ҚАШШОҚЛИК ҚАЪРИДАГИ ҚАЛБ… (Биринчи фасл. 15-қисм)

2

 

* * *

 

Мелибой мироб уйқудан жуда эрта уйғонди. Ёмон туш кўрибдими, қора терга ботган кўйи ўрнидан турди ва ташқарига мўралади. Тонг энди-энди ёришиб келар, ўрмон турли қушларнинг чуғур-чуғурига тўлганди.

Уйқуси очилиб, бўлиб ўтган ишларни тиниқроқ англагач, ўлмай қолганига шукр қилса-да, барибир юрагини ваҳима босди. Уйчадан шубҳаланаверди. Бу ерда бир сония бўлсин қолиши мумкин эмаслигини тушуниб, юриш учун тўғри йўл қидирди. Афсуски, ўрмонда йўлнинг ўзи йўқ, ҳаммаёқ дарахт, буталар билан ўралган, уларни қалин қор босиб турарди.

— Мана шу ёққа жўнайман, — деди ўзига ўзи чапга бурилиб. — Қаердадир йўл бордир, ахир! Дунёниям охири бор-ку! Ўрмоннинг якуни бўлмайдими? Бекор гап. Кетаверсам, ахийри бир кун топаман-да йўлни! Ё варталўтда қидириб келишар! Ҳа, келишади. Толиб каллакесар барибир излайди мени. Ҳеч қурса ўзидан чўчийди. Қилғиликни қилиб қўйган. Ҳойнаҳой кайфда шу ёқларга жўнатворди чоғи бизни. Ўзиям роса афсус қилгандир. Тўғри-да, агар уни сотиб қўйсам ўлади. Замбаракнинг оғзига солиб отишади Толибни…

Шу кетганча мироб узоқ йўл босди. Уйчадаги консервалардан ҳам олмаганди. Қўрққанди. Юра-юра қорни очганда, дўмпайганроқ жойларни чамалаб, қизил, нордон мевалардан топиб еди. Вақт тахминан тушга яқинлаганда, нордон мева ичини сидириб юборган каби жуда очиққанини ҳис этди. Хўш, энди қаердан топади егуликни? Ўрмонда дарахт, буталардан бўлак ҳеч вақо кўринмайди. Мироб юришдан тўхтаб тағин қуён боласини топиш илинжида атрофга аланглади. Ҳеч вақо йўқ. Аҳён-аҳёнда олмахонлар дарахтдан дарахтга сакраб ўйноқлагани кўзга ташланади.

Одам боласи қанчалар оғир аҳволда қолмасин, ўртанмасин, азобланмасин, бу мушкулотларни бўйинга олиш, тақдирга тан беришга мажбур бўларкан. Мироб ҳам ич этини ея-ея чарчади. Кўргиликларга қўл силтамоқни ихтиёр қилди. Сиқилиш, ўйланиш, қайғуриш, ташвиш чекиш ҳеч нарсани ўзгартира олмаслигини чуқур англаб етди. Мана шу қалин ўрмонни вақтинчалик макон тутишга маҳкумлигини тан олди. Ўзини мажбурлаб бўлса-да, қишлоқни, қизини, Толибнинг қилмишларини унутишга уринди. Айни чоғда амалга ошириши лозим бўлган юмуш хусусида қайғура бошлади.

Ҳа, у очиқди. Уйча аслида овчиларга тегишлилигини билмасдан, уни аристонларники дея хаёл қилди ва егулик олишга қўрқди. Тунда қорни тўйгани, совуқда қотмай, ўша уйчада жон сақлаганидан мамнун бўлиб, таваккал қуруқ қўл билан йўлга тушди. Энди эса қайтадан тамадди тадоригини кўришга маҳкум. Акс ҳолда очлик қаҳратоннинг кучини юз чандон оширишини билади. Шундай экан, қандайдир йўлини топиши, нима қилиб бўлмасин, чивиндек жонини асраши, қорин тўйдириш пайида бўлиши шарт…

У ўрмонга ҳийла кўниккани боис қаердандир отилиб чиқиши мумкин бўлган маҳлуқлар ҳақида унчалик ўйламай қўйганди. Чин кўнгилдан ўлимни ҳам, қора қисматни ҳам бўйнига олган ҳолда турган ерида теваракни обдон кузатди. Олмахонларнинг ҳаракатларига алоҳида эътибор берди.

