ҚАШШОҚЛИК ҚАЪРИДАГИ ҚАЛБ… (Биринчи фасл. 4-қисм)

0

 

* * *

 

Мелибой мироб ваннахонада ярим соатдан зиёдроқ вақт қолиб кетди. Сира бундай шароитда чўмилиб кўрмаган экан. Краннинг бирини очганди, қайноқ сув оқа бошлади. Иккинчисидан совуқ сув келди. Қишлоқда аҳён-аҳёнда оғилхонага кириб, эшикни каттакон ғўла билан тамбалаб катта тоғорага тушиб олганча чўмилишга одатланган миробнинг тани яйради. Сал қурса, севинганиданми, бақириб-бақириб юборай деди. Толибдан истиҳола қилди. Аранг тилини тийди. Шунда ҳам барибир бошидан вужудга ором берувчи иссиқ сув худди шаршарадек қуйилиб тушганда оҳлаб, оҳлаб қўйди. Хуллас, онадан қайта туғилгандек енгил тортди. Қайғулар бир муддат унут бўлди. Момиқ сочиққа обдон артингач, бошқа кийимларда ваннахонадан чиқди.

Толиб шу орада залдаги диван қаршисига ўрнатилган шишадор столча устини ноз-неъматга тўлдирибди. Ўртага узун, жимжимадор шишада коньяк қўйибди.

«Бойвачча-да булар, — кўнглидан ўтказди мироб оёқлари остидаги юмшоқ, сержун, чўғ каби қип-қизил гиламга эҳтиёткорлик билан оёқ босиб столчага яқинлашаркан. — Ичкиликниям зўрини ичади булар. Биз-чи? Дўконга «53» вино кепти деса, дўппимизни осмонга отардик. Ўшаниям ютоқиб-ютоқиб ичардик-да, обдон кайфини сурардик. Агар булар ўша винони ичса, бошиям айланиб қўймаса керак…

— Ие, бобой, чиқдингизми? — деди Толиб ўтирган ерида кўз қисиб. — Хўш, ванна ёқдими? Зўраканми?

— Ўлай агар, умримда бунақа чўмиладиган ерни кўрмаганман, — деди мироб бошини сарак-сарак қилиб. — Иссиқ сувнинг ўзи бошингдан қуйилса-я! Тавба! Тинчимаган одамлар-а! Шунақа нарсаларни ўйлаб топишадики…

— Энди ўтиринг, — миробнинг сўзлари наъша қилдими, кула-кула диван четидан жой кўрсатиб, қўлига шиша тўла коньякни олди Толиб. — Манавиндан юз грамм ичсангиз, ваабше маза қиласиз. Арманларникидан бу. Ўтган йили опкелтиргандим. Сизга насиб қилган экан. Қани, ушланг буни!

Мироб чиройли, нафис қадаҳга қуйилган коньякни хижолат аралаш қўлига олди.

— Ичинг, — буюрди бирдан жиддийлашиб Толиб. — Ишларимиз ўнгидан келиши учун, душманларимиз даф бўлиши учун ичамиз!

Мелибой мироб таваккал коньякни оғзига яқин олиб борди ва бир нафасда сипқориб, Толиб тутқазган шоколаддан тишлади. Ичкилик шу заҳоти вужудини куйдирди. Орадан сал ўтмай, сархушлана бошлаганини пайқади. Кўзларига хона ичкариси янада шинам, гўзал кўринди. Толиб эса худди эски танишидек янада яқин туюлиб кетди.

— Иним, — дея гап бошлади иккинчи қадаҳдан сўнг мироб ҳийла дадиллашиб. — Айбга йўйманг-у, лекин бир саволим бориди сизга.

— Сўрайверинг, бобой, — Толиб ҳам кайфи бирмунча ошганиданми, диванга ястаниб олганди. — Нимани тушунмаяпсиз тағин?

— Анави… Ертўлага кўмилган нарсани сўрамоқчийдим… Нимайди ўзи ўша нарса?

Толиб саволни эшитибоқ афтини бужмайтирди.

— Жа-а мижғовланадиган одамакансиз-да ўзингизам, — деди у беўхшов иршайиб. — Пулни олдингиз, келишдик, энди нима кераги бор суриштиришнинг-а? Ё менда қасдингиз, аламингиз борми?

