Жигарларнинг кечиккан армони

0

— Опа, ичига типратикан кирган одамдай бир жойда ўтира олмайсиз, а? Борасиз-да ўша қайнаб ётган «дом»ингизга! Кенг ҳовлида маза қилиб дам олиб ётмайсизми?

Мавжуда кетишга шайланаётган Мавлуда опани салқин ҳовлисида яна бирор кун қолиб, дам олишини истарди.

— Йўқ, борай. Сарварни сузишга олиб боришим керак. Кечадан буён қўнғироқ қилиб ётибди. Кулбами, бошқами, ҳар кимга ўзининг уйи яхши, синглим. Сенинг мана бу ҳашаматли ҳовлинг меҳмонга келиб-кетишимга яхши! — Мавлуда опа ҳеч қандай гина-аразсиз самимий гапирган бўлса-да, Мавжуда чимирилди:

— Сарварни сузишга олиб бориш сизга қолибди-да! Отаси, онаси, опаси, акаси бор! Дадасини опичлаб катта қилганингиз етмагандек, энди сочингизга оқ тушиб, юзингизни ажин босганда муштдай боласини ҳовузма-ҳовуз етаклашингиз қолган эди!

Мавлуда опа эркатой синглисининг елкасидан қоқди:

— Оббо, сен-эй! Кичиклигингда ҳам мени Шокирдан қизғанардинг. «Ой туғса ҳам, кун туғса ҳам Шокирга экан-да! Нима, Шокирда шох бору бошқаларда йўқми?!» дея жавраганинг жавраган эди. Уканг, келининг ишда. Сардор билан Гавҳарнинг ҳам дарсдан сўнг машғулоти бор. Ўзингникилардан қиёс. Қай бир фарзандингнинг бекорчи вақти бор? Катталарникидан ҳам тиғиз уларнинг вақти. Хуллас, «Ўттиз икки фаришта, ҳар бириси бир ишда»… Сарвар шунчаки сузишга бормайди-да. У мусобақага тайёрланяпти. Агар ғолиб бўлса, сену мен чемпионнинг аммаси бўламиз-а, ҳазир бўлиб тур. Шундай бўлса, бир эрийсан, опаси!

Мавлуда опа ҳар галгидек жигарларни яқинлаштирувчи гап қилди.

— Опажон-эй, ишқилиб, бахтимизга узоқ умр кўринг! Сиз бўлмасангиз, биз тўрт опа-ука аллақачон қирпичоқ бўлардик! Тўхтанг, шошманг, машина чақираман. Қуёш эрталабдан қиздиряпти. Терлаб-пишиб автобусда юрасизми?

Мавжуда қўлини телефонига узатган эди, Мавлуда опа телефонни нари суриб қўйди:

— Қўй, Мавжуда! «Давлатнинг машинаси ўзлари қолиб, уруғ-аймоғига ҳам хизмат қиляпти», деган гап сизларга ҳам, менга ҳам керак эмас! Кўчанинг машинаси беминнат. Сенинг ҳовлинг билан укангнинг уйи орасида машруткалар ғир-ғир қатнаб турибди…

— Сизга гапирганнинг фойдаси йўқ, опа. Барибир, ўз билганингиздан қолмайсиз. Пул бердим-а, «Сардорга беш минг сўм, Сарварга ўн минг сўм бераман», деб пулни аяб автобусда кетманг, такси тўхтатинг!

Мавжуда опасига яна алланималарни тайинлаб, дарвозагача борди.

— Бу ёғига чиқмай қўя қол, Мавжуда! Тағин қон босиминг кўтарилиб кетмасин…

Синглисига маслаҳат бердию, ўзи йўналишли таксига ўтиргунича иссиқда туриб қолганигами, кўз олди туманлашиб, боши айлангандек бўлди. «Ҳозир ўтиб кетади, ҳозир ўтиб кетади, мен кучлиман, ҳамма нарсани енгаман», дея такрорлади. Кўнгли ҳам айниётганга ўхшагач, ота-онаси вафот этиб, тўрттала жигари ўзига қолиб кетганидан буён бошидан кечирган қийин кунларда ичкин бир ишонч билан такрорлайдиган, ўзича «тилсим гапим» деб ном қўйиб олган гапларини қайтарди. Лекин ўзгариш сезилмади. Юраги тез ураётганга ўхшади. «Ҳайдовчига «Тез ёрдам» чақириб беринг, десаммикин? Йўғ-эй, ёнимда шунча одам бор. Кимгадир малол келади… Ҳозир уйга бориб, дори ичсам, яхши бўлиб қоламан», дея ўйлади. Мавжуда опа икки қўли билан ўтирган ўриндиғини маҳкам чангаллаб олди. Тушаётганида ёнидаги йўловчи — елкасига сумка осиб олган озғингина қиз:

— Опоқи, мазангиз бўлмаяптими? Кузатиб қўяйми? — деб сўради.

— Раҳмат, қизим. Бахтли бўл! Уйим яқин, етиб оламан, — деди-да, йўналишли таксидан тушгач, оёқ-қўлларидан дармон кетганга ўхшади.

«Ҳеч қачон бунақа бўлмас эди-ку. Иссиқ ҳам шунақа ёмон элитадими?» Мавлуда опанинг бир қадам юргиси йўқ, ётиб олгиси келди. «Э, Худо, шарманда қилма, укамнинг уйига эсон-омон етиб олай, йўлда йиқилмай!» Мавлуда опа шу тарзда пичирлаб оғир-оғир қадам ташлаб бораркан, қўшни йўлакда турадиган Низомиддин исмли бола кўринди.  Бола дарсдан сўнг доирачилар тўгарагига қатнашар, кечқурунлари доира машқини бошласа, асаби чатоқроқ қўшнилар:

— Ҳой, бола! Эшик-деразангни ёпиб, чилдирмангни уйингда тарақлат! — деб бақиришар, шундай пайтда Мавлуда опа:

— Қўйсаларинг-чи, боланинг завқини сўндирманглар. Чилдирманинг овози мопеднинг тириллаши эмас-ку, ҳар ҳолда! Низомжон, чал чилдирмангни, ўзим ўйнаб бераман, — дер, шунинг учун бола Мавлуда опани айрича бир меҳр билан суярди.

Низомиддин ҳозир ҳам қўшнисининг гандираклаб келаётганини сездими, югуриб келиб, қўлтиғидан тутди:

— Опоқи, Мавлуда опоқи, сизга нима бўлди?

* * *

— Қимирлатиш керак эмас экан. Э, Худо, туппа-тузук юрган эди-ку, опамга нима бўлди?

Опа-укаларнинг ҳаммаси бир аҳволда ётган Мавлуда опанинг атрофида жам бўлишди. Ҳаммаси уйли-жойли, бола-чақали кишилар бўлса-да, боши йўқ, қуруқ гавда билан қолган одамларга ўхшарди. Бириси у деди, бириси бу деди:

— Нимадир қилиш керак-ку, дўхтир «Қимирлатиш керак эмас», деди деб, индамай ўтираверамизми? Профессори бордир, ундан каттароғи бордир…

— Неча йилдан буён қараётган ўзларининг шифокори-ку. Опамни ипидан игнасигача билади. Ҳозир у кишидан ўтиб, бошқага борсак, тўғри бўлармикин?!

— Қизиқсан-а, ҳозир «Уни қилсак тўғри бўлармикин, буни қилсак нотўғри бўлармикин?» деб тортишадиган пайтми? Таваккал қилавериш керак. Опам бечора бу дунёга келиб нима кўрди? Бизни одам қиламан, деб елди-югурди. Мана, энди биз одам бўлганимизда йиқилиб ўтирибди…

— Нафасингни иссиқ қил, «Йиқилди», деганинг нимаси? Ахир нафас оляпти-ку, тирик-ку. Демак, уларни асраб қолишимиз мумкин! Ҳаммасига мен айбдорман! Опам икки кундан буён меникида эди, иссиқни кўриб тургандим, ҳатто кўчагача ҳам кузатиб чиқмадим мен аҳмоқ!

Мавжуда тиззасига уриб йиғлай бошлади.

— Жим бўл! Бозорчи хотинларга ўхшаб дийдиёнгни бас қил! Ундан кўра бойвачча эрингга айт, бир чорасини қилсин!

