ҚАШШОҚЛИК ҚАЪРИДАГИ ҚАЛБ… (Биринчи фасл. 9-қисм)

0

 

* * *

 

Жигарбандини соғиниш ҳисси, юракдаги хавотир, ҳадик Мелибой мироб таниш ҳовли дарвозасига етиб келиб тўхташгандан сўнг белги берди.

Миробнинг юраги одатдагидан тезроқ урди. Вужудини нимадир тирмалаётгандек, аъзойи бадани ачиша бошлади. Кўзлари намланиб, ўпкаси тўлиб келди. Бўғзига нимадир тиқилган каби хўрсиниб-хўрсиниб кетди. Ҳозир ичкарига кирибоқ дод солиб йиғлаганча қизалоғини маҳкам қучиши, айтиб-айтиб ўкириши муқаррарлигини чуқур ҳис этди. Аммо Толиб яна йўл бермади. Машинадан тушишлари билан миробни тирсагидан тутиб тўхтатди.

— Ўзингизни босинг! — тайинлади у дарвоза тирқишидан ичкарига ўғринча кўз ташлаб. — Ёш боламассиз-ку! Кап-катта одам қўйиб берса йиғламоқдан бери бўляпсиз! Ундан кўра орқага ўтинг! Юкхонадагиларни олинг! Сотим, анави нарсаларни олиб бобойга тутқаз! Қуруқ қўл билан кириб бормасин!

Мелибой мироб иккита каттакон, ялтир-юлтир халтани кўрди-ю, ҳайратдан ёқа ушлай деди. Толибдек совуққон, шафқатсиз, чўрткесар йигитнинг қўлидан бу қадар меҳрибончилик келиши етти ухлаб тушига кирмаган, умуман, бу халталарни қачон харид қилган-у, қачон машинага ортганини ҳам кўрмаганди. Юраги тўкилай деб Толибга жавдиради.

— Дадил бўлинг, бобой! — кулди Толиб қишлоқ уйларидан кўчага чиқиб, уларни томоша қилишга тушиб кетгган хотин-халаж, болаларга ишора қилиб. — Қаранг, ҳамқишлоқларингиз ҳам ҳайрон бўлишяпти. Тағин Мелибой бобой йиғлоқи экан деб юришмасин! Юринг, бошланг бизни!

Мироб Толибнинг бу гапларидан сўнг тағин бир қоп семирди. Дарҳол ўзини қўлга олиб жуссасини юқорироқ кўтарган ҳолда кўча юзини тўлдириб турган хотин-халажга қараб ясама тиржайиш қилди ва бош қимирлатиб болохонадор сўрашган бўлди. Сўнгра пилдираганча Толиб ва ҳайдовчининг олдига тушиб ҳовлига кирди.

Севинч эгнига бахмал камзул кийиб, бошига жун рўмол ўраганча ток остидаги сўрига суянган кўйи ўй сураётган экан. Тапир-тупур қадам товушларини эшитиб илкис бошини кўтарди ва отасини кўрди-ю, додлаб йиғлаганча чопиб бориб миробнинг бўйнига осилди.

Мелибой мироб нима дейишни, қизига қандай тасалли беришни билмасди. Аниқроғи, биларди-ю, кўнглидан кечаётган гапларни тилига кўчира олмасди.

Шу орада қайнсинглиси ҳам ичкаридан чиқиб қолди. Дарвоза ҳатлаб ҳадди сиққан қўшнилар кириб келишди. Фахринисанинг ҳовлиси қўни-қўшни, бола-чақага тўлди.

Уй бекаси гоҳ Толиб, гоҳ Сотимга икки қўли кўксида мулозамат қилар, шу орада ҳануз бир-бирларини қўйиб юборгиси келмаётган ота-болага ачиниш ва дард аралаш қараб қўярди.

— Қани, ичкарига киринглар! — мулойим оҳангда меҳмонларни тузаб қўйилган хонага бошлади Фахриниса. — Почча, бошласангиз-чи! Вой-вой-вой, ота-бола жа бир-бирларини соғинишибди-да! Ўзи-чи, Севинчим қурмағур бугун эрталаб туриб айтганди. «Дадамни тушимда кўрдим, кеп қолсалар керак» деганди. Фаришталар омин дебди-да! Қани, қўшнижонлар, сизларам юринглар! Қаранглар, бизникига шаҳардан меҳмонлар келди! Юра қолинглар, қоқиндиқлар! Юра қолинглар!

