ҚАШШОҚЛИК ҚАЪРИДАГИ ҚАЛБ… (Биринчи фасл. 7-қисм)

0

 

* * *

 

1983 йил. Тошкент.

 

Толибнинг важоҳатини кўриб Мелибой мироб ростакамига тамом бўлганди. Унинг қўлига ўралган қалин камарга қарагани сайин кексая бошлаган жуссаси дағ-дағ титрар, ёруғ дунёдан деярли умидини узганди.

«Шу кунгача бировдан кам, бировдан ортиқ яшадим, — ўйларди жавдираганча даҳшатлар чангалида Толибнинг ҳаракат бошлашини кутаркан. — Ҳеч ким мушугимни пишт демасди. Кайфим ошганда қишлоқдагиларга зўрлик ҳам қилиб қўярдим. Кимларнидир бўралаб сўккан пайтларим бўлган. Аммо қишлоғимдаги бирор эркак гезариб манави каби калтаклашга чоғланмаган, менсимай ҳақорат қилмаганди. Пешонам қурсин! Қандай кунларга қолиб ўтирибман. Эҳ, пандавақи мироб, ўлармидинг кулбангда жимгина ўтирсанг? Саёқ юрган таёқ ейишини билардинг-ку! Миянгни каламуш кемирмаганди-ку! Афсус, шу зўравоннинг қўлида ўлиш пешонамга ёзилган экан шекилли. Йўқса, ҳозиргидек итдан қочган мушукдай тумшайиб қолмасдим…»

Хайрият, миробнинг бахтига Сотим дилгирлик қилди. Толибнинг қўлига ёпишди-ю, камарни тортиб олиб бир четга улоқтирди ва қулоғига шивирлай бошлади.

Мелибой миробнинг қулоғи динг эди. Гарчи талваса зўр келса-да, барибир ҳайдовчининг сўзларини эшитди.

— Эсингизни йиғинг, ака, — дерди ҳайдовчи Толибга. — Яна бир бало бошланади. Ҳали бу чол бизга кўп керак бўлиши мумкин. Жаҳлга ҳай беринг!

— Ҳа-я, тўғри айтасан, — дея бошини силкита-силкита нари кетди Толиб. — Сал бўлмаса ўлдириб қўярдим. Яхши… Бас… Бас қиламиз!.. Бобой, узр, қизишиб кетдим, узр! Бунақа одатим йўғиди! Б-боринг, дам олиб туринг хонангизда! Ўзим чақираман!..

Мироб офатдан халос бўлганга беадад шукр қилиб ичига туфлай-туфлай бош эгган кўйи ўзига ажратилган хонага йўл олди. Сотим эса дарҳол зал эшигини ёпиб, Толибга яна нималарнидир уқтириш пайига тушди.

 

* * *

 

Орадан ярим соатча вақт ўтиб хона эшиги оҳиста тақиллади. Аслида Толиб ўтирган ерида бақириб чорлагувчи эди. Бу галги ҳаракати Мелибой миробни янада ҳушёр торттирди.

«Бу каллакесардан ҳамма нарсани кутса бўлади, — ўйлади эшикни очишга шошилмай. — Тағин бир балони бошламаган бўлсайди. Бошламагандир… Урадиган бўлса, боя уриб ташлай қоларди-да! Ҳойнаҳой, ичкилик ичишга чақираётган бўлса керак. Қизиғар, жа кўп ичаркан-да ўзиям! Молдай симиради-я заҳар деганини! Ўлиб ҳам қолмасакан-да одамзод! Уф-ф, мениям бир кун келиб алкаш қилмасайди бу занғар! Майли, чиқсам чиқа қолай. Бўкириб қолмасин яна!..»

Адашмабди. Эшикни очди-ю, қаршисида ҳайдовчини кўрди. У жилмайганча миробга бошдан-оёқ разм солгач, боши билан ташқарига ишора қилди.

