Ўт-тош касаллигида халқ табобатидан фойдаланиш

0

 

Ўт-тош касаллигида ўт пуфагида тош пайдо бўлади. Унинг келиб чиқишига организмда моддалар алмашинувининг бузилиши, нотўғри овқатланиш, ирсий мойиллик ва микроблар сабаб бўлиши мумкин. Касалликнинг асосий аломатлари – кечқурун ўнг қовурға остида оғриқ бўлиши, жигар қаттиқ санчиши, оғриқ ўнг кўкракда, айрим ҳолларда белда бўлиши мумкин. Жигардаги санчиқ кўнгил айниши ва қусиш билан кечиши мумкин. Ўт-тош касаллиги айрим ҳолларда белги-аломатларсиз кечади, уни фақат ультратовуш текширувида аниқлаш мумкин. Даволанишнинг асосий усули, бу кўпинча жарроҳлик аралашувидир.

Табобат муолажаларидан:

— Зира ва тоғжумрут меваларидан, ялпиз барги ва далачой ўтидан 15 г дан, ўлмасўт гули ва қушторон ўтидан 30 г дан олинади. Шу йиғмадан 20 г устига бир стакан сув қуйиб, сув буғида 15 дақиқа қиздирилади ва 45 дақиқа совитилгач, сузиб олиб, олдинги ҳолатигача сув қуйилади. Кунига уч маҳал 1/3 стакандан ичилади.
— 75 г дан тирноқгул ва қончўпдан, 100 г жағ-жағдан олинади ва икки ош қошиғини кечқурун термосга солиб, устига икки стакан қайноқ сув қуйилади. Эрталаб сузиб олиб, кунига тўрт маҳал овқатдан ярим соат олдин ярим стакандан ичилади.
— 75 г маккажўхори попугидан, 100 г дан ўлмасўт ва бўйимодарондан олиб аралаштирилади ва уч ош қошиғини кечқурун термосга солиб, устига уч стакан қайноқ сув қуйилади. Эрталаб сузиб олиб, тўрт қисмга бўлиб, овқатдан бир соат олдин ичилади.
— Ровоч илдизидан икки қисм, ўлмасўт гулидан уч қисм, бўйимодарон ўтидан беш қисм олиб аралаштирилади. Ундан бир ош қошиғи устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, совигунча дамлаб қўйилади. Кечқурун бир марта ичилади.
— 100 г дан ялпиз, маккажўхори попуги ва оддий четан баргидан олинади ва уч ош қошиғини кечқурун термосга солиб, устига уч стакан қайноқ сув қуйилади. Эрталаб сузиб олиб, кунига тўрт маҳал овқатдан ярим соат олдин 150 г дан ичилади.
— 20 г дан ялпиз барги, бўзноч гули, бўйимодарон ва эрмон ўтлари, 10 г дан итжумрўт пўстлоғи ва укроп меваси олинади ва икки ош қошиғи устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, 15-20 дақиқа қайнатилади. Сузиб олиб, кунига икки маҳал (эрталаб ва кечқурун) бир стакандан ичилади.
— 75 г дан қарағай куртаклари, ўлмасўт ва катта қончўпдан олинади ва икки ош қошиғини кечқурун термосга солиб, устига икки стакан қайноқ сув қуйилади. Эрталаб сузиб олиб, кунига тўрт маҳал овқатдан ярим соат олдин 100 г дан ичилади.
— Тенг миқдорда қончўп ўти ва ялпиз баргидан олиб аралаштирилади ва икки ош қошиғи устига бир стакан сув қуйиб, ярим соат қиздирилади. Сузиб олиб, эрталаб ва кечқурун бир стакандан ичилади.
— Қоқиўт, катта қончўп, қушторон илдизи, маккажўхори попуги, далачой ўти, капалакгул, арпабодиён ва кашнич уруғларидан тенг миқдорда олинади. Шундан уч ош қошиғи устига уч стакан қайноқ сув қуйиб, ярим соат дамлаб қўйилади. Сузиб олиб, кунига уч маҳал бир стакандан ўт-тош касалида ичилади.

«Саломатлик сирлари»