Равшан Ҳайдаров: «Савияли ҳужумчиларни излаш билан оворамиз, улар жуда кам»

0

Футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров Осиё ўйинларига жўнаб кетиш олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб берди.

– Таркибда икки нафар дарвозабон бор. Ҳар хил вазият бўлиши мумкин. Форс-мажор ҳолати эҳтимоли ҳам ҳисобга олинганми?
– Афсуски, Осиё ўйинлари регламентига мувофиқ, заявкага 20 нафар футболчини киритиш мумкин. Албатта, бунинг ўзига яраша ноқулайликлари бор. Бироқ бу ҳолат фақат биз билан рўй бераётгани йўқ. Ўрганиб чиқдим, кўпчилик жамоалар икки дарвозабон билан боради. Форс-мажор ҳолатларига тайёрмиз. Бу нарса сир бўлиб қолсин, кутилмаган вазият юзага келса, бунга вариант тайёрлаб қўйганмиз.

– Азиз Ғаниевнинг жароҳати режаларингизга қанчалик таъсир кўрсатди?
– 6 ойлик тайёргарлик жараёнида ҳар бир позицияда икки нафардан футболчи бўлишини истадик. Азиз Ғаниевнинг жамоада ўзига яраша ўринга эга. Бу футбол, жароҳат унинг бир қисми. Афсуски, июль ойидаги охирги ўйинларимизда Ғаниев жароҳат олди. Жароҳати жиддий эмас, дея умид қилгандик. Афсуски, ундай бўлмади.

Албатта, биз доим йўқотишларга тайёр туришимиз керак. Жароҳат олган футболчининг ўрнига бошқа номзодларни тайёрлаб борамиз. Ўйлайманки, қолган ўйинчилар Азизнинг йўқлигини билдирмайди. Азизга соғлик тилаб қоламиз.

– Яқинда Вьетнамда бўлган турнирда аслида асосий таркиб қатнашиши керак бўлган экан. Нима учун режалар ўзгарди?
– Суперлига тақвимининг тиғизлиги сабаб шундай йўл тутдик. Футболчидан июлда Вьетнамга, августда Индонезияга жўнаб кетишса, уларнинг клублари учун катта йўқотиш бўлган бўларди. Шунинг учун ҳам режамизга ўзгартириш киритишга мажбур бўлдик.

– Терма жамоага жалб этилган 23 ёшдан катта футболчилар ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
– Уч нафар ўриннинг ҳар бирига икки нафардан номзод футболчини жалб қилиш ниятида эдик. Жалолиддин Машарипов, Азиз Турғунбоев, Икром Алибоев – бу футболчилар ўз позицияларини кучайтира оладиган ўйинчилар. Осиё чемпионатидан кейин легионерлар пайдо бўлганди – Достон Ҳамдамов, мисол учун. Унинг келиши катта сўроқ остида эди. Уларнинг ўрнини тўлдиришни ўйлаб, иш олиб боргандим.

Ёшлар жамоасига ёши анча катта футболчини таклиф қилишнинг ўзига яраша минус тарафлари бор. Терма жамоа тарихида бундай ҳолатлар бўлган. Футболчилар: «Мана, Одил акага берайлик, ўзлари ўйнасинлар», деб масъулиятни ўзидан соқит қилиб юбориш ҳоллари учраган. Масаланинг шу томонини ўйладим. Бу йигитлар қолганлар билан деярли тенгдош, ораларида 1-2 ёш фарқ бор, холос. Кўп мусобақаларда бирга ўйнашган. Шунинг учун ҳам уларнинг жамоага қўшилиб кетиши осон бўлди.

– 23 ёшдан катта футболчиларнинг учаласи ҳам яримҳимоячилар. Қолган чизиқлар, айниқса ҳужум чизиғидан кўнглингиз тўлиб, Осиё чемпионларига топширяпсизми?
– Албатта, ҳужум чизиғини ҳам кучайтиришимиз мумкин эди. Бироқ ўзимизнинг футболчилардан Бобур Абдухолиқов, Забиҳилло Ўринбоев, Андрей Сидоровга ишонч билдирдик.

Бундан ташқари, Машарипов, Турғунбоев, Ҳамдамовлар яримҳимоячи бўлишса-да, ҳужумда ҳам фаол ўйнашади. Жавоҳир Сиддиқов ҳам шу жумладан. Ҳужумни ташкил қилишда ҳам, унга нуқта қўйишда ҳам бу футболчилар ёрдам беришади. Ҳужум чизиғида муаммо бўлмайди, деб умид қиламан.

Ҳимояга келсак, русларда «От добра добра не ищут», дейишади. Ашурматов, Комилов, Турсунов, Отахонов – улар ҳозир Суперлигадаги энг кучли ҳимоячилар. Ҳимоя чизиғидан кўнглим тўқ.

