ҚАШШОҚЛИК ҚАЪРИДАГИ ҚАЛБ… (Биринчи фасл. 6-қисм)

0

 

* * *

 

Мусофирчилик одамни тез тоблайди деб беҳуда айтишмас экан. Мелибой мироб умри бино бўлиб қишлоғидан четга чиқмаган. Агар ҳар якшанба туман марказидаги бозорга қатнашини айтмаса, ҳамиша ўз уйида, даласида бўлган. Телевизор орқали манавинга ўхшаган каттакон шаҳарларни кўрсатиб қолишса, оғзини ланг очиб томоша қилган. Ҳайратдан ёқа ушлаган. Айниқса, киноларда Толиб каби безориларни, ўғрибошиларни, каллакесарларни кўп кўрган. Кўрган лаҳзадан бошлаб камида бир-икки ҳафта уларни қарғаб юрган. Жаҳли азбаройи жунбушга келган паллаларда «Эҳ, мана шу ярамас ҳозир қўлимга тушса-ю, ҳов анави паншаха билан қорнини ёриб ташлардим!» дея сўкиниб олган. Йўқ, ҳаёт буткул бошқа экан. Мана, тақдир уни бир силтаб катта шаҳарга итқитди. Бу ҳам етмагандек, Толибдек каллакесар, ўғри, баттол бир кимсанинг қўлига тутқазди. Қани ўша паншахаси? Қани ўша пайтдаги шаҳди? Мелибой мироб неча кундан бери Толибнинг ёнида-ю, лекин бир оғиз қарши сўз айта олмайди. Мулла минган эшак каби ювош тортганча фарзанди тенги йигитнинг сўнгги қарорини кутади. Бақириб берса, бош эгиб узр сўрайди. Кулса, яна бобиллаб қолмаслиги учун кулгиси келмаса-да, мажбуран жилмаяди. Нима қилсин? Қисмати шу экан. Пешонаси шўр бўлмаса, ҳозир жонидан азиз қизини ташлаб шу ёқларда дард чекканча ўтирармиди?..

Шундай дейди-ю, аммо каллакесар, баттол бўлса ҳам инсофини еб қўймаган экан. Ана, қишлоғига юз сўм пул юбортириб берди. Миробнинг ўзига қолса, қандай пул жўнатишни, қаерга бориб қай деворга бош уришни-да билмай роса гаранг бўлғуси эди. Толиб бир оғиз сўз билан ҳаммасини ҳал қилди-қўйди. Энди насиб бўлса, Фахриниса қайнсинглиси Севинч қизига дори-дармон олиб беради. Балки катта дўхтиргаям олиб борар. Нима бўлганда ҳам миробнинг кўнгли анча тинчланди. Энди худо хоҳласа қизи тушларига кириб йиғламайди, марҳума хотини безовта бўлмайди…

Шуларни ўйларкан, мироб эҳтиёткорлик билан қаршисидаги Толибга, унинг ёнида ўтирган ҳайдовчига зимдан назар солди. Улар Мелибой миробга деярли эътибор қилмас, қур-қур кимларнидир ёдга олган бўлишар, гапдан бўшаганда қўлларидаги сигаретни чўзиб-чўзиб тортишарди.

— Ие, бобойни унутиб қўйибмиз-ку, — деб қолди бир маҳал Толиб кўзларини аранг очиб. — Ҳов, бобой, нега шумшайи-иб ўтирибсиз? Ичмайсизми манавиндан?

— Ичдим, иним, ичдим, — шошиб жавоб қилди мироб. — Сизлар бемалол ўтираверинглар! Мен… Кириб дам олай.

— Қанақа дам? — миробга ўқрайди Толиб. — Ўтиринг! Мен рухсат берсамгина дам оласиз.

Мелибой миробнинг шундоқ ҳам бўлари бўлиб ўтирганди. Ўтмиш хотиралар, мурда воқеаси ҳали ҳануз вужудига ўрлаб, тинчини бузар, чалкаш хаёлларини бир нуқтага жамлай олмай ҳалак эди. Толибнинг пўписаси ўтиб тушди.

