Халқаро ва дунё аҳли учун энг хавфли террорчининг ўғли уйланибди…

0

 

У дунёда фаолияти аллақачон тақиқланган «Аль-Қоида» жангари каллакесарлар гуруҳининг марҳум етакчиси Усама бин Лодиннинг ўғли Ҳамза бўлиб чиқди. Ҳамза ҳақида матбуотда кўп ёзишган. У ҳануз отасининг ўлими учун Америка Қўшма Штатларидан қасд олишни мўлжаллаб яшамоқда. Худди шу террорчи Ҳамза 2001 йили Америкада даҳшатли террор ҳаракати содир этган ўлимга маҳкум жангарилардан бири Муҳаммад Аттанинг қизига уйланибди. Қони тортаркан-да барибир! Уйланиш баҳонасида Ҳамза қолган-қутган жангариларнинг бошини қовуштириб, яқин келажакда Америка, Англия, Франция ва Исроилдан ўч олишни ният қилганмиш. Аммо ҳамон Ҳамза қўним топган жойини сир тутиб келмоқда. Америка разведкаси эса уни қидиришдан тийилмаяпти. Улар барибир бир кун келиб Ҳамза қўлга олинишига қаттиқ ишонишаркан.

Ҳамза ҳозир «Аль-Қоида»нинг отасидан кейинги етакчиси Ойман аз-Завоҳирийга ўринбосар ҳисобланаркан. Шу «лавозим»да бўла туриб отасининг кушандаларидан ўч олишни режалаштирибди.

Бир сўз билан айтганда, Ҳамза беҳуда халқаро террорчининг қизига уйланмаган. Бу ҳаракати билан отасидан қолган жангарилар гуруҳи сафларини янада каллакесарларга тўлдириб, кейин «ИШИД», «Толибон» жангариларини ҳам ўзига бўйсундиришни, учта гуруҳдан битта тўлақонли гуруҳ яратиб, ота изидан кетишни, янада кўпроқ бегуноҳ бандалар қонини тўкишни мўлжаллаган. Нима ҳам дердик. «Бузоқнинг югургани сомонхонагача», деб бекорга айтишмагандир, ахир!?. Биз Яратгандан дунёдаги барча жангари каллакесарлар, шайтон этагидан тутган жоҳилларга арзирли жазо тайинлашини сўраб қоламиз!

zakon. kz