Қозоғистонда 52 нафар ўзбекистонликнинг ўлимига оид суд иши ортга сурилди

0

Қозоғистоннинг Оқтўбе вилоятидаги трассада автобусда рўй берган ёнғин оқибатида 52 кишининг ўлимига сабаб бўлган фожиа бўйича суд муҳокамаси адвокатларнинг ушбу ишни Оқтўбе шаҳридаги судда кўриб чиқишга ўтказишга яна бир бор уринишлари туфайли ортга сурилди.

Аслида Иргиз туман суди мазкур ишни кўриб чиқишга 7 август куни киришиши керак эди.

Кеча адвокатлар уларнинг ишни бошқа судда кўриб чиқишга ўтказиш тўғрисидаги илтимосини қондирмаслик ҳақида Иргиз туман суди 23 июлда чиқарган ажрим устидан шикоят беришгани маълум бўлди. Бу ҳақида Оқтўбе вилоят суди матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, адвокатлар шикоятини Оқтўбе вилоят судининг жиноий ишлар бўйича ҳайъати кўриб чиқади.

Маълумот учун, мазкур иш юзасидан беш киши автобуснинг уч нафар ҳайдовчиси, “Азия транзит сервис” фирмасининг таъсисчиси ва механиги судга тортилган.

Ҳайдовчилар 26 январдан бери Оқтўбе шаҳар тергов ҳибсхонасида сақланмоқда. Ширкатнинг раҳбари ва механик бошқа жойга кетмаслик ҳақида тилхат бериб, озодликда юрибди. Мазкур автобуснинг эгаси қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган ҳолда, халқаро қидирувга берилган.

protoday.uz