«Барибир қочиб кетаман, — кўнглидан ўтказди мироб ер остидан уй эгасига алам аралаш тикилиб. — Каллакесар тугул, менга деса азроил бўлмайсанми? Нима, энди ёшим элликка чиққанда сендақанги чурвақаларга қарам бўлишим керакми? Тўғри, ёрдам бердинг, кўнглимни кўўтардинг. Аммо бу ҳадеганда устимдан кулиш дегани эмас-ку, қизиталоқ! Инсоф қилгин-да энди! Намунча кеккаймасанг? Бизнинг қишлоққа борсанг-у, анави Маҳаммадга ўхшаган муштумзўрлар адабингни бериб қўярди-я! Боролмайсан. Қўрқасан. Фақат шаҳардагина пусиб қилар ишингни қилиб юрасан. Э, шундан бўлак нимаям келарди қўлингдан. Агар қишлоқда бўлганингда эзиб кетмон чоптирардим сенга. Ўшанда билардинг…»

Мелибой мироб хаёлга шу қадар берилиб кетггандики, гўё ўзини ростакамига Толиб билан жанжаллашаётган каби ҳис этар, ҳар жаҳди бўғзига тиқилиб келганда унга сездирмасдан ўқрайиб-ўқрайиб оларди.

Шу тобда ҳайдовчи аста гавдасини кўтарди-да, Толибнинг қулоғига нималардир дея пичирлади. Гап шунчалар жиддий эканми, Толибнинг ранги ўзгариб, қўлидаги қадаҳни зарда билан стол устига қўйди ва ҳайдовчини ўзидан нари итариб, Мелибой миробга юзланди.

— Бобой, — деди у бошини сарак-сарак қилиб. — Бирпасга ошхонагами, балконгами чиқиб туринг. Ўзим чақирганда кирасиз. Иш чиқиб қолди.

Илож қанча? Эскилар «Мусофир итнинг думи қисиқ» деб бежиз айтмаган.

Мелибой мироб даст ўрнидан турди-ю, балконга йўл олди. Чиққандан кейин юраги баттар ғаш тортди.

«Тағин қандай нағмани бошламоқчи бу каллакесар?» дея ич-этини ея бошлади.

 

* * *

 

Орадан тахминан ўн дақиқача вақт ўтди. Мироб ҳамон балкондаги курсида қисинган кўйи ўтирар, икки қулоғи динг эди.

Ниҳоят залдан Толибнинг дағдағали товуши эшитилди-ю, Мелибой мироб ўша ток урган каби сапчиб ўрнидан турди-да, ичкарига зипиллади.

— Ўтиринг, бобой! — Толиб ҳийла ҳушёр тортган, кўзлари ҳам мошдек очила бошлаганди. У мироб креслога чўккандан кейин ҳам бир неча ўн сония бошини чангаллаганча нималарнидир ўйлади, овоз чиқариб-чиқармай нималардир дея ғудранди. Сўнгра жуссасини тўғрилаб миробга совуқ тикилди.

— Мурдани бошқа ёққа кўммасак бўлмайди, — деди у қаршисидаги ҳайдовчига қараб олиб. — Мелисалар ўша атрофда изғиб юрганмиш. Агар топиб олишса, иккаламиз ҳам қулоғимизни ушлаганча кетамиз. Тасаввур қиляпсизми, бобой?

Бу хабарни эшитган миробнинг эсхонаси чиқиб кетаёзди. Пешонасини муз тер босиб, гоҳ Толибга, гоҳ масхараомуз тиржайганча сукут сақлаётган ҳайдовчига жавдиради.

— Ҳа-а, нега рангингиз оқариб кетди? — сўради ундан Толиб дағдағали оҳангда. — Қўрқманг, ўлмайсиз. Ҳар ҳолда менинг отилиб кетишимни хоҳламассиз-а, бобой? Ё ўлимимни тилаяпсизми тек ўтириб?