Толиб ичкарига киришга шошилмади. Аввал ҳовлини бошдан-оёқ кузатди. Жуда чиройли тикланган токка қараб ўзича бош ирғади. Томорқа, оғилхоналарга боқди. Ора-сирада тўйиб-тўйиб нафас олди. Бу ерларнинг ҳавоси кўнглига ўтиришганми, билинар-билинмас керишиб ҳам олди. Сўнгра шоша-пиша қўл соатига қаради. Вақтни чамалагач, аста Сотимни туртиб, қулоғига нимадир деб шивирлади. Ҳайдовчи шу заҳоти ташқарига чопди.

— Қўяверинг, — миробнинг ҳайрат аралаш тикилишини кўриб тинчлантирган бўлди Толиб. — Бир оғайним келиши керак эди. Шуни кутиб олсин!

— Ие, иним, ахир… Биз шу ерда туриб-а? — норозиланди мироб. — Ҳозироқ жиянлардан биронтасини…

Толиб атрофдагиларга сирли қараш қилди-да, миробрнинг қулоғига пичирлади.

— Бобой, ҳадеб безовталанаверманг! Сизга зўр сюрпризим бор. Сотим ўшани олиб келади.

— Шунақами? — ер чизди мироб қўшни хотин-халажлар даврасига кириб аллақачон мақтанишга тушиб кетган қизи тарафга кулимсираб тикиларкан. — Хўп, иним, хўп! Илойим топганингиз олтин бўлсин! Энди… Ичкарига кирсак, иним! Қайнсинглим…

— Бўпти, сазангиз ўлмасин! Қани, бошласинлар!

Мелибой бу такаллуфдан оғзи қулоғига етиб Толибнинг олдига тушди.

 

* * *

 

Фахриниса кўз очиб юмгунча дастурхонни ноз-неъматга тўлдирибди. Бир томонга коса тўла янги қаймоқ, иккинчи томонга бир товоқ сузма қўйибди. Ўртага қатлама, қатламали сомса, малда патирлар дейсизми, ҳаммасини бисёр қилибди. Ҳойнаҳой поччаси меҳмонлар олдида мулзам бўлмасин дебди.

Дастурхонни кўргач, ҳақиқатан миробнинг ўзи ҳам ҳайрон эди. Чунки шунча йил хотини билан яшаб бу уйга қадам қўйса, ҳеч қачон бу қадар шоҳона дастурхон ёзилмаганди. Хаёлан «қайнсинглим шунча нарсани қайдан олдийкан? Ишқилиб, қўшнилардан қарз кўтариб қўймадимикан? дея инграниб ҳам олди.

Толиб эса бу неъматларга унчалик эътибор бермасди. Безовталанганча икки кўзи ташқарида, афтидан Сотимни кутарди. Шу сабабли миробнинг илтифотли сўзлари қулоғига кирмасди.

Бир маҳал хона эшиги оҳиста очилиб Султон дўкончининг боши кўринди. Дўкончи эгнига янги кийимлар кийибди. Лекин кийимларига ҳеч кимнинг назари тушмади. Аксинча, асабийлаша бошлаган Толиб Сотим келди деб ўйладими, остонада дўкондорни кўргач, бирдан қовоқ уйди-да, юзини терс бурди.

— Меҳмонлар, яхши ўтирибсизларми? — ҳеч нарса бўлмагандек ичкарига кириб мироб кўрсатган жойга чўкди дўкончи. — Қ-қалай, яхшимисизлар?

Толиб унинг саволига жавобан совуққон бош ирғаган бўлди-ю, тўсатдан сўз қотди.

— Дўкончимишсиз, отам? Шу ростми?

— Ҳ-ҳа, ш-шундай десаям бўлади, меҳмон, — тутилиб жавоб берди дўкончи. — Кичкинагина дўкон беришган. Ўшани… Юргизиб турибмиз-да!

— Тушум яхшими ишқилиб? — кўзларини айёрона қисиб сўрашда давом этди Толиб.

— Тушум? Бе, тушум қаёқда дейсиз, меҳмон? Халққа хизмат қилиб юрибмиз-да энди!

— Опқочманг-да, отам! Бизниям шаҳарда кичкинагина дўконимиз бор. Нимайди? Ҳалиги бориди-ку…

Толибнинг гапи оғзида қолди. Ичкарига бир болакай кириб баланд овозда миробга қичқирди.

