Янги кўкрак нишони таъсис этилди

0

Қуролли кучлар тизимида “Маънавий-маърифий ишлар аълочиси” кўкрак нишони таъсис этилди.

Президентнинг 2018 йил 4 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Қуролли Кучлар тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича алоҳида концепция ишлаб чиқилиб, унда белгиланган ишларни амалга ошириш юзасидан “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Ҳафтанинг ҳар жума куни “Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни” этиб белгиланди.

Ҳарбий хизматчилар ва ёшларнинг маънавий-маърифий савиясини оширишга катта таъсир кўрсатган ишлари ва ютуқлари учун “Маънавий-маърифий ишлар аълочиси” кўкрак нишони таъсис этилди.

Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасига икки ойлик муддатда кўкрак нишони Низомини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси топширилди.

Мудофаа вазирлиги қўшинларида ҳарбий-ватанпарварлик, маънавий-ахлоқий тарбия ва ёшлар билан ишлаш органлари негизида тарбиявий ва мафкуравий ишлар органлари ташкил этилди.

Бригадаларда (уларга тенглаштирилган ҳарбий қисмларда) ва алоҳида батальонларда “ҳарбий психолог” (офицер) лавозими жорий этилди.

Бундан ташқари, ҳарбий округлар бошқарув аппаратларида “психолог”, “етакчи социолог”, бригадаларда ва алоҳида батальонларда “ҳарбий қисм командирининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича маслаҳатчиси – Маданият маркази бошлиғи” (Қуролли Кучлар хизматчиси) лавозимлари жорий этилиб, уларга қўшимча устама пул тўланиши белгиланди.

2018-2019 ўқув йилидан бошлаб Қуролли Кучлар Академияси Умумқўшин факультети базасида қўшимча “Қўмондонлик-тактик тарбиявий ва мафкуравий ишлар” мутахассислиги бўйича офицерлар тайёрлаш таълим тизими йўлга қўйилади.

Шунингдек, Мудофаа вазирлиги тизимидаги мавжуд офицерлар уйлари Маънавият ва маърифат марказига айлантирилиб, марказ ҳузурида “Турон” театр студияси ташкил этилади.