19 ёшли актрисанинг сирли ўлими

0

Миллионлаб томошабинлар қалбини забт этган “Девона” фильмидаги бош қаҳрамонни ҳинд киноси мухлислари асло унутолмаса керак. 1990 йилларнинг бошида Болливудда янги юлдуз чарақлай бошлайди. Дивья Бхартининг бошни айлантирадиган миқёсдаги машҳурлигига ҳамкасблари бирдек ҳавас қилар эди. Бироқ кутилмаган фожиа чақноқ юлдузни орамиздан бевақт олиб кетди. У 19 ёшида 5-қаватдаги уйининг деразасидан йиқилиб жон берди. Болливуддаги кўпчилик уни кимдир ташлаб юборган деган фикрни билдирган.

Дивья қулаган вақтда уйда уч киши: дизайнер Нита, руҳшунос Шям, яъни Нитанинг турмуш ўртоғи ва оқсоч Амрита бўлган. Оқсоч болалигидан актриса билан яқин бўлган. Дивьянинг ўлимидан сўнг Амрита кучли депрессияга тушиб, ҳатто одамлар билан мулоқот қилмай қўйган.

1993 йилнинг 5 апрели, соат 23:00. Актриса бир неча соат аввал уй масаласи бўйича учрашувдан қайтганди, чунки ота-онасига уй олиб бериш арафасида эди. Узоқ қидирувдан сўнг, ниҳоят, 4 хонали уй топганидан кайфияти чоғ Дивья укаси Куналга қўнғироқ қилиб, муваффақиятли шартномаси ҳақида қайта-қайта гапириб беради. Актриса ўша оқшом янги фильмда тасвирга тушиш учун Ҳайдарободга жўнаши лозим эди. Бироқ у янги уй шартномаларини якунига етказиб кетишни истайди, қолаверса, унинг чап оёғи лат еганди, шу боис Ҳайдарободдаги продюсерига қўнғироқ қилиб, у ерга бир кун кечикиб боришини айтади.

Кутилмаганда актрисага дизайнер Нита қўнғироқ қилиб, турмуш ўртоғи билан бирга  уникига меҳмонга келишаётганини айтади. Ўша оқшом актриса жуда қаттиқ ҳаяжонда бўлган.

Нита ва Шям тунги 22:00да Дивьянинг уйига келади. Актриса уларни астойдил меҳмон қилади, спиртли ичимликлар билан сийлайди. Фожиа юз беришидан бироз аввал оқсоч газак тайёрлагани ошхонага чиққан, Нита эри билан видеомагнитофонда ниманидир кўриш билан банд, Дивья эса меҳмонхонада туриб ошхонадаги оқсоч билан қувноқ овозда суҳбатлашарди.

Таъкидлаш жоизки, меҳмонхонада балкон бўлмаган, фақат қия очилган катта дераза бор эди. Иморатнинг ён ҳовлиси машиналар учун турар жой эди, лекин у ерда ўша куни бирорта ҳам машина бўлмаган. Дивья нима сабабдан ойнага чиққани номаълум, бироқ мувозанатни йўқотиб, 5-қаватдан бетонга тушгани аниқ.

Актрисани шифохонага олиб кетишганида тирик бўлган. Дивья жонлантириш бўлимида вафот этган, ўлим сабаби қилиб эса энса қисмидаги жароҳати туфайли оғир ички қон кетиши кўрсатилган. Уни ойнага чиқишга нима мажбур қилган, деган саволга полиция ҳалигача жавоб топа олгани йўқ. Лекин Дивьяни яхши билганлар унинг бу ишидан ҳайратланишмади, чунки актриса хавфли трюклар ишқибози бўлган. Унинг галдаги трюки ҳаётининг сўнгги нуқтаси бўлди.