— Й-йўғ-э, — дея олди зўрға мироб танасида пайдо бўлган титроқларни боса олмай. — Ундай деманг, гуноҳ бўлади. Мен шунчаки…

— Шунчаки-пунчакингизни қўйиб туринг. Ҳозир вазият жуда жиддий. Биз аниқладик. Шу кечаси шаҳардан анча наридаги бир қишлоқда янги гўр ковлашган. У ерда кекса бир кампирнинг жасади ётибди. Мурдани ўша кампирнинг ёнига қўясиз-у, гўрни қайтадан ёпасиз. Ишонинг, шундай қилсак, икковимизгаям яхши бўлади. Ё қариган чоғингизда турмада ўтиришни хоҳлаяпсизми?

— Худо асрасин, — титраб-қақшаб ичига туфлаб олди мироб. — Шу кунлар етмай турганди энди.

— Унда шошилайлик. — Толиб даст ўрнидан турди-да, ҳайдовчининг елкасига қўлини қўйди. — Сен бобойни ертўлага олиб борасан. Мурдани чиқариб машинага ортасизлар. Бобойни мен айтган гўристонга олиб бориб қўйганингдан кейин орқага қайтасан. Бир соатдан кейиб бориб опкеласан шу ерга. Уқдингми? Фақат айтиб қўяй, ҳиммаси рисоладагидек бўлсин! Биров-ярим ҳитланмасин! Айтганча, оғзиларингга докадан ниқоб тутволларинг. Ҳойнаҳой сасиб ётгандир. Кейин эса… Ертўлага ҳаво тозалайдиган сепимликлардан сепиб ҳаммаёқни тозалаб қўйларинг. Яна қайтараман, ҳеч ким ҳитланмасин! Бошинг билан жавоб берасанлар!..

Ҳайдовчи бош силкитиб Толибнинг саволига жавоб қилган бўлди.

Мелибой мироб эса ортиқ бир сўз айтишга, ниманидир сўрашга қанча тараддудланмасин, тили айланмас, ҳалитдан кўз ўнгида совуқ, даҳшатли мурдалар қиёфаси айланиб, жони чиқай дерди.

 

* * *

 

Нотаниш манзилда, пак-пакана, томлари ерни ўпгудек уйлардан иборат бу қишлоқда ҳам қаҳратон ҳукм сурарди.

Қишлоқ итларининг акиллаши, ора-сирада қўйларнинг чўзиб маъраши бу сукунатни бузарди. Қаҳратон бир ерда тик туриб ўзга дунё билан тиллашганча кимларгадир ўз таъсирини ўтказаётган фолбин каби атрофга заҳрини сочарди.

Мелибой мироб эса айни чоғда сира ўзида эмасди. У дўмпайган қабрлардан иборат гўристон четида ўтириб, тез-тез сал нарига ётқизиб қўйилган мурдага ваҳима ва саросима аралаш қараб қўярди. Шу орада биров-ярим йўқмикан деган хаёлда теваракка жавдираб оларди.

Ҳарқалай қаҳратон сабабми, мурдадан таралган бадбўй ҳид барҳам топди. Лекин миробнинг димоғида ҳамон ертўлада ўрнашган ис ўрнашиб қолибди. Қур-қур ютинганда ўша ҳидни ҳам бирга ичга ютган каби ўқчирди.

Бу-ку майли. Одамзод ҳар қандай ёқимсиз ҳид исканжасида истаганча ўтира олади.

Гўристон-чи? Бу маконнинг ваҳимаси нақ қиёматни эслатади. Мироб атрофни кузатгиси, кўкка термилгиси, ҳушёрроқ бўлгиси келади-ю, худди наридаги гўрларнинг бири ичидан оппоқ матога ўралган мурда чиқиб қоладигандек, ёки қайсидир бурчакда уни қандайдир маҳлуқсифат жонзот пойлаб тургандек, ҳозир-ҳозир ташланиб миробни ғажиб ташлайдигандек туюлади. Шу сабабли қимирлашга-да қўрқмоқда. Ҳатто чуқурроқ нафас олиш ҳам миробга офат келтирадигандек ичидан зил кетмоқда.

Афсуски, дардини ҳеч кимга айта олмайди. Ҳеч ким миробни эшитмайди, дардига малҳам бўлмайди. Аксинча, уни хўрлашни, масхаралашни одат қилишди. Шу йўл билан ўз мақсадларига етишга бел бойлашди.

«Падарингга лаънат, Толиб! — хаёлан сўкинди Мелибой мироб азбаройи овоз чиқаришга қўрққанидан. — Мени гўрковга айлантирди-қўйди бу ит эмган! Вей, ҳароми, бир пайтлар уйимизда мушук жон таслим қилган. Янганг ўла солиб ялинди бирор ерга кўмиб қўйинг деб. Мен ўшандаям бўйин эгмагандим. Мушукнинг мурдасини ушлагандим-у, тошданам қаттиқроқ, музданам совуқроқ бир нарсага қўл ургандек сесканиб кетгандим. Ура солиб кўчага қочгандим. Сен-чи? Сўраб ҳам ўтирмадинг, қизиғар! Илойим сендайларни ажина чалиб кетсин-у, оғиз-бурнинг қийшайиб ўлгин!..»

Аксига олса қийин экан. Нафаси аранг кириб-чиқиб турган мироб ҳали ўйлаб ўйига етмай, ёнбошдаги гўр ортидан қоп-қора мушук чопиб чиқди-да, миробнинг рўпарасида тўхтаб қисқа-қисқа миёвлади.

«Астағфирилло! Ла ҳавла вала қуввата илла-билла аълиюл ази-им!.. — тағин хаёлан билганича калима келтира бошлади мироб ўрнидан турмаган ҳолда эҳтиёткорона ортга тисланиб. — Мушукни эсладим дегунча пешонамда ҳозир бўлдими? Қариндошимикан ўша ўлган мушугимнинг? Арвоҳи келдими нима бало? Менга ҳамла қилмоқчими?.. Э, ўзингни бос, мироб! Мушукнингам арвоҳи бўларканми? Сира эшитмаганман… Лаънати-ей! Гўрларни оралаб юрибди-я бу маҳлуқ! Ўлакса ейдими булар?..»

Бу орада мушук ўзини қоронғилик қаърига урди. Шундан кейингина мироб сал осойиш топгандек қўрқа-писа ўрнидан турди.

«Бошга тушганни кўз кўрар» дейишган. Мироб минг ўзини ўтдан чўғга урмасин, барибир буйруқни адо этишга мажбурлигини биларди. Шу сабабли истар-истамас қўлига белкурак олди-да, дўмпайган, ҳали тупроғи қотмаган гўрни оча бошлади.

Мушук воқеаси ҳолва экан. Эндигина ўрнидан қўзғалмоқчи эди, аввалига дарахтлар новдалари бараварига шитир-шитир қилди. Сўнгра қайсидир дарахт тепасида осмондаги юлдуз каби кичик нарса ўзидан нур таратиб, тўппа-тўғри мироб томон яқинлашиб келаётгандек туюлди. Эсхонаси чиқаёзган мироб ура солиб дуч келган тарафга қочди. Тахминан эллик-олтмиш метрча югуриб боргач, таққа тўхтаб қайтадан ортга ўгирилди.

Нур ғойиб бўлибди.

«Гўристонга аҳмоқ одам кечаси киради, — кўнглидан ўтказди у тиззаларини қучган кўйи пастга энгашиб. — Ана, арвоҳлар безовта бўлди. Уларнинг қаҳри келяпти. Ҳозир гўр ичидан бирор арвоҳ ростакамига чиқиб қувмасайди мени!..

Мироб масъулият устун келиб қайтадан ортга юрди ва бир четда ётган белкуракка ёпишди.

««Ишқилиб, оёғим тойиб гўрга тушиб кетмайин, — дерди ҳарсиллаганча куракни тўлдириб тупроқ оларкан. — Жоним чиқиб кетади-я! Ҳали билмадим, лаҳадга кириб борсам қай аҳволга тушарканман. Мурдани кўрсам-чи? Худойим, ўзинг отнинг калласидай юрак бергин-да! Бермасанг, у дунёи бу дунё шол бўлиб ўтаман-а!..»

