Месси ва Роналдуни ортда қолдирган Кака ҳақида

0

Кака (Ricardo Kaka) – Рикардо Изексон дос Сантос Лейте 1982 йилнинг 22 апрелида Бразилияда инженер ва ўқитувчи оиласида туғилган. Ярим ҳимоячи. «Орландо Сити» футболчиси.

«Сан-Паулу» тарбияланувчиси. 2002-2014 йиллар давомида Бразилия терма жамоаси шарафини ҳимоя қилган.

Кака 7 ёшлигида оиласи билан Сан-Паулуга кўчиб ўтади. Унинг мактаби «Альфавилли» ёшлар футбол жамоаси майдони билан ёнма-ён эди. Айнан ўша ерда у илк жамоаси «Сан-Паулу» скаутлари назарига тушади.

«Сан-Паулу»

Футболчи айнан шу жамоанинг ёшлар жамоасида ўйнай бошлади. Лекин, ёмон жисмоний тайёргарлик унга ўз иқтидорини тўлиқ намоён этишга йўл қўймаган. Бундан ташқари, 2000 йилнинг октябрида ҳовузда бошидан олган жароҳати сабабли фаолияти якунланишига озгина қолган. Қандайдир мўжиза уни шол бўлишдан асраб қолганди. Кака бунинг учун Худодан миннатдор. У гол киритганидан сўнг қўлларини тепага кўтаради ва Худога миннатдорчилик билдирарди. Ёдингиздами?

Жамоа асосий таркибида 18 ёшда, 2001 йилнинг 1 февраль куни «Ботафого»га қарши ўйинда дебют қилган. Ўша мавсумда у 27 та ўйинда 12 та гол киритиб, дунёнинг энг зўр 100 нафар ёш футболчилари рўйхатидан ўрин олганди.

«Сан-Паулу»даги фаолияти давомида 131 та ўйинда 48 марта гол урган.


«Милан»

2003 йилнинг ёзида у 8,5 миллион евро эвазига «Милан»га кўчиб ўтади. Бир неча кундан сўнг миланликлар УЕФА Суперкубоги соҳибига айланишади.

Кака А Сериядаги дебютини 2003 йилнинг 1 сентябрь куни «Анкона»га қарши ўйинда нишонлаган. Еврокубоклардаги илк ўйин эса 16 сентябрда «Аякс»га қарши ўйинга тўғри келади. 5 октябрь куни Милан дербисида «россонерлар» сафидаги илк голини киритган. Умуман, Кака жамоадаги илк мавсумида 10 та гол киритган. Жамоаси билан А Серия чемпионлигини қўлга киритган ва Чемпионлар Лигасида чорак финалгача етиб борган.

2005 йилда у дунёнинг энг зўр футболчилари соровномасида 9-ўринни эгаллаган. 2006 йили «Кьево»га қарши ўйинда эса у клубдаги илк хет-тригини нишонлаган.

2006/07 йилги мавсумда «Милан» А Серияда учинчи ўринни эгаллади ва жамоа Италия футболидаги можаролар сабабли мавсумни минус очколар билан бошлади. Айнан ўша мавсумда у клуби билан Чемпионлар Лигаси ғолиблигини қўлга киритган. Ўша йили у ЕЧЛда тўпурар бўлган. Турнирнинг энг яхши футболчиси деб топилган.

2007 йилнинг 17 декабрида Кака йилнинг энг зўр футболчиси деб тан олинган ва «Олтин тўп»ни қўлга киритган. Таъкидлаб ўтиш лозимки, қаҳрамонимиз «Роналду ва Месси» эрасидан олдинги сўнгги энг яхши футболчи бўлиб турибди. Эътиборли томони, у ўша сўровномада айнан Роналду ва Мессини ортда қолдирган ҳолда дунёнинг энг яхши футболчиси деб тан олинганди.

2009 йилнинг январида «Манчестер Сити» Кака учун «Милан»га 100 миллион фунт таклиф қилган. Бироқ, ушбу трансферни футболчининг ўзи истамаган ва якундан рекорд трансфер амалга ошмай қолганди. Ўшанда, кўпчилик ушбу ҳолатни «Футболнинг пул устидан ғалабаси» дея таърифлаганди.

«Реал»

2009 йилнинг июнида Кака 68,5 миллион евро эвазига Мадриднинг «Реал» жамоаси сафига бориб қўшилади. «Милан» вице-президенти Адриано Галлиани молиявий қийинчиликлар сабабли футболчини сотилаётганлигини маълум қилганди. 8 июнь куни Кака «қироллик клуби» билан 6 йиллик шартнома имзолади.

