«Миллий АРТ» яширган сирни «Ўзбекконцерт» фош этди!

0

“Миллион” жамоасидан чиқиб кетган иштирокчилар кўп ўтмай “Миллий Арт” номи билан алоҳида гуруҳ очишгани ҳақида эълон қилиб, ҳаттоки ушбу ном остида  фотосессия ҳам тақдим қилишганди.

Бугун эса «Instagram» тармоғида эълон қилинаётган концерт рекламаларида (концерт сентябрь ойида «Халқлар дўстлиги» санъат саройида бўлиб ўтади) Отабек Мирзахолов, Шаҳло Зоирова, Умид Умаров ва Аҳмад Темуровлар шунчаки исм ва фамилиялари билан кўрсатилмоқда.

Бунга аниқлик киритиш учун аввал Отабек Мирзахолов билан боғландик.

— Нима учун эълон қилинган “Миллий Арт” номи концерт эълонларида йўқ? Ёки бу ном билан чиқмайдиган бўлдингизми?

 Узр, бу саволга жавоб беролмайман.  

— Бошқа қизиқчи гуруҳлардан сизларники нимаси билан фарқ қилади? Ёки “Миллион” жамоасидаги чиқишларингиз такрорланадими?

— Мухлислар учун қўлдан келганича энг яхши концертлардан бирини қўямиз. Бизнинг концертда барча ҳазиллар жамоавий бўлади, чиқишлар ҳам. Якка чиқишлар бўлмайди.

«Миллий Арт» номи ҳақида жавоб олиш учун «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси раҳбари Одил Абдуқаҳҳоровга мурожаат қилдик.

Одил Абдуқаҳҳоров:

“Миллий Арт” номини эълон қилишганида, жамоани чақириб, худди “Миллион”дек бир хил ном танлашгани ҳақида айтдик. «Аслида, «миллий арт» дегани бу — миллий санъат демак. Шундай экан, миллий санъат регламенти бўйича ишлай оласизларми?» -дея савол бердик. Миллий санъат деб қизиқчилик жамоасига ном қўйилдими, демак, уларнинг услуби ҳам миллий санъат йўналишида бўлиши керак. «Сизлардан жамоа номига мос миллий ижодни талаб қилсак, эртага тақдим этадиган репертуарингиз миллий санъат даражасида бўладими?» деб сўраганимизда, улар бу ҳақда чуқур ўйлаб кўришмагани, маслаҳатлашиб, бошқа ном излашлари ҳақида айтишди.  

Демак, янги қизиқчилар жамоаси концертни режалаштириб қўйиб, кейин янги ном топишга улгурмаган ёки концертни шунчаки ўзларининг номлари билан ўтказишга қарор қилишган. Аммо буни яширишга не ҳожат? Концерт дастури рекламасида ваъда қилинаётган “Ҳамма авжига чиқади” қандай бўлишини эса, албатта, кузатамиз.

Эслатиб ўтамиз, “Миллион” жамоасини тарк этган бу тўртлик нима сабабдан чиқиб кетганини ҳар иккала тараф ҳам аниқ изоҳлагани йўқ. Лекин шоу-бизнес оламида уларга бевосита яқин бўлганлар берган норасмий хабарларга кўра, муаммо бу тўртликнинг тирикчилик истаб тўй хизматларига чиқиши туфайли юзага келган экан. Айтишларича, «Миллион» жамоаси сардори Даврон Кабулов ўрнатган тартибга кўра, тўйларга чиқиш жамоанинг имижига тўғри келмас эмиш. Низо келиб чиқишига шу нарса сабаб қилиб кўрсатилаётган бўлса-да, орада лидерлик учун зимдан кураш бошланган, ўз фикри ва тартибига бўйсундиришга мойиллик туфайли характерлар келишмовчилиги авж олганди, дейишмоқда баъзилар. Аслида, бошловчи сифатида бўлса ҳам, Даврон Кабуловнинг тирикчилиги айнан тўй хизматларидан экани сир эмас.

Sayyod.com