Қабрни очиб лаҳадга киргандан кейинги манзара олдингисидан-да баттар эди. Мелибой мироб икки қўли билан пайпаслаб мурда ётган ергача етиб борди ва олдинга қўл чўзди. Қандайдир жуда юмшоқ нарса қўлига ботди. Бу танасидаги титроқни кучайтириб, рангини сомондек сарғайтирди. Ўзи сезмаган ҳолда сапчиб кетди. Кейин… Сал ўзини қўлга олишга уриниб, қайтадан мурда томон қўл чўзди. Ёнидаги бўш жойни чамалади. Баҳонада миясига мўри малахдек бостириб келаётган қўрқувларни нари ҳайдади.

Бир маҳал ниманингдир виз-визидан қулоқлари шанғиллаб кетди. Мироб карахт кимса каби телбаларча нималардир дея ғудраниб, даҳшатлар гирдобида қайтадан ортга қайтиб юқоридаги мурдани пастга судраклаб тушди ва кампирнинг жасади ёнига ётқизди. Нияти тезроқ ишни битириш-у, бу даҳшатлардан нари кетиш бўлди…

Орадан бир ярим соатча вақт ўтгач, ҳайдовчи Мелибой миробни Толибнинг квартирасига олиб кетди.

Квартира ичкарисига кириб келарди-ю, миробнинг рангида қон қолмаган, тутқаноғи тутган бемор каби дағ-дағ титрар, ҳатто тишларигача такиллаб бир оғиз сўз айтишга қўймасди. Иситмаси кўтарилибдими, аъзойи бадани чўғ каби ёнар, оғзи қуруқшаб, тили танглайига ёпишаверарди.

— Мана бу ҳақиқий ўғил бола иш бўлди, — деди Толиб ҳеч нарса бўлмагандек керилиб. — Бўларкан-ку, бобой! Сиз бўлсангиз, қўрқаман дейишдан бўшамайсиз. Нима бўлди, ҳов бобой? Ие, титраяпсизми? Сал ўзингизни қўлга олинг-да, эркак!..

Мироб Толибга жавобан ҳеч нарса демади. Дея олмади. Ўзича шивир-шивир қилиб билган калималарини тилига кўчиришга тутинди. Ҳайдовчи эса Толибнинг қулоғига яна нимадир деб пичирлаганди, уй эгаси дарҳол сервантни очиб бир шиша коньяк чиқарди ва қадаҳга тўлдириб қуйди.

— Қани, ичинг буни! — қадаҳни миробнинг қўлига тутқазаркан, дўқ аралаш буюрди Толиб. — Тез бўлинг!

Мироб кўзларини чирт юмди-да, қадаҳдаги ичкиликни охиригача симирди. Сўнг уй эгаси берган шоколаддан тишлади.

— Энди мана бунисиниям ичинг! — иккинчи қадаҳни миробга узатди Толиб. — Тезроқ!

Иккинчи қадаҳдан кейин мироб титраши пасанда бўлиб, кўзларини каттароқ очган кўйи тепасидагиларга боқди. Боқди-ю, беихтиёр тилга кирди.

— Иним, уйингиз буғдойга тўлсин-у, мени қўйворинг!

— Нима? — бу гапни эшитиб бақириб юборди Толиб. — Нима дединг? Қайтар!

— Қўйворинг дедим мени! — Мелибой мироб гўристон таъсири кетмаганиданми, хўрлиги келиб йиғлаб юборди. — Бағрим эзилиб кетди-ку!

— Сотим, эшикни ичкаридан тамбалаб, чироқларни ўчир! — ҳайдовчига буюрди Толиб сервант ичидан қалин камарни қўлига олиб. — Бобой жа ҳаддидан ошиб кетди! Яхшиликни билмади. Тузимни ичиб тузлиғимга тупурмоқчи! Ҳозир боплаб саваласам ўзига кеп қолади.

— Йў-ў-ўқ! — Мелибой мироб азбаройи қўрқиб кетганидан Толибнинг оёқлари остига ўзини отди. — Урманг, иним, урманг! Тавба қилди-им!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here