— Толиббой, — дея қўлидаги қадаҳни асабий айлантирди мироб. — Менга ишонаверинг. У хусусда гунг, соқов, кўрман, иним. Шунчаки… Сўрадим-да энди! Сўраганнинг айби йўқ дейишади-ку! Шунчаки… Қизиқиб кетдим…

— Ҳа, майли, айтсам айтай, — Толиб негадир юмшоқ тортиб, мақсадга ўтишга тутинди. Шу орада даст ўрнидан туриб балкон, эшик тарафга аланглашни ҳам унутмади. — Локигин, мени биласиз-а? Ҳеч қачон сотқинларни кечирмайман. Башарти қочиб кетса, ернинг тагидан бўлсаям топиб бўғизлайман!

— Айтдим-ку, — деди мироб ҳовлиқиб. — Гап битта, худо битта.

Толиб қадаҳдаги яримлаб қолган коньякдан бир ҳўплади-да, миробнинг кўзларига тик боқиб сўз бошлади.

— Мен боя айтганимдай, хиёнатни кечира олмайман. Табиатим шунақа. Умуман, ҳеч қайси эркак ҳам бу нарсани кечира олмаса керак. Хуллас, бир қиз билан учрашиб юрардим. Мен билан танишганда жуда қийналган, пулга зориқиб қолган экан. Ёрдам бердим, қўллаб-қувватладим. Унга бор меҳримни бағишладим. Чунки ўша қизни жуда ёқтириб қолгандим. Афсуски, билмади. Кунларнинг бирида оғайниларимдан бири билан ўйнашиб қўйди. Ишонасизми, ўз қўлим билан тутдим уларни. Шундан кейин… Уёғи ўзингизга маълум…

Бу хабарни тинглаш Мелибой мироб учун дўзах азобидан-да оғирроқ эди. Ичган коньягининг кайфи қаёққа ғойиб бўлганини ҳам пайқамай қолди. Беихтиёр аъзойи баданида титроқ туриб, пешонасини совуқ тер босди.

Кўз ўнгида хотинининг жасадини қучоқлаб ерга қўяётган Самин гўрков намоён бўлди.

Йўқ, у дунёга келибдики, қабристон, мурдадан ўлгудек қўрқади. Ярим тунда қабристон ёнидан ўтиб қолиш лозим бўлса, кўзларини юмиб олган кўйи ўтарди. Негадир дўмпайган қабрларга кўзи тушди дегунча эти жунжикиб, ажинага йўлиққан кимсадек ваҳимага тушаверарди. Бу ерлардан тезроқ кетгиси, узоқроқ бўлгиси келарди. Бу гал эса буткул тескариси бўлибди. Мана шу қўллари билан бир ожиза қизнинг мурдасини гўрга қўйибди. Тағин… Ўз қўллари билан гўр ковлаб-а! Қандай даҳшат! Энди нима бўлади? Қизнинг арвоҳи миробни таъқиб этса, қандай аҳволга тушади? Ярим кечаси ухлаб ётганда тепасига келиб тўсатдан турта бошласа-я! Кўзини очса-ю, оппоқ либосга бурканган арвоҳ шундоқ тепасида беўхшов иршайиб турган бўлса…

— Мен… У-ухласам девдим, — хаёлидан кечган ваҳимали хаёллар таъсиридами, мироб даст ўрнидан туриб кетди. — Жуда чарчадим, иним.

— Э, ўтирсангиз-чи, бобой! — дея коньякка ишора қилди Толиб. — Ҳали ярминиям ичмадик-ку! Намунча безовталаниб қолдингиз?

— Йў-ўқ, — деди мироб бошини сарак-сарак қилиб Толибнинг кайфдан қизариб кетган кўзларига саросима аралаш боқаркан. — Шунчаки…

— Биламан, — дея гавдасини диванга ташлаб юборди Толиб. — Ичингизда мени қарғаяпсиз. Гуноҳ, ширк ҳақида ўйлаяпсиз. Гўримга ғишт қалаяпсиз.

— Йўғ-э, ундай деманг, иним, — мироб титроқ аралаш жавоб қилди. — Ўлибманми сизни қарғаб? Менга шунча ёрдам бердингиз. Қорнимни тўйдирдингиз, кўчада қўймадингиз. Ундай деманг.

