ОНАМНИ ИЗЛАБ…

0

 

ОНА, СИЗДАН ДУО ОЛГИМ КЕЛЯПТИ…

 

* * *

 

Етим бўлиб улғайганим каммиди,

Сомон каби сарғайганим каммиди,

Бармоғимни куйдирган ўт шаммиди,

Қабрингизга бирам боргим келяпти,

Она, сиздан дуо олгим келяпти.

 

* * *

 

Бўш бағримни армон тиғлар, куяман,

Қалбимда бир уммон йиғлар, куяман,

Энди кимни онам дейман, суяман,

Қаранг, умрим баҳори ҳам сўляпти,

Она, сиздан дуо олгим келяпти.

 

* * *

 

Шиддатимни ухлатди бу айрилиқ,

Журъатимни ухлатди бу айрилиқ,

Мени ёмон йиғлатди бу айрилиқ,

Бағрингизда ухлаб қолгим келяпти,

Она, сиздан дуо олгим келяпти.

 

* * *

 

Телба каби ҳайқираман узоқдан,

Безганимда изтироб-у фироқдан,

Жоним оғрир соғинч деган тузоқдан,

Хатоларим оёғимдан чаляпти,

Она, сиздан дуо олгим келяпти.

 

* * *

 

Садо беринг, садоингиз мўл бўлсин,

Болам деган адоингиз кўл бўлсин,

Менсиз қайга кетдингиз-а, йўл бўлсин,

Бошингизга болиш бўлгим келяпти,

Она, сиздан дуо олгим келяпти.

 

МЕҲРИБОНЛАРИМГА ЯГОНА ЎТИНЧИМ

 

* * *

 

Cусаннажон, Беҳрузжон,

Мени дуо қилинглар.

Дунёсига жар солиб,

Дардни адо қилинглар.

Сизлар менинг давлатим,

Ўзга давлат керакмас.

Бир лаҳзалик оҳимни,

Шўхи наво қилинглар.

Жарга қулаб тушмайин,

Жарликларнинг туби йўқ.

Худойимга ёлвориб,

Умр даъво қилинглар.

 

* * *

 

Cусаннажон, Беҳрузжон,

Сизни суйгим келяпти.

Меҳр деган оташда,

Сиз-ла куйгим келяпти.

Дард-у, аросатларни,

Алдаб қўйгим келяпти.

Тирикликнинг тотига,

Роса тўйгим келяпти.

Хазин хаёлларимни,

Тунги рўё билинглар.

Худойимга ёлвориб,

Умр даъво қилинглар.

 

* * *

 

Сусаннажон, Беҳрузжон,

Кўз ўнгимда карвонлар.

Юрагимни еб қўйди,

Ўтмишдаги армонлар.

Кўкка боқсам ўртаниб,

Юз яширар осмонлар.

Кўксимни кемиради,

Турфа шубҳа, гумонлар.

Юрагимни қайтарсин,

Тунги сабо, елинглар.

Худойимга ёлвориб,

Умр даъво қилинглар.

 

УМРГУЗАРОНЛИК ҚЎШИҒИ

 

* * *

 

Қиш чилласи…

Қаҳратон ортимиздан қувлайди,

Девонамиз, даллимиз,

Бизни ҳеч ким суймайди.

Қоп-қора тун бағрига,

Қўрқув ила ястандик.

Ёмонликнинг қаҳрига қолдик…

Ёмон алдандик.

Ахир… Ул ён гўшанга,

Бўш қолди-ку, музлайди!

Хаёлимда минг бир ўй,

Келин шўрлик йиғлайди.

Оҳ, ёлғизим, куйинма,

Овунчоғим, овунгил.

Севгинг ҳали қалбимда,

Севгинг ҳаққи севингил.

 

* * *

 

Қанот қоқдик, қайрилдик,

Йўл бермади тўзғинлар.

Эгилдик-а, эгилдик,

Эл бўлмади эзгинлар.

Наҳот юпанч, эзгулик,

Шунча олис қудратдир,

Туйганимиз топинч-у,

Топганимиз нафратдир.

Ер-кўк тўлуғ тубанлик,

Нажот қайда бизларга.

Овозимиз етмади,

Осмонўпар сўзларга.

Ҳар қадамда минг шарпа,

Кўз илғамай даф бўлар.

Саноқ кўрмай сонимиз,

Бир маҳалла гап бўлар.

Бир қўшни дер: «Эмишки,

Куёв қурғур қайсармиш.

Қайнона бирни айтса,

Келин ўнни айтармиш.

Эҳ, отаси шўрлик-чи,

Қолди роса уятга.

Тўй қилмагандир, ахир,

Бечора шу ниятда…»

Майли, сира куйинма,

Овунчоғим, овунгил.

Севгинг ҳануз қалбимда,

Севгинг ҳаққи севингил.

 

* * *

 

Ўгай ота — остона,

Астойдил юз буради.

Ҳатто ўгай кампир ҳам,

Ер остидан қаради.

Йўқол, деди, биз сенга,

Ортиқ умид бермаймиз.

Бор, яхшиси, ҳеч кўзга кўринмагин, кўрмаймиз!…

Эҳ, кўнглимиз ҳадикка,

Тўлиб-тошар шу онлар.

Нетай, шунча куйдиргич бўлса панду армонлар…

Майли, сира куйинма,

Овунчоғим, овунгил.

Севгинг ҳануз қалбимда,

Севгинг ҳаққи севингил.

 

* * *

 

Лек ўшанда нечундир,

Кўролмадим онамни.

Беркиндими ё у ҳам,

Эшитмай деб ноламни.

Йўқ, янглишдим, балки у,

Баттол эрдан қўрққандир.

Балки… Мени шунчаки бир ҳавасга туққандир…

Ахир, бизлар то ҳануз,

Не кунларни кўрганмиз.

Қаҳратонли тунларга,

Тик туриб ён берганмиз.

Келин-куёв либосин,

Майли, баътга йўймадик.

Лекин севдим дейишдан,

Тилимизни тиймадик.

Йиғламадик ғам чекиб,

Йиғласа ҳам янгалар.

Керакмасди бизларга,

Олтин сочқи, тангалар.

Майли, не наф, куйинма,

Овунчоғим, овунгил.

Севгинг ҳануз қалбимда,

Севгинг ҳаққи севингил.

 

* * *

 

Минг шукр, у зулматлар,

Бу кун жуда йироқдир.

ўанимларнинг ҳасрати,

Биздан кўра кўпроқдир…

Онам-чи, онам?..

Йўқ-ўқ… Қўйинг-э,

У кўнгилга сиғмайди.

Энди онам барибир,

Тўнғич ўғил туғмайди.

 

ИЛҲАҚ…

 

* * *

Бизлар ҳануз ноҳақмиз,

Ҳақлигимиз ёлғондир.

Безовта-ю, илҳақмиз,

Чоғлиғимиз ёлғондир.

Кулга белаб отсалар,

Чивиндек жон оғригай.

Лек минг афсус…

Азалдан

Чўғлиғимиз ёлғондир.

Дўстман деса ёвқурлар

Ишонармиз, кўнармиз.

Минг шукрки ёвқурга

Чоҳлигимиз ёлғондир.

Сукут айлаб ўтармиз

Қора қисмат қаърида.

Майли бизни дарвеш денг,

Соғлиғимиз ёлғондир.

 

ЭЛЛИККА КИРГАНИМДА ҚАРИБ ҚОЛДИМ, ОНАЖОН…

 

* * *

 

Онаси бор одамлар ҳеч қачон қаримаскан,

Кундек ёруғ юзлардан табассум аримаскан,

Соғинч онасизликка малҳам-у доримаскан,

Сароблар саҳросига бориб қолдим, онажон,

Элликка кирганимда қариб қолдим, онажон.

 

* * *

 

Сизсизликнинг ўтида кунда куявераман,

Сиз деб бўм-бўш бағримни нуқул суявераман,

Олисдаги қабрга қараб қўявераман,

Йўл бошида тош қотдим, хориб қолдим, онажон,

Элликка кирганимда қариб қолдим, онажон.

 

* * *

 

Нега менинг кулбамга капалаклар кирмайди,

Сенинг онангман дея менга қараб турмайди,

Сизсиз шикаста бағрим сира таскин бермайди.

Қисмат лойин минг қайта қориб толдим, онажон,

Элликка кирганимда қариб қолдим, онажон.

 

* * *

 

Татимайди кундузлар, зулматларни кўргим йўқ,

Сиз йўқ дунё пойида тиз чўкканча тургим йўқ,

Бўшаб қолган борлиққа бағримни ҳеч бергим йўқ,

Сароблар саҳросига бориб қолдим, онажон,

Эликка кирганимда қариб қолдим, онажон.

 

МЕНГА ТЕГМАНГ…

 

Менга тегманг, ишқ ўтида куйволайин,

Жаҳаннамнинг азобига тўйволайин.

Жоним мени ташлаб кетса, зўрим йўқ-да,

Куйдиргичли кўзларимни ўйволайин.

Менга тегманг, азобимга юкинволай,

Дилим хаста, хасталикдан ўкинволай.

Зўр келганда зўрим бўлиб берганларни,

Зори бўлиб кетаяпман… Соғинволай.

Менга тегманг, қовоғимдан қорлар ёғсин,

Икки дунё орасинда хорлар ёғсин.

Ким қўйибди менга ишқу муҳаббатни,

Хун бағримни ўртаб-ўртаб зорлар ёғсин.

Менга тегманг, сиз турган боғ масканиммас,

Гар икки кўз кулиб турса, кулганиммас.

Мен дунёга қўл силтаган бандадурман,

Оҳ чекишлар хун бағримни тилганиммас

Менга тегманг!!!

Менга тегманг!!!

Менга тегманг!!!

Олимжон ҲАЙИТ