Соғлиқни сақлаш вазирлиги калтакланган шифокор воқеасига муносабат билдирди

5

Ўзбекистон Олий Мажлиси Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш қўмитаси раиси сўзларига кўра, сўнгги вақтларда шифокорларга нисбатан асоссиз эътирозлар кўпайиб кетган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги шифокорлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтирмоқчи, деб хабар қилди вазирлик матбуот-хизмати.

Эслатиб ўтамиз, 3 август куни Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Полосон қишлоғида истиқомат қилувчи, 1949 йилда туғилган Мирзажалил Ҳакимовнинг бехуш ётганлиги тўғрисида қариндошлари томонидан туман марказий тез тиббий ёрдамига мурожаат келиб тушган.

Чақирув марказий тез тиббий ёрдами бўлими орқали қабул қилиниб, соат 16:31да 89-қишлоқ оилавий поликлиникасига узатилган. Tез тиббий ёрдами ходимлари, яъни шохобчанинг навбатчи врачи Шуҳратбек Сирожиддинов ва ҳамшира Умидахон Ҳусановалар шу заҳоти, соат 16:32да чақирувга чиқиб кетишган. Хонадонга тез тиббий ёрдами ходимлари соат 16:36, яъни 4 дақиқа ичида (Ўзбекистон Республикаси ССВнинг 2018 йил 19 февралдаги 105-сонли буйруғида тез тиббий ёрдами бригадаси чақирувга 25 дақиқа ичида етиб бориши белгиланган) етиб боришган.

Навбатчи врач тез тиббий ёрдами машинасидан тушиб беморни кўриш учун шошиб кириб кетаётган пайтида беморнинг набираси шифокорни ҳақорат қилиб, бесабаб дўппослаган. Врач Сирожиддинов бош ва қулоғи аралаш бехосдан тушган кучли зарбадан оғир мия жароҳати олиши ҳисобига ҳушидан кетиб йиқилган. Шундай вазиятда ҳам ўз хизмат вазифасини унутмаган ҳамшира Ҳусанова беморни кириб кўрганда бемор аллақачон вафот этганлиги, ҳатто беморнинг қариндошларига хабар берилиб улар етиб келишгaнининг шоҳиди бўлган.

Врач Сирожиддинов ҳам бироздан сўнг ҳушига келгач, ўрнидан туриб беморни кўргани кирганида 70 ёшга кирган Мирзожалил Ҳакимовнинг бир неча дақиқа аввал вафот этганлигини кўрган. Врач Шуҳратбек Сирожиддинов ўрнидан тураётганда олган оғир жароҳати ҳисобига яна ҳушидан кетиб йиқилади ва тез тиббий ёрдами машинасида Олтиариқ тумани тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдами бўлимига “Оғир калла мия жароҳати, бош мия чайқалиши, чап қулоқ супраси атрофи юмшоқ тўқималарининг лат ейиши, чап қулоқ пардасининг йиртилиши” ташхиси билан оғир аҳволда ётқизилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги юқоридаги ҳолат юзасидан қонуний чора кўриш учун Фарғона вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилган.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, бундай ҳолатлар охирги пайтларда тез-тез учраётгани тажрибали шифокорларнинг бирламчи тизимдан кетиб қолишларига сабаб бўлмоқда.

Хусусан, Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Зайниддин Низамходжаевнинг сўзларига кўра, 2017 йил ва жорий йилнинг биринчи чорагида беморлар томонидан шифокорларнинг даволаш натижаларидан асоссиз норозилик билдириб, уларга нисбатан шахсий адовати оқибатида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида 30га яқин ҳолатда ТПМИ нинг 3 нафар тиббиёт ходимига нисбатан жисмонан ва маънавий зарар етказилган.

Шундан сўнг мазкур ҳолатлар бўйича қўмита Соғлиқни сақлаш вазирлигига тегишли таклифларни киритган.

Айни вақтда, вазирлик хабарига кўра, ҳар бир тиббиёт ходимининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муносиб рағбатлантиришни кучайтириш борасида ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш юзасидан изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

sputniknews-uz.com

5 ФИКРЛАР

  1. Набирасининг ҳам расмини киритиш керакмиди? Юзига қараб кимлигини билармидик.

  2. shifokor tirik qolganiga xursant bolsin men xam shu ishni qilgan bolardim nima sabaptan tez yordam mashinalari tez kelmaydi ? nimaga shifoxonalrda vrachlar aniq tshxis qoyishaolmayapti Nukustan 10 yildan beri burni qonash bilan hastalikka ushragan AYDOS!!!!!

  3. shifokor tirik qolganiga xursant bolsin men xam su ishni qilgan bolar edim nima sabaptan tez yordam mashinalari tez kelmaydi ? nimaga shifokorlar aniq tashxis qoyisha olmaydi Nukustan 10 yildan beri burin qonashi bilan XASTALANGAN AYDOS izox berin !!!!!

  4. Шифокорлар ёрдамида минг -минглаб кишилар дардига малҳам топмоқда. Телевиденния ва матбуот ҳам давлат ташкилотлари ҳақида фикр бераётганда бутун тизимга нисбатан лой чаплашдан эҳтиёт бўлиши лозим. Бугунги эркинликни нотўғри тушуниб ҳаракат қилганлар албатта жазосини олиши шарт. Шифокорлар хўрланиб қолиши асло мумкин эмас. Уларнинг самарали меҳнатини ҳамма кўриб турибди, шунга яраша ҳурмати жойига қўйилса мақсадга мувофиқ бўлади.

Comments are closed.