— Э, менга-чи, барибир, — деди Толиб асабий лаб тишлаганча шишадаги коньякдан қадаҳларга қуяркан. — Мен кўчада ўсган боламан. Худоям ўз вақтида ёрдам бермаган менга. Ота-онамнинг тайини йўқ. Ҳалигачаям улар ким, қаерлик, қанақа одамлар эканини билмайман. Керак бўлганда, ахлатхоналарни титкилаб ўзимга егулик қидирганман. Топганимни тамшаниб-тамшаниб еганман. Жуда зўр келганда ўғирлик қилдим, қўлга тушганимда ўласи қилиб калтаклашди. Оғиз-бурнимни қонга белаб кўча юзига ташлаб кетишди. Турмаларда ўтирдим. Жазонинг, қийноқларнинг қандайй турлари бўлса, ҳаммасини татиб кўрдим. Ўзим йиғладим, ўзим юпандим. Хўш, ўшанда ким мени бағрига олди? Ҳеч ким. Балки қачонлардир қалбимда шафқат туйғуси бўлгандир. Аммо ҳозир йўқ. Мен раҳм-шафқатни фақат адолатда деб биламан. Агар адолат топа олмасам, одам ўлдиришданам тоймайман. Ҳаёт мени шундай тарбиялаган. Энди тушунгандирсиз, бобой-й?..

— Кечиринг, — деди Мелибой мироб Толибнинг қисқа, аммо жуда ғамгин ҳикоясидан таъсирланиб. — Бу дунё ўзи шунақа экан. Нимаям қила олардик? Менинг қишлоғимдаям шунақанги одамлар топилиб туради. Масалан, Соли дегани бор. Тегирмончи. Тиши чиққандан бери тегирмонда. Ишонасизми, бир қоп ун бериб, эвазига уч қоп буғдой талаб қилди-я қурумсоқ!..

Толиб миробнинг ҳасратига эътибор қилмади. Ичкилик таъсиридами, ё Мелибойнинг саволи сабабми, ўтмиш аламлари ёдига тушди чоғи, қўлларини мушт қилди-ю, шиша столни муштлади.

— Ўлдирама-ан! — деди тишлари ғижирлаб. — Ўша Мардонниям ўлдираман. Қочиб қаергача борарди? Барибир қўлимга тушади у ифлос, ҳезалак! Бировнинг қизини йўлдан уришни, тўшакка тортишни кўрсатаман унга!..

Мелибой мироб бу гапдан сўнг тушундики, ўша суйганини йўлдан урган йигит қочиб кетган. Акс ҳолда Толиб ҳозир бу қадар асабийлашмасди.

«Тиниб тинчимаган одамлар-да, — ўйлади Мелибой мироб. — Ҳар кимнинг ўз ташвиши бор экан. Худойим, қаёқдаги бандаларингга рўбарў қилдинг-а мени! Нима ниятда келдим-у, қандай кунларга, кимсаларга йўлиқдим. Булар зино қилишади, қўлини қонга бўяйди. Сен-чи? Наҳотки, шуларнинг барчасига тек қараб тураверсанг? Жазо-чи? Ё жазони қиёматга қолдирганмисан? Жазола! Мениям шулар қаторида аяб ўтирма! Ахир, оғир гуноҳга шериклик қилиб қўйдим. Билмадим. Ғафлатда қолдим. Аммо жазога лойиқман. Ҳушёрроқ бўлишим зарур эди. Жирканч пулни деб шундай қилдим…

Орадан маълум вақт ўтиб, Толиб ҳийла тинчланди. Шишадаги сўнгги коньякни қадаҳга қуйиб ичди-да, гандираклаган кўйи ўрнидан турди ва Мелибой миробнинг елкасига қўлини қўйди.

— М-мен маст бўп қолдим, бобой, — деди бошини силкита-силкита. — У-узр, ш-шундай бўлди. С-сиз ҳув анави хонага кириб ётинг! Б-боринг, ётинг!..

Мироб уй эгасининг асабини қайтадан бузиб қўймаслик илинжида индамасдан кўрсатилган хонага кирди-ю, эҳтиёт шарт эшикни ичкаридан тамбалаб олди.