— Бобой, сизни айлантириб келарканман, — деди у оғзининг таноби қочиб. — Бўла қолинг!

— Айлантириб? — ҳайрон бўлиб ҳайдовчига боқди мироб. — Қаерга?

— Шаҳарга, бобой, шаҳарга! — деди Сотим ҳайдовчи. — Акам қилган ишларидан анча пушаймон бўлдилар. Шунга… Сизни шаҳар айлантиришимни тайинладилар. Истироҳат боғларига, бозорларга кирамиз. Сизга янги кийимлар оберишим зарур экан.

— Қ-қўйинг-э, иним, — мироб кутилмаган илтифотдан хижолат тортиб ер чизди. — К-кийимларимнинг ҳали оҳори кетмади. Овора бўлиб нима қиласиз?

— Биласиз-ку, Толиб акам гапини икки қилганларни ёқтирмайдилар. Ҳозир ухлашга ётдилар. Қаранг, тонг ёришиб бўлди. Ғўнғир-ғўнғиримизни эшитсалар, уйқулари қочади, жинлари қўзийди. Келинг, тинчгина буйруқни бажарайлик! Иккаламизгаям яхши бўлади.

— Шунақами? — камбағал ҳам худди маталлардаги илондек гап экан. Бир оғиз яхши гап билан миробнинг кўнгли тоғдек кўтарилиб, руҳан еттинчи осмонга парвоз қилгандек бўлди. Хаёлан Толибни дуо қила-қила эгнига юпқа чопонини илди-да, ҳайдовчининг олдига тушди…

 

* * *

 

Воажаб! Катта шаҳарни айланиб, бир-биридан гўзал, сержило боғларни, бозорлардаги турнақатор расталарни кўрган миробнинг кўзлари чақнарди. Мева-чева, кийим-кечакларнинг бисёрлиги миробни ҳаяжонга солар, ўзи сезмаган ҳолда ҳар лаҳзада шаҳарга туғилиб ўсган қишлоғини таққослаб қўярди.

«Бе, бу ерлар жа обод экан, — ўйларди мироб ортга қайтаётиб. — Маҳсулотнинг кўплигини қара-я! Дўконлариям лиқ тўла бўларкан. Бизнинг маҳалладаги биттагина дўконда пештахталар пашша бозори бўлиб ётади. Шўрлик пашшалар ҳам егулик тополмай икки-уч кунда ўлиб беради. Сариёғларни қара! Худди бизнинг сигирдан олинадиган сариёғга ўхшайди-я вей! Шакар, колбаса деганларини айтмайсизми!?. Эҳ, шунинг учунам шаҳарликлар оппоқ, чиройли, момоқаймоқ бўларкан-да! Эҳ, мироб, мироб! Юрган экансан-ку сенам! Қишлоққа бориб кўрганларингни айтиб берсанг, ҳамманинг оғзидан сўлаги оқиб кетса керак…»

Ана шундай ўйлар оғушида кайфи чоғланган мироб эгнидаги янги кийимларни ҳадеганда ушлай-ушлай машинага яқин борди. Шу тобда кимдир орқадан исмини айтиб чақиргандек туюлиб шоша-пиша ортга ўгирилди.

Не кўз билан кўрсинки, ён қўшниси Ҳайдар сувчи ҳаллослаганча у томонга келарди.

Бегона юртларда ҳамқишлоғини учратиб қолиш одамни ғалати аҳволга солиб қўяркан.

Мелибой мироб тили танглайига ёпишган каби каловланиб қолди. Ҳатто Ҳайдар сувчи унга яқин келиб қучоқ очгандан кейин ҳам бир оғиз сўз деёлмади. Беихтиёр кўзлари намланиб, ўпкаси тўлиб келди. Шу кўйи бир неча дақиқа қўшнисини қўйиб юбормади.

— Вой-бў, жа фаранг бўп кетибсан-ку, қизиғар! — кўришиш якун топгач, Ҳайдар сувчи уни қўйиб юборди-да, орқа-олдини айланиб томоша қилган бўлди. — Қара-я, янги кийимлар сотволибсанми? Ишинг зўрми дейман-а, хумпар?

