ҚАШШОҚЛИК ҚАЪРИДАГИ ҚАЛБ… (Биринчи фасл. 14-қисм)

1

 

* * *

 

Мелибой мироб шу тахлит тахминан икки чақиримча ичкарилади. Ҳалокат содир бўлган жойдаги шовқин-суронлар ҳам ҳийла барҳам топди. Кўнгли сал таскин топган каби қадамини секинлатди-да, қоронғиликда атрофга жавдиради. Манзара деярли бир хил эди. Ҳеч тарафдан нажот сезилмас, ўрмон ичкариси нақ қиёмат қойимни эслатарди.

Мироб беихтиёр қорни таталаб бораётганини, чанқаганини ҳис этди. Ҳис этгани заҳоти танаси бўшашиб, кўзи тина бошлади. Совуқ баттар жонидан ўтиб қунишганча турган ерида сакраб-сакраб кўрди. Фойдаси бўлмади. Қаҳратон унча-мунчага ён беришни хоҳламас, музлаб бўлган оёқларидан мадор кетиб борарди.

— Дўзахни-ку, оловдангина иборат дейишарди, — аламдан телбаларча сўзлана бошлади мироб. — Гуноҳларинг бадалини ўша оловда куйиб тўлашинг зарур бўларкан. Буниси-чи? Нима деб аталади? Жоним музлаб кетди. Танам қақшаб боряпти. Энанг чала туғмай ўлгур Толиб шуларни билганмикан? Атайин қийналиб, итдай хор бўлиб ўлсин деганмикан? Шунчалик қўрқоқ экан, ўша худо қарғаган ертўласига тириклай кўмиб ташласа бўлмасмиди? Биров билмай ҳам қоларди-ку! Кофирнинг ишини қилди баччағар! Юзингда кўзинг демай, билиб-кўриб туриб мени балоларга гирифтор қилди! Ҳайдар-чи? У қай гўрга гум бўлди? Пойиздан тушди-ю, йўқолди-қолди-я! Анави аристонларнинг қўлига тушган бўлса-я? Сўйиб ташлайди-ку улар сувчини!.. Эсиз, пешонам шўр экан, шўр! Етти ухлаб тушимга кирмаган ерларга келиб қолдим. Қаёқдаги итфеъл кимсаларнинг қўлига тушдим. Ишқилиб, охири бахайр бўлсин!..

Мироб шундай ўйлар билан пича ўзини чалғитди. Барибир очлик зуғум қилаверди. Бахтга қарши ҳеч қаердан нажот кута олмаслигини сезар, шуни ўйлагани сайин беихтиёр ўпкаси тўлиб келарди.

У нима қилишни, энди қай томонга юришни билмай гарангсиди. Хаёлида мана-мана қайсидир дарахт ортидан ёвуз бир маҳлуқ отилиб чиқадигандек туюлиб, совуқдан адо бўлаёзган тиззалари дағ-дағ титрай бошлади. Мироб қўрқувлар исканжасида ёвдан ўзини ҳимоя қилмоққа шайланган аскар каби эҳтиёткорлик билан ортга тисланди. Гўё шундай қилса, хавф нари чекинадигандек бўлди.

Тислана-тислана бориб қандайдир юмшоқ нарсага оёқ босгандек бўлди-ю, шоша-пиша пастга энгашди.

Оёқлари остида қалин қордан бўлак ҳеч вақо кўринмасди. Шунда ҳам очлик устун келди. Нимадир топиб олиш илинжида жонҳолатда қорни қўллари билан нари сура бошлади. У оёқлари остида тубсиз ва сўнгсиз ботқоқлик борлигини, ёзда кириб қолса, домига ютиши муқаррарлигини билмасди. Фақат қор остидан нимадир топиб олиши мумкинлигини ҳис этарди… Ҳақиқатан…

Не кўз билан кўрсинки, қалин қор остига кўрпадек тўшалган, жажжи япроқлари ям-яшил, қип-қизил мевалар беркинибди.

— Астағфирилло! — деб юборди кўзларига ишонмай мироб. — Шундай қаҳратондаям мева пишарканми? Япроқчаларини қара, ям-яшил-а!..

У таваккал мевалардан бирини узиб олди-да, иккилана-иккилана оғзига солди. Мева нордонсифат, аммо таъми жуда ёқимли эди.

— Ёпирай, — дея энди меваларни сидира-сидира ейишга тушди мироб. — Худонинг қудрати бу, ҳа! Худди итузумга ўхшаркан-у, локигин жа мазалийкан.