Опа-укалар гапириб-гапириб чарчашди, шекилли, такрор-такрор телефон қилиб:

— Беморни безовта қилманглар, ҳаммаларинг уй-уйларинг, иш-ишларингга боринглар! Битталаринг навбатчиликка қолинглар, холос. Опа кучли, тузалиб кетади, — дея таъкидлаётган докторнинг гапига қулоқ солишга мажбур бўлишди.

Лекин ҳеч ким ҳеч қаерга кетмади. Беморнинг ёнида катта сингил Матлубани қолдириб, бошқалари залга чиқишди. Матлуба опаси ётган диванга стулини яқинроқ суриб ўтирди. У билан гаплашгиси, ҳаёт ташвишлари аро баъзан-баъзан қалқиб чиқувчи ташвишли-қувончли хотираларига овоз бергиси, умрини уларга бағишлаган опасига миннатдорлик билдиргиси келди. Ахир шу Мавлуда опаси Матлуба, Мавжуда, Зокир, Шокирларга ота-она ўрнида қолганида ўзи оила юкини кўтарадиган даражада эмасди. Институтнинг иккинчи курсида ўқир, боғча опа бўлиб болаларни тарбиялаш орзусида яшарди. Лекин ота-онасининг кетма-кет қазоси Мавлудани бирдан улғайтирди. У ўқишини сиртқига кўчириб, боғчага ишга кирди. У Матлубага:

— Сен мендан кичик, қолганлардан каттасан. Менинг энг яқин ёрдамчимсан, — дерди.

Матлуба эса опаси ўқишда ё ишда пайтида укаларига доим ҳам қарайвермас, тенгдошлари қатори ўйнаб-кулгиси келарди. Бир гал опаси имтиҳон топширгани кетаётганда:

— Ўртоқларим билан кинога бормоқчиман. Болаларнинг устидан қулфлаб кетаман, — деганида Мавлуда рухсат бермай:

— Шокир билан Мавжуданинг айни ўйинқароқ бўлган пайти. Зокир уларни эплай олмайди, кейин борасан кинога, — деб тайинлаб кетса-да, Матлуба айтганини қилиб, болаларни уйга қамаб, кинога кетган эди.

Чунки синфдошлари уни «Уч болали она», дея масхара қилишар, бу масхара Матлубани ёқтирган Илҳом исмли йигитнинг кўзи олдида бўлгани учун чидай олмасди. Ўшанда уч болали она эмас, озод қушлигини исбот қилиш учун кинога кетганида қайноқ сувли човгумни ағдариб юбориб, Шокир куйиб қолган эди.

Мавлуда гапига кирмагани учун Матлубани бир тарсаки туширган, у эса:

— Ота-онам ҳам мени урмаганди, сиз ким бўлибсизки, менга қўл кўтарасиз? — дея уйдан чиқиб кетганди…

Ҳозир эсласа, опасини нечоғлик азобларга қўйган экан. Бунақа аччиқ-тиззиклардан қанча-қанчаси бўлиб ўтди. Матлубанинг ҳам ақли тиниқлашди. Опасининг улар учун фидойи, улкан паноҳ эканини билди. Лекин шунда ҳам ишхонадагилари билан зиёратга борибдию, опасига бир оғиз:

— Юринг! — дейиш эсига келмабди.

Қайтиб келиб, жигарларига, опасига совға улашганида, Мавлуда опа:

— Бир умр Аҳмад Яссавий зиёратгоҳига боришни орзу қилардим. Бир оғиз айтмабсан-да, — деди…

Ўшанда опасининг бу гапи ҳам ёнидан ўтиб кетган эди. Мана, энди ичи туздай ачишяпти.

— Опажон, сиз, албатта, тузаласиз. Оёққа турган кунингиз ҳамма ишимни ташлаб, сизни Яссавий бобога зиёратга олиб бораман, — деб шивирлади.

Назарида, опаси қимирлагандек, киприклари пирпирагандек туюлди…

* * *

Қанча давом этади бу изтироб? Зокир Матлубага «Толиқдингиз, опа, бу ёғига ўзим ўтираман», деб уни зўрға жигарларининг ёнига киритиб юборган эди.

