Иқбол Мирзо нима учун одамлар томонидан қаттиқ қораланмоқда? (+фото)

23

Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо томонидан ёзилган «Ёнган юрак зиёси» номли мақола ижтимоий тармоқда кўпчиликка манзур бўлмади. Ушбу мақола «Халқ сўзи» нашрида эълон қилинган эди. Айнан facebook тармоғидаги фойдаланувчиларнинг фикрича «Сенатор Иқбол Мирзо Каримов даврини қора тушга ўхшатди». Эътиборингизга ҳавола этилаётган мақолани ўқиб чиқинг ва фикрингизни билдиринг.

«Эътибор бергандирсиз, кунларимиз шитоб олиб, вақт йилдиримдек ўтиб боряпти. Авваллари бир ой нари-берисида олинадиган ахборотимиз бир кун-ярим кунда пайдар-пай ёғилиб, ақлимизни шоширяпти. Деярли ҳаммаси ичу теграмизда юз бераётган воқеалар, юртимизга дахлдор янгиликлардан иборат. Маълумотлар ҳам, уларни етказишга ошиққан манбалар ҳам соат сайин ортаётгани чин. Чунки, айтса аризигулик, ёзса ярагулик, мақтанса ярашгулик воқеалар рўй беряпти: янги шаҳарларга асос солиниб, қишлоқлар қайта бунёд этиляпти, давлатлараро бузилган кўприклар тикланиб, соғинишган қардошлар бир-бирининг елкасига бош қўйиб шукрона айтяпти, йўллардаги тўсиқ-ғовлар олиб ташланяпти, эркин иқтисодий ҳудудлар ташкил этилиб, ишбилармонларнинг қўлбоғи ечиляпти, миллат эртаси учун янги вазирлигу қўмиталарга асос солиниб,мана шу ишларни жадаллаштириш учун фармонлару қарорлар қабул қилиняпти… Муҳими, ҳеч бири хўжакўрсингамас, ҳаммаси одамлар манфаати, орзу-нияти, хоҳиш-истагига хосу мос, мухтасар айтганда, халқни рози қилиш учун!

Давлатчиликнинг бу мутлақо янги йўриғини кўриб кўпчилик “бўлар экану!” деяётгани, айрим мулоҳазалилар эса “аввал нега бўлмаган экан?” саволи билан ҳайратланаётгани шубҳасиз.

Гап шундаки, кўп йиллар давомида ўзимизни алдаб, ўзимизга маҳлиё бўлиб, бино қўйиб яшадик. Ён қўшниларимизни бездириб, дўстдан душман ясадик, таълимни ислоҳ этамиз деб, болаларимизни кўрсавод қилдик, тиббиёт ғорат бўлди, эркин сўзнинг томоғидан хиппа олдик. Натижада кун кўриш учунгина яшайдиган, юрагига қўрқув уя қурган, қориндан бошқа нарсани ўйламайдиган, қўшнисига қайишмайдиган, лоқайд ва карахт муҳит пайдо бўлди. Шу аснода истеъдодлар четга сурилиб, устоз адиблар эътиборсиз қолдирилди. Дарди ичига тушган миллатсевар зиёлилар узлатга чекинди. Кўпчиликнинг кўнгли тубидаги келажакка умид шамлари бир-кетин ўча бошлади. Биз умумий қора туш кўраётгандек эдик. Ҳа, улуғ адибимиз айтганидек, қанча-қанча умрлар тушда кечди, уйқуда зое бўлди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев қайта-қайта “энг катта ички душманимиз – бефарқлик”, деб таъкидлаётгани, бу балога қарши маърифат билан курашиш кераклигини куюниб уқтираётгани бежиз эмас. Давлат раҳбари ва халқ олдида машаққатли довон турибди: энди биз чорак аср амалга оширилмаган ишлар билан бирга бугунги замон талаб қилаётган вазифаларни ҳам уддалашимиз керак.

Бутун дунё адабиётни иқтисод чангалига ташлаб, ўзинг учун ўл етим, деб турганида нега бизнинг Президент адиб-зиёлиларни бунча сийлаб, марҳамат кўрсатяпти? Боиси, тарихан миллатнинг етакчилари, ойдинлари бўлиб келган Чўлпону Қодирийлар, Беҳбудий ва Авлонийлар элпарварлиги, маърифати, шижоати, ғайрати ва фидойилиги бугун ғоят зарур.