— Буни қўя тур, — деди мироб ҳаяжонини сир тута олмай. — Қишлоқдан гапир, қишлоқдан! Нима гап биз томонларда?

Ҳайдар сувчи бирдан жиддий тортиб, юзини терс бурди. Шу аснода гўё қашимоқчидек ўнг қўлини бошига яқин олиб бориб, яна пастга туширди.

— Бу ерларда нима қилиб юрибсан ўзи? — ниҳоят тилга кирди сувчи. — Қизинг шўрликнинг кўз ёшлари дарё бўп кетди-ку!

— Қизимнинг? Нега дарё бўлади? Нима қилди унга? Ким ранжитди?

— Болалар-да, мактабида бир-иккита оғзига кучи етмаганлари етимча, оққон деб қизинг шўрликни хижолат қипти. Бечора ўшандан бери мактабгаям бормай қўйибди. Менам билмасдим. Анави Йўлчи почтачи айтиб қолди. «Башарти миробни кўрсангиз, айтинг, тез келсин!» деб тайинлаганди. Қара, фаришталар омин деган экан. Сени учратдим…

Шундоқ ҳам тўлиб юрган одам учун бу тахлит хунук хабар ортиқчалик қиларкан. Мелибой мироб сувчининг хабаридан сўнг қизини кўз олдига келтирди-ю, сал қурса ағдарилиб тушаёзди. Яхшики, ҳайдовчи ёнида экан. Ўшанинг елкасини ушлаб қолди. Йўқ, айни чоғда мироб буткул бошқача аҳволга тушиб қолганди. Ҳайдар сувчининг, ҳайдовчининг сўзлари қулоғига кирмас, пешонасини муз тер босган кўйи нуқул нималардир дея талмовсирар, кўксида кучли титроқ зоҳир эди…

 

* * *

 

Мелибой мироб Толибнинг квартирасига қандай етиб келганини-да билмади. Ҳайдовчининг қайтаришига, овутишига ҳам эътибор қилмай, жонҳолатда зиналардан юқорига кўтарилди-да, шаҳд билан эшикни очиб ичкарига кирди.

Толиб дастлабки куни квартира эшигини аста очишни, ичкарига ҳам ҳовлиқмасдан киришни тайинлагич эди. Аммо бугун миробнинг хаёли қочди. Кўзига ҳеч нарса кўринмади. Тайинланган сўзларни идрок эта олмади. Кўзлари жиққа ёшга тўлган ҳолда кирди-да, залда ким биландир телефон орқали гаплашаётган Толибнинг рўпарасида тўхтади.

Негадир Толибнинг таъби тирриқ эди. Телефон орқали кимларнидир бўралаб сўкди, қайта-қайта уф тортиб қаршисида сўппайганча туриб қолган миробга бир неча марта ўқрайиб қўйди. Мелибой мироб эса бунга ҳам эътибор бермади. Ўзи билан ўзи овора бўлди. Ич этини еб, тезроқ дардини мана шу йигитга тўкиб солгиси, кўмак сўрагиси келди.

Ниҳоят Толиб гўшакни жойига қўйди-да, сал наридаги курсига ястаниб олган ҳайдовчи томон ўгирилди.

— Сотим, ишлар чатоқ, — деди у қўлларини мушт қилиб. — Баҳромнинг одамлари суюкли жиянимни ўғирлаб кетибди. Ифлослар шу йўл билан мени синдиришмоқчи шекилли.

— Баҳром?.. — Сотим бу исмни эшитгани ҳамоно даст ўрнидан туриб Толибга яқинлашди. — Ўтган гал охирги гапингизни айтгандингиз-ку, ака! Адашмасам рози бўлувди. Яна нима керак экан унга?

