БИ-ИР КУЛИШМАЙМИЗМИ, ОКА?..

0

АКЦИЯ

(ҳажвия)

 

Кейинги кунларда Тўхтамишнинг бўлари бўлди. Ҳали чироқ, ҳали иссиқ сув, Жэкдан келишади. Бўйнигача қарзга ботган. Қарзларни шартта узиб юборай деса, олти жужуқининг кийими, ейиш-ичишига пул етмайди. Нима қиларди? Эшик тақилласа, кичкина ўғилчасини чиқаришга мажбур. Ўғилчаси дадаси йўқлигини айтади-ю, ўргатилганидек қўлидаги ўйинчоқ сув пуркагич милтиқдан келганларга сув сепади. Кўрибсизки, келганлар ими-жимида жуфтакни ростлаб қўя қолишади…
«Йўқ, — деди ўзига ўзи Тўхтамиш. — Жонга тегди беркиниб-пусиш. Яна келишсин, ўзим биламан. Ие-е, ана, ён қўшнилар-чи? Улардан нега қарзини талаб қилишмайди? Шохи бормикан уларнинг? Сўрасин, олсин!..»

Ҳар бир ниятга фаришталар омин дейиши рост шекилли. Ҳали ўйлаб, бир қарорга келиб улгурмай, эшик тақиллай бошлади. Ўғилчаси ҳам ўрганиб қолган экан. Гап-сўзсиз қўлига сув пуркагич милтиқчасини олди-ю, йўлакка чоғланди.

— Тўхта, Тошбой, ўғлим, — деди Тўхтамиш қўлини баланд кўтариб. — Ўзим чиқаман. Шундай адабларини бераманки, қўрқитишда милтиқчангам ип эшолмай қолади…

Шундай деди-ю, дадил юриб бориб эшикни очди. Ҳақиқатан, қаршисида икки бўйдор йигит қўлларида жилд билан ҳозир бўлишди.

— Биз электр ташкилотидан келувдик, — деди чапдагиси кулимсираб. — Ҳалиги…

— Хўш, нега анави, манави қўшниникини тақиллатмайсанлар? — дағдаға қила кетди Тўхтамиш йигитларга. — Қўрқасанларми? Уларнинг қарзи меникиданам кўп-ку! Ана, анави ўнгдаги қўшним нуқул «ишчўтчиги»га яширинча сим улаб чироқ ёқади, «ишчўтчик»ни тўхтатиб қўяди. Нимага ўшанинг гирибонидан олмайсанлар? Ҳа-а, окахонлари борми унинг? Сенларнинг адабларингни берадими миқ этсаларинг? Бор, бор, тўламайман!..

— Ока, — деди ўнгдаги йигит мулойимлик билан. — Сиз тушунмадингиз. Майлими келишимиз сабабини тушунтирсам?

— Нимасини тушунтирасан? Шундоғам биламан пул сўраб келганингни.

— Йўқ, бизда янги акция ўтказиляпти. Биз сизникига ўхшаган даромади кам, қийналган, серфарзанд оилаларни эллик йил муддатга электр ҳақини тўлашдан халос қиламиз. Илтимос, манави қоғозга имзо қўйворсангиз!..

Тўхтамиш кутилмаган хабарни эшитиб, шошиб қолди. Оғзининг таноби қочиб, икки йигитга ишонқирамаган каби жавдиради. Уларнинг қиёфасида ўзгариш сезмагач, қўллари қалтираганча кўрсатилган ерга имзо қўйди.

— Омадингизни берсин! — дейишди йигитлар бараварига. — Электрдан тежаб-тергаб фойдаланишни маслаҳат берамиз, ока!..

— А-албатта, — деди Тўхтамиш тутилиб. — Ҳалиги… Сизларгаям раҳмат!..

Бу ростакамига мўъжиза эди. Ахир, эллик йил чироққа пул тўламай яшаш…

— Вата-та-а! — дея қулочини ёзиб қичқирди Тўхтамиш ичкарига қайтгач. — Зўр бўлди-ку, Тўфаниса!.. Эллик йилгача ким бор, ким йўқ!.. Эҳ, иссиқ сувдагиларам аксия бошлашсайди! Қарз қурмағур милёндан ошиб кетганди. Жа зўр бўларди-да!..

Бу гал ҳам Тўхтамишнинг ниятига фаришталар омин деди. Ташқари эшик тақиллаб қолди. Тўхтамиш чироқ воқеасидан сўнг анча дадилланиб қолганди. Бошини баланд кўтариб бориб эшикни очди.