— Бува, кўчага яна бир меҳмон келди! Чиқаркансиз!

Толиб бу хабарни эшитибоқ даст ўрнидан турди ва қўзғалмоққа шайланган миробни елкасидан тутиб жойига ўтқазди.

— Безовта бўлманг, мени сўраб келишган!..

 

* * *

 

Сал ўтмай у Сотимни, яна бир башанг кийинган, бошига қимматбаҳо телпак кийган новча, ингичка мўйловли ўзи тенги йигитни бошлаб кирди. Дўкончи ва мироб баравар меҳмонларни тўрга ўтқазишди-да, ўзлари ҳам ўтириб дуога қўл очишди.

— Илоҳим, меҳмонларимиз саломат бўлишсин! Пойи қадамлари қутлуғ келган бўлсин!..

— Бу менинг фарғоналик энг яқин оғайним Дамир, — ёнидагини виқор билан таништирди Толиб. — Эшитганмисиз, бобой?

Мелибой мироб Толибнинг сўнгги сўзига деярли кўникиб қолганди. Ҳар кун, ҳар дақиқада эшитгани сабабми, эътибор бермайдиган бўлганди. Аммо шу тобда негадир унга алам қилди. Толиб дўкончини «отам» деб аташи эсига тушиб беихтиёр ўксинди. ««Бой бойга боқар» деганлари шу экан-да! Толиббой бизни камбағал фаҳмлаб, нуқул масхараларкан. Султон дўкончини кўрди дегунча «отам»лаб қолди — я!» қабилидаги хаёллар миясида айланиб хўрлиги келди. Қўли юпқалигидан минг марта пушаймон еди. Афсуски, айни паллада гина-кудурат қилиш гуноҳи азим. Нима бўлганда ҳам Толибдек зўравон, каллакесар миробнинг ёнига кириб қишлоққа келиб ўтирибди. Гина қилса, қарши гап айтса жуда хунук бўлар-ов!..

— Танимасак, мана энди танишиб оламиз-да, иним! — деди мироб мажбуран жилмайиш қилиб. — Хуш кепсиз, меҳмон, бизнинг қишлоқларга, хуш кепсиз!

Дамир ҳам миробга жавобан совуқ кулимсиради-да, бош ирғаб қўйди.

— Отам, — қайтадан дўкончига юзланди Толиб ёнидаги Дамир ва ҳайдовчига билинар-билинмас кўз қисиб. — Агар қарши бўлмасангиз, сизникига борсак! Ҳал қиладиган ишларимиз бориди.

— Ие, ўзим ҳам айни шу ниятда чиқиб эдим, — жонланиб тиззалаганча Толибга юзланди дўкончи. — Ҳамма нарсани бисёр қилиб ўтирибди янгангиз. Агар меҳмонларимиз рози бўлишса, зиёфатни бизникида давом эттирсак. Мели иним ҳам қизи билан гаплашиб оларди. Ҳарқалай, анча кундан берисига кўришишмади. Ота-бола бир-бирларини соғинишгандир…

— Бобой, — мироб томон ўгирилиб сўз қотди Толиб. — Отамиз тўғри айтяптилар. Ҳозир сизам бизминан юрасиз. Кейин… Сизга бир янгилигим бор. Кейинроқ айтаман.

— Баҳай, — деди Мелибой мироб елка қисиб. — «Меҳмон атойи худо» деганлар. Сизлар нима десангиз шу-да!

— Қани, унда омин қилайлик!

Юзларга фотиҳа тортилгач, барчалари ўринларидан туриб ташқарига йўл олишди.

 

* * *

 

Султон дўкончининг меҳмонлар учун ажратилган алоҳида хонасига ҳақиқатан шоҳона дастурхон тузалганди. Толиб ичкарига кириб ўтиришлари билан дастурхон тўла ноз-неъматларга бир қараб олди-ю, ҳазиллашгиси келдими, дўкончига сўз қотди.

— Отам, тағин тушумнинг мазаси йўқ дейсиз-а! Анойимасга ўхшайсиз-ку!

Дўкончи хижолатини сир тута олмай қисинганча ер чизган кўйи жавоб қилди.

— Ҳа энди… Топганимизни тўкдик-да! Ахир, сизлар ҳурматли меҳмонларимизсиз! Боримиз сизларники-да!

— Майли, буни қўйиб турайлик, — деди Толиб бирдан жиддий тортиб. — Телефон борми уйингизда?

