ҚАШШОҚЛИК ҚАЪРИДАГИ ҚАЛБ… (Биринчи фасл. 13-қисм)

0

 

* * *

 

Самолёт ярим тунда ерга қўнди. Толиб аэропортда кимдир кутиб олишини айтганди. Икки ҳамқишлоқ бегона юртнинг изғиринида жунжика-жунжика аэропортдан ташқарига чиқди. Чиқишгандан кейин миробнинг ҳайрати юз чандон ошгандек бўлди. Қаерга келиб қолганини сира тушуна олмай, қўрқувданми, Ҳайдар сувчининг тирсагига ёпишиб олди ва ҳар лаҳзада гоҳ осмонга, гоҳ ғайритабиий дарахтларга тикилишни канда қилмади.

Шу пайт орқаларидан узун бўйли, қоп-қора макинтош кийган йигит етиб келиб уларнинг йўлига кўндаланг бўлди.

— Толиб юборган одам сизларми? — сўради у ўзбекчалаб.

— Ҳа, биз, биз, — миробнинг ўрнига шошиб жавоб қилди Ҳайдар сувчи. — Бизни олиб кетасизми?

— Ҳа, юринглар машинага, — деди йигит жиддий оҳангда. — Ҳозир тўғри базага жўнаймиз.. Вагонлар аллақачон тайёр бўлган.

Икки қишлоқдош бир-бирларига маъноли қараб олишди-да, йигитга эргашишди…

Машина қалин ўрмонда музлаган ботқоқликлар устига қурилган махсус йўл бўйлаб саккиз соатча йўл юрди. Чарчоқ, ҳадик, саросима миробни ҳам, Ҳайдар сувчини ҳам ҳолдан тойдирганди. Айниқса, мироб қалин ўрмон, сарбаланд оқ қайинлар, оппоқ қор остида қолаёзган бутазорларга гоҳ ҳайрат, гоҳ қўрқинч аралаш боқар, ўрмон қачон тугашини кутарди. Бахтга қарши ўрмоннинг охири кўринмасди…

Машина эртаси куни пешиндан кейингина кўзланган манзилга етиб келди. Уларни олиб келган йигит машинани база ичкарисига ҳайдаб, қатор вагонлар қаршисида тўхтатди ва пастга тушиб анча наридаги уйчага кириб кетди. Сал ўтмай, қўлида қандайдир қоғозлар билан яна уч чоғли ўзи тенги йигитларни эргаштириб чиқди.

— Манави ҳужжатларни олволинг, — деди қоғозларни миробга тутқазаркан. — Ҳозир ёғочларни қабул қилиб оласиз. Фақат тезроқ бўлинглар, вақт жуда зиқ. Поезд жўнаши керак…

Ҳа, шу тобдаги манзара гўё тушга ўхшарди. Қишлоқда ўсиб ҳар бир новдага ўзгача меҳр бериб ўрганган Мелибой мироб вагон-вагон кедр дарахтидан тайёрланган ёғочлар Толибга тегишли эканини кўргач, сал бўлмаса ағдарилиб тушаёзганди. Тайинланганидек, қаторлашиб турган ҳар бир вагонни кўздан кечириб, қабул қилиб олиш асносида йўғон-йўғон, бир текис қирқилиб, вагонга жойланган ёғочларни қайта-қайта ушлаб кўрар, ёнидаги сувчини туртиб уларни кўз-кўз қиларди.

— Ҳайдар, кўрдингми, — дерди у наридагилар эшитиб қолмаслиги учун оҳиста шивирлаб. — Толиббой иним мана шунақа бақувват йигит. Қара, ёғочларнинг сархиллигини!

— Ҳа-а, — бош ирғади сувчи ҳам ҳайратини сир тута олмай. — Булар биз тарафларга борса бир дунё пул бўлади, жўра! Ҳақиқатан, Толиб деганинг ишбилги йигит экан. Шунча ердан шу-унча ёғочга бир сим қоқишминан эга чиқса-қўйса-я!..

— Зўрларнинг зўри-да у, — мақтанди мироб. — Қанийди менгаям шу ёғочларнинг уч-тўрттасини берса! Айвонни кенгайтирволардим.

— Берар, ўлибдими?!. — деди сувчи бош силкий-силкий. — Ҳаммаёқни ёғоч босиб ётибди-ку!

— Беради иним, беради, — деб қўйди мироб атрофга аланг-жаланг кўз ташлаб. — Қаҳри қаттиқ бўлганиминан, жа танти Толиб, беради!..

