Суюкли шоиримиз Муҳаммад Юсуф ижодидан…

0

 

 

МЕҲР ҚОЛУР…

 

Ўтар қанча йиллар тўзони,

Юлдузлар — кўзёши самони.

Ўтар инсон яхши-ёмони,

Меҳр қолур, муҳаббат қолур.

 

Қорачуғда порлаган ўша,

Иқболига чорлаган ўша,

Дунёни тор айлаган ўша,

Меҳр қолур, муҳаббат қолур.

 

Анор сенинг юзларинг, сулув,

Хумор сенинг кўзларинг, сулув,

Ёдда қолмас сўзларинг сулув,

Меҳр қолур, муҳаббат қолур.

 

Оқиб кетди сувларда Тоҳир,

Зуҳро йиғлаб қолди қон бағир,

Келганда ҳам қиёмат охир,

Меҳр қолур, муҳаббат қолур.

 

Нима дейсан, эй, ғаюр инсон?

Ғийбатларинг қилди мени қон.

Сен ҳам бир кун ўтурсан, инон,

Меҳр қолур, муҳаббат қолур.

 

Майли-да…

 

Майли-да кимгадур ёқса ёқмаса,

Уларга қўшилиб йиғлашармидик.

Биз бахтли бўламиз ҳудо ҳоҳласа,

Худо хоҳламаса учрашармидик.

 

Райҳон ҳидларини йўлларимга сеп,

Кут мени ҳар оқшом кўкка ой чиққан.

Фақат йиғламагин айбим нима деб,

Айбинг онанг сени чиройли туққан.

 

Менга бир табассум ҳадя эт эй ёр,

Нур томсин лабларинг соҳилларидан.

Ўзинг айт, сендай қиз яна қайда бор,

Киприклари узун кокилларидан.

 

Ийманиб яшама хаёл пинжида,

Ёйил, яйра жоним ўртанма ғамда.

Ғийбатларга чида, туҳматга чида,

Сен ахир биттасан ёруғ оламда.

 

Мен эса ошиғинг сенинг энг ғариб,

Тундан сўз қарз олиб тонгга тутгувчи.

Сени ёнингда ҳам сени ахтариб,

Сени ёнингда ҳам сени кутгувчи.

 

Иста тиз чўкаман ҳозир олдингда,

Севдим севганимдан уялмоқ нечун.

Барча фаришталар сенинг қалбингда,

Ижарага турган қизлар мен учун.

Биз бахтли бўламиз ҳудо ҳоҳласа,

Ҳудо ҳоҳламаса учрашармидик.

 

Онамга

 

Оҳ, менинг ортимдан оввора онам,

Бир парча юраги минг пора онам.

Ҳар балони кўриб ёруғ дунёда,

Тошканни кўрмаган бечора онам,

Боланг бўлиб бир бор бошлаб келдимми,

Энди мен ҳам сенга ўғил бўлдимми!..

 

Гарчи бисотингда «байрам» сўзи йўқ,

Биламан, кутасан сандал тўла чўғ,

Менда юрак деганларин ўзи йўқ:

Мен совға бермаган қиз йўқ бу оқшом,

Сенга на гул бердим, на ширин калом,

Энди мен ҳам сенга ўғилми, онам?..

 

Дейсан: олисларда омон юрсанг бас,

Ёдингга тушсам гоҳ йўқлаб турсанг бас,

Болам, сенга ҳамма қилади хавас…

Ахир, менинг дардим Шеър эмас фақат,

Мен машҳур шоирмас — машҳур бешафқат,

Энди мен ҳам сенга ўғилманми, айт?..

 

Шаънингга шеър битдим. У сени топсин,

Пойингга тиз чўкиб, қўлингни ўпсин.

Ундан ҳам улуғим борлигин кўрсин,

Мен учун ҳам азиз ҳолингни сўрсин,

Сенсиз ғариб кўнглим кўнгилми, онам,

Энди мен ҳам сенга ўғилми, онам!..

 

Ватаним

 

Мен дунёни нима қилдим,

Ўзинг ёруғ жаҳоним,

Ўзим хоқон,

Ўзим султон,

Сен тахти Сулаймоним,

Ёлғизим,

Ягонам дейми,

Топинган кошонам дейми,

Ўзинг менинг улуғлардан

Улуғимсан, Ватаним!

 

Шодон куним гул отган сен,

Чечак отган изимга,

Нолон куним юпатган сен,

Юзинг босиб юзимга.

Синглим дейми,

Онам дейми,

Ҳамдарду ҳамхонам дейми,

Офтобдан ҳам ўзинг меҳри

Илиғимсан, Ватаним!

 

Сен Машрабсан,

Халқда тумор,

Балхда дорга осилган,

Навоийсан, шоҳ ёнида

Фақирни дуо қилган.

Яссавийсан, меники деб,

Кўринган даъво қилган,

Минг бир ёғи очилмаган

Қўриғимсан, Ватаним!

 

Сен Хўжандсан,

Чингизларга

Дарвозасин очмаган,

Темур Малик орқасидан

Сирдарёга сакраган,

Муқаннасан қорачиғи

Оловларга сачраган,

Широқларни кўрган чўпон,

Чўлиғимсан, Ватаним!

 

Ким Қашқарни қилди макон,

Ким Энасой томонда,

Жалолиддин — Курдистонда,

Бобуринг — Ҳиндистонда,

Бу қандай юз қаролиғ, деб

Ётарлар зимистонда,

Тарқаб кетган тўқсон олти

Уруғимсан, Ватаним!

 

Ўғлим десанг осмонларга

Ғирот бўлиб учгайман,

Чамбил юртда Алпомишга

Навкар бўлиб тушгайман,

Падаркушдан пана қилиб

Улуғбегинг қучгайман,

Ғичир-ғичир тишимдаги

Сўлиғимсан, Ватаним!

 

Ўтган кунинг — ўтган кундир,

Ўз бошингга етган кун,

Қодирийни берган замин,

Қодирийни сотган кун.

Қўлин боғлаб,

Дилин доғлаб,

Етаклашиб кетган кун,

Воҳ болам! деб айтолмаган

Дудуғимсан, Ватаним!

 

Ёнингда қон йиғлаган бир

Шоирингга қараб қўй,

Гар Қўқонга йўлинг тушса,

Детдомларни сўраб қўй.

Ҳеч бўлмаса Усмон хокин

Келтирмоққа яраб қўй,

Олисларда қуриб қолган

Қудуғимсан, Ватаним!

 

Сен — шохлари осмонларга

Тегиб турган чинорим,

Ота десам,

Ўғлим деб,

Бош эгиб турган чинорим,

Қўйнимдаги ифтихорим,

Бўйнимдаги туморим,

Ўзинг менинг улуғлардан

Улуғимсан, Ватаним!

Муҳаммад ЮСУФ,

Ўзбекистон халқ шоири.