ҚАШШОҚЛИК ҚАЪРИДАГИ ҚАЛБ… (Биринчи фасл. 3-қисм)

0

 

 

* * *

 

 

Камерада ўтириш, уйқусизлик ва очлик Мелибой миробни анча ҳолдан тойдирганди. Шунинг учун ҳам ёшини ҳисобга олиб уни замбилларга суяқ бетонни солиб турадиган қилиб қўйишди.

Барибир бир соатдан сўнг чарчоқни енгишга ўзида куч топа олмай қолди. Лекин ўтириб олишга уялар, бунинг устига уч шаҳарлик уста шу қадар тез ишлардики, замбиллар кетма-кет келиб миробни шошилишга мажбур этарди.

Ботир ака айтганига амал қилиб соат учларга яқин ярқираган «Волга»да қурилиш бўлаётган жойга етиб келди. Сира шошилмасдан машинадан тушаркан, қўлидаги қора халтани ва термосни бир четга қўйиб турган ерида бақирди.

— Ҳой, мардикорлар, кел ҳамманг, манавини еб олларинг!..

Йигитлар ҳам шуни кутиб туришди, Ботир аканинг товушини эшитишлари ҳамоно замбилларни ирғитиб югурганча қўл ювиш учун йўл четидан оқиб ўтган анҳор томон зипиллашди…

 

 

* * *

 

 

Йигитлар ҳам, мироб ҳам усталарнинг машинага ўтириб Ботир ака билан жўнаб қолишларини кўриб ҳайрон бўлишди-ю, қориннинг очлиги туфайли узоқ ўйланиб ўтиришмади.

Ҳамма қора халтага ёпишди. Халтада эса, атиги йигирматагина гумма бор эди холос.

— Қурумсоқ, — сўкинди татар йигит. — Қанақанги аблаҳнинг қўлига тушиб қолдик ўзи-а?.. Буни бир ўзим есам ҳам тўймайман-ку!..

— Назарни бунчалик оч қилма! — миробнинг ўзи ҳам уй эгаси қилиб кетган ишдан норози бўлса-да, татар йигитгатанбеҳ берди. — Борига шукр қиламиз-да энди!.. Барибир ҳеч қаёққа бора олмаймиз. Паспортларни олиб қўйган. Ундан кўра, манави ишларини тезроқ битириб пулни қўлга киритиш-у, бу ерлардан кетиш тараддудига тушганимиз маъқул…

 

 

* * *

 

 

Ейилган икки-уч дона гумма ҳам миробга сал қувват бергандек, тушдан кейин жонланиб қолди. Усталар шоширишса ҳам оғринмай ишлади.

Бироқ кечқурун…

Кун ботиб ердаги бетон тугагач, усталар ҳам, мардикорлар ҳам иш қуролларини ташлаб бурчак-бурчакка ёнбошлаб юборишганди.

Бир маҳал Ботир аканинг машинаси кўринди ва ҳамма кечки овқат илинжида ўрнидан турди.

— Ие, ҳеч бало иш қилмабсанлар-ку, баччағарлар!?. — машинадан тушмаёқ қичқирди Ботир ака. — Қани қилган ишларинг?.. Шу иккита чуқурми?.. Бунақада мени хонавайрон қиласанлар-ку!..

— Ака, бор бетонни ташиб бердик. — деди ниҳоят миробнинг жаҳли чиқиб. — Қаранг, анча иш қилиб қўйилди!..

— Вей, қишлақи, — миробга яқин келиб кўрсаткич бармоғини ўқталди Ботир ака. — Туришингни қара-ю, менга ақл ўргатасанми?.. Бу ер сенларнинг қишлоғингмас шиллиқуртга ўхша-аб қимир-қимир қиладиган! Мен бир ой ичида ҳовлини қуриб кўчиб келишим керак.

— Хўп, бетонни келтириб беришсин, биз ишлайверамиз! — деди мироб. — Ўзимизни бетон қилиб қуймаймиз-ку!..

— Йўқ, бу ишларинг менга маъқул эмас. — Ботир ака қўл силтаб нари кетди. — Агар шу ишлашларинг бўлса, мендан бир тийин ҳам ололмайсанлар! Мардикор деган милтиқнинг ўқига ўхшаб ишлаши керак! Сенлар бўлсанг…

Ҳеч ким унга қарши бир сўз айта олмади. Биринчидан чарчашган, иккинчидан қоринлари оч эди. Ҳаммалари Ботир аканинг машинаси томон юришини ва егулик келтириб газетадан ясалган дастурхонга қўйишини сабрсизлик билан кутишарди. Афсуски, бу гал овқатдан дарак бўлмади.