Зокир Шокирга доим ҳавас билан қарарди. Чунки у кичиклигида Мавлуда опасининг бағрида қанақа эркаланиб ўтирса, ҳозир ҳам шундай эркалана оларди. Мавлуда опа унинг бурунчалари учидан ўпар ва «Пучуғим менинг!» деб сочларини силарди. Зокир ҳам опасидан, айниқса, онаизорининг эркалатишини соғинган чоғида, шундай меҳр кутарди. Лекин Мавлуда опа Зокирга уйнинг катта эркаги деб қарар, у билан жиддий гаплашарди. Бир марта Зокир ҳатто Мавлуда опасига:

— Сиз мени ёмон кўрасиз, Шокирни яхши кўрасиз. Мени детдомга топшириб юборинг, — деган эди.

— Сен жиннимисан? Қайси опа бир укасини иккинчисидан устун қўяди? Ахир биринг қош, биринг кўзимсизлар-ку, — деса ҳам Зокир болалар уйига бориб:

— Мени уйимдагилар ёмон кўради. Олиб қолинглар, — деган, у ердан вакил келиб, Мавлуда опанинг қанча бошини қотирган эди.

Фақат ўшандагина Мавлуда опа укасини бағрига босиб:

— Сен кетсанг, ўлиб қоламану, укажон! — дея йиғлаган эди.

… Барибир опа опа, ука ука экан-да! Катта — кўприк, кичик — кофир экан-да! Зокир опаси ёқтирмаган қизга уйланди.

— Сен севган эмас, сени севган қизга уйланишингни хоҳлайман. Она меҳрига тўймаган эркакнинг кўнглида аёл муҳаббатига муҳтожлик бўлади. Сени севса, кўнглингни тўлдиради, — деган эди опаси.

Лекин Зокир ўзи севган қизга уйланди. Мавлуда опаси ҳеч нарса демаса ҳам Зокир унинг ҳақ эканини йиллар ўтиб тушунди. Чунки хотинининг эркаликлари баъзан ўзини ҳам чарчатиб юборади.

— Опам келса, ҳамма ишингни қўйиб, унга қара, кўнглини ол, — деса ҳам ота-онасининг ёлғиз қизи бўлган хотини уни тушунмасди.

— Бажарган бўлса, опалик вазифасини бажарган. Нима, энди шунинг учун у кишига бир умр қуллуқ қилиш керакми? — дерди…

Зокир шулар ҳақда ўйлар экан, дилини бир армон тирмалади. «Опажоним тузалиб кетиб, уйимизга борса, етти қават кўрпачада ўтқазиб, кафтимда сув бераман», деди.

* * *

Шокир тунми, кунми фарқига бора олмай қолди. Назарида опаси икки кун эмас, минг йиллардан буён ҳушсиз ётгандек. Доктор-ку тез-тез хабар олиб турибди, ораларида бадавлат хонадонга тушиб, бойвучча келин бўлган Мавжуданинг эри шаҳарнинг таниқли профессорини ҳам бошлаб келди. У ҳам аввалги шифокорининг гапини айтди:

— Қимирлатманг! Буюрилган муолажаларни давом эттириш керак…

Шокир опасига жуда суяниб қолган эди. Кейинги пайтларда чарчаётганини билар, Мавжуда опаси «Бизникига юборсанг-ку, поччангнинг феъли кенг, биласан. Ўзларига алоҳида хона қилиб берардим. Энди ёш эмаслар. Санаторийгами ё Қора денгиз томонларгами айлантириб келиш керакдир», деса, Шокир «Ҳа», деб қўярди-ю, опаси кетса, бутун дунё ҳувиллаб қоладиганга ўхшарди.

У ҳам опасини даволатишга, дам олишга юбормаганидан, Мавжуда опасининг гапига кирмаганидан ўкинар, соғайиб кетса, албатта, ҳамма ишини қўйиб, ўзи Қора денгизга олиб боришга аҳд қиларди.

* * *

Аммо бор кучи, имкониятларини укалари, жиянларига сарфлаб, ҳеч қачон миннат қилмаган, ҳатто бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаган Мавлуда опа эса борлиқ-йўқлик орасида ётар, унинг ёлғизлик ташвишларидан ҳориган вужуди энди ҳеч нарсани ўйлай олмасди…

Қутлибека
РАҲИМБОЕВА

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here