Оққўрғонлик маньяк бир умрлик қамоқ жазосига гирифтор этилди… (ВИДЕО)

0

 

У Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги Хонобод қишлоғида яшовчи 1988 йили туғилган Зоҳид Отабоев бўлиб чиқди. Маньяк сўнгги 8 йил ичида қўшниларнинг уч нафар вояга етмаган гўдагини ваҳшиёна ўлдириб, ахлатлар орасига кўмиб юборган. Ачинарлиси, болаларни ўлдириб, бир туки сесканмаган. Гўё ҳеч нарса бўлмагандек, яшашда, қўшнилар билан мулоқот қилишда давом этган. Ўзининг айтишича, бу ишни қўшнилардан ўч олиш мақсадида амалга оширибди.

«Ўзбекистон 24» телеканали орқали намойиш этилган лавҳада айтилишича, 2010 йилдан шу маҳаллада яшайдиган оилаларнинг фарзандлари изсиз ғойиб бўла бошлади. Қидирувлар, суриштирувлар натижа бермади. Чунки улар ҳақиқатан изсиз ғойиб бўлар, болаларни топишда кўмак бериши мумкин бўлган биронта белги ҳам йўқ эди.

Отабоев биринчи бўлиб етти ёшли Шаҳбоз Муҳаммаджоновни 2010 йил июлида ўлдирди. Кўчада ўйнаб юрган болакайни кўрди-ю, интиқом палласи яқинлашганини англаб етди ва Шаҳбозни алдаб ўз уйига олиб кирди. Маньякнинг қўлида ўлиш бу болакайнинг хаёлига ҳам келмаганди. Зоҳид Отабоев дастлаб болага бир неча марта кучли мушт зарбаларини йўллади. Етти яшар бола ўша заҳоти ҳушидан кетди. Зоҳид бу билан ҳам тўхтамай, болани бўғиб ўлдирди. Ўлганига тўлиқ амин бўлгач, мурдани ҳожатхонадаги ахлатар орасига ташлади. Буткул чўкиб кетиши учун оёғи билан тепкилашни ҳам унутмади.

2014 йил августида Зоҳид қўшнининг 9 яшар ўғлини ўлдирди. Бу болани ҳам ўз уйига алдаб олиб кириб, Шаҳбозга нисбатан қўллаган усул бўйича ўлдирди. Бу мурдани ҳам ахлатлар орасига кўмиб ташлади.

2017 йил ноябрида қўшнининг 3 ёшли Зафар Азимбоев исмли ўғлини ўлдирди. Боланинг бошига кетмон билан уриб ўлдиргач, жасадни яна ахлатлар орасига кўмди.

Хайриятки, маньякнинг ваҳшиёна қотилликлари ниҳоят ошкор бўлди. Яшашдан маҳрум этилган уч нафар боланинг жасадини Зоҳид яшайдиган ҳовлидаги ахлатлар орасидан топишди. Тергов жараёнида маньяк айтдики, 2010 йили қўшни эркаклар нега ҳануз уйланмай юрганини гапириб, устидан кулганмиш. Бу Зоҳидга ёқмаган ва ўшандаёқ қўшнилардан шафқатсизларча ўч олиш, шу йўл билан уларга руҳий зарба беришни ният қилганмиш.

Суд адолатли ҳукм эълон қилди. Зоҳид Отабоев бир умрга озодликдан маҳрум этилди.

ca-news. org