّسَ عَلَى التَّقْوَى مِنْ أَوَّلِ يَوْمٍ أَحَقُّ أَن تَقُومَ فِيهِ فِيهِ رِجَالٌ يُحِبُّونَ أَن يَتَطَهَّرُواْ وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُطَّهِّرِينَ

“Сен у (масжид)да ҳеч қачон турма! Албатта, биринчи кундан тақво асосида қурилган масжидда турмоқлигинг ҳақдир. Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севадир” (108-оят).

Ундан сўнгра имом-домлаларимиз ҳожиларимизга Уҳуд тоғида мусулмонларнинг мушриклар билан қилган шиддатли жанги, Қиблатайн ва Қубо масжидларининг тарихи ҳақида сўзлаб бердилар.

Бу муборак жойларни кўрган, Пайғамбаримизнинг муборак қадамлари теккан заминда юрганига севиниб кўзларига ишона олмаётган, уларнинг ибратли ўтмишидан хабардор бўлган отахону онахонларининг қувончларини, тўлқинланишларини кўрсангиз, беихтиёр сизнинг ҳам қалбингиздаги имон нури янада зиёда бўлиб, туйғуларингиз жўш уриб кетади.

Уларнинг лаблари тинимсиз пичирлаб, Аллоҳ таолога ҳамду сано, Пайғамбар алайҳиссаломга дуруду салавот, шундай муборак жойларга ҳеч қандай машаққатсиз, ҳаттоки роҳатланиб етиб келишига шароит яратиб берган Президентимизга, давлатимиз ва диний идорамиз раҳбариятига раҳматлар айтади. Тилларида, қалбларида миннатдорчилик, шукроналик, ҳақиқий ибодатга интилиш, самимият барқ уриб турган азизларимиз эртага Масжиди Набавийнинг зиёратига борадилар.

Манба: protoday.uz

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here