Икки хотинликни эплай олмаган эр 4 инсоннинг қотилига айланди (видео)

0

Андижонлик А.А. оиласи бўла туриб, бошқа бир аёл билан ҳам шаръий никоҳдан ўтган эди. Икки хотинликни эплай олмаган бу кимса рашк туйғуси туфайли ўта оғир жиноят – қотилликка қўл урди.

Андижон вилояти, Булоқбоши туманида яшовчи А.А.нинг қонуний никоҳдан ўтган аёли, фарзандлари бўла туриб, 2016 йилда ўзидан 3 ёш катта Ф.О. билан шаръий никоҳдан ўтади. Орадан бир йил ўтиб, Ф.О. ўғил фарзандни дунёга келтиради. А.А. иккинчи оиласи борлигини кўпчиликдан яшириб келарди. Икки ўртада қолган А.А.нинг ҳаловати бузилади, иккинчи оиласига меҳр ва эътибор бера олмай қолади.

2017 йилнинг 30 декабрида А.А. ва Ф.О. телефон орқали тортишиб қолади. Шундан кейин А.А. қонуний никоҳдаги хотинини алдаб Хўжаобод тумани Хидирча МФЙда яшайдиган жазманининг олдига боради. У ерда эса жанжал авжига чиқади. Ҳовлида ўтирган Ф.О. эрининг саломига алик ҳам олмасдан: «Эшитиб қўй, уйда ётган бола сендан эмас! Уйга кирма, ҳаққинг йўқ энди! Уйингга бораман, ҳамма гапни рўй-рост айтаман! Мен сендан ташқари жуда кўпи билан юрганман!” дейди. Бундан ғазабланган А.А. зина устида турган ошхона пичоғини олиб Ф.О.нинг бўйнига тортиб юборади.

Бу вақтда ҳаммомда ҳамма гапни эшитиб турган Ф.О.нинг синглиси Н.Қ. чиқиб қолади. Унинг бақир-чақирини қўшнилар эшитиб қолмасин деб, А.А. уни ҳам бўғизлаб ташлайди.

Шовқиндан чўчиб ҳовлига чиққан Ф.О.нинг биринчи турмушидан бўлган қизи ҳам онаси ва холасининг қонга беланиб ётганлигини кўриб қўрқиб кетади ва чинқириб йиғлай бошлайди. Бундан баттар асабийлашган қотил қизалоқни ҳам нариги дунёга равона қилади. Бу ҳали ҳаммаси эмас эди. Бешикда биғиллаб йиғлаётган чақалоқнинг овозини эшитиб қолган А.А.нинг қулоғида Ф.О.нинг: “Сенинг боланг эмас!” деган гаплари жаранглайди. Қонга тўлган кўзига ҳеч нарса кўринмай қолган А.А. норасида гўдакнинг ҳам умрига зомин бўлади.

Қотилга қилган ишлари камдек туйилади. Барча жасадларни бир хонага олиб келиб, устидан тўшак ва гиламлар билан ёпиб қўяди. Ф.О.га тегишли тилла тақинчоқлар ва телефон аппаратини олиб, хонага ўт қўяди.

Тезкор суриштирув тадбирлари натижасида хуқуқ-тартибот органлари томонидан ўта хавфли жиноятчи Қозоғистонда қўлга олинди. А.А. ўз қилмишларига яраша умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилди.