ҚАШШОҚЛИК ҚАЪРИДАГИ ҚАЛБ… (Биринчи фасл. 10-қисм)

4

 

* * *

 

Сониялар, дақиқалар, соатлар ўтиб борарди. Ичкилик пича қиздиргач, меҳмонлар ўзларини қўйиб юборишган, латифабозлик, ҳазил-ҳузулга ўтиб олишганди.

Фақат Мелибой миробнинг ичига чироқ ёқса ёришмасди. Бошида дўхтир чақирдимикан деб ўйлаб, роса қувонганди. Толибнинг талаби билан қизини дўкончиникига олиб келиб хотин-халаж ўтирган хонага киритиб юборганди. Аммо ҳадеганда «табиб» дейилавергач, кўнгли чўка бошлади. Ўзича «табибига қолибди-да қизимнинг куни! Шаҳар сўраган йигит бўлса, бирор катта дўхтирни чақирсаям бўларди. Табиби тоғдан териб келган гиёҳни беради-ю, Толибнинг пулини қуртдай санаб олиб жуфтакни ростлайди. Қизи-чи? У касаллигича қолаверади. Толиб эса «ана, кўрдиингизми, шаҳардан катта табибни олиб келиб қизингизни қаратдим!» дея миясига муштлайдиган бўладими? Эсиз! Розилик бермасам бўларкан», дея ич-этини еяётганди.

Вақт хуфтонга яқинлаганда олдинига кўчада машинанинг чўзиб сигнал чалгани қулоққа чалинди. Толиб сигнал товушини эшитибоқ Сотимни ташқарига тезлади. Ҳеч қанча ўтмай, дўкончи ва Сотим ҳамроҳлигида ёши олтмишга борган, озғин, кўзойнакли эркак кириб келди.

— Э, бормисиз, табиб? — Толиб ўтирган ерида янги меҳмонга қўл узатди. — Қани, ўтиринг! Хўш, яхши етиб келдиларми ишқилиб?

— Раҳмат, Толиббой, раҳмат! — ийманибгина жавоб қилди у ва бош ирғаб қолганлар билан сўрашган бўлди.

Дастурхонга фотиҳа ўқилгач, кайфи ошиб қолган Толиб миробга юзланди.

— Бу киши фалон институтда профессор, — меҳмонни таништирди у. — Исми-шарифлари Арсен ака. Жа катта дўхтирлардан. Қани, қизингизнинг олдига бошланг дўхтирни!

Шундан кейингина Мелибой миробнинг кўнгли ёришди. Меҳмоннинг аслида табиб эмаслиги, катта дўхтирлардан эканини эшитиб ич-ичдан қувонди ва пилдираганча дўхтир ва Толибни дўкончи кўрсатган алоҳида хонага бошлади…

Арсен ака барчанинг кўз ўнгида Севинчни обдон текширди. Сўнгра ускуналарини қайтадан сумкага жойлади-да, пешонасидаги терларни дастрўмолчасига арта-арта Толибга юзланди.

— Бу қизим ҳечам оқ қонмас, — деди у. — Ким айтганди ўзи бу гапни?

Мелибой мироб кутилмаган гапдан юраги така-пука бўлган кўйи Арсен акага жавдираб боқди.

— Анави… Поликлиникамиздаги дўхтир айтганди текшириб кўриб, — деди мироб қўрқа-писа. — Кейин…

— Ғирт аҳмоқ экан ўша дўхтирингиз, — Арсен ака қовоқ уйиб қўл силтади. — Туппа-тузук қизни оққонга чиқариб қўйибди-ку! Қайси институтни тугатган экан ўзи у? Мол дўхтир эмасмиди мабодо?

— Б-билмасам… Дўхтир… Қ-қизим соппа-соғми ростдан? — мироб сўнгги саволни шу қадар қўрқув, ваҳима, саросима аралаш бердики, бу ҳолатини Толиб ҳам аниқ пайқади.

— Нима десам экан? — Арсен ака бош қашиб олгач, ер чизганча давом этди. — Қизингиз камқон экан. Шу холос. Лекин камқонлик қўрқинчли касалликмас. Даволаса бўлади.

— Ие, камқон дейсизми? — мироб ҳеч нарсани тушунмай Арсен акага яқинроқ борди. — Қ-қанақасига? Ахир…

— Темир моддаси етишмаса, организмдаги қон миқдори кескин камайиб кетади. Айнан шу нарса ҳолсизланиш, беҳушликларга сабаб бўлади.

— Менга қаранг, ҳурматли табиб, — орага тушди Толиб тоқатсизланиб. — Қанақа дори керак бўларкан? Шундан гапиринг!

— Толиббой, хафа бўлмайсиз-у, камқонликка қарши зўр дори бор. Локигин жуда қиммат туради. Янглишмасам, дорихоналардан топиш ҳам анча мушкул у дорини.

— Бўлди, лағмондай чўзвордингиз гапниям, — Арсен акани кесиб ташлади Толиб. — Ундан кўра, ўша дорининг номини ёзиб беринг менга! Қолгани билан ишингиз бўлмасин!

— Хўп бўлади! Ҳозир-да!

Арсен ака шоша-пиша сумкасидан оқ қоғозча, ручка чиқарди-да, дори номини ёзиб Толибга тутқазди.

— Тамом! — дея Мелибой мироб томон ўгирилди Толиб. Шу орада Севинчга бир назар солишни-да унутмади. — Бобой, қизниям ўзимиз билан бирга опкетамиз. Шаҳарда даволанади. Қани, бўлинглар энди! Ҳурматли табибни Дамир кузатиб қўяди. Айтганча, Дамир, тез ўша ваъда қилган нарсаларни машинамга ташлаб қўй! Сени келаси ҳафтада шаҳарда кутаман.

Мелибой мироб ҳайрон эди. Ҳали дўкончиникидагилар паловхонтўрани олиб киришмади. У эса кетишга чоғланиб қолди.

— Иним, — таваккал Толибнинг йўлини тўсди мироб. — О-ош-чи? Ахир…

— Ошниям шаҳарда еймиз! Қани, бўла қолинглар тез! Эртага эрталаб қизингизга керакли дориларни етказишади. Тезроқ даволанишни бошласин!

Толибнинг бу қароридан Мелибой мироб фахрланса, севинса, дўпписини осмонга отса арзирди. Нима бўлганда ҳам у миробнинг қизи ҳақида қайғурмоқда. Олисдан дўхтир чорлаб текширтирди. Касали хавфли эмаслигини аниқлаштириб, мирообнинг кўнглини таскин топтирди. Бунинг учун мўмай пул ҳам тўлар. Энди эса Севинчни шаҳарга олиб кетиб ўзи даволатмоқчи. Қиммат дориларни олиб бермоқчи. Фақат… Миробнинг дарди ичида эди. Хотини раҳматлининг қабрига бормоқни, у билан ёлғиз қолиб дардлашмоқни, бўлаётган ишларни айтиб мақтанмоқни ихтиёр қилганди. Бундан ташқари, таниган-билган, ёр-биродарларга қўрсайишни ҳам дилига тугиб қўйганди. Барчаси армонга айланадиган бўлди. Бу ҳам етмагандек, иблис ҳалитдан миробнинг кўнглига ғулғула сола бошлади. Нуқул «Ҳой, овсар эркак, ҳушёр бўл! Бу каллакесар қизингни бир бало қилиб қўймасин! Қўлингдан нима келарди? Шаҳарга борма!» дея ҳайқирмоқда. Афсуски, мироб шайтоннинг бу чақириғига акс жавоб бермаганидек, Толибга ҳам қарши сўз айта олмайди. Билади. Толиб шаҳридан олисдалигига қараб ўтирмаслиги, ҳаммаёқнинг тўс-тўполонини чиқариб юбориши ҳеч гапмас.

«Майли, шукр қилаверай, — кўнглидан ўтказди мироб суюкли қизининг бўғчаларини олиш ниятида Толиб етагида ўз ҳовлиси томон йўл оларкан. — Пешонамизга ёзилгани-да энди! Инсоф қилса, Севинчимни ҳаққоний даволатиб, қишлоққа жўнатар, аксинча бўлса… Аксинча бўлса, менинг, қизимнинг, ўзининг ҳам бошига етар!..»

Сўнгги қарори миробни дадиллаштирди. У Севинчнинг номуси йўлида ҳеч қандай қабиҳликдан қайтмаслигини қалбан чуқур ҳис этиб, ўз ҳовлиси дарвозаси қулфини оча бошлади.

 

1983 йил. Тошкент.

 

* * *

 

Яккаю ёлғиз жигарбандинг бағрингда бўлса, унинг ҳеч қаерга кетиб қолмаслигини қалбан ҳис этсанг, соғинч ҳисси ҳадеганда бағрингни ўртаб, руҳан азоб бермаса, барибир кўнгил осойиш топаркан. Андуҳлар, аламлар, даҳанаки ташвишлар, қайғу нари кетаркан. Одам боласи гўё қоронғи, димиққан ғор ичкарисидан халос бўлиб, қайтадан ёруғ дунёга қайтган каби эмин- эркин нафас ола бошларкан.

Севинч елкасига бошини қўйган кўйи ухларди-ю, Мелибой мироб қалбан шундай туйғуларга ошно эди. Бир зумда яқин ўтмишда бошдан кечирган катта-кичик азоблар изсиз ғойиб бўлиб, енгил тин оларди. Яратганга шукр қиларди. Кўнглини аҳён-аҳёнда турли бўлмағур шубҳалар чирмаб, вужудини ўртаса-да, Толибни хаёлан алқарди. Шу каллакесар, баттол кимсага қаттиқ ишонгиси келарди.

«Ишқилиб ёмонларга ўзинг инсоф бер, тангрим, — унсиз нола қиларди мироб. — Ёлғиз қизимни гўё қиморга тиккандай катта шаҳарга олиб кетяпман. Ҳали ўзимнинг ҳолим не кечишини билмайман-у, жигарбандимниям етаклаволдим. Уёқда томорқа бўш қолиб кетадиган бўлди. Ҳовли ҳувиллаб қолди. Раҳматли Марямнинг чироғини ёқадиган одам қолмади. Илойим арвоҳлари чирқилламай турсин! Қизимизни даволатишга опкетаётганимни сезсин, бизни қўллаб турсин!..»

Шундай хаёллар миробга куч, руҳий мадад берди. Бундан буён таваккал ҳаёт кечиришга, ҳеч нарсадан қўрқмасликка, кескирроқ бўлишга онт ичди. Бу қасамга бир умр содиқ қолишига қаттиқ ишонди.

Толиб эса гоҳо ҳайдовчига бақириб қолмаслигини айтмаса, ҳануз олдинга тикилганча жим кетиб борар, қур-қур сигарет тутатарди.

Қўшни давлат чегарасидан ўтиб, икки ёнбағри ўрикзор боғлардан иборат жойга етганда, Толиб Сотимга буюрди.

— Тўхтат машинани!

Машина тўхтади дегунча шошиб пастга тушди-ю, орқа томонга ўтди.

Толибнинг кескин ҳаракатини кўргач, шундоқ ҳам юраги ҳилвираб турган Мелибой мироб тамом бўлаёзганди. Миясига шайтон оралаб, нуқул қалбига васваса соларди. Миробнинг назарида ҳозир Толиб уни анави боғ ичкарисига олиб ўтади-ю, бўғизлаб ташлайди. Қизини эса аллақаёқларга олиб қочадигандек туюларди…

Йўқ, ундай бўлмади. Толиб машина ортида чамаси ўн дақиқача тек туриб қолди. Шу орада бир нечта сигаретни тутатиб битирди. Яна салгина вақт ўтиб Сотим ҳам пастга тушди. Мироб сал енгил тортгандек қўрқа-писа ортга ўгирилиб, уларни машинадан кузата бошлади.

Толибнинг юриш-туришида ҳеч қандай хавфли ҳаракат сезилмас, у кимларнидир асабийлашган кўйи интиқ кутарди.

«Бунинг ҳамтовоқлариям жа кўпакан-да, — кўнглидан ўтказди мироб Севинчни уйғотиб юбормаслик ниятида билинар-билинмас қимирлаб қўйиб. — Қай гўрдан ош-қатиқ бўла қолишаркан булар? Ҳа-а, «кўр кўрни қоронғида топади» деб шунга айтишса керак-да! Э, қоронғида нима қилишади-ю, нимани гаплашишади булар? Бу хомкалла ишламаса бунақа нарсаларга!..»

Орадан яна ўн беш дақиқача вақт ўтди.

Боғ ўртасидан йўл ўтган эканми, ўша ёқдан бир машина катта кўчага чиқиб келди-да, тўппа-тўғри Толибнинг рўпарасида тўхтади. Мироб қулоқларини динг қилганча ташқарини кузатарди. Бегона машинадан икки барзанги тушиб Толиб ва ҳайдовчи билан қуюқ сўрашди. Сўнгра машинаси юкхонасини очиб қоғозга ўралган тўртбурчак нарсани олди-ю, Толибга тутқазди. Машина чироғи ёруғида мироб аниқ кўрди. Бу нарсанинг катталиги нақ пишган ғиштдек эди.

Қўлидагини тутқазгандан кейин бир барзанги Толибнинг қулоғига нималардир деб шивирлади.

Буларнинг барчасига машина ичкарисидан гувоҳ бўлган мироб баттар қўрқа бошлаганди. Хаёлида айни шу барзангиларга қизини топшириб юборишадигандек вужуди дағ-дағ титрар, ички жазава, туғён устун келиб Севинчни қаттиқроқ бағрига босарди. Хайрият, бу гал ҳам худо бир асради. Толиб қоғозга ўралган нарсани ўз машинаси юкхонасига жойлади-да, машинага ўтирди. Сотим моторга ўт қўймай туриб мироб томон ўгирилди ва дўқ аралаш буюрди.

— Ухланг, бобой, ухланг! Намунча ўғри мушукка ўхшаб мўралайвермасангиз?

— Хўп, иним, хўп, — қўрққанидан шу заҳоти кўзларини юмиб олди мироб. — Ухлаяпман, мана, ухлаяпман!..

 

* * *

 

Машина тонг саҳарда катта шаҳарга кириб келди. Олти соатга яқин юрилган йўл миробнинг тинка мадорини қуритаёзганди. Турли бўлмағур ўйлар исканжасида унсиз азобланиш, қўрқув, шайтон васавасаси етмай, ярим йўлдаёқ заҳар танг қилди. Бироқ Мелибой мироб чидашдан, тишни тишга босишдан бўлак чора тополмади. Толибга бир оғиз сўз қотишга юраги дов бермади. Шундай оғир лаҳзаларда мустақил яшашнинг, эркин сўзлашнинг қадри ўтганини чуқур ҳис қилди. Чунки қишлоғида бўлса, ҳеч қурса қизини олиб ёлғиз йўл юрса бу қадар қийналмасди, қисинмасди. Аламини ичга ютганча сукут сақламасди.

«Худойим, шу зўравоннинг юрагигаям пича хурсандчилик ҳадя қилсанг бўларкан, — ўйларди мироб ёнида ўтирган кўйи барчага бир-бир жавдираб олаётган қизининг сочини меҳр билан силаб. — Икки оғиз ширин сўз айтса асакаси кетмайди-ку, ахир! Қишлоққа жўнагандан бери нуқул қовоқ-тумшуқ қилади, дуч келганга дўқ уради. Шуям иш бўлдими?..»

Машина катта шаҳарнинг серқатнов йўли бўйлаб ўқдек учганча кетиб борарди. Миробнинг ўй-хаёли битта. Тезроқ етиб олишса-ю, шу бош оғриқ машинадан пастга тушса. Толибда инсоф бўлса, қизи икковини алоҳида квартирага жойлаштирар. Ўшанда кўнгли таскин, ҳаловат топарди. Енгил тортарди. Йўл азоби унут бўларди.

— Тўхтат машинани! — тўсатдан Сотимга буюрди Толиб йўл четида турган қора «Волга»ни кўрсатиб. — Ҳов ўша машина олдида тўхтат!

Машина тўхташи билан Толиб шоша-пиша пастга тушди-да, «Волга»га суяниб турган гавдали, башанг кийиниб, бошига қора шляпа қўндирган ўрта яшар эркакка яқин борди. Улар қучоқ очиб кўришишди.