– Жамоа сардори ким бўлади?
–  Забиҳилло Ўринбоев, Одилжон Ҳамробеков ва Достон Турсуновлардан бири. Мана, уларнинг сафига сафига Жалолиддин Машарипов ҳам қўшилди. Сардорлик боғичини ўзгартириш у қадар жиддий масала эмас. Мураббийлар билан келишиб, майдондаги ўйинчилардан бирини сардор этиб тайинлаймиз.

– Ҳужум чизиғида яна ўша учлик. Бобур Абдухолиқов –«Насаф»да асосий таркиб ўйинчиси, лекин Сидоров ҳар трансферлар ойнасида жамоасини ўзгартиради. Олий лиганинг ҳеч бир жамоасида кўникиб ўйнаб кетмаяпти. Забиҳилло Ўринбоев ҳам мана неча йилдирки олий лигада ўйнаётган бўлса-да, жуда кам гол уради. Тўғри, Забиҳилло Ўринбоев – жамоа сардори сифатида чемпион бўлди, Сидоров ҳам керакли голни урди. Бироқ Германияда ҳам Гётце ЖЧдаги таркибга кирмади, Португалияда захирадан тушиб олтин голни киритган Эдерни Россияга олиб кетишмади. Бу футболчиларни ҳужумчи йўқлигидан мажбуран оляпсизми?
– Бу ёшда ҳужумчиларимиз жуда кам. Қидириш билан оворамиз. Ёшлар термасининг орасидан ҳам излаб кўрдик. Лекин ҳали бизнинг талабга жавоб берадиган ўйинчиларни кўрмаяпман. Ёши катта футболчилардан олишимиз мумкин эди, бироқ биз шу учликка ишонч билдирдик. Худо хоҳласа, очилиб кетишади.

– Осиё чемпионатида жамоа фақат ҳужумкор ўйин кўрсатган эди. Ҳатто 2:0 ҳисобида олдинда бораётган бўлсак-да, ҳужум қилишдан тўхтамагандик. Бу сафарги таркибимизда ёши катта футболчилардан Икром Алибоев, Жалолиддин Машарипов, Азизбек Турғунбоев каби ўйинчилар ҳам бор. Улар ҳам ҳужумкор ўйинчилар. Мусобақада ҳужумкор ва чиройли ўйин кўрсатишга ваъда бера оласизми?
– Мен бир нарсага – ўйинимизнинг балансига ваъда бераман. Фақат ҳужумда ўйнаймиз, фақат ҳимояланамиз ёки фақат қарши ҳужумларга умид қиламиз, деб айтиш ноўрин. Бу жуда кўп факторларга боғлиқ. Ҳамма омилларни ҳисобга олиб, иш тутамиз.

Жамоамиз ҳар хил услубларда ўйнашга қодир. Хитойда об-ҳаво бошқача эди. Индонезияда эса иссиқ, намлик бўлади. Бундай шароитда ўйинни қандай ташкил қилиш ҳақида ўйладик. Голлар кўпроқ тезкор қарши ҳужумларда урилади. Стандарт вазиятларга кўпроқ урғу беряпмиз.

Албатта, ҳужум уюштирмасдан, гол уриб бўлмайди. Мен жамоада ҳужум билан ҳимоя ўртасидаги балансни кўргим келяпти. Яъни ҳимоядан тезкорлик билан ҳужумга ўтишимиз, ҳужумда тўп йўқотилганда ҳимояга тез қайтишимиз керак. Мана шу баланс аниқ бўлиши керак.

– Одил Ҳамробековга: Қишда Осиё чемпионати бўлди. Кейин ОЧЛ, сўнг Суперлига ўйинлари бошланди. Мана энди жамоа яна Осиё ўйинларига йўл олмоқда. Танаффуссиз ўйинлар жамоага таъсир қилмайдими?
– (Одилбек Ҳамробеков) Профессионал футболчи ўзини ҳар бир ўйинга тайёрлай билиши керак. Бу – бизнинг касбимиз. Уни севиб, шу касбни танладикми, клубда ҳам, терма жамоада ҳам боримизни бериб, мухлисларни хурсанд қилишимиз керак.

Машғулотларда ҳам мураббийларимиз айтишади. Инсон ўз организмини ўзи ҳаммадан кўпроқ билади. Толиққан пайтларимизда дам беришди. Шифокорларимиз керакли муолажаларни ўтказишди. Олдимизга қўйган мақсадимизга эришишимизга бу нарса тўсиқ ёки баҳона бўлмайди.

Эслатиб ўтамиз, Осиё ўйинларида Ўзбекистон Қатар, Бангладеш ва Таиланд терма жамоалари билан бир гуруҳдан ўрин олган. Илк учрашув 14 август куни Бангладеш термасига қарши бўлиб ўтади.

Футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бугун, соат 21:00да Индонезия томон йўлга чиқади.

kun.uz