Мироб хумордан чиққунча мева еди. Лекин қорни тўймади. Мева-да, пича кўнгли тинчлангандек бўлди-ю, сал ўтмай баттар очиқди. Яна қорни қўллари билан нари сура-сура шундай меваларни топди. Топганини сиқимлаб-сиқимлаб еяверди…

Йўқ, бу мева миробнинг совуқ ўтган танасига илиқлик бахш этмади. Муздек мева баттар совқоттириб чопонига қаттиқроқ ўралганча қайин дарахти панасига ўтириб қолди. Бу гал чарчоқ вужудига ўрлаб, кўз очишга қўя қолмади.

— Қанийди ҳозир бир бўлак гўшт бўлса, — деди мироб қоронғи ўрмонга саросима аралаш боқиб. — Ўша гўштни еб, қорнимни тўйдиргач, ўлиб кетсам майлийди. Ёши бир жойга борган одам очликдан силласи қуриб ўлса жуда хунук бўлади, ахир! Худойим шундай егуликни «ол қулим» деб ерга ташласайкан!..

Шундай ўйлар оғушида кўзи илинганини-да пайқамади. Уйқуга кетибди-ю, дарров туш кўра қолибди. Тушида қизи Севинч ҳўнг-ҳўнг йиғлаб, сочини юлармиш. «Мени абгор қилишди! Энди нима қиламан?» дея дод солармиш. Мелибой мироб унга яқин бормоқчи бўлармиш-у, кимдир чопони этагидан маҳкам сиқимлаб қадам босишга қўймасмиш. Орқадан туриб тортқилаётган кимсани бўралаб сўкишга чоғланибди. Тили айланмабди…

У азбаройи жаҳл отига минганидан ўнгида ҳам бақириб юборди.

— Қўйвор мени, ит, қўйвор! Ўлдираман! Ўлдираман!..

Мироб ўз қичқириғидан сесканиб уйғонди-ю, худди музга айланган оёғини уқалаб иситмоқчи бўлди. Шунда қўли юмшоқ, иссиқ нарсага урилди ва уни маҳкам ушлаб қолди. Қўлидаги нарса чийиллаган кўйи типир-типир қилар, баданини тимдаларди.

— Ие, қуён боласи-ку, — қўлида типирчилаётган оппоқ жонзотни кўриб, мироб ҳайқириб юборди. — Жажжилигини қара! Қайдан кеп қолдинг, жонивор! Менинг очиққанимни қайдан била қолдинг? Қани, тинчлан! Мен… аслида қаҳри қаттиқ одаммасман! Нима қилай? Сен яшайдиган ўрмон менга умуман бегона. Шу совуқларда ўлиб кетишни ҳечам хоҳламайман. Ҳозир-чи… Ҳозир сени пишираман. Қўрқма, кўп қийнамайман! Пичоқни томоғингга тирайман-у, бир тортаман… Осон қутуласан, ишон!..

Очлик жазаваси миробдек беозор, камсуқум одамни ҳам нақ қассобга айлантириб қўйди. Қишлоқда яшаб умрида чумчуқни ҳам сўйиб кўрмаган мироб қуённи тезроқ пишириб ейиш умидида қўйин чўнтагидан пичоғини чиқариб олди-да, жониворнинг гўдак каби биғиллаб йиғлашига-да эътибор қилмай, томоғига тиғ тортди. Сўнгра ҳовлиққанча юнгларини тозалашга тушди. Чамаси ўн беш дақиқа ичида ейилажак гўшт тап-тайёр бўлди. Аммо энди уни пишириш муаммо эди. Мироб бир мууддат улкан дарахт шохларига маъюс тикилиб турди. Қоронғиликда бир-биридан серсавлат оқ қайинларни яхшилаб кузатди. Уларнинг оппоқ танасида кичик-кичик қора доғлар зоҳир эди. Қанча тикилмасин, бу дарахтлар оқ қайин эканига миробнинг ақли етмади. Тикила-тикила туриб, таваккал пастга эгилган шохлардан бирини синдириб олди. У қайта ҳайратдан ёқа ушлай деди. Ҳаммаёқ қорга беланганига, қаҳратон эканига қарамай, бу шох қуп-қуруқ экан.

— Ўрмон дегани сувюқмасми дейман? — ғудрана-ғудрана шох тўплашга тушиб кетди мироб. — Нам деганнинг ўзи йўғ-а, вей! Қорнинг қалинлигини кўр-у, бу шохларни қара!.. Энди нима қилдим? Оловни қандай ёқай? Қоғоз йўқ-ку! Қуриб кетсин, ўша ёқдалигимда бир парча қоғозни киссага солволмаган эканман-да! Қани, дарахт пўстлоғини арчиб кўрай-чи! Новдалари қуп-қуруқ экан-ку!..

Мироб қайин пўстлоғини арчиб қўлига олди ва киссасидаги гугуртни чиқариб ёқиб кўрди. Пўстлоқ шу заҳоти гуриллаб ёнди.

