Ўйлаб кўрдингизми? 2018 йил 9 август куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қиларкин?

0

 

 

ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)

9 август куни сиз ҳар жабҳада ҳақ бўлиб чиқаверишни хоҳлаб қоласиз. Бунинг учун етарли далиллар бор-йўқлиги сизни умуман қизиқтирмайди. Тўғри, омад қуши бугун сизнинг елкангизга қўнади. Аммо ҳақлигингизни ҳеч қурса оилада кўз-кўзламасангиз дуруст бўларди. Моддий аҳволингиз эса бугун яхши кечмаслиги кутилади. Ҳатто, банкдан кредит олган тақдирингизда ҳам барибир вазиятни ўзгартира олмайсиз. Миллионер бўлишни хоҳласангиз, сердаромад иш топишингизга тўғри келади. Баракасини берсин!

 

 

БУЗОҚ (21. 04 — 21. 05)

 

Бугун ўзингизни тутишда, атрофдагилар билан мулоқотларда жиддий ўзгаришлар ясамасангиз бўлмайди. Акс ҳолда дакки еб қолишингиз мумкин. Муҳаббатда, оилавий ҳаётда ҳамроҳингизга ҳамиша ўзингизни ҳақ қилиб кўрсата олмайсиз. Бу ҳаракат билан муносабатларингизга путур етиши мумкин холос. Сал ён беришни ҳам билинг-да. Бугун сув билан танани чиниқтириш амаллари муваффақиятли кечади. Саломатлигингиз мустаҳкам бўлсин!

 

 

ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)

 

9 август куни дўстлардан, яқинларингиздан бир-бир ҳол сўраб қўйишни унутманг. Ҳамиша иш-иш, пул деб чопавериб уларни унутиб қўйган кўринасиз. Сизни чин кўнгилдан севувчи инсонларга сиз ҳам худди шундай жавоб қайтаринг. Саломатлигингиз панд бериб қўйишини хоҳламасангиз, овқатланиш режимини қаттиқ ушлаш. Режимда гап кўп. Иложи борича сутли таомларни кўпроқ истеъмол қилинг. Йўлингизни берсин!

 

 

ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)

 

Иш жойингизда кадрлар билан боғлиқ жиддий ўзгаришлар юз бериши кутилади. Лекин бу сизга тааллуқли эмас. Сиз иш жойингизда обрўйингиз ва ўрнингизни аллақачон мустаҳкамлаб улгургансиз. Қисқартишлар, лавозимдан четлатишлар сиз учун эмас. Аммо муҳаббатда оила қурмаганлар учун бугун осон кечмайди. Бўлғуси жуфтингиз дафъатан тўнини тескари кийиб олишига гувоҳ бўласиз. Бироқ жаҳлга эрк берманг. Барча вазиятларни босиқлик билан қабул қилишга урининг. Бахтли бўлинг!

 

 

АРСЛОН (24. 07 — 23. 08)

 

9 августда яқин инсонлар, дўстлар ва танишларнинг ишончини йўқотиб қўймаслик учун очиқкўнгил ва тўғрисўз бўлинг. Тўғри, бу барча сирларингизни айтишингиз зарур дегани эмас. Лекин шундай вазиятлар бўладики, тўғри сўзлашингиз гўё мушкул бўлиб қолади. Ана шунда истакларингиздан устун кела олсангиз бас. Тадбиркор бўлсангиз, бугундан мўмай даромад кутаверсангиз бўлади. Ҳисоб рақамингиздаги маблағ бир фойдали иш туфайли икки ҳисса ортиши мумкин. Бозорингизни берсин!

 

 

ПАРИЗОД (24. 08 — 23. 09)

 

Паризод буржида таваллуд топганлар учун 9 август ҳар жабҳада омадли келиши кутилмоқда. Айниқса, ижодкорлар, ақлий меҳнат кишиларининг куни туғади. Тадбиркорлар ҳам ўз ишига ижодий ёндаша бошлашлари натижасида рақобатчиларни чангида қолдириб кетиши ҳеч гап эмас. Шахсий ҳаётда жуфтингизга ҳадеганда садоқатингизни, муҳаббатингизни эслатаверишингиз шарт эмас. У шундоқ ҳам сизнинг муҳаббатингиз ва садоқатингизга шубҳа қилмайди. Қўшганингиз билан қўша қаринг!

 

 

ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)

 

9 август куни қора терга тушиб ишлашга ҳам, ётиб дам олишга ҳам етарлича вақт топасиз. Ишни ўз кучингизга таянган ҳолда бажаришингиз эса мақтовларга лойиқ. Кун кеч бўлмасдан молиявий муаммолар ҳам ечимини топади. Кечқурун хонадонингизда ёки ресторан, кафеда дўстлар, яқин инсонлар, таниш-билишлар билан кўнгил ёзишингиз мумкин. Истироҳатингиз чоғ ўтсин!

 

 

ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)

 

Юлдузлар сизга бугундан эътиборан зарарли одатлардан воз кечишни ва соғлом турмуш тарзига ўтишни маслаҳат беришмоқда. Организмингизни шу қадар қийнаб ташлагансизки, у илтимос ёки вақтинча алдовларга сира кўнмоқчи эмас. Куннинг иккинчи ярмида ёшликда қайси спорт турларига қизиққанингизни бир эслаб кўринг. Ўшаларнинг орасидан энг ёққанини танлаб олиб шуғуллана бошласангиз, кам бўлмайсиз. Оллоҳ умрингизга умр қўшсин!

 

 

ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)

 

9 август куни ўқотар буржи остида таваллуд топганлар учун омаднинг барча эшиклари очиқ. Ишларингиз бирин-кетин бароридан кела бошлайди. Кайфиятингиз яхшилангандан яхшилана боради. Шахсий ҳаётингизда ҳам айтарли муаммо кўзга ташланмайди. Фақат жуфтингизнинг кўнглини ола билсангиз бас, то кечга қадар оилада сокинлик, аҳиллик ҳукм суради. Моддий аҳволингиз кечга бориб яхшиланса-да, барибир қўшимча даромад келтирувчи иш топишингиз керак бўлади. Ишларингиз бароридан келаверсин!

 

 

ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 20. 01)

 

Сизга атрофда ҳасад қиладиганлар керагича топилади. Лекин уларга эътибор бериб ўтирмаслигингиз керак. Майли, ҳасади келсин, фақат ўзига зиён қилади. Ич-этини еб кўролмаслик оқибатида касалга чалинади. Иш жойингизда раҳбарлар олқишига ҳам айнан сиз сазовор бўлишингиз мумкин. Лавозимингизни ошириб қўйишлари ҳам эҳтимолдан холи эмас. Кечқурун оила қуришга улгурмаганларнинг баъзиларини кутилмаганда учрашувга чақиришлари мумкин. Вақтингиз чоғ ўтсин!

 

 

ҚОВҒА (21. 01 — 19. 02)

 

9 августда фақат ўзингиз ўзингизгагина баҳо беринг, танқид қилиш керак бўлса ҳам ўзингизни танқид қилинг. Бировларга ортиқча гапира кўрманг. Бошингиз балога қолиб кетиши мумкин. Башарти ҳозирги ишингиздан кўнглингиз тўлмаётган бўлса, ими-жимида янги иш қидириб кўрсангиз ҳам бўлади. Молиявий масалада сердаромадлилик кутманг. Фойдаси йўқ. Тақдирда борига шукр қила туринг. Кечқурун кимдир сизга кутилмаган совға тайёрлаб қўйиши мумкин. Омадингизни берсин!

 

 

БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)

 

Кўнглида кири йўқ, сизга фақат ҳавас ва дўстона назар орқали боқадиганлар билан хаёлотоламингизни, ҳаётий тажрибангизни ўртоқлашсангиз ярашади. Шу баҳонада миянгизга иш билан боғлиқ яна кўплаб янги ғоялар қуйилиб келиши эҳтимолдан холи эмас. Тадбиркор бўлсангиз, ҳамкорларни тўғри баҳоланг. Уларсиз бизнесингиз гуллаб-яшнай олмайди. Ўзингизни эҳтиёт қилинг!

Хушвақт бўлинг! Ҳаммавақт бўлинг!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here