ТИРИКЛАЙ ТОБУТГА БЕРКИНГАНЛАР.. (ёхуд жанубий кореялик аёл учун ёвуз руҳларни ҳайдаш қимматга тушди)

0

 

Жанубий Кореянинг Кёнсан-Пукто вилоятига қарашли Куми шаҳрида яшовчи аёл икки дугонаси билан ёвуз руҳларни ҳайдаб солишнинг ўта хавфли йўлини танлади. Уларнинг ҳар бири шахсий тобути билан «машғулот» ёки «сеанс» ўтадиган ерга етиб борди. Сеанс талабига кўра, улар ўз тобутига кириб ётган ҳолда устидаги қопқоқни маҳкам беркитиб олиши, шу кўйи тонгга қадар тобут ичида ухлаши зарур эди. Шунда ёвуз руҳлар уларнинг вужудини тарк этиб, осмон-у фалакларга қочиб кетаркан.

Ўшанда маҳаллий вақт билан соат кечки саккизга занг урганди. Икки соат тобутда ётишдан кейин аёлларнинг бири ҳаво етмаётганидан шикоят қила бошлади. Аммо дугоналари уни сабр қилишга чақирди.

Хуллас, эртаси куни аёлларнинг бири уйғониб тобутдан чиқди ва дугоналарини уйғотиш ҳаракатига тушди. Бирини уйғота олди. Лекин учинчи аёл уйғонадиган аҳволда эмасди. У ҳаво етишмаслиги туфайли вафот этганди.

2015 йили ҳам Гондурасда шунга ўхшаш фожиа юз берганди. Маҳаллий руҳонийлардан бири 16 ёшли қизнинг ичидан ёвуз руҳларни гўёки ҳайдаши асносида қиз нафас олишдан тўхтаган. Руҳоний дарҳол одамларни чақирган. Қизни дафн этишган. Бироқ орадан бир кун ўтиб қиз қабр ичида ўзига келган. Ҳойнаҳой, енгил кома ҳолатида бўлган-у, руҳоний ҳам, атрофдагилар ҳам буни пайқашмаган. Ўша қиз уйғонишга уйғонди-ю, кеч бўлганди. Унинг ҳайқириқларини ҳеч ким эшитмади ва бу гал қабрда ётган ҳолда ростакамига оламдан ўтди.

The Telegraph