Иш битгач, улар йигит кўрсатган ерга — вагоннинг ёғочдан холироқ, кўздан пана бурчагига жойлашиб олишди. Мироб полга тўшалган хас-хашакдан кўнгли тўлмадими, қопдаги чопонни чиқариб олиб тўшади ва шундан сўнг ўзларини олиб келган йигит, база ишчилари билан хайр-маъзур қилди. Орадан ўн беш дақиқача вақт ўтиб поезд ўрнидан жилди.

 

* * *

 

Қишлоқнинг сокин, мусаффо ҳавосидан нафас олиб, хотиржамликда ухлаб ўрганган одам бошқачасига кўника олмаскан. Мелибой мироб Толибникига келгандан бери шаҳарнинг диққинафас, каталакдек квартирасида уйқусини тополмай азобланганди. Поезддаги ҳаёт унисидан-да баттар бўлди. Тақир-туқурдан қулоғи битаёзган мироб нима қилишни, қай ёнбошга ағдарилиб, қандай ором топишни билмади. Хуноби ошганда киссасидан носқовоқни олиб айлантира-айлантира нос отди. Носнинг кайфи тақир-туқурдан қутқарар дея умид қилди. Ёрдам бермади. Поезд аҳён-аҳёнда чўзиб сигнал чалганда, мироб кўтарилиб-кўтарилиб тушаверди. Охири ухлай олмаслигига кўзи етиб зарда билан ўрнидан қўзғалди-да, аллақачон хуррак ота бошлаган Ҳайдар сувчини туртди.

— Бир ерингни кесиб кетсаям билмайсан-а, вей, — қишлоқдошини койиган бўлди мироб. — Мундай ҳушёр ўтиради-да одам деган!

— Оббо, қўймасакансан-да, — сувчи ғудрана-ғудрана ўрнидан туриб ўтирди. — Нима дейсан? Уйқу берасанми-йўқми?

— Менга қара, қўрқиб кетяпман, — деди мироб вагон тирқишидан ташқарига саросима аралаш қараб. — Бизни бир жойларга обориб қўйса-я бу пойиз! Йўлимизни тополмай адашиб ўлсак-а!?. Ана, ҳаммаёқ ўрмон экан. Бунинг устига қоп-қоронғи.

— Э, тантиқмисан? — қўл силтаб қайтадан ёнбошлади сувчи. — Ҳукуматнинг пойизи бу. Келган йўлидан юради.

— Билиб ўтирибсанми? Иккаламизни мана шу ўрмонда адаштириб қочишса, нима қиламиз? Энамизни учқўрғондан кўрамиз-ку, пандавақи!

— Ётсанг-чи жим! Ҳалитдан ваҳима қилаверасанми?

— Йў-ўқ, барибир кўнглим ғаш, — деди мироб яна тирқишдан ташқарига боқиб. — Кўр, ҳаммаёқ ўрмон, дунёни қор босибди. Тирқишдан кираётган совуқни кўрдингми? Жонни узиб оламан деяпти. Ҳа-а, хотиним бурноғи куни тушимга кириб эди. Мана шунақанги қалин ўрмонда турганмишман-у, қаердандир пайдо бўлиб «Ҳой, чол, шаккоклик қилма-анг!» деганча нуқул кўрсаткич бармоғини ўқталаётганмиш. Бир балоси бор-ов, Ҳайдар!..

Ҳайдар сувчи жавоб бермади. Орадан бир неча сония ўтиб-ўтмай, тағин хуррак ота бошлади…

 

* * *

 

Поезд икки соатча йўл юриб қўйди. Ҳамон ўрмоннинг охири кўринай демасди. Мелибой мироб қоронғида деярли бир-бирига туташиб кетган турли дарахтларни, бутазорларни кўриб баттар ваҳимага туша бошлади. Кўнглини ғашликлар тумани қоплади. Совуқ ва қўрқув ҳисси бирлашиб вужудига титроқ солди. Мироб дағ-дағ титраган кўйи Ҳайдар сувчига юзланди. Уни уйғотгиси, аламдан бўралаб сўккиси келди. Аммо шайтонга ҳай бериб тилини тийди.

Шу тобда поезд қаттиқ тормоз бериб тўхтади. Тормоз шу қадар кучли бўлдими, мироб чўккалаган еридан силтанди-ю, пишиллаб ухлаётган сувчининг устига қулади. Ҳайдар сувчи жонҳолатда ўрнидан турди-да, миробни силтаб юбориб вагон тирқишидан ташқарига қаради.

— Нима бўлди? Ер қимирладими? — сўради у ташқарига ишора қилиб. — Нега тўхтадик?

— Айтмаганмидим? — мироб тутоқиб қўлиини пахса қилди. — Бир балоси бор дегандим сенга! Қулоқ осмадинг! Мана, етиб келдик! Ҳаммаёқ ўрмон ерда тўхтади пойиз. Мана шу ерда ажалимиз етадиган кўринади.