— Шу ишларинг учун бугун кечки овқат йўқ сенларга! — деди у. — Жазо таъсир қилса, эртага яхшироқ ишлайсанлар!.. Ёқмаётган бўлса, катта кўча, кетаверларинг!

Ким ҳам кета оларди?.. Паспортлари Ботир аканинг қўлида бўлса… Ана шу нарса қул кунига тушиб қолаёзган мардикорларни тўхтатиб турарди.

Машина усталарни олиб жўнагач, уй эгасини сўка-сўка йигитлар ҳар тарафга тарқалиб кетди.

Мелибой мироб эса, анҳор бўйига борди-ю, сувга тикилганча қишлоқни, холасиникида қолиб кетган қизи Севинчни ўйлаб келажакни ақли етганча тахмин қилишга киришди…

 

 

* * *

 

 

— Бизни қул қилиб ишлатишмоқчи. — кеч тушиб бир бурчакка тахлаб кетилган йиртиқ-ямоқ кўрпачаларни бўлишиб ерга тўшашгандан сўнг миробнинг ёнида ётган татар йигит сўз қотди. — Аниқ сезиб турибман. Қул қилишмоқчи бизни!

— Жа қул қилиб қўйишмас. — деди мироб унга тасалли бериб. — Балки, ростдан ҳам биз кам иш қилгандирмиз?

— Э, амаки, қанақасига кам бўлсин? Келганимизда икки машинадан зиёд бетон бор эди. Ҳаммасини қуйиб бўлдик-ку! Қанақасига кам бўлади? Йўқ, бу одам бизни ҳақиқатан қул қилиб ишлатади-да, кейин кетимизга бир тепиб ҳайдаб солади. Мана кўрасиз!.. Бунақаларни илгариям кўрганман!..

— Хўш, нима қилардинг? Кетолмайсан. Чунки, ҳужжатингни олволган. Чидашдан бўлак иложинг йўқ.

— Тўғриси, инсофсиз одам экан. Кўчадаги итгаям бир бурда нонни ташлайдилар-ку! Биз одам бўлсак. Ишини қилаётган бўлсак. Ўлармиди бир коса-бир коса овқат келтириб берса?..

— Хасис экан-да, ука! — мироб уф тортиб тескари ўгирилиб олди. — Хасисга тараф йўқ. Шуни эсингда тут!..

Шундан кейин татар йигит ҳам ортиқ гапирмади. Ҳеч қанча ўтмай хуррак ота бошлади.

Миробнинг эса, уйқуси келмасди. Бир томондан Ботир аканинг иши юрагини сиқса, иккинчи томондан чўнтагидаги пуллардан хавотирланарди. Ҳар дақиқада чўнтагига қўл солиб текшириб қўяр, мабодо ухлаб қолса, манави ёнидаги йигит секин билдирмай олиб қўядигандек, кўзларини юмганча ухлаб қолмасликка уринарди…

«Дунёда ҳар хил одам бўларкан. — ўйларди ётган ерида. — Қара, у кунги йигит бутун бошли одамни ўлдирсаям, ҳеч нарса бўлмагандай юраверади. Ҳа-а, мурда эди ўша матога ўралган нарса, мурда эди! Кўтарганимда аниқ сезганман!.. Ё алҳазар, қандай даҳшат-а!.. Буларнинг одам ўлдириб ҳам бир туки сесканмайди. Мен-чи?.. Ўша ярамаснинг гапига кириб оғир гуноҳга йўл қўйдим. Уёқда қизим йўлимга кўз тикиб ўтиргандир. Ишқилиб, яна касали қўзғамаган бўлсин!.. Қанийди, шу оч бўридай хасис одамниям кўнглини олиб ишини тугатсам-у, ҳақимни олиб қишлоққа тезроқ жўнасам. Султоннинг қарзиданам қутулардим. Ортганига қизимни катта дўхтирларга кўрсатардим… Ким билсин? Балки анави қишлоқдаги мол дўхтирга ўхшаган дўхтирнинг гапида жон бордир?.. Эҳ, қачон одамга ўхшаб яшарканман?..»

 

 

* * *

 

 

Шу пайт узоқдан мотоциклларнинг тариллаган товуши қулоғига чалиниб бошини кўтарди. Йигитларнинг ҳаммаси аллақачон ухлаб қолишган, мотоцикллар эса, тобора улар томон яқинлашиб келарди.

Мироб индамай ётаверди.

