ҚАШШОҚЛИК ҚАЪРИДАГИ ҚАЛБ… (Биринчи фасл. 5-қисм)

0

 

 

* * *

 

Мелибой мироб бошида ҳайрон бўлганди. «Бир киши ёлғиз қандай зўравонлик қилиши мумкин?» дея бош қотирганди. Эрталаб Толибга эргашиб ташқарига чиқди-ю, бу жумбоқнинг ҳам калитини топди. Ўн чоғли девдек- девдек йигитлар учта алламбало машиналарда келиб уларни кутиб туришган экан. Баъзилари қиш бўлишига қарамай, бош яланг, бу ҳам етмагандек, кўзларига қора кўзойнак тақиб олишибди.

«Ҳа-а, — кўнглидан ўтказди мироб барзангиларга билдирмайгина разм соларкан. — Қачонлардир бир кино кўргандим. Худди шунақа йигитлар катта кўчани тўлдириб юриб ўтган-кетганнинг пўстагини қоқарди. Улар қўлларида магнитофонам кўтариб олишарди. Буларгаям биттадан магнитофон улашмабди-да Толиб!..»

Толиб барчалари билан қўл бериб сўрашди-да, Мелибой мироб томон ўгирилди.

— Булар менинг ёрдамчиларим, — деди у виқор билан. — Ҳозир биргаликда ўзингиз кўрган ертўлага борамиз. Ё ҳалиям қўрқяпсизми?

— Й-йўқ, — жавоб қилди тутилиброқ мироб. — Ўлибманми қўрқиб, иним? Борсак бораверамиз-да!

— У ерда сизни сюрприз кутиб турибди.

Мелибой мироб тушунди. Ҳойнаҳой ўзини ранжитган, калтаклаганлар бўлса керак деб фикрлади. Бу хабари учун хаёлан Толибга ташаккур изҳор этди. Шу баҳонада кечқурунги маҳзун ҳикояси ёдига тушиб, Толибни ўзига жуда яқин олгиси, унга ишонгиси, қаттиқроқ ҳурматлагиси, у билан фахрлангиси келди…

Ертўлага тунда киргани учунми, ё қўрқув устун келибми, умуман эътибор бермаган экан. Бу ернинг кошонадан сира кам ери йўқ эди. Биринчидан, обдон таъмирлашибди. Деворларига ёрқин ранглар берилибди. Иккинчидан, одамзод бу ерда туриб ўзини сира ертўладагидек ҳис этмайди. Ёқимли ис димоғни қитиқлаб, вужудга ором беради. Айниқса, мироб бу ердаги қимматбаҳо жиҳозларни кўргач, ҳайрон қолди.

«Одамнинг қўли гул-да, — кўнглидан ўтказди у деворлардаги турли нақшлардан кўз узолмай. — Ернинг остиниям қасрдай қилиб қўйибди-я! Яшавор, мулла Толиб!.. Йўқса, бу ердаям сичқон, каламушлар ҳаммаёқни саситиб юриши мумкин эди…»

Аммо бу ертўла бир жиҳатдан миробнинг кўнглига ғулғула, вужудига ваҳима солишда давом этарди. Беихтиёр бурчакка кўзи тушди-ю, ранги билинар-билинмас ўзгарди. Ҳа, худо адаштирмаётган бўлса, худди ўша бурчакдан чуқур ковлаган ва мурдани мана шу қўллари билан кўтариб ер остига қўйган. Энди эса дўмпайган чуқурни текислаб устига гилам тўшашибди. Қандай даҳшат!..

«Эҳ, Толиббой-а, — хаёлидан ўтказди Мелибой мироб қур-қур ўша бурчак томон қўрқа-писа кўз ташлаб. — Яхши болайкансан, қийналибсан, не кунларни бошингдан кечирибсан. Барибир шу ишни бекор қилдинг-да! Ахир, мурдани жанозасиз қабрга қўйиш куфр-ку! Одам ўлдириш унданам баттар. Дўзахга дўмбира бўлмасайдик, иним!..»

Йигитларнинг бештаси ташқарида қолганди. Бир маҳал зинадан қадам товушлари, кимнингдир пўписаси қулоққа чалинди. Кўз очиб юмгунча барзангилар уч йигитни, ва улар билан бирга ўша миробни мардикорга олиб кетган қарияни судраклаб кирди-да, тўрдаги диванда ўтириб сақич чайнаётган Толибнинг тепасига олиб борди.

Толиб уларни кўрди-ю, ўтирган ерида Мелибой миробни ёнига чорлади.