Бу манзара баттар миробнинг энсасини қотирди. Бир жиҳатдан у Толибга қойил ҳам қолди. Ойнадан билдирмайгина Толибнинг ҳаракатларини томоша қилди. Ниманидир тушунмадими, ора-сирада елка қисиб-қисиб олди.

Толиб узоқ кутдирмади. Эркак билан нималарнидир келишдими, қўлларини маҳкам қисганча нималардир деди. Сўнгра икки қўлини кўксига қўйиб хайрлашди-ю, ортга қайтди.

— Ҳайда-а, шоввоз! — жойига ўтирибоқ Сотимнинг елкасига шапатилади у қаҳ-қаҳ уриб кулиб. — Ишлар беш, оғайни, беш!..

— Йўғ-э, — Толиб томон савол назари билан боқди Сотим. — Нима бўлди? Айтинг, ака!

— Баҳром қамалибди! — овозини барала қўйиб жавоб қилди Толиб. — Эшитяпсанми, қамалибди!?. Мол-мулкини мусодара қилишибди. Ҳозирги одам ўзимизнинг акахонлардан. Прокурор. Э, эсингдами, икки-уч марта шуникига зиёфатга борувдик. Жа қистир-қистир зўр бўлувди. Худди шу аканинг ўзи отарчиларнинг устига бир даста элликталик сочганди.

— Ҳа-а, эсладим, — деди Сотим кулимсираб. — Жуда-а обрўси баланд шаҳарда бу аканинг!

— Ҳа-да, баланд бўлгандаям жуда-жуда баланд, Сотимбой!..

Толиб шундай деб беихтиёр мироб томон ўгирилди. Бўшашибгина ўтирган Севинчга ачиниш аралаш тикилган бўлди-да, яна бор овозда қичқирди.

— Бобой, биз ютдик, ютдик!.. Душманнинг думи қирқилди! Энди… Ошиғимиз олчи, бобой!..

— Илоё доим шундай бўлсин, иним! — дея қўрқа-писа юзига фотиҳа тортди Мелибой мироб. — Душманларингиз даф бўлаверсин!

— Ўзи-чи, Сотим, — қайтадан ҳайдовчига юзланди Толиб. — Бобойни учратиб хато қилмаган эканман. Сезяпсанми, қадами қутлуғ келди бобойнинг!

— Кекса одамнинг дуоси ўқ бўлади-да, ака, — деди Сотим ҳайриҳоҳлик билан. — Ўқ бўлади, ўқ!..

Бу гап Толибнинг кўнглини янада юмшатди чоғи, иккинчи бор мироб томон ўгирилишга-да эринмади.

— Бугун байрам, — деди у кафтларини бир-бирига ишқалаб. — Сиз шаҳар айланасиз! Қизингизни бўлса, бир онахонимиз бор, ўшанинг ҳовлисига жойлаштирамиз. Ҳозироқ керакли одамларга қўнғироқ қиламан, улар зарур дориларни етказишади. Короче, бугунданоқ даволанишни бошласин! Сизга рухсат! Бозорларни томоша қилинг! Дўконларга киринг! Кўнгил ёзинг! Айтганча… — Толиб нимадир ёдига тушгандек бирдан чўнтагига қўл солиб бир сиқим қоғоз пул чиқарди. Пулларнинг энг майдаси ўнталик эди. — Манавини олволинг! — деди у пулларни миробга узатаркан. — Олинг!

— Қўйинг, иним, — хижолатдан дув қизариб Толибга жавдиради мироб. — Шундоғам…

— Э, олсангиз-чи! Бугун сахийман! Фойдаланиб қолмайсизми, бобой? Олинг дедим!

Мироб тағин дакки эшитиб қолишдан чўчиб, шоша-пиша пулларни олди ва қўйнига тиқиб иккинчи бор дуога қўл очди.

— Иним, у дунёи бу дунё камлик кўрманг! Топганингиз олтин бўлсин!

— Яшанг бобой, яшанг! — деб қўйди Толиб даъфатан жиддий тортиб. — Буёғига ишни кенгайтирамиз. Дуо қилаверинг! Тинимсиз, кечаю кундуз дуо қилинг! Фақат бизни дуо қилинг!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

4 ФИКРЛАР

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here