Ўзбекистон 24″ телеканали ходимлари: «Ишга яраша маош олмаяпмиз»

1

Яқинда «Сиздан Телеграм» рукнида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси иқтисодий танг аҳволда қолгани ҳақида мактуб чоп этилган эди. ЎзМТРКнинг «Ўзбекистон 24» телеканали ҳам аянчли аҳволга тушиб қолди. Ходимларнинг норозилик кайфияти эса ишга ҳам таъсир қилмоқда. Ишга яраша маош берилмаётгани сабаб телеканалнинг мухбир ва операторлари бирма-бир ишдан бўшаб кетмоқда.

Телеканалнинг салкам 50 фоиз ходими ярим ставкада бўлса-да, ҳафтасига 6-7 кун, кунига эса 12-14 соатдан ишлашга мажбур қилинмоқда. Белгиланган вақтдан ошган иш соати эса ҳужжатларда кўрсатилмайди, ярим ставкада ишлайдиганлар кўп меҳнат қилса-да, кам маош олади.

Жорий йил май ойида монтажчиларимиз раҳбариятга маошни оширишни сўраб мурожаат қилган эди. Раҳбарлар эса уларга «Хоҳласаларинг, бошқа иш топларинг!» деб жавоб қайтарган. Кейин монтажчилар 4 соат иш ташлаш қилди, телеканал директори ўша заҳоти монтажчиларни хонасига чақириб, кейинги ойдан маошни оширишга ваъда берди. Июнь ойида монтажчиларнинг маоши анча яхши чиқди, аммо бизнинг (режиссёр, мухбир ва операторларнинг) маошимиз янада камайди. Суриштирсак, бизга бериладиган гонорар ҳисобидан монтажчиларга қўшиб берилган экан. Энди биз ҳам иш ташлашимиз керакми?

Байрам пули нима эканини Наврўздан бери унутганмиз. Ҳатто касб байрамимизда ҳам байрам пули олмадик. Маошнинг камлигини, хеч бўлмаса мукофот пулини бироз кўтариб беришини сўраб раҳбариятга мурожаат қилганимизда, у «Ишласаларинг шу, маош камлик қилса ана бошқа иш топ! Кўчада каналга ишга кираман деганлар тиқилиб ётибди!» деб қўполлик билан жавоб кайтаради. Раҳбарнинг ходимга шундай муомала қилишга ҳаққи борми? Ходимларни умуман эшитмайди, фақат иш талаб қилади, иқтисодий масалага келганда эса орқа ўгиради.

Ҳужжатларни ўрганиб, раҳбариятдаги айрим одамларга ҳар ой 90-95 фоиздан мукофот пули ёзилаётганига гувоҳ бўлдик. Бу лавозим окладига яна шунча фоиз пул қўшилади деганидир. Қолаверса, бухгалтерия, маркетинг бўлимидагиларга 80-90 фоиз, раҳбариятнинг яқин инсонлари ҳисобланмиш баъзи мухбирларга 50-80 фоиз мукофот пули ёзилмоқда. Ҳолбуки, улар қишда иссиқ, ёзда эса муздек кабинетда қаҳва симириб канал пулини ўзлаштириш ҳақида ўйлаб ўтиришади, холос. Энг ачинарлиси, иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демай микрофону 15 килограмли камерани елкасига кўтариб кўчада лавҳа тайёрлаётган мухбир ва операторларга 5-15 фоиз мукофот пули ёзилмоқда. Бу эса атиги 25-35 минг сўмни ташкил қилади. Қани бу ерда адолат? Нимага директор муовини ёки бошқа раҳбарлар 95 фоиз мукофот олиши кераг-у, ярим ставкадалигига қарамай 12-14 соатлаб ишлаётган мухбир ёки операторлар 10 фоиз олиши керак? Инсоф ҳам бўлиши керак-ку ахир!

Биз раҳбариятдан тоғни сўраётганимиз йўқ, ҳамманинг хизмат вазифасига кўра иш тақсимлансин, агар иш соати белгиланган вақтдан ошса қўшимча пул тўлансин!

Биз бу хатни телеканалимиз рахбарларининг ходимларга «ишласанг ишла…» деган гапларидан чарчаганимиз учун ёздик. Ишчиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилиши юзасидан прокуратура текширув ўтказсин, бировнинг ҳақини еб юрганларни жазолансин!

Президентимиздан ҳам телевидение соҳасига эътибор беришларини сўраб қоламиз. Миллий телерадиокомпанияга тепса тебранмас, жиғилдонини ўйлайдиган раҳбарлар ўрнига ўз ишининг жонкуяри, соҳа ривожи учун тинимсиз меҳнат қилиб, ҳалол пул топадиган инсонларни раҳбар қилиб тайёрлаш керак».

Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

1 ТА ФИКР

Comments are closed.