— Биз иссиқ сув ташкилотидан келдик, — деди озғиндан келган сепкил юзли қиз Тўхтамишга жилмайиб. — Электр ташкилотидагилар янги акция бошлашганини эшитиб, бошлиғимиз ҳам ҳаракатга тушди. Биз сиздай камдаромад, серфарзанд оталарни юз йилгача иссиқ сув ҳақини тўлашдан озод қиламиз. Манави қоғозга имзо қўйворсангиз бас!..

Худо бераман деса ҳеч гап эмаскан. Атиги бир соат ичида Тўхтамишнинг кайфияти кўтарилиб, ўзини еттинчи осмонда парвоз қилган эркин қушдек ҳис эта бошлади. Ахир, ҳазилакам гапми? Қарзлар қопланди, энди олти ўғлига бош-оёқ кийим қилиб беради, орттирса, спутник антенна деганидан биттасини томга ўрнатиб қўяди.

«Нима, Шарофбой чет эл каналларини кўрса бўлади-ю, бизга мумкинмасми? — кўнглидан ўтказди Тўхтамиш виқор билан кўчага чиқаркан. — Ҳозир кўчада бўлса, бир ўзимни кўрсатиб қўяй баччағарга! Нуқул иномарка мошинасини кўз-кўз қилиб менга беўхшов тиржаяверарди. Мана, бизниям елкага офтоб тегди. Буёғига еганимиз олдинда, емаганимиз ортимизда. Давлатимиздан ўргилай!..»

Шарофбой кўчада машинасини артаётган экан. Тўхтамиш унинг рўпарасига бориб тўхтади-да, овозини бир парда баландлатиб мақтанди.

— Ҳа-а, бойвачча, арзандангизни эски докада артиб қопсиз? Янгисидан олиб берайликми?

— Ие, ака, тинчликми? Жа кайфингиз чоғ? Ё маош олдингизми?

— Ўв, бойвачча, — деди Тўхтамиш икки қўлини белига тираб. — Қанақа маош? Бундан кейин бизам бойиб кетадиган бўлдик. Чироғиям, иссиқ сувиям текин бўлди.

— Йўғ-э, наҳотки?

— Ҳа энди… Ҳукуматнинг одамимиз-да!..

— Қўйсангиз-чи! Қанақа ҳукумат? Бор йўғи кўча супурувчи бўлсангиз… Сал пастроқ тушинг!..

— Ўв, бой, — ўдағайлаб Шарофбойга яқинлашди Тўхтамиш — Керак бўлса-чи, ўзингга қўшиб манави мошинанг-у, анави ҳовли-повлингминан сотволаман. Ё ишонмайсанми?

Шарофбой жаҳли чиқди шекилли, Тўхтамишни мастга йўйиб бепарво сўз қотди.

— Хўш, ўйнаб берайми шунга?

— Йўқ, мана, биз ўйнаб берамиз. Қани, кўрамиз, ета олармикансан Тўхтамишбойга! Ҳе, бойвачча бўлган!.. Вей, Шароф, бери кел дедим-э, бери кел!..

Тўхтамиш икки қадам ортга ташларкан, шундай деди-ю, қўшнисининг яқин келишини-да кутиб ўтирмай, ашулани ванг қўйганча ўйинга туша кетди.

— Бизнинг чироқ текин бўлди, воҳ-эй бола,

— Иссиқ сув ҳам текин бўлди, воҳ-эй бола.

— Сендай бойлар куйиб ўлсин, воҳ-эй бола,

— Кўзчасини ўйиб ўлсин, воҳ-эй бола…

— Ҳай, отаси, сизга нима бўлди? Кўзингизни очинг! Бу нима қилганингиз? Болаларни уйғотворасиз!.. Нима бўлди?..

Тўхтамиш жонҳолатда ўрнидан туриб, кўзларини ишқалай-ишқалай аранг очди. Қаршисида хотини Тўфаниса титраб турарди.

— Нима гап? Нега бақирдингиз? — сўроққа тута кетди хотини. — Ёмон туш кўрдингизми?..

— Аксия… — дея йўлак томонга аланг-жаланг боқди Тўхтамиш. — Аксия бўлдими? Чироқ, иссиқ сув текин бўлдими? Эллик… йил пул тўламаймизми?..

— Эсингизни ебсиз, — деди хотини қўл силтаб.

. — Сиз туш кўринг экан-да! Ўтакамни ёрдингиз-ку!.. Қанақа аксия? Қанақа текин?..

Шундан кейингина Тўхтамиш ҳаммаси туш эканига амин бўлди.

Аламини кимдан, нимадан олишни билмай, зарда билан уй чироғини ўчирди ва бор овозда қичқирди:

— Бўлар-бўлмасга чироқ ёқаверасанларми? «Ишчўтчик» айланиб ётибди-ку-у, ғалча-а-а!!!

Олимжон ҲАЙИТ