Мотоцикллар катта тезликда келиб уларга яқин жойда тўхтади. Ухлаб ётган йигитлар ҳам шошиб ўринларидан туришди.

Ҳар бир мотоциклда икки нафардан шаҳарлик, қора кийимлар кийган йигитлар келишганди.

Ҳаммадан олдин кўзларини ишқалай-ишқалай, татар йигит уларга яқин борди.

— Ботир акам жўнатдими сизларни? — сўради у бошларидаги каскаларни ечиб олдинга юра бошлаган йигитларга боқиб.

Жавоб ўрнига олдиндаги узун сочли йигит татарнинг қорнига мушт туширди.

— Ифлос! — дея қичқирди ерга энгашганча иҳлаётган татар йигитнинг сочидан тортиб турғазаркан. — Қайси Ботирни айтаяпсан?.. Қани, ҳамманг бир сафга тур!..

Мардикорлар тушуниб етди.

Булар босқинчилар эди.

Мелибой мироб қаршисида турган тўрт йигитга бир муддат қараб тургач, инсофга чақиришга уринди.

— Болалар, қўйинглар, ҳарқалай, мусулмоннинг фарзандларисизлар! Бу ерга ҳамма ишлаш учун келган, ахир!..

— Ие, қария ҳам бор эканми? — йигитлар бараварига унга яқин келди. Бири миробнинг иягидан кўтарди. Бошқаси чўнтакларига ёпишиб елим халтанинг бўлагига ўраб ип билан бойлаб қўйилган пулларни қўлига олди.

— Оғайнилар, қаранглар, мардикорнинг пуллариям бор экан! — кулиб шерикларига кўз-кўз қила кетди у.

— Буёққа бер пулимни!.. — иягидан тутиб турган йигитнинг қўлларини силтаб ташлаб олдинга интилди мироб. — Буни сен ишлаб топганинг йўқ! Бер буёққа!

— Нима?.. — пулларни кафти орасига маҳкам сиқиб олган босқинчи миробга яқин келди. — Нима дединг, бобой?..

— Пулимни бер дедим! — хириллади мироб. — Уни сен ишлаб топганинг йўқ!..

— Мана сенга!.. Мана, ол, ол!.. Яна керакми? Мана!..

Тўрт йигит ҳаш-паш дегунча миробни тепкилаб ташлади…

Сўнгра ўрнидан қўзғалишга куч тополмаётганини кўргач, бошқа йигитларни ҳам шилиб олишди-да, мотоциклга ўтириб жўнаб қолишди…

 

 

* * *

 

 

Шундоқ ҳам кейинги ҳаёти уқубатлардангина иборат бўлиб қолган эркак учун пулидан, паспортидан айрилиб аросатда қолиш дўзах азобига тенг эди…

Мелибой мироб анча пайтгача инқиллаб ётгач, оғиз-бурнидаги қонларни енгига арта-арта ўрнидан турди.

Мардикор йигитлар аллақачон кетиб бўлишибди.

— Тўғри-да, — иҳлаганча у ҳам йўлга тушди. — Бунақа шароитда ишлаб бўлармиди?!. Кечаси босқинчилар босса, кундузи анави хасис овқатдан қисса… Эҳ, қизим, нега бизнинг пешонамизга яхши кунлар битмади-а?.. Энди нима қиламан? Қаерга бораман? Ёнимда ҳужжатим бўлмаса, шаҳар эса, катта. Ҳужжатсиз ушлаб олишса, яна тиқиб қўйишади қамоққа… Кимга додимни айтаман энди?..

Мироб калтаклар туфайлими, қорни очлигини ҳам унутган эди. Оёғига қаттиқроқ тепишган шекилли, оқсоқланганча кетиб борар, ўзича катта йўлга қанча қолганини чамалаб қўярди…

Ниҳоят серқатнов кўчага бир амаллаб етиб олди…

Хўш, энди-чи?.. Қаерга боради? Яна мардикор бозоригами? Пули йўқ одамни ким ҳам машинасига солиб кетади дейсиз?.. Айниқса, ҳозирги замон оғирлашиб кетибди. Буни қишлоқда юриб билмаган экан. Султон бойваччанинг қилиқларини кўриб ваҳимага тушган экан. Аслида унинг қилиқлари шаҳарликларники олдида ҳеч гап эмасга ўхшайди.

— Йўқ, энди пишиқроқ бўламан. — деди ўзига ўзи. — Дуч келганга ишониб кетавермайман… Қизиқ, анави олти йигит қаерга гум бўлишдийкин?.. Шунчалик тез юришдимикан? Қачон йўлга чиқиб машинага ўтиришди ўзи?.. Осмонга учиб кетишдими нима бало?..