Олмахонларнинг бири оғзида нимадир тишлаганча пастроқ дарахтлардан бирига чиқди ва олиб келган нарсасини ўша ерга ташлаб, яна пастга шўнғиди.

— Ие, отқулоқ опкелдими? — сўзланди мироб ўнг кафтини пешонасига тираб ўша дарахтга қаттиқроқ тикиларкан. — Ё бошқа нарсамиди? Нега бундай қилди жонивор? Тинчликмикан? Ҳозир шу дарахтга чиқсам, оёғим тойиб кетмасмикан-а? Э, тойса, қор устига тушаман-ку! Ўзим ҳам ўтакетган шалвираганман-да! Қорин таталаб турибди-ю, йиқилишни ўйлашимга бало борми?

Мелибой мироб таваккал юриб бориб олмахон нарса қўйиб кетган дарахтга тирмашди. Чиқа оларкан. Ҳали белидан қувват буткул кетиб улгурмаганидан бир қоп семирди ва айнан олмахон нарса ташлаган жойга қаради. Ўша жойда каттагина ковак зоҳир эди. Олмахон ковакни қўзиқорин ва кедр ёнғоқларига тўлдирибди. Буни кўрган миробнинг кўзлари чақнади ва жонҳолатда ёнғоқларни қўйинга урди. Қўзиқоринни еса бўладими-йўқми, билмагани боис олишга қўрқди. Ковакда қолдириб, қайтадан дарахт танасига тирмашган ҳолда пастга тушиб олди.

— Вой занғар-эй, — дея ёнғоқчаларни тиши билан чақиб, мағзини ажратиб оларди мироб. — Жа пишиқ маҳлуқ экан-ку бу! Нимайкин ўзи? Чичқон десам каттароқ, думиям жа узунакан. Ё каламушнинг бир туримикан-а? Йў-ўқ, каламуш бўлса, дарахтда юрмасди. Бу алламбало жонивор бўлса керак. Вой каллаварам мироб-эй, қаердалигингни унутдингми? Диливизўрда кўрсатарди-ку шунақа жойларни! Ҳар хил, катта-кичик, ола-була ҳайвонлар юрарди ўша ерларда. Буям шуларнинг биридир-да! Ишқилиб, нима бўлгандаям, ризқимни териб едим. Тўғри, жонивор меҳнат қилиб терган, кечқурун ейман деб хаёл қилганми… Афсуски, бизам очмиз шу тобда. Бу ерни ўрмон, мусофирчилик деб қўйибди, ошна. Олган олганники бу жойларда, ҳа!..

Ёнғоқ кўз очиб юмгунча тугади. Миробнинг қорни тўймади. Аммо қайғуга йўл бермай, йўлида давом этди. Йўл-йўлакай олмахонларни қидирди, яна бир неча маротаба дарахтлар ковагидан кедр ёнғоқчаларини ҳовучлаб-ҳовучлаб қўйинга урди. Охири қорни ҳам тўйди. Ғам, андуҳ, ташвиш, тушкунлик нари чекинди. Мироб дунёга бошқачароқ кўз билан боқа бошлади. Айниқса, йўлида қор остида ўсувчи нордон меваларни топганда қувончи ўн чандон ортди. Чунки бу меванинг мазаси миробнинг оғзига ёққанди…

 

* * *

 

Ниҳоят қалин ўрмонга тун чўкди. Мироб йўл ёхуд бирор тирик жон қидириб ҳолдан тойганди. Ўрмоннинг қайсидир ерига борганда, ортиқ юра олмаслигини ҳис этди ва қор устига ўтириб олди.

