Бу актрисанинг ҳаётидаги энг мудҳиш фожиа…

0

Актриса Доно Бобохонова 1946 йил Қозоғистоннинг Уйғур туманидаги Чунжа қишлоғида таваллуд топган. Оиласида у энг кенжаси бўлган. Доно Бобохонова мактабни тамомлагач, олий ўқув юртида чет тиллари бўйича таҳсил ола бошлайди. Кейинроқ санъаткор бўлишга қизиққанлиги боис ўқишни ташлаб, Тошкент театр ва рассомчилик институтига ўқишга киради. Актриса ўқиш билан бирга Миллий академик драма театри биносида котиба сифатида ҳам ишлайди. Ўқишни тамомлагач эса шу театрда актрисалик фаолиятини бошлайди. Доно Бобохонова фаолияти давомида ўнлаб фильм ва спектаклларда қатнашган бўлиб, кўпчилигимизга бу актриса «Бозор кўрмаган йигит» фильми ва болажонлар учун тайёрланган турли ҳажвий кўрсатувлардаги роллари орқали яхши таниш.

Доно Бобохонова таниқли режиссёр Исамат Эргашевга турмушга чиққан ва улар икки ўғил, бир қиз фарзандли бўлишган. Кейинроқ оиладаги келишмовчиликлар туфайли бу икки жуфтлик ажрашган.

Актрисанинг ҳаётдаги энг катта йўқотиши бу тўнғич ўғлининг ўлими бўлган. Унинг катта ўғли Дилёрбек 43 ёшида оғир хасталикка чалиниб, вафот этган. Бу фожиадан сўнг актриса бир неча йиллар санъатдан йироқда бўлди. Кейинчалик у яқинларининг кўмаги билан яна телеэкранларга қайтди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Доно Бобохонова ҳозирги кунда 70 ёшдан ошганига қарамай, ҳалигача ўз фаолиятини давом эттириб келмоқда.