Мироб йўл четидаги тош устига ўтирди-да, чўнтагидаги носқовоқни қўлига олди.

Хайрият, ҳеч бўлмаса шунга тегишмабди. Акс ҳолда бошқа овунчоқ қолмаганди…

Носнинг кайфини сури-иб ўн дақиқача ўтирди-ёв!.. Чарчоқданми, кўзи илинганини пайқамабди.

Шу тобда қандайдир машина ўқдай учиб ўтиб кетди. Анча нарига бориб тўхтади ва орқага юриб кела бошлади.

Қўрқиб қолган мироб даст ўрнидан турди-да, эҳтиёт шарт Ботир аканинг қурилиш бўлаётган уйи томон юрди…

Бироқ машина катта тезликда орқалаб келиб унинг рўпарасида тўхтади ва ҳайдовчиси шошилинч тушиб миробнинг йўлини тўсди…

— Танимадингизми, бобой?..

Не кўз билан кўрсинки, мурдасифат нарсани кўмишга мажбурлаган йигит қаршисида тиржайиб турарди…

— С-сизмисиз?.. — сўради мироб титроғини сездирмасликка уриниб. — М-мендан нима истайсиз?..

— Оббо сиз-ей, — яқин келиб миробнинг елкасига қоқди йигит. — Нега қўрқасиз? Бошқа унақа иш қилмайсиз!.. Мен хурсанд бўлдим!

— Нимадан?

— Нимадан бўларди?.. Мени сотмабсиз. Ҳақиқий «мужик»нинг ишини қипсиз!.. Қани, машинага ўтиринг! Сиздақаларни ҳурмат қиламан.

— Й-йўқ, сиз билан кета олмайман. — деди мироб. — Мен…

— Бас қилсангиз-чи!.. Сизбоп зўр иш бор!..

— Йўқ, ука, мен ундай ишларга бошқа қўл ура олмайман!..

— Менга қара, — ҳолдан тойиб зўрға оёқда турган миробнинг ёқасини ғижимлади йигит. — Юр дегандан кейин юргин-да!.. Мени биласан-ку!..

— Ўзи… Нима иш?..

— Борганда биласан, юр!..

Нимаям қилсин?.. Қисмат экан. Мироб тағин бир балога йўлиққанини ўзича тахмин қилиб ҳаммасини Худога ҳавола қилди ва таваккал машинага ўтирди.

Чунки, мироб учун шундан бўлак йўл ҳам қолмаганди…

 

 

* * *

 

 

Машина елдек учиб шаҳарга бир зумда етиб келди ва истироҳат боғини айланиб ўтиб тор кўчалардан бирига кирди.

Бу ер одамлардан анча холи жой эди. Бунинг устига биронтаям ҳовли кўринмас, икки томони кўп қаватли уйлардангина иборат эди.

Мироб ҳайрон бўлиб олдинда сигарет тутатган кўйи ўтирган йигитга ваҳима аралаш қараб қўйди-ю, индамади.

— Мен энди мана шу уйда яшаяпман, бобой! — деди йигит орқага ўгирилиб сигарет тутунини миробнинг юзи аралаш пуфлаб қўяркан. — Қалай, сизга ёқадими шунақа жойларда яшаш? Ёки ёқтирмайсизми-а?..

— Менга қолса, ҳозироқ қишлоғимга жўнаворардим. — жавоб қилди мироб қовоғини уйиб.

— Э, қишлоқда бало борми, бобой? — кулди йигит. — Шаҳар нақ жаннатнинг ўзи. Агар пул топишни билсангиз, кайф қилиб яшайсиз бу ерларда… Бўпти, қани, тушинг, машинани гаражга қўйиб келай!.. Ундан кейин уйга кириб бафуржа гаплашиб оламиз!

Мелибой мироб секин машинадан тушди-да, азбаройи чарчаганиданми илдам юриб бориб сал наридаги тўнгак устига ўтириб олди.

 

 

* * *

 

 

1983 йил. Тошкент.

 

 

Ёши элликка бориб, қишлоқдан нарига чиқмаган одам учун шаҳардаги бу квартира негадир жуда тор ва диққинафасдек туюлди.

Мироб тўрт девор орасини кўздан кечирарди-ю, нафаси бўғиларди. Пастак шифт, ёруғ дунёни буткул тўсиб қолган қалин пардаларга боқиб норози бош чайқарди.