Ўтган ҳафтада юртимизда “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро конференция ташкил этилиши ва тадбир иштирокчиларига Президентнинг табрик йўллаши, пойтахтимиз кўчаларига Махтумқули, Чингиз Айтматов, Якуб Колас номлари берилиши адабий алоқалар абадий дўстлик алоқалари сифатида безавол яшашига хизмат қилади, албатта. Бундан кўринадики, юртбошимизнинг адабиёт, маънавият билан боғлиқ мақсад-муддаолари улуғ, қамров-ўлчами бениҳоя кўламдор.

Иккинчи Жаҳон уруши даврида юртимизга кўчирилган миллионлаб кишилар орасида Беларусь халқ шоири Якуб Колас ҳам Тошкентда жон сақлаганидан хабарингиз бор. Шоир пойтахтимиз муҳитига, анҳорларига маҳлиё бўлиб “Салор”, “Бўзсув” номли самимий шеърлар ёзган.Меҳмонларга ҳам илҳом улашган Бўзсув нафаси уфириб турган ҳудудда Президент ташаббуси билан қалам аҳли учун бугун кўркам хонадонлар қад ростлади, сўлим сайилгоҳ бунёд этилди. Давлатимиз раҳбари мазкур масканга ташрифи чоғида ёзувчи-шоирлар сув ёқалаб, сайилгоҳни кезиб, илҳом олиб, маърифат тарқатишини кўзлаб мана шу хайрли ишлар амалга оширилганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Бу эзгу орзуларнинг рўёби, аввало, ижодкор зиёлиларнинг ислоҳотлар шиддатини, салобатини қанчалар чуқур англаши, ҳис қилиши ва ёниб яшашига боғлиқ. Зеро, ёнган юрак зиёли бўлади, бошқаларга ҳам ёғду улашади.

Давлат равнақи, халқ саодати, авлодлар бахту камоли учун бефарқликка қарши чинакам ҳаёт-мамот кураши бошланди. Халқимизнинг олтин китоби “Девону луғатит-турк”да айтилганидек, “Алп – ёғийда, алчақ – ёғида”, яъни ботир – душман олдида, жангда, олчоқ эса баҳсларда синалади. Бизнинг қай тоифага мансублигимизни Ватан тақдирига муносабатимиз, амалий ишларимиз яққол кўрсатадиган синов давридамиз, дўстларим.»

Иқбол МИРЗО, Ўзбекистон халқ шоири.

 

 

23 ФИКРЛАР

  1. Икболжон киска уйларкан хаетни, дунени. Вакт хакам замон кундан кун ривожланади. Вакт утиши билан бунданда узгаришлар булади. Кейин нима киласиз яна утган замонни танкид киласизми.

  2. Men ham koʻpchilikning fikriga qoʻshilaman. Rahmatli Birinchi Prezidentimiz vafotlaridan keyin shoirning bir sheʼri tarmoqlarga joylashtirilgandi. Unda ham shoir tush koʻruvdi. Faqat bu safar oldingi tushiga teskari tush koʻribdi. Axir tushni oldindan rejalashtirib boʻlmaydi-ku, shoirni ham tushunush kerakdir balki.

  3. Агар И.Каримов хаёт бўлганида И.Мирзо ҳам бошқа «Мирзолар» ҳам «Қора туш» кўрмаган бўлар эди. Аксинча ёруҳ ва нурли ҳаётни тушида кўрган бўлар эди. Инсон яхшиликка интилиш керак. Лекин, хамелеон (ўзгарувчан) бўлмаслиги керак. Инсон ҳар доим бир ҳил ИНСОНИЙЛИГИНИ унутмаслиги керак. И.Каримов, ҳар доим ҳалқ учун яҳши бўлсин деб ҳаракат қилган инсон. Яна битта нарса, ҳар бир инсоннинг хато ва камчиликлари бўлади. Ҳамма қарорлар ҳам тўғри бўлавермайди. Қарорлар тўғрилигини вақт кўрсатади. Бу ҳақда муҳтарам президентирмиз Ш.Мирзиёев ҳам айтиб ўтган эди.

  4. Бу шоирдан кўнглим қолди. Эртага хозирги даврни хам ёмонлайди. Нега шунақа эканлигини ўша пайти айтмади ҳақиқий ватанпарвар бўлса. И.Каримов президентлик даврида фаровон хаёт хақида роса оғиз кўпиртирган энди бошқача сайраяпди хаммаси.

  5. Койил, энди утган кунимизга карсак чалиб, булаетган ижобий узгаришларни курмай, гапирмай яшашимиз керак эканда. Купчиликнинг фикри бундай эмас!

    • Этмокчиманки, кечаги камчиликларни очик ойдин этишимиз керак, бугунги ютуклар хакида бироз гапирмасамиз булмас. Лекин энг мухими: бугунги камчиликни курсамиз, качон «кора тушдан» уйгонар эканман, 10-20 йил кутмай, шу бугун гапириш керак!

  6. ИҚБОЛ МРЗО ЖАНОБЛАРИ!!!! Шоирлар ва ёзувчилар бир кун билан яшайшини биласиз-ми? Бугун ПОДШО ким бўлса ўшани улуғлашади. «Ленин бизнинг отамиз»ни ҳам ўзбек шоири ёзган эди эсизда бўлса? АБАДИЙ ҲАҚИҚАТНИ ЭСЛАБ ҚОЛИНГ «ОТАГА ҚАРШИ БОРИЛМАЙДИ» ҳамма замонларда ҳам. Бу ислом динида БЕЛГИЛАНГАН,

  7. Shoir har qaysi zamonda ham shoir bo’lib qolishi, o’z xalqini dardini sh’erga solishi va unga malham bo’lishi zarur. Iqbol Mirzo ushbu sifatlarga qanchalik mos keladi. Bu savolga ko’pchilikning uning ushbu maqolasiga bildirgan fikr va mulohazalaridan javob topish mumkin. O’zlari yozganidek loqayd bo’lmaslik lozim. Bugungi kunga o’zbek tiliga nisbatan bolayotgan hurmatsizlikni, bepisandlikni yozishi, senator sifatida shahrimiz ko’chalaridagi reklama afishalari rus tilida yoki o’zbek tilida imlo xatolar bilan berilishiga bir e’tibor qaratsa, yaqinda mustaqilligimizga 27 yil to’lishini nishonlaymiz, ammo haligacha rus tilida ish yuritamiz, hujjatlarimiz rus tilida yoki qarorlarimiz rus tilida tayyorlanib o’zbek tiliga o’girbladi. Ba’zi bir rahbarlarimiz o’zbek tilida so’zlasni haligacha bilmaydi yoki bilsa ham rus tilida so’zlashish va ish yuritishni ma’qul bilishadi. Siz shoir bo’lsangiz ushbu holatlarda loqayd bolmang, tilimiz sofligini saqlash va uni avlodlarga sofligicha yetkazaylik. Shoir aka uxlamang tilga va elga fidoiy bo’ling.

  8. Улган одамни коралашдан йирокман. И.Каримов оламдан утди. Уни Аллох уз рахматига олсин.
    Лекин 27 йил хакикий туш эди. Давлат мустакилликка эришган эди. Лекин халк мустакилликка эришмади. Кайси сохани олмайлик хаммаси порахурликка бино булди. МХХ, Прокуратура, солик органларини кай ахволга тушиб колганини Президентимизнинг узи халкка етказяпти. 27 йил булмаса хам анча йил 37 йил кунлари халкимиз бошига тушди. Буни хам Президентимиз асосли тарзда халкка билдирди. Бошка сохаларни куя турайлик да зиёлилар сохасини курайлик. Богча Мактаб лицей коллеж институт университетлар факат порахурликка асосланган талим масканларига айланди. Буни салбий окибатлари хали ааааанча йилларгача татийди. Бу макола кимга ёкмаса у олдинги даврда хам ухлаган хозир хам ухламокда мани фикримча. Мустакиллик йилларида биз балки анча нарсага эришдик, лекин жуда катта нарсани йукотдик. БУ ВИЖДОН. ХА Биз виждонни йукотдик. Хеч ким виждонан ишлаш нима эканлигини унитди. Ким виждонан ишласа уни ишдан четлатишга харакат килдик. Уни угри порахур булишга даъват килдик. Муттахам булиш оддий инсоний меъёрга айланди. Бу дардни битта постга сигдириб булмайди. Хакикий ахволни Президентимизни узи халкка етказяпти. Шуни узи маколани тугри бахолайди.
    Тошга сув юкмас каби
    юкмайди нодонларга гап
    Сузни кадрига етгувчи
    одамни сан танлаб гапир. Деган бир аллома.

  9. Шоир ва ёзувчиларни иши шуку ўзи, ўтган давр хам ўзимизники, ўзимиз яшаб ўтдик, ўзимизни тарихимиз, хар бир даврда ютуқлар билан биргаликда албатта камчиликлар бўлади, ўтган 25 йилда албатта қийинчиликлар бўлиб ўтди, ўша давр фақат бизда эмас, кўплаб иттифоқ давлатдарида содир бўлганди, лекин салмоқли ютуқларни хам қўлга киртидик, буни инкор қилиб бўлмайди.
    Юрт рахбарига ОТА деган номни хеч ким пул билан, қўрқув билан, зўрлик билан, қандайдир қарорлар билан олиб беролмайди, қачонки халқ ўз юрагидан чиқариб ОТА демаса, халқ ОТА дедими демак у бунга муносиб ва у ОТА, қабрлари нурга тўлсин, жойлари жаннатдан бўлсин.

  10. Иқбол Мирзонинг фикрлари тўғри. Лекин йўқ давлатни бор қилиб бизга ташлаб кетган И. Каримов тўғрисида салбий фикр билдиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Каримов нима иш қилган бўлса ўша давр учун мос бўлган: қўшнилар билан муносабат дейсизми, «дўстдан душман яратиш» дейсизми, хаммаси тўғри бўлган. Ҳозир эса бошқа даврга ўтдик, биргаликда ўтдик, биргаликда кетяпмиз.

  11. шу каби маколалар ЛАГАНБАРДОРЛИКДАН БОШКА НАРСА ЭМАС! ИККИ ЮЗЛАМАЧИЛИК, ВИЖОДНСИЗЛИК. ўтган давр ўтиб булди у ИНСОНни ёмон эди деб муҳокама қилиш ВАҲШИЙЛИК. вакт ўтиб бу гаплар яна такрорланади чунки ЛАНГАНБАРДОРЛИКДАН бошка нарса эмас. ЎЗБЕКИСТОН шоири деган дом хайф АФСУС….. чунки хозир хам ухлаяпти вакт ўтиб уйгонганда яна бошкача гапиради.

  12. Силар тушунмапсилар. Иқбол Мирзонинг мақоласининг бирор абзацида И.Каримов ҳақида салбий фикр йўқ ва бўмайдиям. Бу ерда олдинги давр билан ҳозирги давр таққосланган. Иқбол Мирзонинг мақоласи яхши, ҳаққоний ва очиқ-ойдин ёзилган. Аксинча, фикр қолдираётган силар ухлаб ётипсилар. Президентимиз Ш.Мирзиёвга рахмат. Инсон, унинг ҳақ-ҳуқуқлари, қадр-қиммати биринчи эканлигини барча органларнинг миясига қўрғошиндай қуйдилар. Шунинг учун хам Силар бемалол ўз фикрларингизни ёзиб қолдиряпсилар (илгари шундай фикр қолдиролармидиз?). Энг ёмони ўтган даврни мақтаб, ўзларнгизни ўзларингиз алдаяпсилар. Бу мақолага жиддий ёндошингизлар. Шу фикрларингиз учун хам шунча вақтимиз бекорга ўтди. Илгари шундай эркинлик бўлганда, ҳозир ёшларимиз вазир ўринбосари эмас, бош вазир ёки унинг ўринбосари бўларди. Агар силар Сурхондарёда яшаганларинга эди, бу мақолани қўллаб-қувватлардиларингиз. Ўйлаб кўрингизлар фикр билдиришдан олдин

  13. фикирни гапларига қўшиламан. Олдин кенг мулоҳаза қилиб сўнг гапириш керак.