— Шаҳар марказидаги бозор керак-да! Нима бўларди? Шунинг дардида билган қандини еяпти. Билади, Мастура жиянимни жонимдан ортиқ кўраман. Шуни билади у ит, билади!

— Ака, ахир, сиз у бозорни ҳамма текширувчилардан ҳимоя қиласиз! Қанча югургансиз шуларнинг дардида! Нега у тайёрга айёрлик қилади?

— Ҳозир бош қотириб ўтирадиган пайтмас, — ҳайдовчининг гапини кесди Толиб. — Ифлослар жиянимга бир бало қилмасидан уни қутқаришимиз керак.

— Хўп, ака, — қаддини ғоз тутиб хизматга шай турди ҳайдовчи. — Нима қилай?

— Баҳром учрашиб гаплашиб олишни таклиф қилди. Сен ҳозир бизникиларга қўнғироқ қилиб, у учрашув жойига қанча одам билан боришини аниқла.

— Хўп бўлади, ҳозироқ аниқлайман!

Мелибой мироб шу тобда нима қилишни билмасди. Чиқиб кетаверай деса, Толибнинг муаммосига эътиборсизлик қилиб қўядигандек туюлар, тураверишга эса кўнглини тирнаётган дард йўл бермасди.

Сотим ҳайдовчи стол устида турган телефон орқали аллакимлар билан гаплашди, келишди, нималарнидир уқтирди. Сўнгра гўшакни жойига қўйиб Толибга юзланди.

— Бўлди, ҳал қилдим, — деди у ер чизиб. — Саккиз киши келаркан.

— Аниқми? — сўради Толиб дағдаға билан. — Тағин қовун тушириб юрмагин!

— Аниқ. Биласиз-ку, Анвар зўр ишлайди. У ҳеч қачон бизни мулзам қилмаган.

— Бўпти, кетдик унда! — дея ташқарига йўналди Толиб. — Тезроқ ҳал қилайлик-да, Баҳромнинг думини тугайлик! Ҳали у ит эмган менинг кимлигимни билмайди шекилли…

Мелибой мироб яна таҳлика ва саросима исканжасида қолганди. Кўрдики, Толиб ҳам, ҳайдовчиси ҳам ўзлари билан овора, миробга умуман эътибор беришмаяпти. Хўш, нима қилсин? Сўрасинми? Нима деб сўрайди? Нимадир деса-ю, Толиб бобилаб берса-чи? Силтаб ташласа-чи?

Мусофирчилик, йўқсиллик қурсин! Мироб улар то остонага етгунча тилини тишлаган кўйи тек қотди. Аммо нимадир қилиши, Толибдан гап олиши шарт эди.

Таваккал олдинга юриб, уй эгасига сўз қотди.

— Иним, мен… Нима қилай?

Шундагина Толиб миробга юзланиб, афтини бужмайтирди. Эгнидаги янги кийимларга менсимайгина назар солган бўлиб қўли билан ташқарини кўрсатди.

— Сизам шу ердамидингиз, бобой? — деди у сал паст тушиб. — Юринг, биз билан бирга борасиз!..

Мелибой мироб бу гапдан сўнг ҳийла кўнгли таскин топди ва руҳан енгил тортиб Толибга эргашди.

 

* * *

 

Кечқурун Мелибой миробни умри бино бўлиб кўрмаган бир бинога олиб боришди.

Атрофини саттанг-а девдек-девдек барзангилар ўраб олишганининг ўзи миробни қисинишга мажбур этар, уялганиданми, ер ёрилса ерга кириб кетгудек базўр қадам ташлаётганди.

Шифтларига каттакон-каттакон ялтир-юлтир қандиллар осиб ташланган, деразаларига алламбало пардалар илинган бу кошонага киргач, миробнинг бўлари бўлди. Оёқ остидаги ялтироқ мармарларни, сал ўтиб одамнинг кўзини қамаштиргудек қип-қизил гиламларни босиб ўтишга ийманаверди.