— Мана бу худойимнинг шафқати, ҳа, — ҳовлиққанча пўстлоқларни кўчириб-кўчириб олиб шох-шаббалар остига тиқди у. — Ўзи қудратли, бандасининг раҳмини ейди. Илойим, шу кунларни қизимнинг бошига солмагин! Қанча қасдинг, синовларинг бўлса, мана мен турибман!

Мироб шундай деб гуркираганча ёна бошлаган оловда исиниш баҳонасида қуён гўшти ўртасидан йўғонроқ новдани тешиб ўтказди-да, ҳийла энгашган ҳолда пишира бошлади…

 

* * *

 

Қирқ дақиқалардан сўнг мироб чўнқайиб олганча қип-қизариб пишган қуён гўштини пишиллаб-пишиллаб тановул қилар, гўштнинг мазасига тан бериб қур-қур бош чайқаб қўярди.

— Умрим бино бўлиб қуён гўштини емаган эканман, — ўзига ўзи сўзланди у қорни тўйгач, суякларни қор остига кўмаркан. — Жа мазали бўларкан-ку занғар! Эҳ, бечора қуён-а, ажалинг етган экан! Йўқ, худойимнинг ўзи сени менинг олдимга йўллаган, ҳа! Чунки мен ҳеч қачон бандаларга ёмонлик қилмадим, бировнинг кўнглини оғритмадим, озор бермадим. Шуни билган-да! Майли, хафа бўлма, бу дунёда ўлган бир сен эмас. Ана, менинг оёғидан ўт чақнаб юрган хотиним илкис тўшакка михланди-ю, ўлиб қолди. Тақдирга тан бердим. Нима қилай? Бир кун туғилмоқ, бир кун ўлмоқ экан-да!.. Фақат… Биласанми, менга барибир қийин кечадиган бўлди. Кимсасиз ўрмонда, бегона, ит оёғи етмас юртларда ёлғиз қолиб кетдим. Бу ердан варталўтдаям топа олишмайди мени. Ҳеч ким билан гаплашмас, бировга дардимни айтолмас бўлдим. Ажалим етса, айиқми, бўрими, ишқилиб, шунақа маҳлуқлар чангалида ўларман. Нима дединг? Қўрқяпман? Менми? Бе, шундай каллакесардан қўрқмаган, маҳлуқдан ҳайиқарканманми? Ҳечам-да! Ҳов анавиндай йўғо-он ходани олиб бир отаман ўша маҳлуққа, майиб қип қўяман!.. Шундай дейман-у, «мусофир итнинг думи қисиқ» деган гап бор. Улар кўпчилик бўлиб келса, сичқоннинг ини минг танга бўлиб кетса керак. Майли-да! «Затў…» Ие, ўрисча гапирвордимми? Ёпирай, одам боши берк кўчада қолса, немисчаям гапирворакан-да, на илож?!. Фақат… Эрталабгача нима бўлишимни билмаганим ёмон. Ҳозир жуда уйқум келяпти-ю, қўрқяпман, қуёнвой. Бўри-мўри оёғимдан тортиб кетиб қоладими деб чўчияпман. Майлими? Тортаверсинми? Тўғри, боягина ўзим айтдим қўрқмаслигимни. Бахай, бахай!.. Олдин ўша бўриси бир яқинлашиб кўрсин-чи! Вей, нос чектириб адабини бермасам отимни бошқа қўяман! Ҳа-а, менинг носим Ботир носфурушнинг носидан. Жа кучли. Унақа бўрилар бир марта чекса, галасини тополмай ўлиб кетади…

Мелибой мироб совуқ таъсирими, ё асабийликданми, шу лаҳзаларда телба қиёфасига кириб қолгандек эди. Ўзи аллақачон еб бўлган қуён боласига дардини айтар, ора-сирада қўнимга жой қидирган бўлиб зулмат қаърига ўғринча назар соларди. Лекин дастлабки дақиқалардаги каби қаттиқ қўрқмас, саросималар барҳам топганди. Мироб қизил мевалар, қуён топиб олгандан сўнг бу ўрмонда очдан ўлмаслиги мумкинлигига ишона бошлаганди. Шу сабабли аста ўрнидан турди-да, совуқдан бир сесканиб олиб пана, хавфдан холи жой топиш ниятида олдинга юрди.