Энди тунни қандай кечириш хусусида бош қотириши лозим. Қаҳратон бу қадар шафқатсизлигидан, ҳеч қурса бир сония бўлсин илиқ тафтга йўл бермаётганидан хаёлан нолиб, икки кафти билан бошини чангаллаганча узоқ вақт ўтирди. Ўтириш асносида қизини кўз олдига келтирди. Ҳайдар сувчининг қай манзилда эканини тусмоллади. Назарида қишлоқдоши ўша аристонларнинг қўлида ўлган бўлиб чиқаверди. Шуни ўзича тахмин қилиб, эҳтиёт шарт ўтирган ерида сувчининг ҳақига тиловат қилди. Лекин барибир қўрқинчли ўрмонда бу тахлит ўтиравериши аҳмоқликдан бўлак нарса эмаслигини сезиб турар, ҳадеганда зулмат қаърига ўғринча боқиб «ишқилиб қайсидир бурчакдан ёвуз маҳлуқ чиқиб қолмасин-да» дея ўйларди.

— Падарига минг лаънат бу ҳаётнинг! — охири ўтириш жонига тегиб даст ўрнидан туриб кетди мироб. — Ёш бир ерга борганда бунисига бало бормиди? Ҳеч бўлмаса тушимга кирган бўлсаям алам қилмасди-я! Қўшни шаҳарга бориб қолсам ҳам майлийди. Бунақанги ўрмонгаям келаманми адашиб?..

Мелибой мироб икки қўлини белига тираганча бир муддат фикрлади. Ҳа, тун совуқ, агар шу қаҳратонда тош қотиб ўлишни хоҳламаса, пайпасланиб бўлса-да, ўтин тергани маъқул.

«Қизиқ, — кўнглидан ўтказди мироб шох-шаббаларни қўрқа-писа териб бир жойга тўпларкан. — Шундай қалин қор тагидаям бу шохлар қуп-қуруқ-а! Худонинг карами кенг экан-да! Анави дарахт пўстлоғи-чи?!. Қоғозданам тез гуриллаб кетаркан-а, вей! Қудратингдан! Шунча қудратинг бор-у, локигин мендай ғарибни буёқларга ирғитиб юборганинг ёмон бўлди, худойим! Сендан хафаман, ҳа, хафаман!.. Фақат ранжимагин! Сен ранжисанг, дунёга ўт кетади-я!.. Шунчаки… Жондан ўтгани учун айтдим-қўйдим-да!..»

Ҳаш-паш дегунча бир ғарам ўтин, уни ёқиш учун пўстлоқ ҳам тайёр бўлди. Ана энди қўрқмаса бўлади. Совуқдан ўлмаслиги аниқ. Қорни тўқ, ғам чекинди. Бирпас ўтирсин-чи, толиқса, оловни ёқади-ю, пинакка кетади…

Шу пайт ҳов нарида ниманингдир ёниб ўчаётганига кўзи тушди. Мироб юраги безовталаниб, аста ўрнидан турди ва бир қадам олдинга ташлаб, бу нурни яхшироқ кузатди. Нур ёлғиз эмасди. Мироб қатор-қатор ёрқин нурларни кўрди.

«Ие, итми булар? — ўйлади қайтадан жойига тисланиб. — Йў-ўқ, итмас!.. Ит қанд ермиди ўрмонда?…»

Ўйлаб ўйининг охирига етмай, нурлар миробга анча яқинлашиб қолди.

У шундагина бунинг нималигини фаҳмлади.

Ҳа, миробдан ўн-ўн беш метр нарида сутдек оппоқ бўрилар галаси турарди.

 

* * *

 

Осойишталикда айтилган гаплар, мақтаниш-у, ҳазил-ҳузуллар бир пул экан. Бандаси бошига тушажак кўргиликка ростакамига рўбарў келса, буткул хароб бўларкан.

Мелибой мироб оқ бўриларга кўзи тушгандаёқ, тамом бўлаёзди. Юраги ҳаловатсизланди. Пешонасини муз тер қоплади. Қаҳратон таъсиридан-да ўн чандон қаттиқроқ титрай бошлади. Хаёлидан узоқ-яқин ўтмишдаги воқеалар, таниш-билишларнинг иссиқ-совуқ чеҳралари маржондек тизилиб ўтди. Суюкли қизини қайтиб кўра олмаслиги армон бўлди.

Жон ширин, мироб оғиз очишга қўрқиб яна хаёлан барча гуноҳлари учун тавба қилди. Яратгандан паноҳ, шафқат, умр сўраб ёлворди.

Бўрилар эса сўйлоқ тишларини кўз-кўз қилганча беўхшов ирилларди.

