O‘zLiDeP раҳбари Актам Хаитов Самарқанд вилоят Кенгаши фаоллари билан учрашди

0

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси вакиллари ҳудудлардаги аҳвол билан яқиндан танишиш ва жойлардаги муаммоларни ўрганиш мақсадида партиянинг Самарқанд вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари раислари, аппарат раҳбарлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда БПТ раислари билан учрашди.

Очиқ мулоқот тарзида ташкил этилган тадбирда сўзга чиққан O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмита раиси Актам Хаитов партия олдида турган устувор вазифалар, унинг жамиятдаги ўрни ва роли, партия ғояларини аҳоли орасига кенг тарғиб қилиш борасида мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди

–Давлатимиз раҳбари томонидан тадбиркорликни ривожлантириш борасида қабул қилинган Қарор ва Фармонларнинг тарғиботи бевосита партиянинг дастурий вазифаларидан ҳисобланади, – дейди O‘zLiDeP раҳбари А.Хайитов. – Шу боисдан “Обод қишлоқ”, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Yoshlar – kelajagimiz” дастурларини аҳоли орасига кенг тарғиб қилишда етакчи партия сифатида партиямиз фаоллик кўрсатиши лозим. Бу жараёнда аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларнинг ечимини топишда депутатларимиз фаол ва ташаббускор бўлиши даркор. Бироқ, бугун кўпчилик депутатларимизда фаоллик, халқпарварлик  сезилмаяпти.

Учрашув давомида партия ходимлари, депутатларнинг ижтимоий тармоқларда фаоллигини ошириш, аъзолар сафини кенгайтириш, БПТ фаолиятини янада такомиллаштириш, келгуси сайловларга номзодларни танлаб олишда лидерларни излаб топиш борасида зарур тавсиялар берилди.

Учрашувда Президентимиз томонидан қабул қилинган Қарор ва Фармонлар ҳамда партия дастурий мақсад ва вазифаларини аҳоли орасига оддий халқчил  тилда тарғиботини кўчайтириш юзасидан ишчи гуруҳ ташкил этилиб, жойларда бу каби мулоқотларни  ўтказишга келишиб олинди.

Таъкидлаш керак, ташриф давомида партия вакиллари вилоятнинг барча туман, шаҳар Кенгашлари, депутатлик гуруҳлари вакиллари ҳамда БПТ фаолияти билан ҳам яқиндан танишади.

Бахтигул ҚАРШИЕВА,

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши

матбуот котиби