  14. ДЕМАК «Биз умумий қора туш кўраётгандек» бир пайтда Иқбол Мирзо -Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, Ўзбекистон ҳалқ шоири деган юксак марраларни заб этган эканда???
    Бу хақда Ганиев Воҳиджон Зайлобиддинович фикрлари менга жуда қизиқ.

  15. Ишингизни Сиз севган ёшлар давом айлагай,
    Юртимизга бош бўлур ёшлар давом айлагай,
    Чемпион шу ўғлонлар йўлда давом айлагай,
    Ўзбегимнинг ҳур номи минг йил давом айлагай,
    Руҳларингиз шод бўлсин, Сиз мақсадга етдингиз!

    Мотам тутиб ушбу кун неча эллар йиғлағай,
    Тиловатлар қилиб неча ғамли диллар йиғлағай,
    Қабринг узра эгилган қаро гуллар йиғлағай,
    Мирзо каби неча бир аҳли диллар йиғлағай,
    Ислом ота, не учун Сиз элни ташлаб кетдингиз?

  16. Хурматли фикр колдирувчилар шахсан узим кайси рахбар яхши еки емонлигини айтмаяпман уша рахбарларнинг ислоҳатларига лаганбардорлик килаётганлигига АФСУСланаяпман. яна кимлар МАШҲУРЛАР? биз оддий инсонлармиз раҳбарларни муҳокама қилаолмаймиз. ШОИР раҳбарлар ислоҳатини мақташи керакми еки ВАТАНни. Бир вақтлар Амир Темур жалод дейилганди вактлар утиб машхур сарканда адолатли Подшоҳга айланди, Биринчи Президентимиз, Ўзбекистон ОТАСИ жойлари жаннатда охиротлари обод булсин. Утган даврда жуда куплаб ютукларга эришилган ва инсонлар яхши яшади уйлашимча. Амалдаги хурматли Президентимиз ҳам жудаям куплаб яхши ишларни амалга ошираяпти у кишига куч қувват берсин. Ҳар иккаласи ҳам ЎЗБЕКИСТОН гуллаб яшнаши унда бахтиёр инсонлар яшашини хохлашади. Хар биримиз биринчи навбатда виждонимиз олдида самимий бўлишимиз керак назаримда

  17. Қодирийни отган ЛАГАНБАРДОРЛАР! Иқбол Мирзо қайси даврда бу мавқега эришганини эсдан чиқарган кўринади. Кечгаги кун ёмон эканини бугун билган одамга бугуни ёмонлиги эртага аён бўлади. Одам, айниқса, зиёлиларимиз бундай иккиюзламачи бўлса, ким уларнинг гапига қулоқ солади. Биз ўзбеклар қачон ХАЛҚ бўламиз!

  18. Лаганбардорлар

    Сталин каззоб, деб зорланманг ҳадеб,

    У ҳам фарзандидир битта инсоннинг.

    Билмоқчи бўлсангиз, қабри қайда деб,

    Лаганбардорлардан сўранг Чўлпонни…

    Отабек Кумушин кўзларин ёпиб,

    Ўзи ҳам ортидан қилгач сафарлар,

    Қодирий бобонинг қўлларин ўпиб,

    Чоҳга итарган ҳам — лаганбардорлар.

    Улар Иблис билан тили бир ўртоқ,

    Улар Азроилга содиқ чопарлар.

    Аввал Усмонларни сотиб, кейинроқ

    Фарёд кўтарган ҳам — лаганбардорлар.

    Ёв надир? Зўр келса ўлдиради ёв,

    Булар қон сўргувчи искабтопарлар.

    Қаҳҳорни қанд касал,

    Ойбекни соқов

    Қилиб қўйганлар ҳам — лаганбардорлар.

    Улар устозига қулдайин кимса,

    Меҳрибон ҳомийси шогирдларининг.

    Ўзи ўлдириб, сўнг мозоригача

    Кўтариб боришар тобутларини…

    Сталин каззоб, деб зорланманг ҳадеб,

    У ҳам боласи-да битта инсоннинг.

    Билмоқчи бўлсангиз, қабри қайда деб,

    «ИҚБОЛ МИРЗО»дан сўранг Чўлпонни!

Comments are closed.