Мироб бир муддат нима қилишни билмай тош қотди. Сал қимирласа, бўрилар тобора яқинлашишга уринаверди. Бир кўнгли ёнбошдаги ўтинлар орасидан йўғон ходани олиб улар томон ирғитгиси, шу йўл билан бўриларни қўрқитгиси келди. Афсуски, юраги дов бермади. Маҳлуқлар арзимас ортиқча ҳаракат содир этса, ташланишга, уни ғажиб ташлашга тайёр туришарди. Шунда миясига ажойиб фикр келди. Мелибой мироб итлар, умуман итсимонлар оловдан қўрқишини биларди. Миясига урилган фикрдан жонланиб жуда эҳтиёткорлик билан чўнқайиб олди ва худди шу тарзда қўйин киссасидан гугурт чиқарди-да, оҳиста ёқди.

Зум ўтмай дарахтнинг қаҳратонда-да қовжираган пўстлоғи ўт олиб, олов гуриллай бошлади. Шундан кейингина бўрилар галаси ортга тислана-тислана, номаълум тарафга чопа кетди.

Ҳануз балодан халос бўлганига ишонқирамай, мироб оғир-оғир нафас олар, танасида зоҳир титроқлар босилай демасди.

— Падарингга лаънат-эй, — ичига туфлай-туфлай, ниҳоят олов қаршисига ўрнашиб ўтирди мироб. — Сал қурса шу маҳлуқлар чангалида қолаёздим-а! Худога бир айтганим боракан, ҳа, бир айтганим боракан! Катталигини қара-я ярамасларнинг! Оқ бўриси шумикан? Ҳе овчининг қопқонига тушкурлар!..

Шу тахлит у бир соатга яқин оловда исиниб ўтирди. Лекин бўри воқеасидан сўнг жуда қўрқиб қолганди. Ҳар сонияда ортга ўгирилиб, қулоғини динг қилаверди. Арзимаган шарпадан ўтирган ерида сапчиб кетаверди.

Ўтира-ўтира, тушундики, бу ерда узоқ вақт қолиш мумкин эмас. Бўрилар албатта қайтиши, ухлашини кутиши ҳеч гапмас. Худо кўрсатмасин, пинакка кетса-ю, ташланиб қолишса!.. Яхшиси, кетади, ҳа, дуч келган тарафга кетади. Маҳлуқлардан йироқ бўлса, бас…

Шуларни ўйларкан, мироб шоша-пиша оловга қор ташлай-ташлай ўчирди-да, олдинга босди.

 

* * *

 

Мелибой мироб шу кўйи эрта тонгга қадар ўрмонда санғиди. Қай тарафга кетаётганини-да идрок этмади. Совуқда қотмаса, маҳлуқларга йўлиқмаса бас деб билди. Афсуски, Сибир совуғи миробнинг эгнидаги чопонни менсимайди. Эртами-кечми чопонни оралаб кириб аъзойи баданига хуруж қила бошлайди. Айниқса, қорнинг оч қолса, қаҳратонга худо беради. Вужудингга жуда осонлик билан эга чиқади.

Мелибой мироб тахминан эрталабки соат еттиларгача чидади. Ниҳоят қорни таталаб, баттар совқота бошлади. Очлик жазаваси шу даражада тез кучайиб бордики, энди у юрган йўлида аланглаб, емиш қидиришдан бўшамай қолди.

Кеза-кеза анча нарида ўзига тикилиб турган ола-була тулкига кўзи тушди. Тулки ҳам очми, нуқул миробга қараб пишқирарди.

Бунақа тулкини ҳеч қачон кўрмаган экан. Олдинига ҳайрати ортиб маҳлуқни томоша қилган, шу баҳонада чалғиган бўлди. Лекин егулик илинжида қалбини забт этиб бўлган шайтоний ҳирс миробни йўлдан уриб, нима қилиб бўлса-да, тулкини тутиш, пишириб ейишни ихтиёр этди.

Хайрият, ишини худо ўнглади. Тулки ўлим хавфини сезиб қолдими, ё ниманингдир шарпасини илғадими, илкис ортга бурилди-ю, бутазорлар орасига ўзини урди.