Ўша йилнинг 7 августида у «Торонто»га қарши ўйинда у илк марта «Реал» сафида майдонга тушган. 19 августда «Боруссия Д»га қарши ўйинда эса илк голини киритган.
Барчаси яхши кетаётганди. 2010 йилнинг 5 августида футболчи жиддий жароҳати сабабли деярли ярим йилга сафдан чиқади. Шу билан 2011 йилнинг январида у сафга қайтган.

2012 йилнинг августида «Милан» футболчини ўз сафига қайтаришга уриниб кўради. Аммо, клублар бу борада келишувга эриша олмаганлар.

«Милан»га қайтиш

Орадан бир йил ўтиб, 2013 йилнинг сентябрь ойида – трансфер ойнасининг сўнгги кунида футболчи яна «Милан» сафига бориб қўшилади. Клуб билан икки йиллик шартномага имзо чекади.

14 сентябрь куни эса майдонга тушиб жароҳат олади ва бир ойга сафдан чиқади.

30 октябрь куни қайтганидан сўнг илк маротаба «Лацио» дарвозасини аниқ нишонга олган.

2014 йилнинг 6 январида у «Милан» сафидаги 100-голини киритган. Ўшанда у «Милан» тарихидаги 100 та гол киритган ўнинчи футболчи бўлганди.

«Орландо Сити»

2014 йилнинг 30 июнида Кака «Милан» билан шартномани бекор қилган. Томонлар ўртасидаги келишувда агар «Милан» ЕЧЛга йўлланмани қўлга кирита олмаса жамоадан кетиши мумкин деган банд бўлган. 1 июль куни МLS нинг «Орландо Сити» клуби билан шартнома имзолаган. АҚШда мавсум йил бошида старт олгани учун, формасини ушлаб туриш мақсадида «Сан-Паулу»да ижара асосида ўйнаган.

Терма жамоада

Бразилия терма жамоасида илк марта 2002 йилнинг 31 январида Боливияга қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушган. Айнан ўша йили терма жамоа сафида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган. Ўшанда у фақатгина Коста-Рикага қарши ўйинда 25 дақиқа майдонда ҳаракат қилганди.

2006 йили Германияда бўлиб ўтган Мундиалда эса битта гол киритган. Ўшанда Бразилия терма жамоаси чорак финалда Францияга ютқазиб қўйиб, турнирни тарк этганди.

2010 йилги ЖЧда эса бразилияликлар чорак финалда Голландияга қарши ўйинда мағлубиятга учрагандилар.

2011 йилда Габон ва Миср терма жамоаларига қарши ўртоқлик ўйинларига чақириқ олган. Лекин, жароҳат олганди.

2 йилдан сўнг эса 2012 йилнинг октябрида Ироқ ва Япония терма жамоаларига қарши ўйинларга чақирилган ва гол киритишга ҳам улгурганди.

Афсуски, 2013 йилги Конфедерациялар кубоги ва ўз мамлакатида ўтказилган 2014 йилги ЖЧда иштирок эта олмади.

2014 йилда Дунга терма жамоа бош мураббийлиги лавозимини эгаллаганидан сўнг у Аргентина ва Япония терма жамоаларига қарши ўртоқлик ўйинига чақирув олган.

2015 йилги «Копа Америка» турнирида ҳам якуний таркибга киритилмади.

2016 йилда эса Дуглас Костанинг жароҳат олгани сабаб, айнан Кака терма жамоага чақирилганди. Бироқ, қаҳрамонимиз ҳам бироз муддат ўтиб жароҳат олади ва унинг ўрнига Гансо мусобақада иштирок этади.

Совринлари:

Жаҳон чемпиони: 2002
Конфедерациялар Кубоги соҳиби: 2005, 2009
Италия чемпиони: 2003/04
Италия Суперкубоги соҳиби: 2004
ЕЧЛ соҳиби: 2006/07
УЕФА Суперкубоги соҳиби: 2003, 2007
Клублар ўртасида жаҳон чемпиони: 2007
Испания Кубоги соҳиби: 2010/11
Испания чемпиони: 2011/12
Испания Суперкубоги соҳиби: 2012

Шахсий ютуқлари:

«Сантьяго Барнабеу» турнирининг энг яхши футболчиси: 2012
ЕЧЛнинг энг яхши ассистенти: 2011/12
«Олтин тўп» соҳиби: 2007
Клублар ўртасидаги ЖЧнинг «Олтин тўп» соҳиби: 2007
Бразилиянинг энг яхши футболчиси: 2002
Италиянинг энг яхши футболчиси: 2003/04, 2006/07

Манба: championat.asia

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here