«Ё қудратингдан, — ўйларди мироб рестораннинг тўрт бурчагига қайта-қайта тикилиб. — Қадимги пошшоларнинг саройига ўхшайди-я бу!.. Нимайкан ўзи? Бирор каттаконнинг идораси бўлса-я? Унда нега бир хил кийинган анави йигит-қизлар елкаларига сочиқ ташлаганча қўл қовуштириб туришибди. Ё ўша каттакон идорасида ҳаммага ош бераётганмикан? Ҳа-да, унақалар ҳамманиям ошга чақиравермайди! Толибга ўхшаган каллакесар, зўравон, пулдорларни чақиришади. Эҳ, бекор келибман-да! Ҳойнаҳой, анави елкасига сочиқ ташлаган, ҳов анави столлар олдида ўтирган казо-казолар роса устимдан кулишаётгандир? «Бу қишлақи нима қанд еб юрибдийкан ошда?» деб қўйишаётгандир?.. Эсиз, Толиббойга ялиниб бўлсаям ўша каталагида қолавермабман-да!..»

Толиб ва ёнидагилар эса ичкарига сира тап тортмай дадил кириб боришди-да, ўзларини оҳорли, ғалати-ғалати дастурхонлар ёзилган столлар атрофига ташлашди. Бу ҳам етмагандек, барчалари иккала қўлни орқага ташлаган кўйи чуқур-чуқур хўрсиниб ҳам олишди.

Мелибой мироб уларга бир-бир ер остидан разм соларкан, ҳануз қаерга келишганини, нима мақсадда бу кошонага киришганини идрок эта олмас, лекин сўрашга ботина билмасди. Иккинчи томондан қизи ҳақидаги хабар вужудини ўртар, Ҳайдар сувчининг хунук хабари нуқул қулоқлари остида жаранглагандек бўларди.

— Ҳой бобой, — тўрда ўтирган Толиб кутилмаганда миробни эслаб қолдими, қўлини пахса қилганча сўз қотди. — Намунча қисинаверасиз? Ё хурсандмасмисиз?

— Й-йўқ, иним, — миробнинг зўрға овози чиқди. Худди ёш бола каби сесканиб жуссасини ростлади-да, икки қўлини кўксига қўйди. — Яхшиман, яхши!

— Бу ер ресторан дейилади, бобой, — деди Толиб керилиб. — Ҳеч кирганмисиз шунақа жойларга?

— Й-йўғ-э, — жавоб қилди мироб айбдор банда каби бош қашиб. — Бизнинг қишлоқларда…

— Бўпти, ёйилиброқ ўтираверинг! Кўрдингизми, нималарга қодирмиз? Йўқ, кўрдингизми анави Баҳромнинг аҳволини? Чунки биз зўрмиз. Зўр билан олишганнинг бели синади, бобой!

— Ҳ-ҳақсиз, — деди мироб тутилиб. — Яшанг! Бопладингиз. Ахир… Бировнинг дилбандини ўғирлаш инсофданми? Жа юзсиз экан-да ўша… Б-баҳром!..

— Тўппа-тўғри, у юзсиз, ит эмган бир ифлос. Ҳали қараб турсин, шаҳардан сиқиб чиқармасам эркакмасман!.. Ҳой официант, келмайсанми буёққа?

Официант ҳам алоҳида таклиф кутаётган эканми, елкасидаги сочиқни йўл-йўлакай тўғрилай-тўғрилай Толибнинг тепасида ҳозир бўлди.

— Бизларга арман коньягидан келтир! — буюрди озғингина официантга Толиб. — Зўридан бўлсин! Агар ёмонини келтирсанг, акангминан қўшиб… Хафа қиламан-а! Мени танийсанми ўзи?

Официант қўлини кўксига қўйганча бош эгиб жавоб қилди.

— Сиздай ҳурматли одамларни танимай бўларканми, ака?

— Яша! Бор энди, опкел опкеладиганингни! Томоқ тақиллаб кетди! Биз айш қиламиз, айш!..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