ҚАШШОҚЛИК ҚАЪРИДАГИ ҚАЛБ… (Биринчи фасл. 8-қисм)

0

 

* * *

 

Мелибой мироб азбаройи хижолатда қолганидан, қолаверса, қизининг ташвиши туфайли кўп ичмади. Маст-аласт йигитлар, Толибнинг аҳён-аҳёнда жаранглаб қоладиган сўровларига жавоб қилиш, гоҳида уларни мақташ, руҳлантириш билан чекланди.

Уйга қайтгач эса қоронғи хона мироб учун гўристондан-да даҳшатлироқ, совуқроқ туюлиб кетди.

Суюклисини кўз олдига келтиргани сайин юраги тўкилаверди. Товуш чиқарса, яна Толиб бақириб қолишидан қўрқиб кўрпа остига кириб олганча қизи билан ғойибона тиллашди, уни овутди, кўнглини кўтарган бўлди. Шу баҳонада тағин қисматига лаънатлар ўқиди. Худодан шафқат тилашни ҳам унутмади.

Шу тахлит мироб тунни бедор ўтказди. Боши ҳийла карахтланганига эътибор бермай эрталаб залга чиқди. Толиб ёлғиз ўзи телевизор томоша қилар, ора-сирада дастурхонга қўйилган яхна гўштдан тишлаб-тишлаб оларди.

«Ишқилиб, шу каллакесарга инсоф берсин, — кўнглидан кечирди мироб ими-жимида саломлашиб, қимтинган кўйи курсига чўкаркан. — Ҳозир дардимни дастурхон қилсам, нима деркин? Жеркиб берса, кўнглим оғрийди-ку, худойим! Булар ёши ўтиб бораётган одамнинг кўнглига қарашни билмаса. Ўз ташвишларига кўмилганча юраверса! Нима қилай? Гапни нимадан бошлай? Ё мақтаб кўрсаммикан? Кўринишидан кайфи чоғдек. Сира шу йигитнинг феълини англай олмадим-да! Қачон, қандай гапни айтиш лозимлигини билмасам!.. Йўқ, айтаман, тепкилаб ташласаям сувчининг хабарини етказаман. Ортиқ ичимга ютиб ўтира олмайман! Нима бўлса бўлар! Таваккал!..»

— Ҳа, бобой, дам олиш қалай бўлди? — бахтига Толибнинг ўзи биринчи бўлиб сўз қотди. — Ресторан ёқдими-и?

— Оҳ, — гарчи кўнглига шу тобда қил сиғмаётган бўлса-да, ёлғондакам хушомад қилишга ўтди мироб. — Бунақа жойлар илгари фақат пошшоларда бўлган, иним! Қаранг, қандиллар, гиламлар… Машшоқлариям жа зўрларидан экан!

— Биз мана шунақанги жойларда кайф қиламиз, бобой, — Мелибой миробнинг мақтовидан руҳланган Толиб янада керилди. — Хавфли ёвнинг қанотини синдирдик. Кўрдингиз-ку, сал бўлмаса оёғимни ўпаёзди ўша баччағар!

— Ҳа-, ўпмай ҳам кўрсин эди, — деди мироб ясама тиржайиш қилиб. — Ҳолига маймунлар йиғларди. Ким бўлибди сизнинг олдингизда ўша мишиқи?

— Менга қаранг, нега шаштингиз паст? — беихтиёр миробнинг кўзларига боқиб жиддийлашди Толиб. — Нима бўлди яна? Шунча зиёфатларга олиб борсам ҳам мундоқ очилай демайсиз-а, вей!

— Э, иним, — қўрқа-писа гап бошлади мироб. — Кеча бозорда бир ҳамқишлоғимни кўриб қолгандим. Ўша қурмағур совуқ хабар келтирибди.

— Совуқ хабар? — Толиб беихтиёр ҳушёр тортиб миробга яқинроқ сурилди. — Нима бўпти?

— Қизим шўрликни мактабида роса калака қилишибди, дарсларга бормай қўйганмиш. Уззукун йиғлаб аммасини хун қилаётганмиш. Мени кўз тикиб кутаётганмиш.

— Шунақа денг? — Толиб оҳиста ўрнидан қўзғалди. — Адашмасам, қизингиз хаста эди шекилли? Шундаймиди?

— Ҳ-ҳа, шундай. Жуда ҳайрон бўп қолдим. Нима қилишни билмайман. Туни билан кўз юммадим. Ёлғиз қизим кўз олдимдан кетмади, иним.

— Шунақа денг? — саволини такрорлади Толиб лаб тишлаб. — Нима қилсам экан-а сизнинг муаммонгизни? Нима қилсам дардингиз арийди экан?

— М-менга бир-икки кунга рухсат бериб турсангиз…

— Бас қилинг! — кутилмаганда миробни жеркиб ташлади Толиб. — Ҳадеб битта гапни чайнайвераркансиз-да! Бирпас сабр қилиб турсангиз, топамиз чорасини!

— Хўп, хўп, узр, иним, узр!

— Ҳм-м… Нима қилсак бўлади?.. Қандай йўл тутамиз?..

Толиб ғудранганча хонани айлана-айлана, охири бир қарорга келдими, илкис ортга ўгирилди ва стол устидаги телефонга ёпишди. Керакли рақамларни териб бўлиб, столни муштлай-муштлай жавоб кута бошлади.

— Ҳа, сенмисан? — сўради у ниҳоят баланд овозда. — Сотим, қайдасан ҳозир?

— Бозордайдим, — жавоб қилди ҳайдовчи. — Кеча ўзингиз буюрган иш бўйича юргандим.

— Ҳал қилдингми? Битдими?

— Деярли битди ҳисоб.

— Тез тугатгин-да, меникига кел! Айтганча, машинага тўлдириб бензинам қувол! Бир жойга бориб келамиз.

— Хўп бўлади, ака! Ярим соатда олдингизда бўламан.

Толиб гўшакни жойига қўйди-да, Мелибой миробга бир муддат тикилиб қолди.

Мироб эса ҳаяжондан билинар-билинмас титрар, Толибнинг сўнгги сўзини интиқ кутарди.

— Дўппини осмонга отаверинг! — деди ниҳоят Толиб кулимсираб. — Қишлоғингизга бориб келадиган бўлдингиз.

— Р-ростданми? — сўради ҳовлиқиб мироб. — Ростдан айтяпсизми, иним?

— Нима, бирор марта алдаганимни кўрдингизми? Намунча шаккок бўлмасангиз? Борасиз дегандан кейин борасиз-да!

— Умрингиз узоқ бўлсин, илойим! — мироб ҳаддан ташқари суюнганиданми беихтиёр қўлларини дуога очди. — Нима ният қилган бўлсангиз, худо ўнгласин! Мен… Чиқаверай унда!

— Қаерга шошасиз? Ҳозир Сотим келади, ана ундан кейин уччаламиз бирга жўнаймиз.

— Сизам-а? — Толибнинг кутилмаган гапини эшитиб, мироб унга ишонқирамагандек нигоҳ ташлади. — Ў-ўзингизам борасизми?

— Нима, бир ўзингизни ёлғиз жўнатади деб ўйловмидингиз? Чучварани хом санабсиз, бобой!

— Ие, ие, унда… Тезроқ ҳозирлигимни кўриб тура қолай! Сизларни маҳтал қилиб қўймай!..

— Ҳа, — деди Толиб қовоқ уйиб. — Ваннахонага кириб чўмилинг! Ҳарқалай, шаҳардан боряпсиз. Кейин… Соқолниям қиртишлаб олсангиз ёмон бўлмайди. Тез бўлинг, бобой!

Мелибой мироб оёғини қўлга олганча Толибга қуллуқ қила-қила ваннахонага ғизиллади.

 

* * *

 

Бу йилги қиш алдамчи келди. Бир кун қаттол совуқ жонни узиб олар даражада изилласа, эртаси куни қуёш чарақлайди-ю, камбағалнинг елкасига тафт бериб, жонини ҳузурга тўлдиради.

Мелибой миробнинг хуш кайфиятига ҳаво ҳам шерик бўлмоқчидек, йўлга чиққанда Қуёшбобо тафтини дариғ тутмади. Мироб олдинда жимгина кетиб бораётган Толибга боқаркан, шу тобда ич-ичдан фахрланди. Тун бўйи вужудини тарк этмаган ташвишлар, қайғулар, афсус, надоматлар тумани тарқаб, тани яйради. Яқин ўтмишдаги хафагарчиликлар ортда қолди. Тушкунликлар ботқоғи нари чекинди. Кўнгли ҳайитдагидек чоғланди. Бундай лаҳзаларда дунё ҳам бандасининг кўзига жуда гўзал кўрина бошларкан. Мелибой мироб қадрдон юртига яқинлашиб келаркан, турнақатор мирзатераклар, мўйсафид толларга суқ билан тикиларди. Қип-яланғоч бўлса-да, улар миробнинг қалбига олам-олам қувонч улашгандек туюларди.

Ўйланиб ўтириб, миробнинг хаёлига даъфатан қишлоқдошлари, Соли тегирмончи, ҳамиша кеккайиб юргувчи Султон дўкончи, Турдимат бригадир келиб оғзининг таноби қочди. Уларнинг ёнида Толибни тасаввур эта бошлади. Сўнгра эгнидаги янги кўйлак, костюм-шим, юпқа, айни казо-казолар киядиган чопонни ушлаб-ушлаб олди.

«Ҳа-а, — ўйлади мироб мийиғида кулимсираб. — Ҳозир қишлоққа мана шундай ҳайбатидан от ҳуркадиган машинада кириб борсам, биринчи ўринда Соли тегирмончининг жони чиқиб кетса керак. Султонни-ку, айтмай қўя қолай. Қарзи узилишидан умидвор бўлиб оёғи куйган товуқдай чопқиллаб қолади. Турдимад биргад-чи? Ў, узоқдан қулочини ёзиб келар-ов! Ҳа, кейин «бу укамизни таништирмадинг-ку!» дейишади. Мен виқор билан Толибни уларга кўз-кўзлайман. Ў, кимлигини эшитишса, биргадигаям, дўкончи-ю, тегирмончисигаям сичқоннинг ини минг танга бўлмаса, мен кафил! Нима бўларкан кейин-а? Биргаддан қўшимча томорқа ундирволсаммикан? Қўрққанидан берворарди. Ана ундан кейин ошиғим олчи эди. Буғдойим жа мўл бўларди…»

Мелибой мироб то қишлоққа етгунча турли ширин хаёллар уммонида сузди. Бу уммоннинг баҳайбат ва бир-биридан сарбаланд тўлқинларини осонгина ўзига бўйсундира олди. Хаёлан бутун бир қишлоқ одамларига қадди-бастини, туриш-турмушини намойиш этди. Марҳума хотинини ёдга олди. Хаёлан бўлса-да, унинг ҳақига дуо қилди. Охиратини обод қилишини тилаб Яратганга ёлворди.

Машина қишлоқ кўчасига бурилгач эса, мироб ўзгача севинч ва фахр билан Толибга сўз қотди:

— Иним, мана шу бизнинг қишлоқ бўлади! Қаранг, қандай чиройли қишлоғим бор!

Толиб машина ойнасинидан бошини чиқариб чуқур-чуқур нафас оларкан, тўсатдан ортга ўгирилди ва Мелибой миробнинг елкасига қўл ташлаб, хохолаб кулган кўйи қичқирди:

— Бобой! Бардам бўли-инг! Чойхона палов дамламас экансиз, сизга кун йўқ! Кун йўқ!

 

1983 йил. Фарғона.

 

* * *

 

Мелибой мироб машина маҳалласига қараб бурилгани ҳамоно ҳовлиққанча Толиб томон ўгирилди.

— Иним, — деди у негадир қизариб-бўзариб. — Иложи бўлса, олдин қайнсинглимникига ўтсак девдим-да! Қ-қизим ўша ердайди!

— Э, бошланг-да қаерга бўлса! — қўл силтади Толиб. — Биз қайдан биламиз? Хўш, қай тарафга юрайлик, бобой?

— Ҳ-ҳозир орқага қайтиб нариги кўчага киришимиз керак эди. У-узоқмас, узоқмас! Бир қадам, ҳа!

Ҳайдовчи машинани орқага қайтарди-да, мироб кўрсатган йўлга бурди.

Мелибой мироб манзилга яқин қолгани сайин баттар тўкилиб борарди. Нуқул титрарди. Гоҳ Толибга бўзрайиб боқар, гоҳ эгнидаги оҳорли кийимларни сиқимлаб-сиқимлаб қўярди.

Машина чамаси юз метрча юрдими-йўқми, миробнинг кўзи анча наридан келаётган Султон дўкончига тушди.

Дўкончи пиёда келарди. Қандайдир бўғчани қўлтиқлаб олибди. Узоқдан келаётган бегона машинага кўзи тушиши билан таққа тўхтаб чап кафтини пешонасига тираган кўйи туриб қолди.

— Иним, — дея дўкончи турган томонга ишора қилди мироб. — Ҳув анави одам қишлоғимизнинг дўкончиси. Қаранг туришини!..

Толиб менсимайгина мироб кўрсатган тарафга кўз ташлади-да, афтини бужмайтирди.

— Нима қипти дўкончи бўлса? — деди у эснаб. — Ё қарзингиз бормиди?

— Ҳа-да, — жонланди мироб. — Айтгандим-ку, янгангиз раҳматли ўтиб қолган куни нақд икки юз сўм санаб берганди. Шунинг қарзини тўлайман деб ҳалигидай шаҳарга жўнаворгандим-да, иним!