— Албатта бор, — ҳовлиқиб жавоб қайтарди дўкончи. — Олиб чиқайми?

— Мумкин бўлса, албатта, — Дамирга қараб бош силкиганча кулди Толиб. — Фақат айтиб қўяй, шаҳарга чиқаман.

— Бўпти-да, меҳмон! Амриқога чиқсангизам биз рози!

— Раҳмат, отам, — деди Толиб пойгакда қисинганча тек ўтирган миробга кўз ташлаб олиб. — Жа меҳмондўст экансиз. Хў-ўш, Дамир, сен тайинлаганмидинг анави табибга? Ё тағин эсингдан чиқдими?

— Хафа қиляпсан, ошна, — дея икки қўлини юқорига кўтарди Дамир. — Айтганман кундузи, айтганман. Фақат-чи, табиб билан са-ал дағалроқ гаплаш. Йўқса, ўзидан кетиб қолади. Биласан-ку!..

— Ўзим биламан қандай гаплашишни. Э, ана, телефонам чиқди. Яшанг, отам, яшанг!

Толиб қўлига телефонни олди-да, керакли рақамларни териб кута бошлади. Ниҳоят гўшакдан эркак кишининг товуши эшитилди.

— Сиз Арсен акамисиз? — сўради Толиб пўписа аралаш. — Э, қулоғингиз том битганми? Арсен акамисиз деб сўрадим?

— Ҳа, ўшаман, — жавоб келди гўшакнинг нариги тарафидан. — Адашмасам, сиз Толиббойсиз. Топдимми?

— Ҳа, менам ўшаман, — Толиб гўшакни кафти билан бир муддат ёпди-да, Дамирга қараб шивирлаган кўйи сўкиниб олди. — Пандавақи-ей, ўзича олифтагарчилик қилмоқчи!.. Хўш, Арсен ака, йўлга чиқдингизми?

— Йў-ўқ, — деди эркак. — Йўлга чиқмадим.

— Вей, нима, бизни аҳмоқ қилмоқчимисан? — даъфатан суҳбатдошини «сен»лашга ўтиб бақирди Толиб. — Сенга айтилганди-ку! Ё ўзимиз бориб кўтариб опкелайликми?

— Узр, ука, узр! Ҳ-ҳозироқ етиб бораман. Фақат…

— Фақат-пақатинг кетмайди менга! Дамир тайинлаган қишлоққа тез етиб келасан! Уч соат кутаман! Ашқол-дашқолларингниям ўзингминан олвол! Агар яна қўнғироқ қиладиган бўлсам…

— Йўқ, йўқ, йўқ, — шошиб жавоб қилди овоз эгаси. — Ҳозироқ қанот бойлаб учаман-у, икки соатда ёнингизда бўламан, Толиббой!..

Толиб шундан сўнг гўшакни жойига қўйди-да, тепасида буйруқ кутган аскар каби қотиб турган дўкончининг қўлига телефонни топшириб, киссасидан битта 25 талик чиқарди ва дастурхон четига қистирди.

— Отам, узр, сал оширвордик!.. Мана бу телефон ҳақи, — деди совуққонлик билан. — Невараларингизга хўрозқанд олиб берарсиз.

— И-ие, ундай қилманг-да, меҳмон! — шоша-пиша эгилиб пулни қўлига олди-да, Толибнинг киссасига қайтариб солишга тутинди дўкончи. — Бизни хижолатга қўйманг! Телефон экан-у…

— Олинг, — Толиб дўкончининг пул тутган қўлини маҳкам сиқиб ўзидан нари итарди. — Биз шунақа одамлармиз. Қани, энди анави коньягингизни очинг, отам! Томоқ тақиллаб кетди!..

Толибнинг бу шаҳди Мелибой миробдаги вақтинчалик гиналарни тумандек тарқатиб юборди. Сезганди. Толиб яна унинг ташвишида ким биландир тиллашди. Шу сабаблими, бу йигитга нисбатан пайдо бўлган дастлабки кунлардаги меҳр қайта уйғониб, кулимсираганча хаёлан Толибни алқаб қўйди. «Зўравон-да иним, зўравон! Ана энди бу ишини кўрган, дадил-дадил, кескир гапларини эшитган дўкончи анча вақтгача оёғи куйган товуқдек типирчилаб юради. «Зўрлар шунақа бўларкан-да» деб биз каби фақирларни кўрганда одамдай салом-алик қиладиган бўлади. Бопла Толиббой уни, бопла!..»

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