— Ол-а, — деди сувчи бошини чангаллаб. — Ўлгудай совуқ нафас бўп кетибсан. Анави инингдан юқибди сенгаям!

Сал ўтмай ташқарида кимларнингдир ажнабий тилда сўкингани, турли тарақ-туруқлар қулоққа чалинди. Ичкарига қаердандир тутун бурқсиб кирди. Мелибой мироб йўтала-йўтала вагон эшигини очди. Не кўз билан кўрсинки, атрофни қуюқ тутун қоплаган, кимлардир уёқдан-буёққа чопиб, «Пожар! Пожар!» дея ҳайқирарди.

Икки ҳамқишлоқ бир-бирига йўл бермай пастга ўзини отди. Бу маҳал қўшни вагон гуриллаб ёнар, олов аждаҳодек бошқа вагонларга ҳам ўрларди.

Кўз очиб юмгунча ҳаммаёқнинг тўс-тўполони чиқди. Мироб ўзи билан ўзи овора бўлиб Ҳайдар сувчининг қаерга ғойиб бўлганини-да идрок эта олмай қолди. Жон аччиғида эмаклаганча нариги тарафга ўтди. Қарадики, қоп-қора фуфайка, бошига телпак бостириб олган ўн-ўн беш чоғли эркак вагонлар атрофида кезиб юрибди. Улар ўз тилида нималардир дея шанғиллар, мироб уларнинг тилини тушунмаса-да, эркаклар сўкиниб, кимнидир қидираётганини англаб улгурганди.

Мелибой мироб нима қилишни билмай буткул гарангсиб қолди. Бу эркаклар худди ўзини излаётгандек туюлиб юрагини ваҳима босди. Ҳалитдан бировларнинг қўлида итдек хор бўлиб ўлиш васвасаси кўксини кемира бошлади.

«Мен… Мен ўлдим! — дея бошини чангаллади у жуда эҳтиёткорлик билан вагон остига қайтиб беркинаркан. — Тамом бўлди-им, тамом!.. Энди нима қилама-ан?.. Анавилар ўрис экан. Пойизни ёқворишибди. Ҳа, шулар ёққан. Булар Толибнинг душманларийкан, душманлари. Мени қидиришяпти. Агар тутиб олишса, бўғизлаб ташлашади, ё анави оловга ирғитишади. Куйиб кул бўламан. Ўлигимни ит ҳам топа олмайди. Эсиз, пешонам бунчалар шўр бўлмаса-а, худойим? Марям тушимга кирганди, тайинлаганди, огоҳлантирганди. Нимага қулоқ осмадим? Шаккоклик қилдим? Бундан кўра, ўша Толиб каллакесарнинг тепкисини еб жон берганим яхши эмасмиди? Ҳарқалай, ўлигимни қишлоғимга обориб хотинимнинг ёнига қўйишарди. Хомкалламан, хомкалла!.. Қочиш керак! Агар қочмасам, ростакамига қўлга тушаман. Худо билади, бу одамлар балки қамоқдан қочгандир. Толиб айтиб эди-ку Сибирида қамоқхоналар кўп деб! Ўшаларнинг биридан қочиб, ўрмонда қароқчилик қилиб юришгандир-да бу нусхалар! Мен… Қочаман! Эмаклаб-эмаклаб ҳов анави қалин ўрмон ичига кириб олсам бас. Уёғига худо пошшо. Ёмонларнинг қўлида ўлмасам бўлди…»

Мелибой мироб шу тахлит бир муддат вагон остида қисиниб ўтирди ва таваккал олдинга эмаклади. Эркаклар ундан бир неча ўн метр нарида уёқдан буёққа чопишар, олов эса тобора кучайиб борарди.

У қалин қорни тиззалари билан ғарч-ғурч босганча улкан қайин дарахти панасига ўтиб олди. Афсуски, шу пайт югураётганларнинг бири айнан мироб томон ўгирилиб, қўлидаги фонарни юзига тўғрилади-да, шерикларига қичқирди:

— Смотри! Вот он, вот!..

Эркакнинг қичқириғини эшитган уч-тўрт шериги унга яқин келиб миробга кўз ташлади.

Мелибой мироб эса адойи тамом бўлганди. Худди иштонини ҳўл қилган гўдак каби қор устида бўшашган кўйи ўтирар, ҳаётидан, орзу-армонларидан умидини узганди. Аксига олгандек, чап қабоғи бетиним учар, юраги кўпиклай-кўпиклай катта қозондан тошиб чиқа бошлаган сут каби тўкилиб-тўкилиб, титраб-титраб ҳаприқарди.