— Худога шукр, қочиб кетди, — деди мироб бошини сарак-сарак қилиб. — Гуноҳга ботардим-а, гуноҳга! Ҳа, энди тулки деганиям мушукдай гап-да! Унинг гўштини ҳаром дейишарди. Қўй-э, ҳаром егандан кўра очликдан шишиб ўлганим яхши-я!.. Туф-туф-туф-э, туф-туф!..

Мелибой мироб силласи қуриб, совуқдан танаси қақшаб бораётганига қарамай, ўзини тетикроқ тутишга, чидашга, яхшиликдан умид қилишга уринарди.

Шу маҳал қайсидир дарахтлар ортидан нақ эшакдай келадиган жониворлар тўдаси чиқиб қолди. Мироб уларни дарров таниди.

— Ие, буғулар-ку, — деди бирдан кайфи чоғланиб. — Вой, жониворлар-ей! Буларнинг чиройлилигини қара! Бир-биридан кўркам-а! Худди диливизордагидай!.. Локигин тута олмайман-да! Жуда тез чопишса кера-ак! Йўғ-э, зўрға оёғини судраяпти-ку анави орқадагиси! Уям менга ўхшаб очмикан-а? Ё яраланганмикан? Ҳозир аста яқинлашсам, қочиб қолмасмикан? Ҳа-а, ана, егулик қидиряпти ўзига қор тагидан. Ўша егуликни ўзим топиб берсам, қўлимдан ермикан? Қани, бир уриниб кўрай-чи!..

Мироб эҳтиёткорона ортга ўгирилди-да, боягина оёқ босган ботқоқлик томон юрди. Қор остини титкилай-титкилай, шўртаъм меваларнинг кўм-кўк майсаларидан бир сиқимини териб олди ва тумшуғи билан қор титаётган буғуга яқинлашди.

— Ма, ма, — дея майсаларни буғуга узатиб ўзига чорлади мироб. — Қўрқма, узоқ азоб бермайман сенга! Нима қилай? Совуқ жонимдан ўтди. Бадан тушмагур қақшаб кетяпти. Сенинг терингга бу совуқ кор қилмайди, биламан. Танангга манави пичоқ тиғини бир тиқиб оламан, тамом! Чивин чаққанчалик бўлади, ишон, жонивор! Қани, келақол, келақол!..

Буғу ҳақиқатан оч эди. Тўдасидан буткул ажралиб чиқди-да, ҳуркканнамо миробга яқин келиб қўлидаги майсани ея бошлади. Мана шу лаҳзада абжирлик зарур эди. Мелибой мироб фурсатни қўлдан бермаслик учун қўлидаги пичоқни куч билан буғунинг қорин қисмига бир неча марта санчиб-санчиб олди. Буғу оғриқ зарбидан сакраб кетди-ю, аммо узоққа бора олмади. Танасидан тирқираб қон оққан ҳолда ёнбошга қулади. Шу ҳолатда ҳам жонивор қайта ўрнидан туришга, қочишга интиларди. Афсуски, кўп қон йўқотиш буғуни бирпасда ҳолдан тойдирди. У энди туришга чоғланмай қўйди. Ётган ерида жон таслим қилиши муқаррарлигини сезган каби тўрт оёғини силкита бошлади.

Азоб ҳар қандай одамни ваҳшийдан-да баттарроқ кимсага айлантириб қўйиши ҳеч гапмаскан. Умрида чумолига озор бериб кўрмаган мироб шу тобда нақ қассоб қиёфасига кириб қолгандек эди. Кўзлари ёниб, пишиллаган кўйи ҳаш-паш дегунча буғунинг терисини билганича шилиб олди-да, жонҳолатда терига ўралиб олди. Жони ором топди. Энди совуқ хезланмай қўйди. Ана энди сира иккиланмай қорин тўйдириш пайига тушса ҳам бўларди.

Мелибой мироб шошилмасдан буғунинг гўштини нимталади-да, кераклисини олиб, қолганини қор остига кўмди. «Бирор маҳлуқ менга ўхшаб оч қолса, топиб ер» дея хаёл қилди ва ими-жимида олов ёқиб, ўзига тегишлисини пиширишга тушди…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

2 ФИКРЛАР

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here