 

* * *

 

Энди йўл юриш унчалик оғир туюлмас, қорни тўйгач, миробнинг танаси анча қизиб, енгил нафас ола бошлаганди. Қолаверса, қалин ўрмоннинг чексиз эканига аллақачон амин бўлди. Адашиш, кимнидир учратишдан умид қилиш Мелибой миробга бегонадек туюла бошлади. У фақат бир мақсад йўлида қадам ташлади. Қандай бўлмасин, тунашга пана жой топиш ва тўйиб ухлаш…

Йўл юра-юра ниҳоят яна бир мўъжиза юз бериб, ёғочдан қурилган кичик бир уйчага рўбарў бўлди. Уйни кўргани ҳамоно сира ўйлаб ўтирмай эшикка ёпишди. Эшикка кичкина қулф осилибди. Совуқдан жон сақлашига кўзи етган мироб чор атрофни пайпаслай-пайпаслай ингичка, лекин бақувват хода топди-да, зулфинга тиқиб бир-икки пастга силкилади. Қулф зулфини билан бирга кўчиб тушди. У ҳовлиққанча ичкарига кирди.

Шубҳасиз, ичкари зим-зиё экан. Гуруг чақиб уй ичини кўздан кечирди. Ерда чой қайнатиш, таом пиширишга мўлжалланган примус, сал нарида консерва тўла идишлар қалашиб ётарди. Бир бурчакка икки қават қилиб кўрпача ҳам тўшалибди. Мироб бу нарсаларга кўзи тушиб сал ҳушёр тортгандек ортга тисланди.

— Йў-ўқ, бу ерда бир сир бор-ов! — шивирлади қўрқа-писа эшик тирқишидан ташқарига мўраларкан. — Шунча нарсани ким қўйди ўзи? Ким қурди бу уйчани? Нега? Папирос қолдиқлари, ичкиликдан бўшаган идишларга қараганда, бу уйчада ҳов ўша аристонлар тунаса керак. Ҳа, ўшалар қочқинда юриб мана шу ерда жон сақлайди. Ўғирлаган овқатларини шу уйчага беркитишибди-ю, қаергадир кетишибди. Бу ерда ухлаб қолсам-у, ўшалар келиб қолса, нима қиламан? У қизиғарлар битта-битта юрмайди. Кўпчилик бўлса керак. Мени чавақлаб ташлашса-я?.. Мана, мисол учун ҳозир кўрпачага ёнбошладим ҳам дейлик. Сал ўтмай, улар кириб қолишса. Нима бўлади унда? Қарғаворсам-чи?.. Ҳа-я, қарғиш тегса, барибир соғ қолмайди. Ана, бир куни Жўра пиён қўшни маҳалладаги бир чолни эшакда кетаётиб туртворганди. Чол ўшанда «Ҳе эшакнинг тагида қолгур!» деб қарғовди. Қирқ кунгаям бормади. Кечаси ичволиб эшакда келаётганда, эшагининг олдидан мушук ўтиб қолган-у, жонивор чўчиб тушган-да, шаталоқ отиб чопа кетган. Жўра пиён нақ оёғининг остига йиқилибди-ку!.. Э, бир ойгача дўконга қўлтиқтаёқда қатнаб юрди. Ўша-ўша ичса эшак минмайдиган бўлди. Менам «пойизнинг тагида қолгур» деб қарғасам-чи? Ажабмас, қарғишим тегса!.. Йў-ўқ, ундайларга қарғишам тега қолмаса керак. Одам ўлдириб ҳам миқ этишмайди-ю, қарғиш тегармиди?!. Балки, ҳеч ким келмас-а? Нима қилай? Анави идишларни очиб ичидагини еяверайми? Тўппа-тўғри, мироб, сени ит кўриб ўтирибдими?!. Ейсан, қорин тўяди, мириқиб ухлайсан. Ҳа энди… Уйқу орасида бўғизлашса, худо пошшо. Ажал етган бўлса, минг чиранма, барибир қочиб қутулолмайсан. Ундан кўра таваккал қилгин-у, ҳозирингни ўйла!..

Мироб шивирлай-шивирлай, бир қарорга келди. Примусни ёқди-да, идишлардан бирини пичоқ билан очиб ичидаги консервани еб битирди. Қорни тўйди. Вужудига илиқлик югурди. Шундан сўнг жони осойиш топиб бурчакдаги кўрпачага чўзилди. Уйқуга кетишдан олдин эҳтиёт шарт қизи Севинч билан видолашди:

— Қизалоғим, қўрқма, ҳеч кимнинг олдида бош эгма! Менинг ҳақимга тез-тез тиловат қилиб тур! Ўзим тушингга кириб сенминан тиллашиб тураман! Алвидо!..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

1 ТА ФИКР

  1. Hurmatli Olimjon Hayit men hikoyalaringizni sevib mutolaa qilaman ushbu asarizda xatolik topganim uchun sizdan uzr so’rayman mana shu qismda qahramonni «chumchuq ham so’ymagan» deb yozipsiz lekin avvalgi qismlarining birida «tovuqdan boshqa narsa so’ymagan» deb yozgansiz ushbu xatolikga e’tibor bersangiz.

Comments are closed.