— Ҳов, бобой, қани, буёққа келинг тез!

Мироб Толибнинг топқирлиги, бир сўзлилиги, чўрткесарлигига қалбан тан берганди. Зипиллаганча у ўтирган диванга яқин борди.

— Хўш, танияпсизми буларни? — сўради Толиб қовоқ уйиб. — Қай бири сизни калтаклади-ю, пулингизни олиб қўйди?

Мироб дастлаб Ботир акага совуқ термилди. Кўнглида қолиб кетган нафрат учқунини шу йўл билан душманига сочган бўлди.

— Ҳаммасига мана бу айбдор, — деди мироб Ботир акага кўрсаткич бармоғини ўқталиб. — Шу олиб борганди бизни мардикорчиликка.

— Ёнидагилар-чи?

— Булар кечқурун мотоциклда бостириб келиб, ҳаммамизни шилволди. — Мироб ўртада турган қорача, ингичка мўйлов қўйган йигитни кўрсатиб давом этди. — Манавиниси роса тепкилади мени, Толиббой!

Ботир ака Толибни аввалдан танирканми, миробнинг гапларидан сўнг билинар-билинмас титрай бошлаганди. Бироқ бир оғиз қарши сўз айтмас, нуқул барзангиларга боқиб жавдирарди.

— Хўш, Ботир бобо, — Толиб энди ўрнидан турди-да, қарияга яқинлашди. — Қаранг, соч-соқолингиз оппоқ. Неварангиз фалон бозорда чайқовчилик қилишиданам хабарим бор. Ё ёлғонми?

— Р-рост, ўғлим, — деди янада қаттиқроқ титраб Ботир ака. — Ҳ-ҳалигидай… Сизга қарашлилигини билмабман-да! Тавба қилдим!

— Тавбани худога қиласиз, — деди Толиб афтини бужмайтириб. — Мен худомасман. Уялмадингизми оппоқ соқол билан одамнинг устидан кулишга?

— Кечиринг, ўғлим, кечиринг, — деди Ботир ака бош эгиб. — Б-билмай қолдим-да, билмай! Шайтон йўлдан урди, шайтон!

— Энди бадалини тўлайсиз!

— Хўп, тўлайман, — Ботир ака Толибга умидвор тикилди. — Нима қилай?

— Бу ерда саволни мен бераман!

— Узр, ўғлим, узр!

Ботир ака иш хамирдан қил суғургандек осон битишига умид боғлаб мажбуран бўлса-да, тиржайди. Ҳойнаҳой, бадалига пул тўлаш зарур деб ўйладими, қўйин киссасини ковлашга тушди. Лекин Толиб уни кесиб ташлади.

— Қилмишингиз бадалига киссангиздаги пуллар етмайди, — деди Толиб қарияга яқин келиб билагидан маҳкам тутаркан. — Пулни шахсан менга чайқовчи неварангиздан олиб берасиз. Қанчалигини ўзим айтаман.

— Майли, майли, сиз нима десангиз шу-да!

— Ҳозир тиз чўкасиз-да, Мелибой аканинг оёғини ўпасиз!

— Н-нима? Йўғ-э! — кутилмаган бу гапни эшитиб Ботир аканинг ранги ўзгарди. — Ундай деманг, болам, ундай деманг!

— Ўпасан! — дағдаға қилди Толиб. — Тез бўл, бобой!

Ботир ака чорасиз эди. Буйруқни адо этмаса, бошига не кунлар тушишини яхши англарди. Аммо кечагина уйида мардикорчилик қилган одам қаршисида тиз чўкишга кибр йўл бермасди. Шунга қарамай, қария иложсиз, ўзи сира-сира истамаган ҳолда аранг тиз чўкди ва миробнинг оёғидан ўпди.

 

* * *

 

1983 йил. Тошкент.

 

Мелибой мироб Ботир аканинг лаб тафтини пойафзали устидан ҳам аниқ ҳис эта олди. Ҳис этди-ю, негадир эти жунжикди. Юраги алланечук уриб, қисқа-қисқа йўтал тутди. Бир кўнгли оёғини шартта тортиб олгиси келди. Аммо Толибнинг важоҳатини кўрди дегунча бу фикридан қайтди.

Қария буйруқни адо этгач, аста ўрнидан қўзғаларкан, миробнинг кўз ўнгида қачонлардир содир бўлган бир воқеа жонланди.

Дала-даштда иш тугаб ҳамма бекор қолгач, қиш кунлари эркаклар тўпланиб «гап» бошлашарди. Гап зўр эди. Бир кун шўрва қайнатишар, эртасига девзира гуручдан паловхонтўра дамлашарди. Албатта, бу таомлар ичкиликсиз томоқдан ўтмасди.

Ана шундай кунларнинг бирида кайфи ошган эркаклар ўйин ўйлаб топишди. Ароқдан бўшаган шишани хонтахта устида айлантириладиган бўлди. Шиша оғиз тарафи билан ким томонга қараб тўхтаса, ўша шиша айлантирганнинг оёғини ўпади.

Ўшанда Дўлтабой деган дурадгор қўшниси деярли ҳамманинг оёғини ўпиб чиққанди.

Ҳа, ўшанда ҳам мироб Дўлтабой устанинг лаб тафтини маҳсиси устидан ҳис этиб, худди ҳозиргидек ғалати бўлиб кетганди.

«Эҳ, шу иши бўлмади-да, — кўнглидан ўтказди мироб Толибнинг ортидан машина томон кетиб бораркан. — Кекса одамни хор қилди бу баччағар. Вей, жуда қайтмас болайкан-ку бу! Отаси тенгиларни гаҳ деса қўлига қўндиряпти-я! Локигин барибир яхши иш қилмади. Анавилар-ку, майли, улушини олиб, юзлари кўкаргач, тиз чўкиб кечирим сўрашди мендан. Аммо негадир Толиббой уларни оёқ ўпишга мажбур қилмади. Бир сири бўлса керак-да! Мен қайдан билай?..»

— Оббо бобой-ей, — машинага ўтиришгач, миробнинг хаёлини бўлиб сўз қотди Толиб. — Жа ишкалчи чиқиб қолдингиз-ку-а?!.

— У нима деганингиз? — Толибнинг қочиримига тушунмай бақрайди мироб. — Тушунмадим, иним!

— Анавиларни айтаман-да! Ҳаммасини тиз чўктирдингиз-а, вей!

— Шу иш яхши бўлмадими дейман-да, иним! Ҳарқалай кекса одамни…

— Ўчиринг чакагингизни! — кутилмаганда миробни силтаб ташлади Толиб. — Менга ақл ўргатяпсизми? Менга-я? Кимлигимни биласизми ўзи? Йўқ, биласизми дедим?..

— Узр, иним, — айбдорларча бош эгди Мелибой мироб. — Оғзимдан чиқиб кетди.

— Гап мундай бўпти. Ҳаётда менга ақл ўргатолмайсиз. Бўпти, бас қилайлик. Ундан кўра, буёғига нима қилиш кераклиги ҳақида гаплашайлик, бобой. Айтинг, сизни нима қилай? Бирор режангиз борми ўйлаб қўйган?

Мелибой мироб бирдан жонланди. Диққинафас шаҳар, Толиб тутаётган ишлар, эртанги кун ҳақида қайғуриш, аллакимларнинг қош-қабоғига қараш жонига текканди. Дарров кўз ўнгида тўрт тарафини кенг далалар, тутзорлар, толзорлар ўраб турмиш она қишлоғи намоён бўлди. Баҳор келди дегунча суви тўлиб оқувчи катта Бачқирариқ ёдига тушди. Мироб ич-ичидан зил кетди. Юраги ҳаприқди. Энтикиб-энтикиб нафас олди.

— Иним, — деди қўрқа писа мироб ер чизган кўйи. — Рухсат берсангиз, қишлоғимга қайтсам. Қизим шўрлик…

— Бас қилинг! — бу гал уни қаттиқроқ жеркиб берди Толиб. — Мен сиздан қаерга боришингизни сўрамадим. Қизингиз касаллигини сиздан яхшироқ биламан. Бугуноқ пул жўнатасиз қизингизга. Дори-пори керак бўлса, мана, биз ёрдам қиламиз.

— Қизиқсиз-да, Толиббой, — энди сал овозини кўтариброқ сўзлашга жазм этди мироб. — Элликни уриб қўйган одамни бошингизга урасизми? Шундоғам кўп ёрдам қилдингиз. Турган-битганим дардисар бўлса. Келинг, ундан кўра изн беринг! Борай, томорқага буғдой сепай. Ҳар ҳолда қишлоғим. Қўни-қўшни, қариндош-уруғ дегандай…

Толиб энсаси қотган каби афтини бужмайтириб бир муддат жим ўтирди-да, даъфатан орқа ўриндиққа бор бўйи билан ўгирилиб, миробнинг елкасига чанг солди. Шу аснода ҳайдовчига бақиришни-да унутмади.

— Тўхтат машинани!

Машина тўхтади.

— Сен пастга тушиб тур! — ҳайдовчига буюрди Толиб зарда аралаш. — Ўзим чақирмагунча яқинимга келма!

Ҳайдовчи бош ирғаганча шоша-пиша машинадан тушиб эшикни ёпди ва ўзи нари кетди.

— Менга қаранг, бобой, — асабий шивирлади Толиб. — Энди сизга бир гапни айтиб қўяй. Бу гапни қулоғингизга яхшилаб қуйиб олинг.

— Хўп, хўп, — дея ҳийла титраб қўйди мироб. — Қуйволаман, иним, қуйволаман.

— Сиз ўша куни кечаси ертўлада нима иш қилганингизни биласиз-а?

— Б-биламан. Ўлибманми билмай?

— Шу ишингиз учун тутиб олишса нима қилишлариниям биласизми?

— Ҳ-ҳа, отишади. Замбаракнинг оғзига солиб отишади.

— Баракалла. Сиз ўша мурдани мана шу қўлларингиз билан ерга кўмгансиз. Кўмганмисиз, демак, ўлдирган ҳам ўзингиз. Ё ёлғонми?

Мелибой мироб табиатан ўта ҳалол, ҳаққоний одам бўлгани боис сал қурса «йўқ, менмас, сиз-ку ўлдирган!» деб юбораёзди. Яхшики, вақтида шайтонга ҳай бера олди. Дарров ўзини тутиб Толибнинг кўзларига маъюс боқди.

— Р-рост, — деди тутилиб мироб. — Мен ўлдирганман, иним, мен!

— Энди яна бошқа тарафи бор, — давом этди Толиб миробнинг елкасини қўйиб юбормай. — Башарти, қишлоғингизга қўйиб юборсам, боргандан кейин улфатлар билан қиттай-қиттай қиласиз. Кайф ошгандан кейин мақтангингиз кеп қолади. Қишлоқдошларга қилган ишларингизни оқизмай-томизмай тўкиб соласиз. Шунда уларнинг орасидан кимдир боради-ю, мелисага чақади. Кўрибсизки, қидир-қидир, сўроқ-савол бошланади. Ҳаш-паш дегунча улар менинг уйимга етиб келади-ю, қўлимга кишан солади. Вей, шундоғам ҳаммаёқда изғиб юрибди мелисалар! Қотилни қидиришяпти, билдингизми, қотилни!?. Хўш, менинг қамалишимни хоҳлайсизми ё?

— Худо юзини тескари қилсин-э ўша турманинг! — дея ичига туфлаган бўлди мироб. — Сиздай инимни турмага тиқиш…

— Яшанг. Ана энди мақсадимни тушунгандирсиз? Ўзимга қолса сиздақа бобойлар билан етаклашиб юришга ор қиламан. Чунки кўрганингиздай шаҳарда ўзимга яраша обрўйим, ҳурматим бор. Аммо нима қилай? Ҳалиям мелисалар қидириб юрибди қотилни. Шундай экан, чидайсиз. Менам тоқат қилиб сизни ёнимда олиб юраман.

— Иш топиб бера қолинг ундан кўра, — деди мироб Толибнинг қарорини эшитгач, тарвузи қўлтиғидан тушган одам каби бўшашиб. — Ҳарқалай бекор юргандан кўра…

— Топамиз. Фақат айтиб қўяй, сиз ҳамиша менинг кузатувимдасиз. Башарти бирор ерда билиб-билмай оғзингиздан гуллаб қўйсангиз, тирик қўймайман. Яхшилаб танангизга кенгашиб олинг.

— Худо асрасин! — деди мироб бош эгиб. — У дунёи бу дунё сиздан розиман, иним. Илойим бошингиз тошдан бўлсин!

— Бўпти, дуони кейин қиласиз. Ҳозир меникига борамиз. Бугунги ишни ювамиз. Ҳов, бобой, дадилроқ бўли-инг!

Толиб сўнгги гапни ҳазил аралаш айтган бўлса-да, Мелибой миробнинг бир туки қилт этмади. У ҳамон қишлоғи, суюкли қизидан хавотир олар, ҳали вери у тупроққа қадам қўйиш насиб этмаслигини ҳис этгани сайин юраги тўкилиб, бўғзига нимадир тиқилгандек бўлар, тўлиб келаётган ўпкасини аранг босганча қақшаб қўярди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