Хонанда Райҳон нега санъатдан совиди? Унинг қизиқишлари сўндими?

0

Хонанда Райҳон лицензия учун нега вақтида пул тўламаганлиги, икки карра холалик ва ижодий аҳволи ҳақида сўзлади.

— Икки карра хола  мақомига сазовор бўлганингиз  билан табриклаймиз, исмини нима деб қўйдингизлар?

— Раҳмат, исмини Иброҳим деб қўйдик.  

— Лицензиянгизга пул тўладингизми ва нима учун лицензиядан қарздорлар рўйхатига тушиб қолдингиз?

— Мен «ProArt» билан ишлаётганим боис, шартномага кўра, менинг лицензиям учун улар пул тўлаши керак эди. Бу гал тўлов кечикканидан бехабар қолибман. Шу пайтгача менинг фаолиятимда ҳеч қачон бундай нарсалар бўлмаганди. Чунки қонун, тартиб-қоидани ҳурмат қилувчи фуқаролар сафига кираман. Ҳозир лицензия учун пул тўланди, ҳаммаси жойида.     

— Ижодингизда Райҳонга хос бўлмаган динамика сустлашувини кузатяпмиз. Худди «бажарилдими – бажарилди!» тарзида ўз инерцияси бўйлаб кетаётгандек, назаримизда. Энергия ва жўшқинлигингизни эса бошқа ҳамкасбларингизга бериб юборгандексиз. Авваллари тез-тез клип, қўшиқлар яратиб, жўшқинлигингиз билан мухлисларни ҳайратлантириб турардингиз. Нима учун ижоддан совидингиз? Қизиқиш сўндими? Рақобатга дош бера олмадингизми ёки яхши ижодий гуруҳ топа олмаяпсизми?

— Билмасам, балки, сизга шундай туюлаётгандир. Чунки қаерга бормай, «Юрак», «Томчи» қўшиқларимни эшитяпман. Яқиндагина «Ажабо!» қўшиғини премьера қилдик. Яна қўшиқлар тайёрламоқдамиз. Нега совидим экан? Авваллари концерт учун кимўзарга ҳар икки ойда қўшиқ қилинарди, ҳозир ундай пойга йўқ. Мен қўшиқларимни шунчаки эшитишларини эмас, одамларнинг қалбига кириб боришини истайман. Ҳафтасига қўшиқ чиқаришда мантиқ кўрмаяпман. Ҳар бир хонанданинг ўз йўли бор. Аллақачон ўз ўрнимга эгаман, доимо ўзим билан рақобатдаман, ҳар тарафлама кечагидан аълороқ бўлишга ҳаракат қиламан. Ҳамкасбларимнинг ҳаммасига омад ва жўшқинлик тилайман. Ким қандай тартибда ишлаши, бу — унинг танлови, ҳуқуқи. Буни муҳокама қилишни ҳам истамайман. Ўзимга келсак, ҳозирги аҳволимдан жудаям мамнунман. Ёрқин қўшиқларим бор, саҳнада, ҳаттоки тўйларда ҳам мени улкан олқишлар билан кутиб олишларидан фахрланаман. Мухлисларимнинг чексиз муҳаббатини ҳис қилар эканман, уни ўзларига икки карра кўпроқ қайтаришни истайман. Ҳозир яна янги қўшиқ тайёрлаяпмиз ва яқин кунларда уни тақдим этамиз.

Sayyod.com