 

* * *

 

Хона деразасидан ташқаридаги симёғочга ўрнатилган чироқ шуъласи тушиб турарди. Мироб шуълага тикилганча ярим соатга яқин тек ётди. Ухлашга, бояги даҳшатларни унутишга, руҳан тинчланишга, хотиржам тортишга уринди. Афсуски, ўйлар ёмғири миясига қуйилишдан тийилмас, ҳануз матога ўралган қиз мурдаси кўз олдидан ўтарди.

Бир маҳал кутилмаганда хаёли бўлинди. Қизи Севинч ёдига тушиб, қалбидаги безовталик икки ҳисса ортгандек бўлди. Тасаввурида гўё Севинч ҳозир-ҳозир яна ҳушини йўқотди. Фахриниса қайнсинглисиникига қўни-қўшнилар чопиб чиқишди. Қаердандир дўхтирлар етиб келди. Қизи эса ҳадеганда ҳушига келмас, ранги докадек оқарганча чўзилиб ётарди.

Мелибой мироб жонҳолатда ўрнидан туриб кетди ва дераза қаршисига борди.

— Қизи-им, — шивирлади у титраб-қақшаб. — Кўзингни оч, болажоним! Нима бўлди сенга? Мен кетиб қолганимга сиқилдингми? Қани, турақол!..

Шивирлаши ташқарига эшитилдими, ё тасодифанми, Толиб хона эшигини тақиллатиб бақирди.

— Бас қилсангиз-чи, бобой! Нега қичқираверасиз? Ухлашга қўясизми-йўқми?

Шундан кейингина мироб ҳуши ўзига келгандек ҳушёр тортди ва қўрқа-писа оёқ учида юриб каравотга ётиб олди.

 

* * *

 

Барибир уйқуси келмади. У ёндан бу ёнбошга ағдарила-ағдарила чарчади. Қоронғиликда хона шифтига термилган кўйи ётаркан, беихтиёр хўрлиги келди. Бахтсизлигидан, қўли юпқалигидан ўксинди. Хаёлида марҳума завжаси Марям опанинг сиймоси жонланди.

Мелибой мироб хотинини эсларкан, бирга ўтказган яхши кунлар кўз олдига келди. Хотини раҳматлининг қизи туғилгандаги севинганлари, қўшниларга пишириқ улашиб чиққани, ҳар даладан келса, оғилхонада қўлида кетмон, белкурак билан турган онлари кўз ўнгидан маржондек тизилиб ўтаверди.

Хотинини ёдга олса, ўзини кўнгли тинчланаётгандек, осойиш топаётгандек ҳис эта бошлади.

«Сенам безовта бўлдингми дейман, Марям? — хаёлан хотинига мактуб бита бошлади мироб. — Севинчингдан хавотирдамисан? Э, хавотир олма, онаси! Мелибойинг боракан, қизингга ҳеч нарса қилмайди. Нима дейсан? Менинг аҳволимми? Зўрман, хотин, зўрман! Ҳали кўрасан, бойиб кетаман. Ана, Толиббой деган ажойиб йигит билан танишдим. Ўшаям албатта бойиб кетасиз деяпти. Ўшанда-чи, қабрингга мармартош қўйдирардим. Ҳа, суратингниям қўяман. Кўриб қўйишсин миробнинг қанақа одамлигини… Эҳ, онаси, онаси, бизни эрта ташлаб кетганинг ёмон бўлди-да! Ҳеч қурса тағин бир-икки йил яшасанг нима қиларди? Алам қилди. Ёмон алам қилди. Айтганча, Турдимат биргад мард одам экан. Илгари дала-даштда дўқласа, сўрашмай ўтиб кетса жаҳлим чиқарди. Орқасидан бўралаб сўкканман ҳам. Ўзинг эшитгансан. Локигин, сен ўтиб қолган куни катта ёрдам қилди биргад. Ўша манман Султон дўкончини бир гап билан ўтқазиб қўйди, ҳа! Қишлоқни сўрасанг, жуда яхши. Ҳаммаёқ оппоқ қор. Ҳадемай баҳор келади. Худо насиб қилса, буғдой экаман яна. Ажабмас бу йилги ҳосил мўл бўлса!.. Майли, сениям хит қилвордим шекилли. Зерикмасдан, хафа бўлмасдан, хавотирланмасдан юргин уёқларда. Дуои салом билан Мелибойинг…»

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