Остонада Ўзбекистон савдо мажмуаси очилади

0

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг Қозоғистон Республикасидаги ваколатхонаси расман рўйхатдан ўтди.

Жамғарманинг ижрочи директори Миразиз Исаковнинг таъкидлашича мазкур ваколатхона қўшни давлат бозорида маркетинг тадқиқотларини ўтказиб, хорижий ҳамкорлар топиш, маҳаллий брендларни реклама қилиш, кўргазмалар, тендер савдолари ва бошқа тадбирларда ўзбек тадбиркорларини иштирокини таъминлаш билан шуғулланади.

Шунингдек, қозоғистонлик ҳамкорларнинг Ўзбекистонга ташрифини уюштириш, уларнинг юртимиз тадбиркорлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишда амалий кўмак кўрсатади.

«Бизнинг ташаббусимиз билан Остона шаҳрида Ўзбекистон савдо мажмуйини ташкил этиш ишлари бошланди», – дейди Жамғарманинг ижрочи директори Миразиз Исаков.

Ушбу савдо мажмуйида ўзбекистонлик экспортчилар учун барча шарт-шароитлар яратилади. Мажмуанинг биринчи қаватидан қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ўрин олса, юқори қаватларда мебель ва тўқимачилик, гилам ва бошқа саноат маҳсулотлари жой олади. Бу эса, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини кенгайтириш билан биргаликда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

protoday.uz