— Сотим, — ҳайдовчига юзланди Толиб қовоқ уйиб. — Машинани ҳов ўша қариянинг рўпарасида тўхтат! Бобой, ҳозир тушасиз-да, дўкончингиз билан сўрашасиз. Қўрқманг, мен ўтирибман бу ерда! Қуюқ сўрашинг! Кейин мана бу пулларни ими-жимида қўлига берасиз!

— Хўп бўлади, хўп! — Мелибой мироб машина тўхтагач, шошиб пастга тушди-да, дўкончига қучоқ очди.

— Ие, Мелимисан? — Султон дўкончи кутилганидек сўрашиш ўрнига миробнинг эгнидаги янги кийимларга қараб бақрайди. — Вей, хумпар, ясаниб олибсанми? Тағин… Манавинақанги машиналарда кепсан? Бойиб кетдингми нима бало?

Бу Мелибой мироб бир умр орзулаган, ярим тунлари тўлғониб, оҳ чекканда худодан астойдил сўраган онлар, энди у ўша орзулари ушалиши учун ўйлаб қўйган гапларини тилига кўчириши, ҳеч қурса дўкончини лол қилиши шарт эди.

Мелибой мироб худди ёш боладек иягини кўтариб, икки қўлини белига қўйганча дўкончининг қаршисида бир айланиб қўйди. Шу ҳаракат сабаб қалбидаги армонлар бирпас чекингандек, хумордан чиққандек, аламлари тарқагандек бўлди. Султон дўкончи унинг қилиғидан баттар ҳайратга тушиб бир қадам ортга тисланди.

— Мели, қанча пул ишладинг? — аста шивирлаб сўради дўкончи машинага зимдан кўз ташлаб оларкан. — Манавинақанги пўрим бўп келганингга қараганда, анча-мунча пул топгансан-ов-а? Топдимми?

— Э, ака, — деди мироб ҳамон икки қўлини белига тираб. — Қачон қараса пулдан гапирганингиз гапирган-а, вей! Келинг, олдин манавини олиб қўйинг-да, кейин кўришайлик!

Султон дўкончи миробнинг бу таклифини рад этиб ўтирмай, пулларни олиб дарров киссасига беркитди ва бағрини очди. Қучоқлашиб кўришиш баҳонасида атайин миробни бир-икки кўтариб-кўтариб қўйди.

Шу орада Толиб машинадан тушиб уларга яқин келди.

— Ака, бу менинг тутинган иним, — Толибни дўкончига таништира кетди мироб. — Шаҳардаги казо-казоларнинг олди десам ишонаверинг!

— Қуллуқ, қуллуқ! — дўкончи қаршисидаги барваста, совуқ нигоҳли Толибга ер остидан ҳуркканнамо қараганча қўл бериб сўрашди. — Яхши етиб келдингизми, меҳмон?.. Айтганча… М-меҳмонни бизникига олиб кирақол, Мели! М-меҳмон қиламан ўзим, ҳа!..

Толиб эса атайинми, кутилмаганда Мелибой миробнинг елкасидан қучди-да, дўкончига мақтай бошлади.

— Бу инсон ҳақиқатан отамдай бўп қолган! Қаранг, ўзини ёлғиз юборишга кўнглим ишонмай бирга келавердим!..

Бу гапи Мелибой миробни буткул талтайтириб юборди. У ғалати тиржайиш қилиб, қисқа-қисқа йўталиб олди. Шу баҳонада Толибнинг илгариги жеркиганлари, силташлари, номақбул ишларга бошлаганлари унут бўлгандек туюлди. Ўзини гўё фарзандининг танти отасидек тутиб, дўкончига сал юқорироқдан қарай бошлади.

— Қ-қани, меҳмон, — дея дўкончи тутила-тутила маҳалла тарафни кўрсатди. — Юринглар бўлмаса! Бирпасда ош дамлаймиз! Хуш кепсизлар!

— Раҳмат, отам, — деди Толиб чўнтагини ковлаб сигарет чиқариш асносида. — Биз ҳозир Севинч синглимни кўриб чиқмасак бўлмайди. Ундан кейин борсак борармиз!..

Мелибой мироб дўкончидан фақат бир гапни кутганди. Ҳозир-ҳозир Толибни саволга тутади, тағин бойлик, пулдан гап очади деб хаёл қилганди.

Ундай бўлмади. Дўкончи Толибни, ярқираган машинани, миробнинг эгнидаги кийимларни кўргандаёқ тамом бўлаёзганди. Ундай гаплар хаёлига келмади чоғи. Ёки кейинроқ, меҳмонга чақирса, сўраб олишни кўнглига тугди…

Машина миробнинг қайнсинглиси яшайдиган уй тарафга жўнагандан кейин ҳам Султон дўкончи қимир этмай тураверди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