Нафас қисишини даволашда Ибн Синога мурожаат

1

Бу хил беморлар учун фойдали тадбирлардан бири кўкрак ва биқинларни қўл ёки дағал сочиқ билан ишқашдир. Айниқса, уларда тик туриб нафас олиш пайдо бўлса шундай; ишқалашни мўтадил ва ёғсиз, қуруқ қилиш керак. Агар чарчоқ пайдо бўлса, ёғ билан ишқалаган маъқул.

нафас қисиши бўлган беморлар қабзиятга йўл қўймасликлари жоиздир. Шу касалликларда суст бадантарбиядан тез бадантарбияга аста-секин ўтиш ҳам қўлланиладиган тадбирлардан биридар. Аста-секин ўтилмасдан шошилинса, бу нарса моддани қўпол равишда қўзғатиб, бўғилиш ҳосил қилади.

Ҳарсиллашга учраган кишиларнинг сақланишлари лозим бўладиган ишларга келсак, улар мумкин қадар ҳаммомдан, айниқса, овқат еб, ҳаммомга тушишдан, кўп ухлашдан, айниқса, кундуз куни ухлашдан иборатдир. Овқатни ея солиб ухлаш у кишиларга жуда зарар қилади, лекин уларда қаттиқ кучсизлик, чарчаш ва иссиқ пайдо бўлса, шу пайтда озгина ухласинлар, яна ел пайдо қиладиган ҳар бир дондан, овқат устидан хоҳ сув бўлсин, хоҳ шароб бўлсин, суюқлик ичишдан сақланишлари керак.

Ўпка яралари ва силни даволаш

Ўпка ярасига тўсқинлик қилишига келсак, унинг ёйилмаслиги ва кенгаймаслиги учун қотириш ва қуритиш тадбирини ишлатиш зарур. Кўкрак ва ўпка яралари эскирган бўлса, касалга қатроннинг ўзини ёки уни асал билан қўшиб, эрталаб ва кечқурун бир чойқошиқда ялатиш фойда қилади. Агар касалда ҳарорат бўлиб, тозаловчи иссиқлик дориларини ишлатишдан қўрқсангиз, совуқликлари фойда қилмаса, арпабодиён уруғи, чучумиянинг қайнатиб қуюлтирилган тоза шираси ва сумбулсоч ширасини олиб, шакарнинг қуюлтирилган суви билан қўшиб бериш керак.

Бундай беморларнинг овқатига келсак, унга ўрмон каклигининг пиширилган гўшти берилади. Улар доимо райхон ҳидлаб туриши, доимо дам олиши ва тинч ётиши керак. Ғазаблантирадилган ва асабийлаштирадиган ишларга уринмаслиги ҳам даркор, унга ғамгин қиладиган хабар билдирилмайди.

Мен қуйидаги тадбирни турли кишилар ва турли мамлакатларда кўп марта синаб кўрдим, шу касалликка учраган киши йил бўйи ҳар куни истаганча шакарли гулқандни истеъмол қилиб туради., ҳатто анчагина миқдорда бўлса ҳам нон билан ейишга буюрилади, кейин у кишининг аҳволи кузатиб борилади ва бемор соғая бошлайди.

Гоҳо гавданинг қуруқлиги ва сўлиши сут ёки айрон истеъмол қилишга муҳтож қилади. Бу нарсаларда авқатлик, баданни хўллаш, бузилган хилтни мўтадил қилиш хусусияти бор; улардаги пишлоқ бўлагидан модда ярани ёпиштиради, сут ўзининг суви билан яра зардобини ва йирингини кетказади. Энг шифобахш сут – она сутидир. Эчки сути буруштириш хусусиятига эга. От сути ҳам тозаловчи ва балғам ташлашни осонлаштирувчи сифатга эга.

Овқатларга келасак, уларни оқ нон, умоч ва қўноқ оши каби ёпиштирувчи нарсалар билан овқатлантириш керак. Гуруч ҳам тозалайди ва эт ундиради. Яхши қайнатилган арпа оши ёпиштирувчи ва тозаловчи бўлиб, у иситма қаттиқлашган пайтда ҳам фойда беради.

Касалнинг жигарида тиқилмалар бўлмаса, уни овқатдан олдин ёки кейин ҳаммомга тушириш мумкин. Ҳаммом уларни семиртиради ва кучли қилади. Улар ичадиган сув ёмғир суви бўлсин.

 

Ибн Синонинг “Тиббий ўгитлар” китобидан.

1 ТА ФИКР

  1. Ибн Сино бобомиз ўгитлари ҳақиқатдан ҳам дунёга машҳур

Comments are closed.