«Бизнинг уйларни кўрсайкан булар, — ўйларди мироб. — Шифтларнинг баландлиги, меҳробларга бир қарасайкан. Буни қара, каптарнинг инига ўхшайди-ку бу! Шунинг учун булар эллик йил яшаб ўлиб кетишаркан-да!»

Мелибой мироб шуларни ўйларди-ю, чуқур хўрсиниш билан чекланар, дилидагини Толибга сездирмасликка, ўзини хотиржам тутишга уринарди.

— Ие, бобой, сизга нима бўлди? — сўради Толиб миробнинг қонталаш юзлари, чангга ботган кийимларига боқиб. — Калтак едингизми? Кимдан?

— Э, Толиббой, — деди мироб худди айбдорлардек бош эгиб. — Шаҳарга пул топармиканман, ёлғиз қизимни катта дўхтирларга кўрсатармиканман деган ниятда келгандим. Худога бир қилиғим ёқмади шекилли. Болам тенгиларнинг тепкисини едим, пулимдан айрилдим, хор бўлдим.

— Қизим дейсизми? Касал? — ҳушёр тортиб миробнинг тепасига келди Толиб. — Нима қилди қизингизга? Тинчликми ўзи?

— Дўхтирлар оқ қонга учраган дейишди. Оқ қони нима-ю, нега одамнинг қони оқ бўлади деб бошим қотган. Тағин «бу касални ҳеч ким тузатолмайди» деб юрагимни ўрташди, иним!

— Ёмон бўпти-ку, — Толиб ниманидир тушунган каби афсус аралаш бош чайқади. — Осонмас, бобой. Бунақа касал билан курашишнинг ўзи бўлмайди… Майли, униям иложи топилар бир кун. Сиз, яхшиси менга кимдан калтак еганингизни айтинг. Нимага уришди сизни? Ким урди? Нега? Бирор айб қилибмидингиз?

— Олдинига оппоқ либос кийган бир чол бизни мардикорчиликка олиб кетди, — шошилмасдан сўз бошлади мироб. — Кўринишидан тақводор эди. Хурсанд бўлдик. Шундай одам ҳақимизга хиёнат қилмайди деб ўйладик. Қаёқда? Ғирт ҳароми экан у одам. Эшакдай ишлата-ишлата, бир тийин бермади қурумсоқ. Уям майлийди, кечаси қандайдир безорилар мотоциклда келиб ҳаммамизни шилиб олди. Пулимни қайтар дегандим, ўласи қилиб тепкилашди. Мана, қаранг, оёқларимгача шилиниб кетди, иним!

Шундай дерди-ю, Мелибой мироб йиғламоқдан бери бўлар, аъзойи бадани дағ-дағ титрарди.

— Шунақа денг? — асабий лаб тишлади Толиб қовоқ уйиб. — Ўша безориларнинг кўриниши эсиингизда қолганми? Ҳеч бўлмаса биронтасини танирмидингиз кўрсангиз?

— Танийман. Кўрсам, ҳаммасини танийман, иним.

— Яхши, таниганингиз зўр бўпти! Ҳозир-чи, ваннахонага кириб чўмилинг, мен сизга бошқа кийим бераман. Ётиб дам олинг. Эрта тонгда ҳал қиламиз муммонгизни. Бобой, сиқилаверманг, қизингиз албатта тузалади. Ишларингизам юришиб кетади.

— Айтганингиз келсин, иним, — деди мироб ер чизиб. — Яхшиям бахтимга сиз боракансиз. Йўқса, хароб бўлардим. Илойим, топганингиз олтин бўлсин!

Мақтов кимга ҳам ёқмайди дейсиз. Толиб эндигина ваннахонага йўл олган миробни елкасиадн тутиб тўхтатди.

— Айтганча, бобой, ҳалигидай, ичкиликка қалайсиз? — сўради Толиб кулимсираган кўйи айёрона кўз қисиб. — Фақат очиғини айтинг. Ёлғон гапирганларни ёмон кўраман.

— Ичкилик?… Билмадим… — мироб хижолат тортган каби бош қашиб жавоб қилди. — Қишлоқдалигимда ҳар замонда дўконга кириб улфатларминан қиттай-қиттай қип турардим.

— Бу бошқа гап, — кафтларини бир-бирига ишқалаб сервант томон қараб қўйди Толиб. — Қани, тез чўмилинг унда, иккаламиз ўтириб бир ичайлик, бобой! Менам жуда чарчаганман!

Мелибой мироб бу таклифдан кўнгли янада чоғланиб, итоат билан Толиб шкафдан олиб тутқазган кийимларни қўлтиғига қисганча ваннахонага кириб кетди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