— Э, он-же стар! — деди ўз тилида эркакларнинг бири қўл силтаб. — Пусть, уходит в лес! Сам себя погубит там! Не трогай! Идём, основного поищем!..

Эркаклар яна нималардир дея ўзаро тиллашишди-ю, ортга қайтишди.

Мироб жон талвасасида шивирлай-шивирлай билган дуоларини ўқиб, олдинга интилди.

— Худога шукр! Худога шукр! — йиғи аралаш сўзланарди паст товушда. — Жонимни омон сақладинг! Кетаман! Қочаман! Бошим оққан тарафларга қараб кетаман!..

Айни лаҳзаларда унга қаерга боришнинг аҳамияти йўқ, фақат ёмонлардан узоқ бўлиш, чивиндеккина жонини омон сақлаш пайида эди.

Лекин у ўрмоннинг шу қадар қалинлиги, домига кирган банда қайтиб йўл топа олмаслиги, маҳлуқлар чангалидами, очликданми ўлиши мумкинлигини билмасди.

 

1983 йил. Сибирь.

 

* * *

 

Изғирин қутурган ит каби изғирди. Қаҳратон қаршисида узоқ муддат ўтириб қолишнинг сира имкони йўқ, тирик жон борки, ўрмон бўйлаб югуришга, сакрашга, ишқилиб, қайсидир йўл билан қимир-қимир қилиш, шу баҳонада жон сақлашга маҳкум эди. Шу қисмат буткул бегона, ёвқур юртда, бир-биридан қўрқинчли, ҳар бўй кўрсатганда аждаҳо каби ажал уруғини сочар даражада чайқалгувчи катта-кичик дарахтлар, қор остидан мўралаб кун кечираётган бутазорлар чангалида қолиб ақли, ихтиёридан айрилай деётган Мелибой миробни ҳам четлаб ўтмади.

У гарангсиганча тобора олдинга талпинар, қулоғига чалинаётган беўхшов товушлардан йироқлашга, олов таъқибидан айро бўлишга уринарди. Мияси шу қадар карахтлангандики, на қўрқувни, на ўзини олдинда кутажак мушкулотлар, янги синовлар, уқубатларни идрок этарди. Фақат олдинга юрарди. Йўл-йўлакай қор қалинлиги, ўрмон ўнқир-чўнқирликлардан иборат экани туфайли думалаб-думалаб тушарди. Гоҳ бели, гоҳ тиззаларида қандайдир тошми, темирми, ёғочми ботганда кучли оғриқ сезарди. Аммо тишни тишга босганча яна ўрнидан турарди-да, устидаги қорни қоқиб ташлаб судралишда давом этарди.

Тахминан икки чақиримча йўл босиб қўйди-ёв! Беихтиёр қора терга ботгани, оёқларидан мадор кетиб вужуди титрай бошлаганини ҳис этди ва тўхтади-ю, ўзини қалин қор устига ташлади. Шу лаҳзадаёқ танасида қайноқ тафт зоҳир бўлди. Ҳарсилаб-ҳарсиллаб нафас олди. Пешонаси, елкаларини босган тер бутун танаси бўйлаб оқиб тушди.

Мироб сал нафаси жойига келгач, ётган ерида қаердалигини англашга уринди. Кўзлари серсавлат қайинлар шарпасидан бошқасини кўрмади. Аҳён-аҳёнда бойқушнинг хунук сайраши қулоғига чалинди.

— Шайтоннинг йўриғига юриб қўйдим, шайтоннинг! — хириллаб сўзланарди мироб. — Ёшим бир жойга етганда бало бормиди менга санғиб? Ҳе мардикор ишлайман деганнинг падарига лаънат! Иссиқ кўрпамни совитдим-а ўзим! Йў-ўқ, ҳаммасига ўша итдан тарқаган Толиб айбдор! Ҳа-а, у мени йўқ қилмоқчи бўпти! Билган, билган, ҳаммасидан хабари бўлган! Мени йўқ қилиб Севинчимга эга чиқмоқни истаган. Эга чиқиб бўпсан! Ҳали мироб тирик экан, сендай ҳаромиларга қизини бериб қўймайди! Ўлиб кетади, хор бўлиб ўлади, мурдасини маҳлуқлар ейди деб ўйлабмидинг? Чучварани хом санабсан, ит! Мироб-чи, вақтида коллекторга тушиб, жасади ҳайҳотдай турбанинг ичига кириб кетгандаям тирик чиққан. Ўрмонларинг нима бўпти? Ҳе сендақа муштумзўр, каллакесардан ўргилдим!..

Мироб саннай-саннай, бироз аламдан чиққандек, қўрқув, таҳликани қалбидан нари ҳайдаган бўлди ўрнидан қўзғалиб қайтадан йўлга тушди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc